Click to listen highlighted text!

АДОВАТ БИР ИНСОННИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

photo_2024-07-05_17-22-29

Ўтган йилнинг айни саратонида Булунғур туманида яшовчи Ўлмас Ширинбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) тунда томорқасидаги экинларни суғоришга киришди. Тонг эндигина ёришаётган пайтда у кўчага чиққанда йўлнинг ўртасида қандайдир қора кўланка ётганига кўзи тушди. У аввалига кимдир чиқиндиларни ташлаб кетган, деб ўйлади. Аммо яқинроқ бориб қараса, қандайдир киши қонга ботиб ётганига кўзи тушди-ю, дарҳол “Тез тиббий ёрдам”га қўнғироқ қилди. Тез орада етиб келган тиббиёт ходимлари йўлда ётган одамнинг жони аллақачон узилганини аниқлаб, бу ҳақда ички ишлар бўлимига хабар беришди. Бироз вақтдан сўнг марҳум шу кўчада яшовчи Файзулла Мелиев экани маълум бўлди…

Шу ўринда гапни узоқдан бошлайдиган бўлсак, бир йил олдин Икром Самадов уйи ёнидаги майдонда автомобиллар ювиш шоҳобчаси қуришга киришади. Аммо бетон пойдевор қуйиш ишларини бошлагани заҳотиёқ қўшниси Файзулла Мелиев норозилик билдиради ва Кадастр агентлиги туман бўлимига бу ҳақда ариза билан мурожаат қилади. Аризани ўрганиш жараёнида И. Самадов яшаш хонадонига туташ бўлган ушбу ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланади. Шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига асосан жарима жазоси қўлланилади. Катта миқдордаги жаримани тўлашга мажбур бўлгандан сўнг И. Самадовнинг кўнглида қўшниси Ф. Мелиевга нисбатан адоват туғилади. Дастлаб даҳанаки тортишувдан бошланган адоват алангаси вақт ўтган сари тобора газак олиб боради.

Фожиа рўй берган куни синфдошлари билан чойхонада спиртли ичимлик истеъмол қилган И. Самадов ярим тунда уйига қайтаётганда тасодифан йўл четидаги ўриндиқда маст ҳолда ўтирган Ф. Мелиевга кўзи тушиб қолади. Спиртли ичимлик таъсирида жазавага тушган И. Самадов қўшнисининг олдига бориб, яна эски адоватни қўзғайди. Оғзаки жанжал авжига чиққан маҳал И. Самадов кутилмаганда Ф. Мелиевнинг юзига мушт туширади. Табиийки, Ф. Мелиев ҳам рақибига мушт ўқталади. Буни кўриб, И. Самадов ожиз аҳволдаги қўшнисини аёвсиз уриб-дўппослайди.

Натижада оғир тан жароҳати олган Ф. Мелиев оламдан ўтади.

Судда И. Самадов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Ф. Мелиевни ўлдириш мақсади бўлмаганини билдирди. Аммо Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий­амалий маркази Самарқанд вилояти филиалининг хулосасида Ф. Мелиевнинг ўлими “оғир тан жароҳатлари” оқибатида рўй бергани қайд этилган.

Суд И. Самадовнинг ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришда ифодаланган ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, И. Самадов ва марҳум Ф. Мелиев ўртасида аввалдан ўзаро келишмовчилик бўлган. И. Самадов ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаб олиб, у ерда қурилиш ишлари бошлаган. Аммо Ф. Мелиевнинг мурожаатига асос И. Самадовга 40 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Шундан сўнг И. Самадовнинг кўнглида қўшнисига нисбатан адоват пайдо бўлган. Шу сабабли ўша тунда Ф. Мелиевга оғир тан жароҳати етказиб, уни оғир аҳволда қасддан автомобиль йўлида ташлаб кетган.

Суд жиноят ишини муҳокама қилиш жараёнида барча ҳолатларни синчковлик билан чуқур ўрганиб чиқиб, жиноятнинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берди. Якунида И. Самадовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан ўн саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Кўриниб турганидек, кўнгилда туғилган нафрат ва ғазаб адоват ўчоғига ўт қалаши оқибати бир инсоннинг ҳаёти бевақт завол топиши билан якунланди. Қолаверса, спиртли ичимлик истеъмоли ҳам бу фожианинг келиб чиқишига сабаб бўлганини айтиш жоиз. Бу эса, ўз навбатида, қўни-қўшничилик одоби, меҳр-оқибат, кечиримлилик, бағрикенглик каби инсоний фазилатларнинг жамият ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканидан далолатдир. Шу боис соғлом турмуш тарзи ва инсонпарварлик тамойилларини тарғиб этиш ҳамиша долзарб масала бўлиб қолаверади.

Жаҳонгир ҒАЙБУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Булунғур тумани суди раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_674034d4d685a { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_674034d4d685a:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_674034d4d685a { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_674034d4d685a:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!