ЮРИДИК ФАКТ СУД ОРҚАЛИ БЕЛГИЛАНДИ

Ҳаётда баъзан шундай ҳолатлар ҳам учрайди: фуқаро вафот этган бўлса-да, унинг вафоти ўз вақтида ФҲДЁ идораларида расмий қайд этилмай қолади. Бир қарашда, бу оддий эътиборсизликдек туюлади. Аммо йиллар ўтиб, мерос, уй-жой, мулк ҳуқуқи ёки бошқа расмий ҳужжатларни қонунийлаштириш зарурати туғилганда, ана шу камчилик жиддий ҳуқуқий муаммога айланади.
Судга Тоштемир Ўринбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ариза билан мурожаат қилиб, отаси Қилич Ўринбоевнинг вафот этганлик фактини белгилашни сўради.
Иш ҳужжатларига қараганда, аризачининг отаси Қилич Ўринбоев 1928 йил 1 январь куни туғилган. У 1995 йил 17 октябрь куни вафот этган. Ўша вақтда оила аъзоларининг эътиборсизлиги сабабли Қилич Ўринбоевнинг вафоти ҳақидаги гувоҳнома олинмай қолган.
Орадан кўп йиллар ўтгач, уй-жой билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришга зарурат туғилади, бунинг учун эса, марҳумнинг вафот этгани ҳақидаги гувоҳнома талаб этилади. Аризачи ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилса, у ерда отасининг вафоти ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас экан.
Ўз навбатида, ФХДЁ бўлими масъул ходими Т. Ўринбоевга бу борада судга мурожаат қилиши лозимлигини тушунтиради. Шундан сўнг аризачи судга мурожаат қилиб, отаси Қилич Ўринбоевнинг вафот этганлик фактини белгилашни сўрайди.
Суд мажлисида аризачи ўз талабини қувватлаб, ҳақиқатан ҳам, отасининг вафот этгани тўғрисидаги гувоҳнома олинмай қолгани ҳақида тушунтириш берди. Судда гувоҳ сифатида сўралган Х. Қосимов ҳам марҳум Қилич Ўринбоев аризачининг отаси эканини, унинг дафн маросимида иштирок этганини ва вафот этган санасини тасдиқлади.
Бундан ташқари суд иш ҳужжатларида мавжуд маълумотнома ва далолатномаларни ҳам ўрганди. Иштихон тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотнома ҳамда Иштихон тумани «Халқабод» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган далолатномаларда Қилич Ўринбоев 1995 йил 17 октябрь куни вафот этгани кўрсатилган.
Шу тариқа суд аризачининг тушунтириши, гувоҳлар кўрсатмаси, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган далолатнома ва тегишли маълумотномаларни баҳолаб, вафот этганлик ҳолати ҳақиқатда мавжудлигини аниқлади.
Бу мисолни келтираётганимизнинг сабаби шундаки, амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилигида юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни суд орқали белгилаш тартиби назарда тутилган. Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига кўра, суд фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.
Ушбу қоидадан кўриниб турибдики, суд ҳар қандай оддий воқеани эмас, балки ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарадиган фактни белгилайди. Масалан, туғилганлик, қариндошлик, ҳужжатнинг тегишлилиги, никоҳ, никоҳдан ажрашиш, вафот этганлик каби ҳолатлар инсоннинг шахсий ёки мулкий ҳуқуқларига таъсир қилади.
Фуқаролик процессуал қонунчилигида ўлим қайд этилганлигини аниқлаш тўғрисидаги ишлар ҳам суд томонидан кўрилиши белгиланган. Бундай ишлар, одатда, тарафлар ўртасида низо бўлмаган ҳолларда алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Чунки бу ерда асосий мақсад кимнингдир ҳуқуқини инкор этиш эмас, балки ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган фактни расман белгилашдир.
Одатда, фуқаронинг вафоти ФҲДЁ органлари томонидан қайд этилади ва ўлим ҳақида гувоҳнома берилади. Аммо юқорида баён этилган ҳолатда ФҲДЁ бўлимида марҳумнинг ўлими ҳақида далолатнома ёзуви мавжуд бўлмаган.
Шу сабабли, ФҲДЁ органи мустақил равишда ўлим гувоҳномаси бериш имкониятига эга эмас. Бундай вазиятда фуқаро судга мурожаат қилади.
Суд вафот этганлик фактини белгилаб бергандан сўнг ҳал қилув қарори қонуний кучга киради ва ФҲДЁ органи шу қарор асосида ўлимни расман қайд этади.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирмаслик йиллар ўтиб жиддий ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ қонунчиликда бундай ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари белгиланган. Суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш амалиёти адолат қарор топишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига ва қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилмоқда.
Мансур МАРДОНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Иштихон туманлараро
суди судьяси

