ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса, 57 мингга етди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соха тараққиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.
Пойтахтимизда яшовчи тадбиркор М. Жафаров ҳам яратилган ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бундан 5 йил муқаддам “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсата бошлади. Бунинг учун 2021 йил 22 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга 29803167-рақамли лицензия тақдим этилди.
Албатта, ўтган йиллар мобайнида клиникага 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 74 нафар шифокор доимий иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар вакили бўлган беморлар учун 100 га яқин жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказиб берилди. Биргина 2025 йил давомида давлат бюджетига 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар тўланди. Аммо…
Аммо барчанинг кўнглини бирдек олиш қийин. Шу маънода айтганда, фуқаро М. Ҳисомиддинова ўзига кўрсатилган хизматдан кўнгли тўлмай, юқори идорага мурожаат қилади. Оқибатда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли буйруғи асосида 2025 йилнинг 11-20 ноябрь кунлари “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятда текширув ўтказилади. Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шу боис текширув мобайнида айрим камчиликлар аниқланади.
Хусусан, ассистент врач (пластик хирург) М. Нарзиеванинг хирургия ихтисослиги бўйича, ҳамшира З. Эргашева ҳамда Д. Буртешованинг камида биринчи малака тоифага эга эмаслиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш, деб топилади. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга берилган лицензияни бекор қилишни сўраб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.
Айтиш керакки, амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаби ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Шунингдек, қонунда суд айнан қайси ҳолларда лицензияни бекор қилиши ҳам белгиланган. Жумладан, лицензия эгаси ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги ёки лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда, лицензия талаблари ҳамда шартлари бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилганда, лицензия талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солса, бекор қилиниши қайд этилган. Бироқ “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятдаги текширишда бундай ҳолат аниқланмаган. Қолаверса, текшириш ўтказишга асос бўлган аризачи М. Ҳисомиддинованинг ҳам ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган. Иш ҳужжатларида унинг “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхати мавжуд. Ана шу асосларга таянган суд даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлади.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан судлар зиммасига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш долзарб вазифалардан бири сифатида юкланган. Зеро, республикамиз тараққиётини тадбиркорлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Муҳиддин СУЛТОНОВ,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди раиси ўринбосари

