Click to listen highlighted text!

СУД ҲИМОЯСИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ КАФОЛАТЛИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ШАРТИДИР

photo_2024-07-05_17-17-18

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 54-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани қайд этилган. Мазкур конституциявий қоиданинг ҳаётда тўлиқ ифодасини топишида суд ҳимояси муҳим ўрин тутади. Чунки Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Фарғона вилоятида яшовчи Ҳалимжон Раҳмонов 2018-2023 йилларда “Uz-Prista Recycling” масъулияти чекланган жамиятида бош муҳандис лавозимида фаолият юритган. Корхона фаолияти учун зарур ходим бўлгани сабабли Ҳ. Раҳмонов ишлаган даврлари учун меҳнат таътилига чиқмаган. Бироқ Ҳ. Раҳмонов 2023 йилнинг 19 июнь куни ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган.

Меҳнат шартномасини бекор қилишга оид буйруқда бош ҳисобчи Р. Ражабовга бош муҳандис учун белгиланган барча ҳисоб-китобларни амалга ошириш қайд этилган. Аммо 2023 йил октябрь ойида унга қисман иш ҳақи тўланган, холос. Яъни олти йиллик меҳнат таътили пули ва иш ҳақининг қолган қисми тўланмаган. Бундан норози бўлган Ҳ. Раҳмоновнинг корхона раҳбари ва бош ҳисобчисига қилган мурожаатлари жавобсиз қолган. Шундан сўнг собиқ бош муҳандис фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Uz-Prista Recycling” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 88 миллион 913 минг сўм иш ҳақи ва 259 миллион 595 минг сўм компенсация тўловини ундиришни сўраган.

Бош қомусимизда ҳар бир шахснинг меҳнат килиш, меҳнат учун хақ олиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи қатъий белгиланган.

Шу боис суднинг 2024 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, “Uz-Prista Recycling” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Ҳ. Раҳмонов фойдасига 400 миллион 791 минг сўм ундириш белгиланган.

Лекин жавобгар суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилади. Яъни ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори асосида даъвони рад қилишни сўрайди.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 244-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодекснинг 253-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт экани белгиланган.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақи, таътил тўловлари, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловлар ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шартлиги ҳам қайд этилган.

Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди Ҳ. Раҳмоновга аввал қисман тўлов амалга оширилгани, аммо асосий иш ҳақидан қарздорликни тўлаш пайсалга солинганини инобатга олган ҳолда ҳар бир кечиктирилган кун учун пеняни ҳам қўшиб ҳисоблаган ҳолда ажрим чиқарди.

Аниқроғи, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан 2024 йил 7 февралда чиқарилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига ўзгартириш киритилиб, “Uz-Prista Recycling” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Ҳ. Раҳмонов фойдасига жами 300 миллион 502 минг сўм ундириш белгиланди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, 2018 йил ноябрь ойида Зоҳид Мўминов Муҳриддин Камоловнинг “Спарк” русумли автомашинасини сотмоқчи эканидан хабар топиб, харидор бўлади.

Ўзаро савдо чоғида автомашина 6 700 АҚШ долларига баҳоланади.

Келишувга кўра, З. Мўминов пулнинг 2000 АҚШ долларини олдиндан, қолган қисмини бир ой муддатда бериши шарт эди. Соддадил М. Камолов унинг қуюқ ваъдаларига ишониб, олди-сотди ҳужжатларига имзо қўяди.

Лекин З. Мўминов берган ваъдасини бажариш у ёқда турсин, орадан кўп вақт ўтмай автомашинани бошқа шахсга сотиб юборади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Шундан сўнг З. Мўминов жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2022 йил 29 сентябрдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Шунингдек, суд ҳукмида З. Мўминовдан жабрланувчи Муҳриддин Камолов фойдасига 4 700 АҚШ долларининг миллий валютамиздаги қиймати миқдорида моддий зарарни ундириш ҳам белгиланади. Аммо З. Мўминов қарзини узишни хаёлига ҳам келтирмайди, аксинча, пайсалга солиб юраверади. Бунинг оқибатида М. Камолов руҳий, моддий ва бошқа қийинчиликларни бошидан кечиради, саломатлигига путур етади. Шу боис судга мурожаат қилиб, З. Мўминовдан 200 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни сўрайди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди 2024 йил 19 мартда даъво аризасини қисман қаноатлантириб, З. Мўминовдан М. Камоловнинг фойдасига 20 миллион сўм маънавий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқаради.

Таажжубланарлиси шундаки, З. Мўминов қарзини тўламагани етмагандек, апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини ўзгартирган ҳолда маънавий зарар миқдорини камайтиришни сўрайди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига биноан, жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий ҳусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Юқоридаги ҳолатда З. Мўминовнинг айбли ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми билан тасдиқланган. Бинобарин, биринчи инстанция суди оқилоналик ва адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб, З. Мўминовнинг жиноят содир этгани оқибатида М. Камолов кўрган маънавий зарар миқдорини 20 миллион сўм этиб белгилаган.

Апелляция суди мажлисида З. Мўминов соғлиғини йўқотгани сабабли шифокор назоратида туришини, биринчи босқич суди маънавий зарар миқдорини асоссиз белгилаганини билдирди. Лекин унинг бу важлари суд қарорини ўзгартириш учун асос бўлолмайди. Шу боис Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2024 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари Конституциямизда кафолатланган ҳамда улар қонун ҳимоясидадир. Ушбу конституциявий қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу маънода баён этилган воқеалар тафсилоти бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

#thegov_button_668882dfc7ee9 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_668882dfc7ee9:hover { color: rgba(253,253,253,1); }#thegov_button_668882dfc7ee9 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_668882dfc7ee9:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!