Click to listen highlighted text!

ЖАҲЛИ ЖИЛОВЛАНМАГАН КУЁВ

photo_2024-02-16_14-17-56-1

Халқимизда “Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши”, деган ибора бор. Бу оила бошлиғи ва рафиқаси ўртасидаги ўзаро жанжал қисқа вақтда эсдан чиқиб, яна аввалгидек муомала-муносабат давом этаверишига ишорадир. Аммо… 

Ўзбекистон туманида яшовчи Шаҳзод Жўрақўзиев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ва қўқонлик Нафиса Жўрақўзиева оиласидаги можаролар босилиш ўрнига “газак” олиб кетди.

Гап шундаки, Шаҳзод Қўқон шаҳридаги саноат корхоналаридан бирида ишлаб юрган кезларида Нафиса билан танишиб қолади. Сўнг 2021 йил сентябь ойида икки ёш қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришади. Бироқ кейинчалик Ш. Жўрақўзиев рашк туфайли хотини билан тез-тез жанжаллашиб қолаверади. Ҳатто орадан бир йил ўтиб, фарзанд­ли бўлганларида ҳам уларнинг муросаси келишавермайди. Бу орада келин бўлмиш бир неча маротаба онасиникига аразлаб кетади, хўжайини яна қайтариб олиб келади. Ҳар гал Нафисани олгани борганида Шаҳзод қайнонаси Салима Исаева билан айтишиб, тортишиб қоларди. Лекин С. Исаева қизининг тинчлигини ўйлаб, ҳаммасига кўз юмарди. Шу тариқа хаш-паш дегунча 2 йил ўтиб кетади. 

2023 йил май ойининг охирларида Ш. Жўрақўзиев хотинини дўппослайди. Бу ҳам етмагандек, фарзандининг тоби қочиб Н. Жўрақўзиева шифохонага тушиб қолади. Қизи ва набирасини кўргани борган Салима опа эса куёви яна қўл кўтарганидан хабар топади.

Иложсиз қолган Салима опа дори-дармон учун Нафисанинг тилла тақинчоқларини гаровга қўйиб, қарз олади. 

Буни қарангки, 2023 йилнинг 4 июнь куни Шаҳзод қайнонасининг тилла тақинчоқларни олиб кетганини эшитиб қолади. Шу туфайли Нафиса билан ғижиллашиб, унга яна қўл кўтаради. Оқибатда бундан хабар топган С. Исаева қизи ва набирасини уйига олиб кетади. 

Шу кетганича Н. Жўрақўзиева бир ярим ой онасиникида аразлаб ўтиради. 2023 йил 23 июль куни эса Ш. Жўрақўзиев ҳар галгидек хотини ва фарзандини қайтариб олиб келиш учун қайнонасиникига боради.

Аммо Салима Исаева қизининг қайтиб боришига рухсат бермайди.

Натижада қайнона-куёв ўртасида жиддий жанжал юз беради. Жанжал асносида С. Иса­ева Шаҳзодни шундай беҳурмат қиладики, жаҳлини жиловлай олмаган куёв ошхонада турган пичоқни олиб чиқиб, қайнонасининг танасига кетма-кет санчаверади. Аниқроғи, у қайнонасининг баданига 19 маротаба тиғ уради. Бу ҳолатни кўриб, Нафиса бор овози билан бақирганча қўни-қўшниларни ёрдамга чақиради. Сўнг онасини қутқариш учун эрининг қўлига ёпишади. 

– Ҳозир сени ҳам ўлдираман! – дей­ди Ш. Жўрақўзиев хотинига ўшқириб.

Яхшиямки, қўни-қўшнилар ёрдамга чиққани боис куёв қабиҳ жиноятини охирига етказа олмайди.

Шундан кейин жабрланувчи аёлни шифохонага, қаттол куёвни эса шаҳар ИИБга олиб кетишади. Сўнгра Ш. Жўрақўзиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. 

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “ж” банди ва 112-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар судининг судьяси

#thegov_button_6741b5ccd2b2e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6741b5ccd2b2e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6741b5ccd2b2e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6741b5ccd2b2e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!