
НИЗОСИЗ ТАДБИРКОРЛИК ЁКИ ШАРТНОМА ТУЗИШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?
Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида шартнома фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Амалдаги Фуқаролик кодексига мувофиқ, шартнома — бу икки ёки ундан ортиқ шахслар ўртасида фуқаролик ҳуқуқи ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувдир.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, шартномавий низолар кўп ҳолларда шартнома тузиш жараёнидаги хатолар, ҳуқуқий саводхонлик етарли эмаслиги ёки тарафлар ўртасида аниқ келишув бўлмаганлиги сабабли юзага келади.
Энг аввало, шартномавий низоларнинг олдини олиш учун шартнома мазмунига жиддий эътибор қаратиш лозим. Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида белгиланганидек, шартнома шартлари аниқ, тушунарли ва ҳуқуқий жиҳатдан асосланган бўлиши шарт. Агар шартнома ноаниқ иборалар билан тузилса, бу келгусида турли хил талқинларга сабаб бўлади ва низо келиб чиқиши эҳтимолини оширади.
Шунингдек, шартномада унинг муҳим шартлари, албатта кўрсатилиши лозим. Жумладан, шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, нарх, тўлов тартиби, бажариш муддатлари ва жавобгарлик чоралари аниқ белгилаб қўйилиши керак. Фуқаролик кодексида айрим турдаги шартномалар учун алоҳида муҳим шартлар ҳам белгиланган бўлиб, улар кўрсатилмаган тақдирда, шартнома ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат — шартноманинг шаклидир. Қонунчиликка кўра, айрим шартномалар ёзма шаклда тузилиши шарт. Масалан, кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар, йирик миқдордаги келишувлар, албатта, ёзма шаклда расмийлаштирилиши лозим.
Ёзма шаклга риоя этилмаслиги низо келиб чиққанда далиллар етишмаслигига сабаб бўалди.
Хусусан, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хўжалик субъектлари ўртасидаги шартномалар қонунчилик талабларига тўлиқ жавоб бериши ва тарафларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши керак.
Шунингдек, шартномавий низоларнинг олдини олишда ҳуқуқий экспертиза ҳам муҳим ўрин тутади. Яъни шартнома имзоланишидан олдин уни малакали ҳуқуқшунос томонидан кўриб чиқиш тавсия этилади. Бу орқали ҳужжатдаги хавфли ҳолатлар, ноаниқликлар ва қонунга зид нормалар олдиндан бартараф этилади.
Тарафлар ўртасида музокаралар жараёни ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Аксарият ҳолларда низолар тарафлар шартларни тўлиқ тушунмаганлиги ёки нотўғри англаганлиги сабабли келиб чиқади. Шунинг учун шартнома имзоланишидан олдин барча шартлар атрофлича муҳокама қилиниши ва ҳар икки томон учун тушунарли бўлиши лозим.
Амалиётда яна бир кенг тарқалган муаммо — бу оғзаки келишувлардир.
Кўпчилик “ишонч” асосида айрим шартларни ёзма шаклга киритмайди.
Лекин низо келиб чиққан пайтда айнан шу ҳолат катта муаммога айланади. Шу сабабли барча келишувлар шартномада ўзининг аниқ ифодасини топиши зарур.
Фикримизнинг амалий мисоллар билан давом эттирадиган бўлсак, Урганч туманлараро иқтисодий судида даъвогар “А” масъулияти чекланган жамиятнинг (сотувчи) жавобгар “Б” масъулияти чекланган жамиятга (харидор)нисбатан етказиб берилган маҳсулот учун 250 000 000 сўм асосий қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.
Тарафлар ўртасида тузилган шартномада маҳсулотнинг нархи ва тўлов муддати аниқ кўрсатилган бўлса-да, маҳсулотни топшириш-қабул қилиш тартиби ҳамда унинг сифатини текшириш шартлари аниқ ифодаланмаган.
Шартнома ижроси жараёнида “А” масъулияти чекланган жамият маҳсулотни харидорнинг омборига олиб келгани ва ўзаро оғзаки “ишонч”га таяниб, юк хатини (ҳисобварақ-фактура ёки ишончнома) икки томонлама қонуний расмийлаштирмасдан, маҳсулотни қолдириб кетганини даъво қилган. Кейинчалик “Б” масъулияти чекланган жамият тўловни амалга оширишдан бош тортган. Сотувчи эса, ҳақиқатан ҳам, сифатли маҳсулот етказиб берилгани ва харидор уни тўлиқ қабул қилиб олганини исботлаш учун судга шартномадан ташқари ҳеч қандай ёзма далил (икки томонлама имзоланган қабул қилиш далолатномаси ёки ишончнома) тақдим эта олмади.
Суд Иқтисодий процессуал кодекс талабларига мувофиқ, ҳар бир тараф ўз талаб ва эътирозларини ёзма далиллар билан исботлаши шартлигидан келиб чиқиб, даъвогарнинг талабини асословчи бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сабабли сотувчининг даъвосини рад этди.
Агар тарафлар шартнома тузиш жараёнида ҳар бир ҳолатни қатъий ҳужжатлаштириш шартини аниқ белгилаб, унга амал қилганларида эди, бундай оворагарчилик ва катта моддий зарарнинг олди олинган бўларди.
Албатта, шартнома имзолангач, унинг ижросини таъминлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Фуқаролик кодексига мувофиқ, мажбуриятлар лозим даражада ва ўз вақтида бажарилиши шарт. Агар тарафлар ўз мажбуриятларини бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, бу ҳуқуқий жавобгарликка олиб келади.
Шунингдек, шартномада жавобгарлик чораларини белгилаш низоларнинг олдини олишда самарали восита ҳисобланади. Масалан, пеня, жарима ёки зарарни қоплаш тартиблари аниқ кўрсатилса, тарафлар ўз мажбуриятларига жиддийроқ ёндашади.
Замонавий ҳуқуқий амалиётда низоларни судгача ҳал этиш механизмлари ҳам кенг қўлланилмоқда. Жумладан, музокаралар, талабнома юбориш ва медиация каби усуллар орқали низони ҳал этиш мумкин. Амалдаги “Медиация тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, тарафлар низони ўзаро келишув асосида, судга мурожаат қилмасдан ҳал этиш имкониятига эга.
Амалиёт шуни кўрсатадики, иқтисодий судларда кўрилаётган ишларнинг асосий қисмини айнан шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ташкил этади. Ушбу низоларни таҳлил қилиш натижасида уларнинг келиб чиқиш сабаблари, одатда, бир хил эканлиги аён бўлади.
Биринчи навбатда, шартнома шартларининг ноаниқ ва тўлиқ ифодаланмаганлиги энг кўп учрайдиган муаммолардан биридир.
Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида шартномага берилган таърифдан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, шартнома тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб бериши лозим. Агар ушбу талаб тўлиқ таъминланмаса, низо келиб чиқиши табиий ҳолдир.
Суд амалиётида шартнома предмети, бажариш муддати ёки тўлов тартиби аниқ белгиланмаган ҳолатлар ҳам кўп учрайди. Бундай вазиятда суд, Иқтисодий процессуал кодекс талабларига мувофиқ, тарафлар тақдим этган далиллар асосида низони ҳал этади. Бироқ бу жараёнда қўшимча вақт ва ресурслар сарфланади.
Иқтисодий процессуал кодекс нормаларига кўра, ҳар бир тараф ўз талаб ва эътирозларини асословчи далилларни тақдим этиши шарт. Суд эса, ушбу далилларни холисона, ҳар томонлама ва тўлиқ баҳолайди.
Ишни ҳал қилишда энг асосий ҳужжат — шартноманинг ўзи. Демак, агар шартнома пухта ва қонун талабларига мувофиқ тузилган бўлса, низони ҳал этиш анча осон кечади. Акс ҳолда, турли талқин ва баҳслар юзага келади.
Амалиётда яна бир муҳим жиҳат бу даъвогар томонидан судгача бўлган тартибга риоя этилишидир. Иқтисодий процессуал кодексга мувофиқ, айрим тоифадаги ишлар бўйича даъво киритишдан олдин жавобгарга талабнома юбориш шарт. Афсуски, баъзан бу талабга риоя этилмаслиги сабабли даъво аризалари кўриб чиқилмасдан қолдирилади.
Бунга мисол тариқасида яқинда кўриб чиқилган қуйидаги ишни келтириш ўринлидир. Урганч туманлараро иқтисодий судида даъвогар “Г” масъулияти чекланган жамиятнинг жавобгар “В” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан етказиб берилган маҳсулот учун 450 миллион сўм асосий қарз ва 80 миллион сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Тарафлар ўртасидаги шартноманинг “Низоларни ҳал этиш тартиби” бандида “Юзага келган келишмовчиликлар бўйича тарафлар судга мурожаат қилишдан олдин албатта, бир-бирларига ёзма талабнома юборишлари шарт ва уни кўриб чиқиш муддати 15 кунни ташкил этади” деб кўрсатилган.
Бироқ “В” масъулияти чекланган жамият мутасаддилари қарздорликни тезроқ ундириш мақсадида ушбу мажбурий шартни четлаб ўтиб, жавобгарга олдиндан ёзма талабнома юбормасдан тўғридан-тўғри судга даъво аризаси киритган. Суд мажлисида жавобгар “Г” масъулияти чекланган жамият судгача бўлган тартибда ҳеч қандай расмий талабнома келиб тушмагани ва ўзаро музокара олиб бориш имконияти берилмаганини важ қилиб кўрсатди.
Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддаларига асосан, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада низони судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби назарда тутилган ва унга риоя қилинмаган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши шартлигини баён қилди. Натижада, “В” масъулияти чекланган жамиятнинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилди. Даъвогарнинг барибир жавобгарга қайтадан расмий талабнома юборишига, қонуний муддатларни кутишига ва судга иккинчи маротаба ариза бериш имкониятини сақлаб қолган бўлса-да, бу ҳолат тадбиркор учун бир неча ойлик ортиқча вақт ва ресурс йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Суд амалиётида яна бир кўп учрайдиган муаммо — далиллар етишмаслигидир. Кўп ҳолларда тарафлар ўз талабларини етарлича ҳужжатлар билан тасдиқлай олмайди. Бу эса, иш натижасига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан барча хўжалик юритувчи субъектларга қуйидагилар тавсия этилади: ҳар бир операцияни ҳужжатлаштириш, шартнома ижросини тегишли далолатномалар билан тасдиқлаш ва барча ёзишмаларни сақлаб қўйиш лозим.
Иқтисодий судларда ишларни кўриб чиқишда қонун устуворлиги, тарафларнинг тенглиги ва тортишув принципи таъминланади. Ҳар бир тараф ўз позициясини мустақил равишда ҳимоя қилади, суд эса, холис ҳакам сифатида қарор қабул қилади.
Хулоса қилиб айтганда, шартномавий низоларнинг олдини олиш учун ҳуқуқий маданиятни ошириш, шартнома тузишга пухта ёндашиш, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш ва шартнома ижросини назорат қилиш зарур. Бу эса, нафақат низоларни камайтиради, балки иқтисодий муносабатларнинг барқарор ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Элмурод Розумбетов,
Хоразм вилояти суди
иқтисодий ишлар бўйича судьяси

