Click to listen highlighted text!

ҚАЙСИ АШЁЛАР СОВУҚ ҚУРОЛ ДЕБ АТАЛАДИ?

photo_2024-07-12_17-05-35

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 25-моддасига мувофиқ, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланади.

Маълумки, “баданга шикаст етказиш” деганда, инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик вазифасининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 104-моддасида содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилия­тини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолиши, руҳий ҳолатининг бузилиши ёки соғлиғининг бошқача тарзда бузилишига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолиши ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса ва ушбу кодекснинг 126-1-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, ушбу қилмишга жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари ушбу модданинг 2-қисми “л” бандида қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.

“Қурол тўғрисида”ги қонунда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёга таъриф берилган. Унга кўра, касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи ашёлар (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи ашёлар), жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган ашёлар (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар) совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашё деб топилади.

Амалиётда шахс баданга оғир шикаст етказиш жиноятини турли ашёларни (темир ва тош бўлаги, кетмон дастаси ва шу каби тиғли, кесувчи бўлмаган) қўллаб содир этиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бироқ қонунчилик мазмунидан келиб чиққан ҳолда ушбу ашёларни совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашё, деб топиш мумкин эмас. Шу боис суд-криминаллистика экспертизаси томонидан ушбу ашёларни совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашё, деб топиб бўлмаслик ҳақида хулосалар берилмоқда. Ҳолбуки, ушбу ашёлар кишининг соғлигига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган ашё ҳисобланади.

Яна бир эътиборли ҳолат шуки, Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” бандида совуқ қурол ёки кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказилиши мумкин бўлган нарсаларни намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб жиноят содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, қонунни қўллаш амалиётида чалкашликни келтириб чиқармоқда.

Шу боис Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” бандини “қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб ёхуд кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказилиши мумкин бўлган нарсаларни қўллаб содир этганлик учун” деган таҳрирда ўзгартириш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу таклиф қонунчиликдаги бўш­лиқни тўлдириши баробарида жиноий қилмишнинг аниқ малакаланиши ва унга мос жазо турини тайинлашга хизмат қилади. Бу эса, пировардида одил судлов сифатининг ошишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Шаҳзод Бахтиёров,

Қашқадарё вилояти

суди судьяси

#thegov_button_67402193249e0 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67402193249e0:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67402193249e0 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67402193249e0:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!