ТАДБИРКОР ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚ СУД ҚАРОРИ БИЛАН БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда маъмурий судлар алоҳида ўрин тутади. Чунки амалдаги қонунларимизда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судларда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.
Масалан, Учкўприк туманидаги “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият ҳамда Транспорт вазирлиги ва Фарғона вилояти транспорт бошқармаси ўртасида юзага келган низо маъмурий суд томонидан кўриб чиқилиб, адолатли ҳал этилди.
Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, 2025 йил 20 апрелда Фарғона вилояти транспорт бошқармаси томонидан 30524-сонли лот асосида “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” такси йўналишининг М2 тоифаси бўйича тендер ўтказилади. Ўз навбатида, “Zero trans ideal” ва “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамиятлар ушбу тендерда иштирок этиш учун пакет сотиб олишади.
Аммо “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият ўзига тегишли 18 дона автомашинани эълон берилган платформага киритолмаган. Яъни талабгор ана шу транспорт воситаларига оид маълумотларни юборганида тизимда “ушбу автомашина аввал киритилган” деган сабаб билан қайтарилган. Оқибатда “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият танловда қатнаша олмаган. “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият эса, тендерда ғолиб деб топилган.
Шундан сўнг “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият Фарғона вилояти транспорт бошқармаси томонидан ўзининг тендер танловида иштирок этишига тўсқинлик қилганлигини билдирган ҳолда бошқарманинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўраб, судга мурожаат қилган. Фарғона туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 5 майдаги ҳал қилув қарори билан унинг талабини қаноатлантириш рад этилган.
Бинобарин, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият Фарғона вилояти транспорт бошқармасига “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” йўналиши бўйича ўтказилган тендерни “Tender.Uztrans.uz” электрон базасида фаол ҳолатга ўтказиб, тиклаш чорасини кўриш ҳамда ўзининг тендер таклифини ўрганишни сўраб мурожаат қилган. Бироқ унинг мурожаати қаноатлантирилмаган.
Шундан сўнг масъулияти чекланган жамият раҳбари Фарғона туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, Транспорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти транспорт бошқармасининг тендерни фаол ҳолатда ўтказмаслик, ўз фаолиятини тикламаслик ва тендер таклифларини ўрганишни тўхтатиб қўйишда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўради.
Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (2025 йил 7 августгача бўлган таҳрири)нинг 23-1-бандига кўра, ахборот тизимига жойлаштирилган лотлар бўйича суд органлари томонидан тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу лотлар жойлаштирилган тендер рўйхатидан вақтинча олиб турилади. Вақтинча олиб турилган лотларнинг очиқ тендер ўтказиш муддати лотдан олинган муддатига мутаносиб равишда суд қароридан келиб чиққан ҳолда, қайта ахборот тизимига (рўйхатга) белгиланган тартибда киритилади.
Низомнинг 43 ва 44-бандларида эса, “таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш вақти ва манзили тендер ғолиби ва ваколатли орган ўртасида олдиндан келишилади ҳамда тендер ғолиби аниқланганидан сўнг ўн кун ичида амалга оширилади. Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш мақсадида бошқа ташувчилар кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бунда ўрганиш ўтказиладиган кундан бир иш куни олдин манфаатдор томонлар ўрганиш вақти ва манзили тўғрисида хабардор қилинади.
Ваколатли органнинг масъул ходими ҳақиқийлигини ўрганишдан олдин тендернинг барча иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни ахборот тизимига киритиши керак, дея қайд этилган.
Бундан кўринадики, Транспорт вазирлиги ва Фарғона вилояти транспорт бошқармаси 2025 йил 20 апрель куни ўтказилган тендер танловидаги таклифларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш юзасидан зиммасидаги масъулиятли вазифага лоқайдлик билан қараган.
Энг муҳими, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият тендер ғолиб деб топилгач, вақтинчалик тўхтатиб туриш ва тендерни бекор қилиш юзасидан ваколатли орган ёки суднинг қарори қабул қилинмаган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 72-моддасида маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди деб белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият раҳбарининг аризасини қаноатлантириб, Транспорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти транспорт бошқармасининг тендерни фаол ҳолатда ўтказмаслик, ўз фаолиятини тикламаслик ва тендер таклифларини ўрганишни тўхтатиб қўйишда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топди. Шунингдек, жавобгарлар зиммасига “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” йўналиши бўйича ўтказилган тендерни “Tender.Uztrans.uz” электрон базада фаол ҳолатга ўтказиб, тиклаш чорасини кўриш орқали қонунга мувофиқ ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклади.
Ўз навбатида, Транспорт вазирлиги суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди.
Фарғона вилоят маъмурий суди Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 217-моддасига биноан, ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида Фарғона туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асосли эканини батафсил текшириб чиқди.
Бинобарин, апелляция ҳайъати Транспорт вазирлигининг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Шу тариқа тадбиркор йўлидаги ғов суд қарори асосида бартараф этилди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларни ҳимоя қилиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан судлар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифалардан биридир. Зеро, ушбу соҳа вакиллари Янги Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий иштирокчилари ва ижрочиларидир.
Нозима ТОЖИЕВА,
Фарғона туманлараро
маъмурий суди судьяси

