Click to listen highlighted text!

СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГАН ИШОНЧ

photo_2026-10-12_10-05-39

Мамлакатимизда кейинги йилларда коррупцияга қарши қатъият билан кураш олиб борилмоқда. Бу борада ёш авлодни ушбу иллатга нисбатан муросасиз, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, илк конституциявий билимлар ва ҳуқуқий тушунчалар таълимнинг дастлабки бўғини ҳисобланган мактабгача таълим ташкилотларида болажонлар онгига сингдирилмоқда.

Афсуски, Янгибозор туманидаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Шоира Рўзимбетова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг шахсий манфаатини ўйладию, аммо қўл урган қилмиши қора доғ бўлиб тушишини хаёлига келтирмади.

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом асосида боғча тарбияланувчиларини аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш белгиланган. Аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти эса, тендер танлови асосида аниқланади.

Мазкур Низомда қайд этилишича, таомнома ҳар 10 кунда мактабгача таълим ташкилоти томонидан тасдиқланади. Аутсорсер, яъни тадбиркор тасдиқланган таомнома ҳамда ҳисоб-варақ фактураларини туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этгач, унга ҳақ тўланади.

Хуллас, 2025 йил август ойида Янгибозор туманида ўтказилган тендер танловида “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият тумандаги бошқа муассасалар сингари 15-давлат мактабгача таълим ташкилотига хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ғолиб деб топилади. Бинобарин, тадбиркор белгиланган талаблар бўйича хизмат кўрсатишни бошлайди. Аммо боғча мудираси Шоира Рўзимбетова аввалига таомномани тасдиқлашни пайсалга солади-ю, кейин имзолаб беради.

Ҳаш-паш дегунча кунлар ўтиб, сентябрь ойи ҳам охирлайди. Шунда мудира “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият вакили Қ. Қулжоновга масалани кўндаланг қўяди.

– Ҳар ойлик хизмат ҳақингизнинг йигирма фоизини менга берасиз. Йўқса, таомномангизни имзоламайман. Мен тасдиқламасам, сизга бир сўм ҳам пул тўланмайди, – дейди у.

– Опа, ўзимизга ҳам йигирма фоиз фойда қолмайди. Шундай экан, қанақасига сизга йигирма фоиз берамиз? Қолаверса, боғчангизга сифатли маҳсулот етказиб беряпмиз. Барча ишларимиз қонуний, – дея эътироз билдиради Қ. Қулжонов.

Бироқ Ш. Рўзимбетова ўз гапида туриб олади.

– Майли, мен ўйлаб кўраман…

Қ. Қулжонов шундай деб кетгач, мудиранинг талаби ноқонуний эканлигини англаб етади. Шунинг учун мудира билан қилган кейинги мулоқотларини уяли телефони диктофонига ёздириб олади. Сўнгра бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Оқибатда ушбу ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказилади.

Маълум бўлишича, 2025 йил сентябрь ойида “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият томонидан 15-давлат мактабгача таълим ташкилотига 75 миллион сўмлик хизмат кўрсатилган. Шу боис Ш. Рўзимбетова 2025 йил 6 октябрь куни туманнинг “Янгиёп” маҳалласида, яъни яшаш хонадони ёнида Қ. Қулжоновдан кўрсатилган хизмат ҳақининг 20 фоизи – 15 миллион сўмни пора тариқасида олган вақтида ушланади.

Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Янгибозор тумани суди Ш. Рўзимбетовани Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45 ва 57-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат мактабгача таълим ташкилотлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, таълим ва тарбия масканида фаолият юритаётган ҳар бир раҳбар, аввало, ўзига билдирилган юксак ишонч ва масъулиятни чуқур англаши лозим. Айниқса, болалар тарбияси ва уларнинг соғлом овқатланишидек муҳим вазифани шахсий манфаатга айлантиришдек қилмишни мутлақо кечириб бўлмайди.

Шоира Рўзимбетованинг қилмиши нафақат қонунга хилоф ҳаракат, балки унга ишониб топширилган вазифа ва жамоа ишончига хиёнат бўлди. Суд томонидан унга нисбатан қонун доирасида жазо тайинлангани эса, мансаб ва лавозим шахсий манфаат орттириш воситаси эмаслигини яна бир бор кўрсатади.

Зеро, коррупцияга қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо қўллаш билан эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ходимда ҳалоллик, виждон, қонунга ҳурмат ва масъулият туйғусини шакллантиришдан бошланади. Болалар ишончи топширилган жойда эса, бу масъулият янада юксак бўлиши шарт.

Ҳикмат САИДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгибозор тумани суди раиси

#thegov_button_6acd3dfe904a2 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6acd3dfe904a2:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6acd3dfe904a2 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6acd3dfe904a2:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!