АНИҚЛАШТИРИЛМАГАН ХАТОЛИК СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Файзулла Мамараимовнинг уйида кутилмаганда электр энергияси узилиб қолди. Қўни-қўшниларда эса, электр токи бор эди. У қарасаки, электр ҳисоблагич ишламаётган экан.
Унинг чақирувига асосан келган электр таъминоти ходимлари электр токининг узилишига дарҳол “ташхис” қўйишди: электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоқ қисми очилган. Шу сабабли автоматик тарзда блокланган ва электр токи узилиб қолган.
Шундан сўнг энергия сотиш корхонаси муҳандиси Ш. Холмуҳаммедов (исм-шарифлар ўзгартирилган) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан Ф. Мамарайимовга нисбатан далолатнома расмийлаштиради. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни расмийлаштирилган ҳужжатлар дастлабки суриштирув органи томонидан кўриб чиқилиб, Ф. Мамараимовнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси 1-қисм билан малакаланади ва судга ўтказилади.
Қонун мазмунига кўра, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатини кодекснинг ушбу моддаси билан малакалаш учун ўша шахс умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган ёки электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузган ёхуд электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказган, ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган бўлиши керак.
Ф. Мамараимовни кодекснинг ушбу моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузар сифатида айбдор деб топиш қонуннинг айни талабларига мос келадими?
Бу саволга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасидан тўлиқ жавоб топиш мумкин.
Мазкур моддада маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган ё мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Шу маънода, ишни судда кўриш жараёнида Ф. Мамараимов томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати аниқланмади. Электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартиришга уринилмаган. Шунингдек, амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 133-бандида кўрсатилган, яъни электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд эмас.
Аслида, аввалда электр ҳисоблагичнинг қопқоқ қисми пломбаланмаган бўлган. Бир дона винт ёрдамида маҳкамланиши уни бурашдан олдин пломба ёки ҳимоя қисмини бузишга имкон бермайди. Истеъмолчининг судда айтишича, у электр ҳисоблагичнинг пломбасини бузмаган.
Аслида электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоғини ушлаб турувчи винти у ўрнатилган пайтда электр таъминоти ходими томонидан плонбаланмаган.
Ҳатто корхона ходимлари далолатнома расмийлаштирганларидан сўнг ҳам, пастки қопқоқни ушлаб турувчи винтни пломбалаб қўймаган.
Энергия сотиш корхонаси муҳандиси, гувоҳ Ш. Холмуҳаммедов электр таъминоти корхонаси ходимлари чақирувга асосан хонадонга келганида, электр ҳисоблагичга ташқаридан таъсир кўрсатилгани – синдирилган, ёқиб юборилган, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга аралашиш ҳолатлари аниқланмаганини судда тан олди.
Агар Ф. Мамараимов томонидан тегишли қоидалар талабларига зид равишда пломба бузилган ёки ҳисоблагичдан ташқари уланиш бўлганида, албатта, истеъмолчи жавобгар ҳисобланарди. Бу эса, ўз навбатида, уни маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўларди.
Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Қўшработ тумани бўлими 2026 йил 5 февраль куни судга маълумотнома тақдим этди. Унда “АСКУЕ” тизимига мос маиший истеъмолчилар учун мўлжалланган электр ҳисоблагичларнинг клинма қопқоғи пломба вазифасини бажариши, электр таъминоти томонидан ушбу турдаги ҳисоблагичларга пломба қўйилмаслиги маълум қилинган.
Бироқ ушбу маълумотнома Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 16-банди талабларига тўғри келмайди.
Чунки мазкур Қоидаларда электр таъминоти шартномаси асосида электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичларни белгиланган тартибда алмаштириш, ўрнатиш ва уларни пломбалашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.
Демак, судга тақдим этилган маълумотнома амалда белгилаб қўйилган, мамлакатимизда ҳамма бирдек бажариши лозим қоидалар талабларига зид равишда, судни чалғитиш ҳамда истеъмолчи Ф. Мамараимовга нисбатан тузилган далолатноманинг қонунийлигига судни ишонтириш мақсадида тақдим этилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса, тугатилиши лозим.
Суд қонуннинг адолатли мезонларига асосланди ва Ф. Мамараимовнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Унга нисбатан юритилган ишни юритишдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Конституция ва қонунларга асосланган, кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор саналган, шахс қадри сарбаланд тутилаётган диёримизда айбсиз одам асоссиз равишда жавобгарликка, хусусан, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги шарт.
Мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби шундай.
Хулоса қилиб айтганда, шундай саволлар туғилади: айбсиз шахсга нисбатан нега маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди? Хатоликнинг туб сабаби нима билан изоҳланади?
Кўриниб турибдики, ҳар икки жамоада ҳам ходимларга хизмат вазифасини тўлақонли бажаришлари юзасидан тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Қонун ва қонуности ҳужжатларига ходимларнинг риоя қилишлари қатъий назоратга олинмаган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларини доимий тушунтириб бориш ишлари амалга оширилмаган. Оқибатда адолат тамойиллари бузилган.
Бинобарин, суд шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юқоридаги каби хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини тўғри бажаришлари устидан етарли даражада назорат қилиш чораларини кўриш, муҳандис Ш. Холмуҳаммедов ва профилактика инспектори С. Эгамовнинг хатти-ҳаракатларини йиғилишда муҳокама қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилашлик учун электр таъминоти корхонаси туман бўлими, шу каби туман ички ишлар бўлими раҳбарлари номига тақдимномалар киритди.
Зеро, ҳеч кимга адолат тамойилларини бузишга, бирон-бир шахсни асоссиз ва ноҳақ маъмурий ҳуқуқбузарга чиқаришга изн берилмаган.
Баҳодир АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўшработ тумани суди тергов судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Куч — адолатда” мухбири

