photo_2026-11-21_11-13-02

СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ ТИЖОРАТ КЕЛИШУВИ ЭМАС, БАЛКИ МОЛИЯВИЙ ОҚИБАТЛАРНИ ҚОПЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТДИР

Маълумки, фуқаро ёки тадбиркор ўз мол-мулкини суғурта қилдирганда, аввало, кутилмаган ҳодиса туфайли юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишлардан ҳимояланишни кўзлайди. Зеро, ёнғин, табиий офат ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар оқибатида етказилган зарарни қоплаш баъзан катта маблағ талаб этади.

Бундай вазиятда суғурта шартномаси мулкдорнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий воситасига айланади.

Бироқ суғуртанинг ҳақиқий аҳамияти шартнома имзоланган пайтда эмас, балки суғурта ҳодисаси юз берганда кўзга ташланади.

Суғурталовчи ўз зиммасига олган мажбуриятни бажарса, мулкдор кўрилган зарарни шартномада белгиланган тартибда қоплаш имкониятига эга бўлади. Аксинча, товон тўлаш рад этилса ёки асоссиз кечиктирилса, тарафлар ўртасида низо келиб чиқади.

Айтиш керакки, амалдаги қонунларда суғурта шартномасининг ҳуқуқий асослари аниқ ўз ифодасини топган.

Жумладан, Фуқаролик кодексининг 914-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузиладиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади.

Мазкур кодекснинг 915-моддасида мулкий суғурта шартномасининг ҳуқуқий мазмуни белгиланган. Унга кўра, суғурталовчи шартномада белгиланган ҳақ — суғурта мукофоти эвазига суғурта ҳодисаси содир бўлганда, суғурта қилдирувчига ёки шартнома фойдасига тузилган бошқа шахсга етказилган зарарни суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади.

Демак, суғурта шартномаси икки томонлама ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради. Суғурта қилдирувчи белгиланган тўловларни амалга оширади, суғурталовчи эса, шартномада назарда тутилган таваккалчилик юз берганда, тегишли суғурта товонини тўлаши шарт.

Шу жиҳатдан, суғурта шартномаси оддий тижорат келишуви эмас, балки у муайян хавф юз берганда келиб чиқадиган молиявий оқибатларни шартномада белгиланган тартибда қоплашга қаратилган ҳуқуқий кафолатдир.

Мазкур қоидалар суғурта муносабатларидаги тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, шунингдек, суғурта ҳодисаси содир бўлганда келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни қонуний ҳал этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, 2023 йил 19 майда «А» акциядорлик компанияси ва «Bank» акциядорлик жамияти ўртасида кредит шартномаси тузилган. Кредит маблағларининг қайтарилишини таъминлаш мақсадида акциядорлик компаниясига тегишли Самарқанд шаҳрида жойлашган телекоммуникация боғламасининг АТС биноси гаровга қўйилган. «А» акциядорлик компанияси, «Sug‘urta» акциядорлик жамияти ҳамда «Bank» акциядорлик жамияти ўртасида ушбу гаров мулкини зарар, ёнғин ва табиий офатлардан суғурталаш бўйича шартнома тузилган.

Шартномага мувофиқ, акциядорлик компанияси суғурта қилдирувчи, «Sug‘urta» акциядорлик жамияти суғурталовчи, банк эса, наф олувчи сифатида иштирок этган.

Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, суғурталанган бино ёнғин оқибатида зарар кўрган. Ёнғин бинога туташ жойлашган «Cafe» ошхонасидан бошланиб, сўнг телекоммуникация боғламаси биносига ўтган.

«А» акциядорлик компанияси суғурта ташкилотига мурожаат қилиб, содир бўлган ҳодиса ва етказилган зарар ҳақида хабар берган. Шундан сўнг суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи вакиллари иштирокида зарарланган бино кўздан кечирилиб, дастлабки ҳужжат расмийлаштирилган.

Кейинчалик мулкка етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида баҳолаш ташкилоти жалб қилинган. Баҳолаш ташкилотининг 2024 йил 9 октябрдаги баҳолаш ҳисоботида ёнғин натижасида бино-иншоотлар ва ускуналарга етказилган умумий зарар 1 миллиард 694 миллион 491 минг сўм деб баҳоланган. Ҳужжатнинг ҳаққонийлиги бошқа баҳолаш ташкилотининг экспертиза хулосаси билан ҳам тасдиқланган.

Бироқ суғурта ташкилоти товон тўлаш масаласини даъвогар кутганидек ҳал қилмаган. Ўз жавобида ёнғин қўшни ошхонада бошланганини, ҳодисага айбдор деб топилган ошпаз маъмурий жавобгарликка тортилганини билдирган. Шу асосда етказилган зарарни суғурталовчидан эмас, балки ёнғин келиб чиқишига айбдор бўлган шахсдан фуқаролик тартибида ундириш лозимлигини важ қилиб кўрсатган.

Натижада Савдо-саноат палатаси «А» акциядорлик компанияси манфаатини кўзлаб, иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва суғурта ташкилотидан 1 миллиард 363 миллион 744 минг 500 сўм суғурта товони ундиришни сўраган.

Мазкур низога, қайд этилганидек, суғурталовчи ёнғиннинг келиб чиқишига бошқа шахс айбдорлигини важ қилиб, шартнома бўйича ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортгани сабаб бўлган.

Суғурталовчи суғурта қилдирувчи билан шартнома тузиш орқали муайян таваккалчиликни белгиланган шартларда қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Лекин суғурталовчи фақат ёнғинга бошқа шахс айбдор эканини кўрсатиб, шартномадаги мажбуриятини бажармаслиги мумкин эмас.

Бу ўринда амалдаги қонунчиликда яна бир ҳуқуқий механизм мавжуд.

Аниқроқ айтганда, Фуқаролик кодексининг 957-моддасида суғурталовчи шартнома бўйича товонни тўлагандан кейин тегишли шартлар мавжуд бўлса, зарар учун жавобгар шахсга нисбатан талаб қўйиши мумкин, деб белгиланган.

Бу қоида, ўз навбатида, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан бирга, суғурталовчининг ҳам кейинчалик зарарни қоплашни талаб қилиш имкониятини назарда тутади.

Шу ўринда шундай ҳақли савол туғилади: банк наф олувчи бўлса, мулкдор товон талаб қила оладими?

Бу ҳақида фикр юритадиган бўлсак, суғурта шартномаси кредит мажбуриятини таъминлаш мақсадида тузилгани сабабли унда «Bank» акциядорлик жамияти наф олувчи сифатида кўрсатилган.

Шу боис суғурта ташкилоти судда шартнома бўйича товон тўлаш мажбурияти мавжуд деб топилган тақдирда ҳам, бу мажбурият «А» акциядорлик компанияси олдида эмас, балки наф олувчи банк олдида вужудга келишини таъкидлади.

Бироқ Олий суд Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 13.3-бандида кредит мажбуриятини таъминлаш билан боғлиқ суғурта шартномаларида наф олувчи фойдасига тўланиши керак бўлган товон миқдори юзасидан низо келиб чиқса, унинг миқдори суғурта шартномаси шартларига мувофиқ аниқланиши лозимлиги қайд этилган.

Аммо ушбу ишда суғурталовчи даъвогар талаб қилган суғурта товони миқдорига эътироз билдирмади. Баҳс, асосан, суғурта товонини тўлаш мажбурияти ва уни ким талаб қилишга ҳақли экани юзасидан келиб чиқди.

Бундан ташқари шартноманинг 6.9-бандида суғурталовчи барча зарур ҳужжатларни олгандан сўнг 15 банк иш куни ичида суғурта тўлови ҳақида қарор қабул қилиши ва бу ҳақда суғурта қилдирувчи ҳамда наф олувчига ёзма равишда хабар бериши белгиланган.

Мазкур бандда суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома имзолангач, 10 банк куни ичида товон наф олувчининг, унинг ёзма розилиги мавжуд бўлса, суғурта қилдирувчининг ҳисоб рақамига ўтказилиши назарда тутилган.

Аммо судда аниқланишича, суғурта ташкилоти шартномада белгиланган тартибда суғурта ҳодисаси юз берган-бермагани ҳақида тегишли қарор қабул қилмаган. Аксинча, зарарни ёнғинга айбдор бўлган шахсдан ундириш лозимлигини билдириб, товон тўлашни рад этган. Бу ўз навбатида, шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганини кўрсатади.

Суд суғурта шартномасининг 1.3-бандини ҳам баҳолаб, суғурта объекти сифатида суғурта қилдирувчи ва наф олувчининг мулкдан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш билан боғлиқ мулкий манфаатлари назарда тутилганини қайд этди. Шу асосда «А» акциядорлик компаниясининг суғурталовчидан товон талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлиги эътироф этилди.

Низонинг эътиборли жиҳати шундаки, иш Самарқанд шаҳар иқтисодий судида мазмунан кўрилиб, даъво қаноатлантирилган. «Sug‘urta» акциядорлик жамиятидан «А» акциядорлик компанияси фойдасига 1 миллиард 363 миллион 744 минг 500 сўм суғурта товони ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шундан сўнг суғурта ташкилоти қарордан норози бўлиб, юқори суд инстанцияларига мурожаат қилди.

Юқори суд инстанциялари томонидан суғурта ташкилотининг шикоятлари кўриб чиқилиб, қуйи инстанция судларининг суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилди.

Қолаверса, суғурта ҳодисасига учинчи шахснинг айбдорлиги суғурталовчини ҳар қандай ҳолатда товон тўлашдан озод қилмайди.

Бундай вазиятда суғурта шартномасидан келиб чиқадиган мажбурият билан зарар етказган шахснинг жавобгарлиги алоҳида ҳуқуқий муносабатлар сифатида баҳоланиши керак.

Судда кўрилган ушбу иш мулкдорнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга асос саналган қонунчилигимиздаги суғурта шартномаси тарафлар ўртасидаги тижорат келишуви эмас, балки у молиявий оқибатларни қоплашга қаратилган ҳуқуқий кафолат эканлигини амалда яна бир марта кўрсатди.

Хуршид ТУРСУНОВ,

Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси,

Амиршоҳ ҚАҲҲОРОВ,

Самарқанд вилояти суди судья катта ёрдамчиси

#thegov_button_6b030cb806cc0 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6b030cb806cc0:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6b030cb806cc0 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6b030cb806cc0:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content