ФИРИБГАРЛИКДАН КЕЙИНГИ ФОЖИА

2021 йил 28 май. Мирзаобод туманининг Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудидаги даладан ёқиб юборилган одам жасади топилади. Табиийки, куппа-кундуз куни ким бундай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликка қўл ургани ҳаммани таажжублантирди.
Албатта, дастлабки гувоҳ хабар бергач, зудлик билан воқеа жойига етиб келган тезкор тергов гуруҳи суриштирув ишларини бошлаб юборади.
Воқеа жойидан битта оёқ кийим – “красовка”, шунингдек, “Кобальт” русумли автомашина ташлаб кетилгани қонун ҳимоячиларининг эътиборини тортади. Ўша заҳотиёқ ушбу автомашина кимга тегишли экани аниқланади. Маълум бўлишича, автомашина Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани 23-мавзесидаги хонадонлардан бирида доимий рўйхатда турувчи Файзулла Фаттаҳовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли экан.
Шундан сўнг тезкор равишда ёнган инсон танаси бўйича экспертиза ўтказилади. Шунингдек, автомашина эгаси Ф. Фаттаҳовни ҳам излашга тушишади. Аммо тезкор тергов гуруҳи ходимлари кутилмаганда бир қатор муаммоларга дуч келишади. Аниқроғи, Ф. Фаттаҳовни доимий рўйхатда турадиган уйидан ҳам, Янгиҳаёт туманидаги яшаш хонадонидан ҳам топишолмайди. Бунинг устига, унинг қаерда эканини ҳеч ким, ҳатто ота-онаси ҳам билмайди. Ф. Фаттаҳовнинг, гўёки ер остига кириб кетгандек ҳеч қаердан дараги чиқмайди. Бинобарин, ички ишлар идораси ходимлари юз берган воқеани ётиғи билан Ф. Фаттаҳовнинг ота-онасига тушунтиришади.
Бу кутилмаган совуқ ва фожиали хабардан шўрлик ота-она эс-ҳушини йўқотиб қўйишади.
Буни қарангки, айни ўша кунлари пойтахтимизда яшовчи С. Ўринов деган шахснинг тўсатдан йўқолгани ҳақидаги хабар тарқалади. Бинобарин, ички ишлар идораси ходимлари томонидан С. Ўриновни қидириш ишлари бошланади. Шу орада Мирзаобод туманида далада ёқиб юборилган жасад бўйича экспертиза хулосалари С. Ўриновнинг маълумотлари билан солиштириб кўрилади.
Буни қарангки, ушбу солиштириш натижасига кўра, ёқиб юборилган номаълум шахс аслида С. Ўринов эканлиги маълум бўлади. Қисқаси, шу тариқа калаванинг учи топилади.
Бу эса, ўз навбатида, ҳаммаси Ф. Фаттаҳовга бориб тақалишини, унинг топилиши ушбу жиноят ишига ойдинлик киритишини кўрсатади.
Қисқаси, изқуварларнинг саъй-ҳаракати билан охир-оқибат Ф. Фаттаҳов ҳам Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги хонадонлардан бирида қўлга олинади.
Хўш, Ф. Фаттаҳов аслида ким, унинг бу мудҳиш жиноий қилмишга қандай дахли бор? У нега ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларидан яшириниб юрганди?
Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, аслида, Ф. Фаттаҳов фирибгарликни ўзига касб қилиб олган, алдов йўли билан кўпчилик танишларини чув туширган кимса эди. Масалан, у таниши А. Қосимовнинг “тижорат қилиб, пулларингни ойма-ой кўпайтириб бераман”, деган алдов билан 2019 йил апрель ойидан 2020 йил октябрь ойига қадар 4 100 АҚШ долларини қўлга киритади ва шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шунингдек, Ж. Раҳимовнинг 2 170 долларини ҳам 2020 йил сентябрь-декабрь ойларида автомобилларни ювиш шохобчаси учун ер майдони топиб беришини айтиб, қўлга киритади.
Бундан ташқари Ф. Фаттаҳов 2021 йил январь-апрель ойларида Улуғбек Ҳамидовга Янгиҳаёт туманида давлат буюртмаси асосида қурилган уйлардан бирини олиб бериш, Баҳром Қурбоновга эса, савдо дўкони қуриш учун ер майдони топиб бериш важлари билан уларнинг жами 9 700 долларини қўлга киритади. Аммо юқорида исм-шарифи қайд этилган фуқароларга берган ваъдасини бажармайди.
Энг ёмони, бу нобакор кимса бўйнидаги катта миқдордаги қарз ва жавобгарликдан қутулиб олиш мақсадида ўта қабиҳ жиноий режа тузади.
Аниқроқ айтганда, бу калтабин кимса гўёки кимдир ўзини ўлдириб, ёқиб юборгандек қилиб кўрсатишдек ғаразли ниятни кўзлаб, ўта оғир жиноятга қўл уради.
Ўша куни Ф. Фаттаҳов Учтепа туманидаги 217-сонли мактаб ёнидаги кўп қаватли уйнинг чиқиндихонасини титкилаётган С. Ўриновга кўзи тушиб, автомашинасини тўхтатади. Сўнг автомашинадан тушиб, С. Ўриновни ёнига чақиради.
– Бир иш бор, ишлайсанми? Мол-қўй боқасан, ойига бир-бир ярим миллион сўм бераман, – дейди у.
С. Ўринов унинг таклифига ўйлаб ҳам ўтирмай дарров рози бўлади. Улар автомашинага ўтиришгач, Ф. Фаттаҳов Зангиота тумани “Ўзгариш” маҳалласи томон йўл олади. Йўл-йўлакай савдо дўконидан ароқ ва ёқилғи қуйиш шохобчасидан бензин сотиб олади. С. Ўринов текин ароқни кўриб хурсанд бўлиб кетади ва ича бошлайди. У тез орада маст бўлиб қолади.
Бу эса, қабиҳ режасини амалга ошириш пайида бўлган Ф. Фаттаҳовга қўл келади.
Аввалига Ф. Фаттаҳов ҳеч ким кўрмаслиги учун автомашинасини кимсасиз дала майдонига ҳайдаб киради. Кейин С. Ўриновни автомашинадан тушириб, юзини ерга қаратиб ётқазиб қўл-оёғи ва оғзини боғлайди. С. Ўринов буткул маст бўлгани боис қаршилик кўрсатмайди. Кейин автомашина юк хонасидан 5 литрлик идишдаги бензинни олиб, С. Ўриновни устидан қуйиб, ёқиб юборади… Сўнг у шоша-пиша бир пой оёқ кийими ва автомашинасини ўша ерда қолдириб, пиёда катта йўл ёқасига чиқади. Бу маҳал аланга кучайиб, осмонга қора тутун кўтарилаётганди.
Хуллас, қотил йўловчи юк автомашинасида Гулистон шаҳрига етиб олади. У ердан эса, пойтахтга қатнайдиган автомашиналардан бирига ўтириб, “Олмазор” метро бекатигача келади. Сўнгра Қўйлиқ даҳаси орқали Оҳангарон туманига жўнайди. Оҳангаронда эса, то ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олингунча ижарада яшаб юраверади.
Қисқаси, Ф. Фаттаҳовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандлари билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди.
Қолаверса, у Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилди. Негаки, “қаҳрамон”имиз муқаддам 4 маротаба оғир жиноятларни содир этгани учун судланганди.
Мазкур жиноят иши осон бойиш илинжида одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини яна бир бор кўрсатади. Ф. Фаттаҳов нафақат фуқароларнинг маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган, балки жавобгарликдан қочиш мақсадида ўлимни сохталаштиришдек ўта хавфли жиноий режани ҳам амалга оширишга уринган. Суд муҳокамаси жараёнида барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, қонун устуворлиги таъминланди ҳамда айбдорнинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилди.
Бу воқеа нафс қутқусида нопок йўлга қадам қўйиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини яна бир карра тасдиқлайди.
Фазлиддин СУВОНҚУЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Сайҳунобод тумани суди раиси

