Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2025-06-13_16-37-14

РАД ЭТИЛГАН ИЛТИМОСНОМА

Инсоф-диёнатли одамлар ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, боиси бўлмаса, жазо сўрамайди. Эл орасидаги бу удум қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини аниқлаш учун эса, адолатли суд тизими жорий этилган.

Бу тизим жорий йил бошидан эътиборан адолат ва одилликнинг яна бир бўғини билан бойитилди. Эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати тергов суди зиммасига юклатилди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини судга қадар ҳимоя қилиш борасида муҳим қадам бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов бўғини ўз фаолиятининг дастлабки уч ойида таъсирий чораларни қўллаш юзасидан келиб тушган жами 121 та илтимосномани қонун талаби асосида кўриб чиқди. Айни жараёнда шахсни муайян ҳуқуқ ва ваколатлардан маҳрум этишга қаратилган сўров ва таклифларни, авваллари кузатилганидек, сўзсиз қаноатлантириш ҳоллари тўлиқ барҳам топди.

Шу аснода гумонланувчи шахсларга нисбатан таъсирий ва эҳтиёт чораларини қўллаш юзасидан тергов судига ҳавола қилинган илтимосномаларнинг 112 таси қаноатлантирилган бўлса, 5 таси рад этилди, 4 таси уни юборган маҳкамага қайтарилди.

Тергов суди томонидан кўриб чиқилган ишларнинг 47 тасини — тинтув, 69 тасини — шахсни ҳибсда, 1 тасини — уй қамоғида сақлаш, 3 нафар фуқаронинг паспортдан фойдаланиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиб туришга доир сўровлар ташкил этди. Қаноатлантирилган сўровларнинг бари пировардида муфассал қараб чиқиш ва ҳал қилиш учун суд ҳамда тергов органларига юборилди.

Чиндан ҳам, шундай: инсон ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилинадиган жамиятда ҳеч ким суд ва терговсиз жазо ёки жавобгарликка тортилмайди.

Бунга ҳаётий бир мисол: Урганч туманида 2004 йили туғилган Жаҳонгир Эгамбердиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) устидан ўтказилган дастлабки судлов жараёни шахс асоссиз равишда жазога тортилмаслиги тамойили устуворлигини яққол исботлади.

Таассуфки, Ж. Эгамбердиевнинг гарданига юкланган айб анча оғир.

Тергов судига ҳавола қилинган ҳужжатлар у айнан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида ифодасини топган одам савдосини 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этиш ҳолатлари учун жавобгар эканлигини кўрсатиб турибди.

Қайд этилишича, Ж. Эгамбердиев 2009 йили Урганч шаҳрида туғилган ва ҳали вояга етмаган Нилуфар Мергановани турли тазйиқ ва зуғумлар остида нопок йўлга бошлаган. Башарти, талабни рад этса, аввалги қилмишлари ҳақида отасига хабар бериш билан таҳдид қилган.

Шу тариқа у ўзганинг номусини пулга сотиш эвазига О. Қобиловнинг 1,5 миллион сўм миқдоридаги пулини қўлга киритган. Аммо нопок луқма ҳазм бўлмаган. Ножўя қилмиш устида қўлга тушиб, қонун сўровига дуч келган.

Суд муҳокамаси жараёнида тергов органи тарафидан дастакланган ҳолат чиндан ҳам, рўй бергани аниқланди. Айб жиддий, қилмиш эса, ўта оғир турдаги жиноятлар туркумига киради. Қонун бу қабилдаги қилмишни амалга оширган шахснинг озодликда қолишини тақозо этмайди.

Судгача бўлган эҳтиёт чораси эса, Жиноят-процессуал кодексининг 236-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, жиноий фаолиятига барҳам бериш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган уринишларига йўл қўймаслик ҳамда ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Гумонланувчини жамиятдан ажратиш учун ушбу асосларнинг ўзи етарли.

Бироқ қонун далиллар етарли бўлган вазиятда гумонланувчини ҳимоялаш чораларини ҳам назарда тутади ва бу ҳолат мазкур суд тергови асносида ҳам юзага қалқиб чиқди. Гумонланувчи муқим яшаш жойига эга экани, дастлабки тергов органи чақирувидан бўйин товламагани, айтилган манзилга ўз вақтида етиб боргани, унга нисбатан бирор маротаба ҳам мажбурий олиб келиш чораси қўлланилмагани, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмагани ҳамда муқаддам судланмагани аён бўлди.

…Қонун мурувватнинг бундай чорасини ушбу битикларнинг бошқа бир “қаҳрамони”, ҳазорасплик Қадамбой Қурбоновга нисбатан ҳам қўллашни истисно этди. Гап шундаки, 1988 йили ушбу туманда туғилган Қ. Қурбонов олий маълумотли муаллим, яна денг, тумандаги нуфузли мактаблардан бирининг директори: 2021 йил август ойидан буён шу лавозимда ва ўз мансабига кўра, масъул-мансабдор шахс ҳисобланади.

Қ. Қурбонов ана шу амалига суянган ҳолда қариндоши, қўшни мактаб ходими Ғ. Сафаров билан ўзаро тил бириктирган, унинг номига якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномасини расмийлаштирган. Шу асосда сонда бор-у, саноқда йўқ, ҳатто рўйхатга олинганидан сўнг ақалли бирон соат ҳам фаолият юритмаган нодавлат мактабгача таълим муассасасини таъсис этгани, махсус онлайн тизимига сохта маълумотларни юклаш орқали 2023 йил сентябрь-декабрь ойларида тарбияланувчиларга эга бўлмаган ушбу таълим ташкилотида 27 нафар кичкинтой тарбия кўргани ҳақидаги қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган.

Шу тариқа Қ. Қурбонов давлатнинг 21,5 миллион сўмлик субсидия маблағини қўлга киритгани маълум бўлди. У суднинг 2024 йил 24 сентябрдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 1 йил-у 5 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Аммо ҳамон директор вазифасида қолиб келаётган Қ. Қурбонов ўз устидан ўқилган ҳукмни парвойига илмади. Янада ёмони, устозлик шаънига иснод келтирган қилмишидан хулоса чиқармади.

Гап шундаки, Қ. Қурбонов мактабда бўшаб қолган инглиз тили муаллими вазифасини ўз зиммасига юклашни сўраб, 2025 йил 24 февраль куни ҳузурига келган М. Ботировнинг раъйини қайтармади. Унинг талабини қондиришга, бу ишни “сиздан угина, биздан бугина” қабилида адо этишга сўз берди.

Ишга талабгор муаллим ҳам йўқ демади. Сўралган 200 доллар пулнинг ярмини — хорижий валюта ҳолида, қолган ярмини эса, миллий валютада — сўмда берди. Бу пул, аслида, директорнинг ўпқон очган нафси йўлига қўйилган тузоқ эди. У буни англамади. Бинобарин, ўзи томонидан содир қилинган жиноий қилмишнинг изи босилмаёқ бошқа бир оғир асоратли кирдикорга қўл урган шахснинг галдаги хурмача қилиғи ўша куниёқ фош этилди.

Мамлакатимиз қонунчилиги жазо муддатини ўтаётган паллада такрорий жиноятдан ўзини тия олмаган шахснинг қилмишини қаттиқ қоралайди. Шу аснода, тергов суди кўриб чиқилаётган масалага адолатли тарзда ёндашди.

Тергов органининг гумонланувчини Жиноят кодексининг порахўрликка оид 210-моддаси 2-қисми “в” банди, ўзганинг мулкини ўзлаштиришга тааллуқли 167-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари ва мансаб сохтакорлигига доир 209-моддаси 1-қисми бўйича жавобгарликка тортиш ва вақтинча ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосномаси суд томонидан қаноатлантирилди. Содир этилган оғир оқибатли кирдикорнинг ҳақиқий манзараси энди унинг устидан ўтказиладиган галдаги тергов ва суд жараёнида кўринади.

Шундай қилиб, Ж. Эгамбердиевнинг қилмиши ҳам дастлабки тарзда қонуний баҳо олди. Лекин суд жараёнигача қамоқда сақлаш қисмати уни четлаб ўтди.

Суд унинг дастлабки тергов жараёнига фаол кўмаклашгани, қилмишига астойдил иқрорлик билдиргани, пушаймонлик изҳор қилгани, ёшлиги, турмуш шароитини эътибордан соқит этмади. Тергов органининг гумонланувчини ҳибсга олиш ҳақидаги талабини рад қилди. Уни уй қамоғида сақлаш ва суд залидан озодликка чиқаришни мақсадга мувофиқ ҳисоблади.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, ҳаётда содир этилган ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Бу ўз навбатида, жиноят содир этишга мойил кимсаларга сабоқ бўлмоғи даркор.

Элёрбек Бобожонов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди

тергов судьяси

photo_2025-06-13_16-26-47

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҒОВ

Маълумки, коррупция хавфли иллат бўлиб, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигини келтириб чиқаради, бу эса, барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этади.

Янги Ўзбекистонни коррупциядан холи, соғлом ва шаффоф жамиятга айлантириш давлат сиёсатининг бош мақсадидир. Кейинги тўққиз йилда коррупцияга қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда.

Албатта, ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади.

Ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири 2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундир. Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда кенг қамровли чора-тадбирлар ва нормалар белгиланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу маълумот коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг ҳисоботларида таъкидланган.

Дунёнинг илғор давлатлари коррупцияга қарши жиддий чоралар кўриш билан бирга, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан дадил қадамлар ташланмоқда. Энг муҳими, халқимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориб, таъсирчан жамоатчилик назоратини босқичма-босқич ўрнатмоқда.

“Transparency International” халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда минтақадаги тез суръатларда соғломлашиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилган.

Шундай давлатлар борки, уларда пора олишни “жамоатчилик ахлоқи нуқтаи назарига тўғри келмайди”, деган тамойил шаклланган. Масалан, Дания ва Финляндия давлатларида шундай тушунча шаклланган.

Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини аҳоли онгига сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди.

Биз ҳам бу ёруғ йўлдан боришга муносибмиз. Зеро, эркинлик ва у яратаётган бой имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш — Ўзбекистонда коррупция муаммосини ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ ҳаётий жараён.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва дадил фаолият юритиши орқали жамият ҳаётини демократлаштириш, одамларни мустақил фикрлашга ундаш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ва изчил йўлга қўйиш зарур.

Коррупцияга қарши курашишни тўлақонли, сифатли, талаб даражасида амалга оширсак, жамиятимиз равнақи илдам олға боради. Айни тамойилни суд соҳасида ҳам кўриш мумкин.

Коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари мисолида таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган биринчи уч ойи мобайнида жами 458 нафар шахсга нисбатан 245 та иш келиб тушган бўлиб, шундан 214 нафар шахсга нисбатан 129 та жиноят иши кўрилган.

Жумладан:

• Жиноят кодексининг 167-моддаси билан — 125 нафар шахсга нисбатан 66 та иш;

• Жиноят кодексининг 168-моддаси билан — 44 нафар шахсга нисбатан 28 та иш;

• Жиноят кодексининг 205-моддаси билан — 7 нафар шахсга нисбатан 4 та иш;

• Жиноят кодексининг 210-моддаси билан — 3 нафар шахсга нисбатан 3 та иш;

• Жиноят кодексининг 211-моддаси билан — 21 нафар шахсга нисбатан 20 та иш;

• Жиноят кодексининг 212-моддаси билан — 2 нафар шахсга нисбатан 1 та иш;

• Жиноят кодексининг 214-моддаси билан 2 нафар шахсга нисбатан 2 та иш кўрилган.

Шу ишлар бўйича 199 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

Судланганларнинг 27 нафарига — жарима, 55 нафарига — ахлоқ тузатиш ишлари, 39 нафарига — озодликни чеклаш, 51 нафарига эса, озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Ушбу тоифадаги ишлар жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди томонидан — 7 нафар, Бекобод шаҳар суди томонидан — 20 нафар, Бекобод тумани суди томонидан — 10 нафар, Бўка тумани суди томонидан — 14 нафар, Зангиота тумани суди томонидан — 8 нафар, Қибрай тумани суди томонидан — 6 нафар, Қуйи Чирчиқ тумани суди томонидан — 7 нафар, Оққўрғон тумани суди томонидан — 20 нафар, Олмалиқ шаҳар суди томонидан — 23 нафар, Оҳангарон тумани суди томонидан — 15 нафар, Оҳангарон шаҳар суди томонидан — 8 нафар, Паркент тумани суди томонидан — 9 нафар, Тошкент тумани суди томонидан — 10 нафар, Чирчиқ шаҳар суди томонидан — 7 нафар, Бўстонлиқ тумани суди томонидан — 1 нафар, Юқори Чирчиқ тумани суди томонидан 1 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган.

Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили мазкур ҳудудларда бу иллатга қарши курашишни янада кучайтиришни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ўзини ўзи бошқариш органлари, тегишли идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишларини янада изчил йўлга қўйишни, ҳар бир фуқаронинг бу иллатга муросасиз бўлишини тақозо этмоқда.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ушбу тоифадаги жиноят ишларини сайёр суд мажлисларида кўришни кўпайтириш, хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, маъруза ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш талаб этилади.

Жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида ҳар бир соҳада коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, суд тизимида ҳам одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, адолатни таъминлаш аҳолининг судга, давлатга ва олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлайди.

Чунончи, жорий йил 11 март куни Олий судда бўлиб ўтган мажлис Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган ана шу вазифалар ижроси таҳлилига бағишланди. Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама этилди.

Мазкур йиғилишда Олий суд раиси судьялар ва суд ходимларига мурожаат билан чиқди. Давлатнинг коррупцияга қарши курашишдаги одилона сиёсати, Президентимиз белгилаб берган йўналиш ва вазифалар, шунингдек, Олий суд раҳбариятининг талаб ва тавсиялари жамланган Мурожаатни ҳар биримиз диққат билан тингладик.

Зеро, ушбу Мурожаатномада таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга халқчил ва адолатли суд тизимини яратиш масаласи қатъий вазифа этиб қўйилди. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак. Шу боис, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, тегишли хулосалар қилишимиз зарур.

Судья, аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши талаб этилади. У суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Аслида ҳам, давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”, деган даъвати барчамиз учун ҳаётий дастуриламал бўлмоғи лозим.

Хулоса қилиб айтганда, кўп йиллик изчил таълим олиш, билим ўрганиш ва малака ошириш учун ўз устида тинимсиз ишлаш ҳамда туну кун фидойилик ва касбга садоқат билан меҳнат қилиб эришилган юксак мавқени асраш, бу шарафли касб салоҳиятининг қадрига етиш лозим.

Бинобарин, фақат ҳалол, билимли, виждони пок судья ва суд ходимининг бугуни — тинч-хотиржам, эртаси саодатлидир.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

photo_2025-05-16_12-13-40

ИШГА ТИКЛАНДИ

Мамлакатимизда қонун устувор. Қонунларимиз эса адолатли, чунки улар фуқароларнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, мустаҳкамланган. Ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаган фуқаро эса муаммога учраши табиий ҳол. Афсуски, баъзи корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам эътиборсизлик, ҳуқуқий билимсизлиги натижасида ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқлари паймол бўлишига сабабчи бўлаётгани ачинарлидир.

“O‘ZBEKSIRK” давлат муассасаси ходими Ботир Тўлаганов (исм-фамилия ўзгартирилган) 20 йилдан буён шу ерда фаолият юритади.

Ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши туфайли иш фаолияти давомида бирон марта муассаса раҳбариятининг норозилигига учрамаган. Аксинча, ишхонасида ўз касбининг фидоийси сифатида эътироф этилиб, обрў топган эди. Аммо оилавий режаларини амалга ошириш мақсадида ўз ҳисобидан 3 ойлик таътил оладию, боши муаммодан чиқмай қолади.

Ботир Тўлаганов таътилининг 2 ой муддати ўтгач, маъмурият томонидан огоҳлантирилмасдан ўзининг ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни эшитади. Аввалига англашилмовчилик бўлгандир, дея ўзини тинчлантиради. Аммо ишхонасига боргач, ҳақиқатан ҳам, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида буйруқ чиққанини эшитиб, капалаги учади. Нега? Ҳамиша иш режимига риоя қилган бўлса, сабабсиз иш қолдирмаган бўлса?..

У муассаса раҳбариятига учрайди, ўз ҳуқуқини талаб қилади, ишдан бўшатиш сабабини сўрайди. Маълум бир сабаб топиб беришолмагач, қайта ишга тиклашларини талаб қилади. Аммо унинг бу саъй-ҳаракати самарасиз қолдирилади. Чорасиз қолган Б. Тўлаганов иш берувчининг мазкур буйруғидан норози бўлиб, вазирликка мурожаат қилишга мажбур бўлади. Отангга бор, онангга бор деганларидек, вазирлик ҳам фуқаронинг иш ўрни тикланишига ёрдам бериш ўрнига судга мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтирадию, “бу бош оғриқ иш”дан қутилади-қўяди.

Салкам чорак асрдан бери “O‘ZBEKSIRK” ДМда ишлаб, бола-чақасини боқиб, рўзғор тебратаётган собиқ ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишдан бўшатишда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганини, ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганини баён қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Фуқаро суддан жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМнинг 2024 йилнинг 25 сентябридаги буйруғини бекор қилишни, ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун иш ҳақи ундиришни сўрайди.

Суд жараёнида аниқланишича, жавобгарнинг ишончли вакили даъво аризани тан олмасдан, даъвогар ўз ҳисобидан таътил олиш масаласида мурожаат қилиб, муассаса директори томонидан розилик берилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан таътилга чиқиб кетганлигини билдирган.

Сабабсиз прогулга йўл қўйгани сабабли манеж бошлиғининг билдиргиси натижасида иш берувчи муассаса раҳбари томонидан киритилган тақдимномага асосан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида даъвогар иштирокисиз кўриб чиқилган ва розилик берилганини айтади.

Меҳнат фаолияти даврида ходим Б. Тўлаганов интизомий жавобгарликка тортилмаган ва мунтазам меҳнат интизомини бузиши ҳолатлари суд жараёнида аниқланмаган.

2024 йил 23 июлдан даъвогар ишга келмагани ва хизмат вазифаларини бажармагани сабабли, манеж инспектори томонидан муассаса раҳбариятига санаси кўрсатилмаган билдирги берилган.

Меҳнат кодексининг 165-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида иш берувчи ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида камида уч кун олдин муддатда ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириш шарти назарда тутилган.

Бироқ жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан даъвогар тегишли тартибда хабардор қилинмаган. Унинг иштироки таъминланмасдан, қўмита аъзолари ва ходимлар иштирокида 2024 йилнинг 23 сентябрида ўтказилган йиғилишда ходим билан меҳнат шартномасини ички меҳнат тартиби қоидаларини бекор қилишга розилик берилган.

Жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМ раҳбарининг буйруғи билан Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисмининг 5-бандига асосан, яъни 2024 йил 23 июлдан буён ишга сабабсиз келмагани ва ички меҳнат тартиби қоидаларини қўпол равишда бузганлиги оқибатида Б. Тўлаганов билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йил 25 сентябрдан бекор қилинган. 

Амалдаги тартибга кўра, ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари оқибатида меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи меҳнат муносабатлари тугатилиши ҳақида ходимни камида уч кун олдин огоҳлантириши ёки мутаносиб пуллик компенсация тўлаб бериши кўрсатилган. Суд даъвогарни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинмаган, хусусан жавобгар вакили тақдим қилган ходимни ички меҳнат тартиби қоидаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатлар мақбул далил ҳисобланмаслигини, ноқононуний ишдан бўшатилиши оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг талабларини қаноатлантириш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, бекор қилишни, даъвогарни ишга тиклаш ҳақида хулосага келган. Суд қарори билан иш берувчи ходим Ботир Тўлагановга 2024 йил 25 сентябрдан 2025 йил 4 апрель кунигача мажбурий прогул учун 23 949 993 сўм иш ҳақи тўлаши ва ишга тиклаш ҳамда иш ҳақи ундириш дарҳол ижрога қаратилиши белгиланди.

Дилноза ШОМАТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

photo_2025-05-29_17-03-01

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жорий йилнинг I-чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 162 665 нафар шахсга нисбатан 138 557 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 105 418 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 19 201 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини

майда безорилик,

ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик,

автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш,

электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш,

ҳақорат қилиш,

транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши,

савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш,

жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш,

транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш,

совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Апелляция тартибида 1 924 нафар шахсга нисбатан 1 632 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 637 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 577 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 2 540 нафар шахсга нисбатан 2 380 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 1 021 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 625 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 467 нафар шахсга нисбатан 420 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 102 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 83 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

photo_2025-05-29_17-03-01

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жорий йилнинг I-чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 19 646 нафар шахсга нисбатан 15 681 та жиноят иши кўриб чиқилди.

108 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Судланган шахслар сони 15 369 нафарни ташкил этиб, шундан 4 764 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 10 319 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 286 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 13 611 нафари эркак, 1 708 нафари аёл, 6 066 нафари ёшлар (шу жумладан 702 нафари вояга етмаган) ва 601 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

2 042 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 8 181 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2 746 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 3 765 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

27 нафар шахсга кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини

фирибгарлик,

транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш,

ўғрилик,

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар,

ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,

ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш,

безорилик,

қасддан баданга енгил шикаст етказиш,

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш,

қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 429 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Апелляция тартибида 2 706 нафар шахсга нисбатан 2 064 та жиноят иши кўриб чиқилди. 92 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 825 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 1 523 нафар шахсга нисбатан 1 330 та жиноят иши кўриб чиқилди. 115 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 475 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 1 598 нафар шахсга нисбатан 1 360 та жиноят иши кўриб чиқилди. 46 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 268 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 286 нафар шахсга нисбатан 240 та жиноят иши кўриб чиқилди. 58 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 87 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

photo_2025-05-29_17-03-01

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жорий йилнинг I-чораги давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2,03 трлн. cўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 299 384 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 142 185 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 115 148 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган, 10 662 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 14 696 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган, 1 679 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Фуқаролик иш (суд буйруқларидан)лардан 186 151 таси кредит қарзини ундириш, 62 375 таси солиқ қарзини ундириш, 43 243 таси коммунал қарзларини ундириш, 19 313 таси алимент ундириш ҳамда 17 131 таси никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 9 063 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 6 010 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 1 481 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 577 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Ишга тиклашга доир кўриб тамомланган 717 та ишнинг 316 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 275 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 160 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 20 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 2 983 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 560 та қарор бекор қилиниб, 194 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 2 033 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 395 та қарор бекор қилиниб, 166 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 1 326 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 132 та қарор бекор қилиниб, 27 та суд қарори ўзгартирилди. Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 78 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 39 та қарор бекор қилиниб, 11 та суд қарор

photo_2025-05-29_17-03-01

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жорий йилнинг I-чорагида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 4 180 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 1 649 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 1 877 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 515 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 178 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 768 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 105 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 312 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 50 та қарор бекор қилиниб, 5 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 357 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 21 та қарор бекор қилиниб, 2 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 524 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 59 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 38 таси бекор қилинди.

#thegov_button_69f4cacc4f790 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f4cacc4f790:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f4cacc4f790 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69f4cacc4f790:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!