10 ДОНА “ТАБЛЕТКА”ГА 10 ЙИЛ

Пойтахт аҳолиси ширин уйқудалигида 22 ёшли йигит “Кобалт” русумли автоуловга ўтириб, шаҳар ташқарисига йўл олади. Содиқ Ярашев (исм-фамилия ўзгартирилган) белгиланган манзилга етиб келгач, атрофни кузатиб, ҳар галгидек эҳтиёткорлик билан белгиланган жойдан “таблеткани”, яъни гиёҳвандлик моддасини олар экан, кутилмаганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қаердан пайдо бўлишганини англаёлмай қолди…
Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқ орқали 2 нафар шериги билан “таблетка” савдоси билан шуғулланиш ҳақида ёзишган. Дастлаб 10 дона “таблетка”ни 7,5 АҚШ долларига сотган. Шунингдек, 1 грамм кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддани 60 АҚШ долларига сотиш ҳақида савдолашиб, кучли таъсир қилувчи психотроп дори қўйилган манзилнинг локациясини ташлаган. Суд экспертизаси хулосасида Содиқ Ярашевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари эканлиги тасдиқланган.
Тенгдошлари олийгоҳларни тугатиш арафасида келажак режаларини тузиб, орзулари сари қадам ташлаётган пайтда 22 ёшли Содиқ Ярашев осон даромад топиш мақсадида қинғир йўлга киради. Болалагидан меҳнатга бўйни ёр бермаган С. Ярашев ўрта мактабни тугатгандан кейин ҳам бирон ишнинг бошини тутмаган. У ўғрилик ва фирибгарлик қилгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган. Ёшлиги, биринчи марта жиноят қилаётгани каби турли сабаблар туфайли жазо енгиллаштирилган. Бироқ бу хатосидан тўғри хулоса чиқара олмаганлиги, тўғри йўлга кирмагани туфайли яна жиноят йўлига кирди. Бу гал у икки нафар шериги билан жиноят содир этган. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди.
Судланувчи Содиқ Ярашев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Содиқ дори олди-сотдиси қонунан таъқиқланганлигини билса-да, даромад топиш мақсадида кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган, бироқ Содиқнинг навбатдаги “ови” юришмади. Суд судланувчи содир этган жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, жазо тайинлади.
Давлатимиз қонунлари адолатли, шу билан бирга барчага баробар. С. Ярашев бир гал енгил жазо олгач, берилган имкониятдан самарали фойдаланиши, унинг қадрига етиши, тўғри йўлга кириши, ҳалол меҳнат билан яшашни мақсад қилиши лозим эди. Аммо нафсига қул бўлиб, қинғир ишнинг қийиғи чиқишини англамаган ёки билса ҳам жиноят турини ўзгартирганлиги боис энди “қўлга тушмаслиги”га ишонган бу йигит суд ҳукми билан 10 йил муддатга, унинг 2 нафар шериги эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Натижада улар ҳаётининг энг гўзал ёшлик даврини панжара ортида ўтказишга мажбур. Қилмиши қора кимсалар ҳозирги кунда қамоқда жазо муддатини ўтамоқда. Улар шундай жазоланиши мумкинлигини билишарди, аммо нафс балосини енга олишмади, бир ҳунарни эгаллаб, ҳалол меҳнат қилиб, қонуний даромад топишни исташмади. Улар бу заҳри қотилни сотишлари эвазига қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаёти завол топиши, оилаларнинг барбод бўлиши, болаларнинг ногирон туғилиши, етим қолиши, жамиятдаги соғлом муҳитга зарар етказишлари мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмади…
Баҳодир ҚАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман судининг судьяси

