Click to listen highlighted text!

«ЎЗ ХОҲИШИГА КЎРА ЁЗИЛГАН АРИЗА» ҚИСТОВ НАТИЖАСИ БЎЛИБ ЧИҚДИ

photo_2026-10-02_10-47-27

Мамлакатимиз судларида меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ишларни кўришда энг кўп учрайдиган низолардан бири — ходимнинг “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшатилиш ҳолатидир. Ҳақиқатан ҳам, бир қарашда, бу тариқа ишдан бўшатиш жуда осон кўринади.

Яъни ходим ариза ёзади, иш берувчи буйруқ чиқаради ва шу тариқа меҳнат шартномаси бекор қилинади. Аммо ҳар бир “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза ходимнинг ҳақиқий, эркин ва мустақил иродасини англатадими?

Бу саволга жавобни апелляция судида кўрилган бир иш мисолида излаймиз. Гап шундаки, М. Мейлиев 2021 йил 4 октябрдан Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида марказлашган молиявий бухгалтерия хизмати бош мутахассиси вазифасида ишлаб келган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 13 июндаги буйруғига кўра, Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ва давлат мактабгача таълим ташкилотида бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ички аудит тадбирлари ўтказилган. Аудит текширувлари чоғида бир қатор молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Самарқанд вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси зиммасига бир неча ходим, шу жумладан, М. Мейлиев билан амалдаги меҳнат қонунчилигига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш чорасини кўриш вазифаси юклатилган.

Бироқ, ажабланарли томони шундаки, М. Мейлиев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш лозимлиги ҳақидаги тақдимнома туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига расман келиб тушмаган.

М. Мейлиев фаолияти давомида йўл қўйган хато-камчиликлари учун интизомий ёки суд томонидан бирон-бир жазога тортилмаган. Шундай бўлса-да, ходимлар бўлими бошлиғи “ишдан бўшашга ўз хоҳишинг билан ариза ёзиб бер, акс ҳолда, қонун талаби асосида бўшатамиз” дея М. Мейлиевнинг ҳол-жонига қўймаган.

Бу ҳол бир неча кун давом этган, аммо у талабни бажармай юрган. Бир куни ходимлар бўлими бошлиғи уни ўзининг хонасига бошлаб кириб, ишдан бўшатишни сўраб ариза ёзган ҳамкасби Ж. Эгамбердиевнинг аризасини намуна тариқасида қўлига тутқазган ва худди шу тарзда ёзиб беришни тайинлаган.

Бундай пайтда М. Мейлиев ночор қолади ва шу сабабли ариза ёзиб беради. Бу тушликка қадар бўлган гап. Куннинг иккинчи ярмига ўтиб, соат ўн беш-у ўттизларда ёзган аризаси моҳиятини англаб, қаттиқ тушкунликка тушади ва яна қўлига қоғоз-қалам олади. Бу сафар у Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи номига ёзган аризасига қарши ариза ёзади.

Раҳбарнинг қабулхонасига кирса, бўлим бошлиғи хонасида йўқ, қаергадир иш билан чиқиб кетган экан. Аризани котибага қолдиради. Аммо кейинги ёзган аризаси натижасиз қолади.

Қисқаси, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2025 йил 29 августдаги буйруғига кўра, М. Мейлиев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Буйруқда ишдан бўшатишга асос сифатида Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисми ҳамда ходимнинг аризаси кўрсатилган.

Демак, расмий ҳужжатларга кўра, ишдан бўшатишнинг асоси — ходимнинг ташаббуси, яъни “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза. Аммо эътибор қилган бўлсангиз, низонинг асосий моҳияти шундаки, ходим бу аризани, ҳақиқатан ҳам, ўз хоҳиши билан ёзмаган, аксинча, ариза иш берувчи томонидан қистов натижасида ёздирилган.

М. Мейлиев судга мурожаат қилиб, аризани ихтиёрий равишда эмас, балки қистов остида ёзганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ташкилотдаги текширувлардан кейин бир неча ходимдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш талаб қилинган.

Даъвогарнинг сўзларига кўра, ходимлар бўлими ходими унга бошқа бир ходимнинг аризасини намуна сифатида кўрсатган ва шунга ўхшатиб ариза ёзишни айтган. Ходим эса, кейинчалик ўз аризасини қайтариб олишга ҳаракат қилгани, лекин ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ барибир чиқарилганини таъкидлайди.

Шунингдек, даъвогар буйруқ билан расман таништирилмагани, меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмагани, якуний ҳисоб-китоб ва бошқа тўловлар бўйича ҳам ҳуқуқлари бузилганини билдирди. Ўзини ишга тиклаб, мажбурий прогул учун иш ҳақи, компенсация ва маънавий зарар ундириб беришни сўради.

Бунда биринчи босқич суди ходим ўз хоҳиши билан ариза ёзган, иш берувчи томонидан босим ўтказилгани исботланмаган, деган хулосага келган. Ташкилотда ички аудит текшируви давомида бир қатор молиявий хато-камчиликлар аниқланганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг талабларини рад этган.

Апелляция судлов ҳайъати ишни қайта кўриб чиқиб, биринчи босқич судининг бу хулосасини етарлича асосланмаган деб баҳолади.

Иш учун муҳим ҳолатларни тўлиқ аниқланмаган, ходимнинг аризаси, ҳақиқатан ҳам, эркин ирода асосида ёзилганми-йўқми деган масалага етарлича баҳо берилмаган, деган хулосага келди. Бу ўринда энг муҳим далиллардан бири — жавобгар вакили Ж. Б.нинг апелляция судида ҳақиқатни юзага чиқарувчи, адолатли тўхтамга келишга йўл очган кўрсатмаси бўлди.

У даъвогар М. Мейлиевга раҳбар номидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишини айтганини тан олди.

Олий суд Пленумининг меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тушунтиришларида ходимнинг ариза ёзишга мажбурлангани ҳақидаги важлар синчковлик билан текширилиши лозимлиги кўрсатилган. Бунда фақат очиқ мажбурлаш, қўрқитиш ёки тазйиқ эмас, балки ходимда ишдан кетиш истаги бўлмаса-да, иш берувчининг уни ариза ёзишга фаол равишда ундаши ҳам қистов сифатида баҳоланиши мумкин.

Шу сабабли апелляция суди “ходим ариза ёзган экан, демак, ишдан бўшатиш қонуний” деган ёндашувни етарли деб топмади. Чунки иш берувчи ходимни интизомий ёки бошқа қонуний асослар билан ишдан бўшатиш ўрнига, ундан “ўз хоҳишига кўра” ариза олиш йўлини танлаган.

Яна бир муҳим жиҳат — даъвогар М. Мейлиев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисми қўллангани ўринсиз. Ушбу норма, асосан, ходим ишни давом эттира олмайдиган ҳолатларда, масалан, таълим ташкилотига қабул қилинганда, пенсияга чиққанда, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилишни назарда тутади. М. Мейлиевнинг аризасида эса, бундай ҳолатлар кўрсатилмаган.

Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси биринчи босқич судининг 2026 йил 28 январдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди ва янги қарор қабул қилди. Унга кўра, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2025 йил 29 августдаги буйруғи ноқонуний деб топилди ва бекор қилинди.

М. Мейлиев Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Марказлашган молия-бухгалтерия маркази бош мутахассиси вазифасига ишга тикланди.

Жавобгар ташкилотдан даъвогар фойдасига 45 миллион 942 минг 364 сўм мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундирилиши белгиланди. Шунингдек, даъвогар фойдасига 6 миллион сўм маънавий зарар ундирилди.

Бундан ташқари жавобгар ташкилотдан давлат фойдасига 5 миллион 228 минг 541 сўм давлат божи ундириладиган бўлди. Суд даъвони қисман қаноатлантирди, даъвогарнинг меҳнат дафтарчасини ўз вақтида олмаганлиги ва якуний ҳисоб-китоблар кечиктирилгани учун компенсациялар ундириш ҳақидаги талаблари рад этилди.

Хулоса қилиб айтганда, “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза қистов натижаси бўлиб чиқди. Мазкур меҳнат низоси шуни кўрсатадики, бу тарзда ишдан бўшатиш қонуний бўлиши учун ариза, ҳақиқатан ҳам, ходимнинг эркин хоҳиши билан ёзилган бўлиши лозим. Агар ходим ишдан кетишни истамаган бўлсаю, иш берувчи уни ариза ёзишга ундаган ёки қистов ўтказган бўлса, бундай ишдан бўшатиш ғайриқонуний ҳисобланади.

Отабек ТЕМИРОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси

#thegov_button_6ac2c5986202e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ac2c5986202e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ac2c5986202e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ac2c5986202e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!