ЖАЗОНИ ЕНГИЛЛАШТИРУВЧИ ҲОЛАТЛАР: МУАММО ВА ЕЧИМ
Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясида миллий хусусият ва шароитлар, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни эътиборга олган ҳолда жиноят қонунчилигига хорижий давлатлар тажрибасини имплементация қилиш, шу жумладан, жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини белгиловчи меъёрларни кенгайтириш зарурлиги назарда тутилган. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштиришда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ушбу институтни ривожлантиришнинг янгича методологик асосларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу ўринда айтиш керакки, аксарият хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойилларига амал қилишга устувор аҳамият берилган.
Хорижий давлатлар жиноят қонунчилигидаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг қиёсий таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш ва қўллаш бўйича жиддий тафовутлар мавжуд эмас.
Хусусан, Беларус Республикаси Жиноят кодексида жазони енгиллаштирувчи 11 та ҳолат назарда тутилган. Беларус Республикасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Ушбу тартиб Эстония Республикаси Жиноят кодексида ҳам белгиланган.
Миллий қонунчилигимизда жиноят содир этган шахснинг кекса ёшда экани қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирадиган ҳолатлардан бири ҳисобланади.
Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 37-банди учинчи хатбошисига асосан, судланувчининг кекса ёшда экани жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлардан биридир. Аммо амалдаги Жиноят кодексининг 55-моддасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилмаган. Шу боис қонунчилигимиздаги ушбу ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ҳамда инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексига кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этгани жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Амалдаги қонунчилик талабига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва такрор жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак. Масалага мантиқан ёндашилса, кекса ёшдаги шахснинг содир этган жинояти учун енгилроқ жазо қўлланилиши жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлидир.
Бундан ташқари аксарият хорижий давлатларнинг Жиноят кодексида жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида эътироф этилган. Масалан, Россия Федератив Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилигида жиноят содир этилганидан кейин айбдорнинг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб белгиланган.
“Жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш” деганда, жиноят содир этган шахс томонидан жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар кўрсатиладиган турли хил ёрдамлар тушунилади.
Тиббий ёрдам кўрсатилиши жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун, айниқса, жиноят аҳоли пунктларидан узоқда содир этилган бўлса, кўпроқ зарарли оқибатлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шу сабабли амалдаги Жиноят кодексига жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатишни жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида киритишни таклиф этамиз.
Бу таклиф иккита амалий жиҳатни ўзида ифода этади:
— биринчидан, жиноят қонунчилигини замонавий юриспруденция талаблари асосида халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади;
— иккинчидан, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаш орқали айбдор шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Жиноят содир этган шахснинг қарамоғида вояга етмаган ёш болалар борлиги ҳам айрим хорижий давлатларда (Россия, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон) жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.
Қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, судлар томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҳолатлардан бири судланувчининг қарамоғида ёш боласининг борлигидир. Ушбу ҳолатни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида белгилашда айбдорнинг бола тарбиясида тутган ўрни, ёш боланинг айбдор билан бирга яшаши ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Бунда ёш болалар ҳақиқатдан ҳам, айбдор билан бирга яшаши ва унга нисбатан жиноий жазонинг қўлланиши ёрдамга муҳтож бўлган болани оғир аҳволга солиб қўйиши мумкинлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, айбдорнинг ёш боласи билан бирга яшаши ҳар доим ҳам унинг фарзандини тарбиялаш ва моддий таъминлашда иштирок этишидан далолат бермайди. Айбдор улар билан бирга яшамаса-да, лекин моддий жиҳатдан таъминлаб туриши ҳам мумкин. Шунингдек, айбдор ёш болани моддий жиҳатдан таъминламасдан туриб, унинг тарбияси билан шуғулланишига оид ҳаётий мисоллар бор.
Демак, бу ўринда энг муҳим омил айбдорнинг қарамоғида ёш боласининг бўлиши ҳамда уни моддий таъминлаш ёки тарбиялашда иштирок этишидир.
Агар айбдор ёш боласига нисбатан қўпол муносабатда бўлса, уни жиноят ёки бошқа ахлоққа зид хатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилса ёки болага нисбатан жиноят содир этса, бу жазони енгиллаштириш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Беларус, Озарбайжон қонунчилигида енгиллаштирувчи ҳолатлар ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор эркаклар ва аёлларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мамлакатимиз Жиноят кодексида жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг борлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилмаган. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги ҳолатини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида Жиноят кодексига киритиш мақсадга мувофиқдир.
Бундан ташқари Молдова Республикаси Жиноят кодексининг 76-моддаси ҳамда Латвия Республикаси Жиноят кодексининг 47-моддасига асосан ақли норасо шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Мамлакатимиз Жиноят кодексининг 18-моддаси иккинчи қисмида ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган.
Фикримизча, жиноят содир этиш вақтида ақли расо шахсга ҳамда ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига кўра, бир хил ёндашувнинг мавжудлиги адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мос эмас. Чунки бу тоифадаги шахс жиноят содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англамаган (интеллектуал элемент) ёки уларни бошқара (иродавий элемент) олмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда шахс субъектив тарафнинг интеллектуал ва иродавий элементларини назорат қилиш имкониятига эга бўлмайди.
Шу боис Жиноят кодексига ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолатини ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида белгилаб қўйиш лозим.
Юқорида баён этилган таклифлар амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқ ва ноаниқликларни бартараф этиб, келгусида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва одил судлов сифатининг ошишига хизмат қилади, деган умиддамиз.
Абдулло Аллаев,
Навоий вилояти суди раиси
ИЛЛАТЛАР ГИРДОБИ БИР ИНСОН УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ
Ўтган йил 27 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторининг уяли телефонига нотаниш киши қўнғироқ қилиб, маҳалладаги новвойхона ёнида бир одамнинг пичоқлаб кетилгани ҳақида хабар беради. Профилактика инспектори ички ишлар бўлими навбатчилик қисмини содир этилган жиноятдан хабардор қилиб, зудлик билан воқеа жойига етиб боради.
Шу ўринда гапни узоқдан бошласак, Фарғона шаҳрида яшовчи Лутфулла Мамадалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) андижонлик Зокир Қобилов билан техникумда бирга ўқишган эди. Л. Мамадалиев З. Қобиловнинг ошпазлигу новвойлик қўлидан келишини яхши биларди. Шу боис у курсдошини ўтган йилнинг май ойида ҳовлисида қурган новвойхонани юритишга таклиф этади. Шундан сўнг З. Қобилов танишлари Элбек Юнусов ва Мақсуд Ғофуров билан бирга нон ёпа бошлайди. Йигитлар ўз ишининг устаси бўлгани сабабли нонвойхонада савдо юришиб кетади.
Аммо орадан кўп вақт ўтмасдан Мақсуд Ғофуров уйига кетиб қолади.
Ўша куни икки шерик ишни тугатишгач, Э. Юнусов новвойхона яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконга йўл олади.
– Менга ҳам бир шиша ароқ олиб кел, – дея илтимос қилади унга З. Қобилов.
Э. Юнусов дўконга бориб, 300 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилади.
Қайтаётганда З. Қобиловнинг “буюртмаси”ни олиб келади.
Бироздан сўнг З. Қобилов ҳам сархуш бўлиб қолади. Шу боис иккаласи кўрпачада ёнбошлаганча суҳбатлашади.
– Мен ишдан жуда чарчадим. Шунинг учун уйга бориб, бир ҳафта дам олиб келаман, – дейди Э. Юнусов гап орасида.
– Йўқ, ҳозир кетмай тур, – дея эътироз билдиради З. Қобилов. – Аввал ўрнингга ишчи топай, сўнг уйингга кетарсан. Агар ҳозир кетсанг, иш тўхтаб қолади.
– Ўзим хоҳлаган пайтда кетаман, сендан сўраб ўтирмайман, – деб қайсарлик қилади Э. Юнусов.
Шу зайлда шериклар аввал гап талашиб қолишади. Сўнгра З. Қобилов қўлига илинган буюм билан Э. Юнусовнинг дуч келган жойига ура бошлайди. Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Э. Юнусов стол устидаги пичоқни қўлига олиб, З. Қобиловнинг қорин ва кўкрак қисмига санчади. З. Қобилов жон аччиғида новвойхонадан қочиб чиққан бўлса-да, оғир жароҳатлари туфайли узоққа боролмай, йиқилади.
Буни қарангки, ўша пайтда новвойхона ёнидаги дорихона сотувчиси бақир-чақирни эшитиб, кўчага чиқади. У оғир жароҳатланган З. Қобиловга дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга, “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Бироқ жабрланувчи шифохонага етиб бормасдан йўлда жон таслим қилади. Шундан сўнг Э. Юнусовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Э. Юнусовни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо тайинлашда Э. Юнусовнинг муқаддам жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2023 йил 9 августдаги ажрими билан алмаштирилган ва ўталмай қолган 9 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам инобатга олинди.
Бир қарашда ушбу қотиллик оддий тортишув оқибатида юз бергандек туюлади. Лекин Э. Юнусовнинг муқаддам 4 маротаба судланганини назарда тутсак, кўп нарса ўз-ўзидан ойдинлашади. Унинг суд томонидан белгиланган ахлоқ тузатиш жазосини ўташдан бўйин товлаб келгани ҳам бунинг исботидир. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2021 йил 14 октябрдаги ҳукмига асосан, Э. Юнусов Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон тумани судининг 2022 йил 24 июндаги ажримига биноан ўталмай қолган 1 йил 3 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Аммо у яна қонун талабини менсимай, жазони ўташдан бўйин товлашда давом этган. Учинчи маротаба жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2023 йил 9 августдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 9 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Шу тариқа қонунни менсимаслик, қилган хатоларидан тўғри хулоса чиқармаслик, ичкиликбозлик каби қусурлар фожиали якун топди. Агар санаб ўтилган иллатлар ўз вақтида бартараф этилганда бир инсон бевақт ҳаётдан кўз юммаган, иккинчиси умрининг анча қисмини панжара ортида ўтказмаган бўларди. Бу эса, ўз навбатида, бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Тожиддин ВАҲОБОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар суди раиси
СУД ҚАРОРИ БИЛАН УНДИРИЛГАН КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИГА НИСБАТАН ФОИЗ ВА ПЕНЯ ҲИСОБЛАШ ТЎХТАТИЛАДИ
Жорий йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, ушбу кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди. Бу янги тартиб давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.
Қарорда белгиланган вазифалар бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда, жорий йил 27 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолия хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бунга қадар кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра, кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда, кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келганди. Шу сабабли янги қонун Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартибни белгилашга қаратилган.
Эндиликда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.
Амалдаги тартибга кўра, кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда – шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда – кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақлидир. Кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган.
Эндиликда қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда.
Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлса-да, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам тадбиқ қилинади.
Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.
Шу маънода суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзига нисбатан 2024 йил 1 январдан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.
Айни чоғда суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилиниши назарда тутилмаганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.
Гулруҳ Мамараимова,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси
АСОССИЗ ДАЪВО ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ
Ҳаётда адолатнинг йўли ҳамиша ҳам равон кечавермайди. Ўтган йили Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидаги 68-контурда жойлашган 120 квадрат метр ер майдонини Умрбек Йўлдошбоев (исм-шарифи ўзгартирилган) ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани сабабли уни давлат захирасига қайтариш, ушбу ерда чала қурилган бинони унинг ҳисобидан буздириб ташлаш, ҳудудни асл ҳолига келтиришни сўради.
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди шу йил 8 январ куни даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бундан норози бўлган У. Йўлдошбоев дастлабки босқич суди ишдаги далил-исботларга етарлича аҳамият бермагани, низо сабабларини чуқур ўрганмаганини асос сифатида келтириб, Хоразм вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция ҳайъатига мурожаат қилди.
Ишни мазкур босқичда кўриш асносида жавобгар мақомидаги Чамангул Йўлдошбоева ва унинг 5 нафар фарзанди судга ариза ёзиб, ишни ўзларининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўради.
Амалдаги Фуқаролик-процессуал кодекснинг 220-моддаси 4-қисмига мувофиқ, тарафлар ишни ўзининг иштирокисиз кўриш ва ўзларига суднинг ҳал қилув қарори кўчирма нусхасини юборишни илтимос қилишга ҳақли.
Шу боис суд ишни жавобгарларнинг иштирокисиз кўриб чиқди.
Суд муҳокамасида Гурлан тумани ҳокимининг 1998 йил 31 декабрдаги 370-сонли қарорига мувофиқ Қурбонбой Давлатёровга якка тартибда турар жой қуриш учун “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидан 118,5 квадрат метрдан иборат ер майдони ажратиб берилгани, аммо унга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани маълум бўлди. Бундан ташқари Қ. Давлатёров 2020 йил 4 апрелда вафот этган ва у ўзига тегишли ер майдонининг 120 квадрат метрини ўлимидан олдин У. Йўлдошбоевга сотган. Лекин бу бўйича эришилган битим нотариал идорада расмийлаштирилмаган. Бунга ер майдони кадастр идорасида Қ. Давлатёровнинг номига ўз вақтида расмийлаштирилмагани сабаб бўлган.
Ушбу хатолик унинг ўлимидан сўнг яқин қариндошлари тарафидан бартараф этилиб, шу йилнинг 17 январида марҳумнинг ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи расман тикланган. Харидор У. Йўлдошбоев ўзи сотиб олган ерда марҳум томонидан чала тикланган бино қурилишини давом эттирган.
Ўз навбатида, ушбу ҳолат У. Йўлдошбоевнинг 120 квадрат метр ер майдонини ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олмаганини кўрсатади. Чунки Қ. Давлатёров томонидан низоли 120 квадрат метр ер майдонида қурилган бино унинг ҳуқуқий ворислари — умр йўлдоши Чамангул Йўлдошбоева ва фарзандларига тегишлидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасига кўра, фуқаролар билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши зарур.
Қолаверса, Фуқаролик-процессуал кодекснинг 72-моддаси биринчи қисмига асосан, судда ҳар бир тараф ўзининг талаб ва эътирозларини исботлаши шарт. Бироқ судда Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими ўз даъвосини исботлай олмади. Бўлим мутасаддилари низоли ернинг бирламчи ҳужжатлари бор ёки йўқлигини аниқламасдан шошма-шошарлик билан иш тутиб, судга даъво аризаси киритган.
Ана шу асосларга таянган апелляция ҳайъати биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди. Адолат тикланиб, мулкдорлар ҳуқуқи ҳимоя қилинди.
Халқимиз “Етти ўйлаб, бир кес”, деб бежизга айтмаган. Афсуски, Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими мутасаддилари бунга амал қилмагани оқибатида ортиқча оворагарчилик юзага келиб, мулкдорларнинг ҳаловати бузилди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир идора масъулллари, айниқса, юридик хизмат ходимларининг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши зарурлигини кўрсатади. Ана шунда асоссиз низо ва оворагарчиликка ўрин қолмайди.
Мавсума Йўлдошева,
Хоразм вилояти
суди судьяси
РАСМИЙ АХБОРОТ
Бугун, 2024 йил 26 февраль куни, Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра:
Сингх Рагвендра Пратап (1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,209-моддаси 1-қисми билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2, 3-бандларига асосан оқланди. Сингх Рагвендра ПратапЖиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди.
Б. Камбаралиев (1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Н. Мирзаахмедова (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н. Мирзаахмедовага нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Э. Мирзаахмедов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
С. Кариев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
А. Азимов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Н. Мусаев (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Г. Салиева (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Ш. Шодманов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Ж. Эркиний (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 212-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
С. Саидов (1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ж. Шамшетов (1991 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган), А. Джалилов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакопея қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган) ва Г. Халилова (1963 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси етакчи мутахассиси) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Г. Болтабаева (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
М. Хамдамов (1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. М. Хамдамов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 2 йил 10 ой 1 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Ш. Холмуродов (1992 йилда Навоий вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Холмуроодов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 4 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Н. Шукуруллаева (1988 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Н. Шукуруллаева Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми “а” банди, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 110 баравари миқдорида, яъни 33 000 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят кодекснинг 62-моддасига асосан 17 190 000 сўм жарима жазоси қолдирилиб, тайинланган жаримани давлат фойдасига ундириш белгинади.
Ш. Абдуганиев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган), Ф. Файзиев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) ва И. Мирзаёқубов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Абдуганиев, Ф. Файзиев ва И. Мирзаёқубов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ф. Талипов (1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси, Фармакология қўмитаси бош мутахассиси лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Ф. Назаров (1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Origin Solution” ва “Medreg” МЧЖлар директори) Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н. Мирзаахмедова, С. Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Судланувчи Ш. Шодмановдан олган пора миқдори қиймати – 881 814 000 сўмни, судланувчилар А. Азимов ва Н. Мусаевдан солидар тартибда – 93 810 000 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.
Жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига жиноят доирасида етказилган моддий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Сингх Равендра Пратап, Б. Камбаралиев ва Э. Мирзаахмедовдан солидар тартибда 5 420 177 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТУЗОҚ
ТАЛАБ
– Агар 15 миллион сўмни 3 кунда топиб келмасанг, менга юборган сурат, ёзишма, овозли ва видеохабарларингни интернетга қўйиб, овоза қиламан…
Рашиддан бу гапни эшитган Баҳора дастлаб қулоқларига ишонмади (исм-шарифлар ўзгартирилган). Кўзларини катта-катта очиб, савол назари билан қаради:
– А?
– Ҳа, интернетга қўйвораман.
– Ахир, биз оила қурмоқчимиз-ку?!
– Қанақа турмуш? – дея қизнинг сўзини шарт кесди Рашид. – Мен аҳмоқманми сенга уйланиб, ким билади яна кимларга суратларингни юборгансан?
– Мен фақат сизга… яхши кўрганим учун, айтганингизни қилиш учун юборгандим. Бошқа ҳеч ким билан гаплашмаганман.
– Хуллас, гап шу – ё айтилган вақтда пулни берасан, ё сени ҳаммаёққа овоза қиламан!
– Ҳеч қаерда ишламасам, пулни қаердан топаман?
– Ана, хорижда ишлаётган онангга айт, сенинг шаънингни ўйласа, юборади…
Бу гапларни эшитиб, совуқда шундоғам дилдираб ўтирган Баҳора музлади-қолди: энди нима бўлади?..
ВИРТУАЛ ТАНИШУВ
Ҳа, уларнинг танишуви мана шундай бошланганди. Аввал “Одноклассники”да дўстлашишди, салом-аликлар бўлди, сўнгра телефон рақамлар алмашилди. Энди “Телеграм” орқали меҳр-муҳаббат кўрсатилар, изҳорлардан иборат суҳбатлар узоқ давом этарди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, икки ёш бирор марта юзма-юз кўришмаган бўлса-да, кўп йиллик қадрдонлардек эди. Рашид бисотидаги бор сўзлар билан қизни сийлар, Баҳора орзусидагидек йигитни топганидан боши осмонга етганди. У билан бирор дақиқа суҳбатлашмаса, юраги ҳаприқиб, безовта бўларди. Буни сезган Рашид устамонлик билан ғараз мақсадини амалга ошира бошлади. Изҳорларни ёзишга вақт камлик қилганидан овозли тарзда алмашиладиган бўлишди. Кейинчалик бу ҳам камлик қилди, суратлар улашилди. Ундан кейин… суратлар сўралди. Баҳора дастлаб бу таклифни рад этса-да, талабни бажармаса, йигит ишонмаслик белгиси деб тушуниши ва муносабатлари барҳам топишини эшитгач, кўнди-қўйди.
Рашиднинг айтишича, ҳозирги замонавий ёшлар тўйгача бир-бирлари ҳақида “ҳар томонлама” маълумотга эга бўлиши керак ва бу ҳолат ўзаро ишончни мустаҳкамлар экан. Хуллас, суратли мулоқотлар ҳам оддий ҳолга айланибгина қолмай, видеолавҳага уланди. Нафси ҳакалак отган Рашидга бу ҳам камлик қилди, у ўз мобил телефонида яна бир “Телеграм” аккаунти очиб, унга Баҳоранинг рақамини киритди. Тегишли компаниядан келган тилсим рақамни киритса бўлди, олам гулистон – қизнинг барча ёзишмаларини ўқиб ўтиради.
– Баҳора, компаниядан келган кодни айтиб юбор?
– Нима учун?
– Жами ёзишмаларингни кўриб турмасам бўлмайди, сени ҳаммадан қизғонаман…
– Истасангиз, қасам ичаман.
– Унда нега юбормаяпсан, айтганимни қилсанг, эртагаёқ кўришамиз, бўлмаса, яхши қол, мени безовта қилма…
Баҳорага усиз ҳаёти ҳозирданоқ зимистон кўриниб кетди, маънисиз кунларга дош беролмаслиги, буни уддалолмаслигини билди. Ўша ондаёқ калит рақамни жўнатди… Шу билан “ишонч” мустаҳкамланди шекилли, эртасигаёқ дийдорлашишди. Туман марказида кўришишгач, аҳду паймонлар янада қатъийлашди — Рашид дам олиш куни совчи юборишини, баҳорга тўй бўлишини айтди. Илк учрашув тағин ажойиб кунга тўғри келибди – Рашиднинг туғилган кунида. Буни эшитган Баҳора йигитни қўярда-қўймай савдо дўконлари сари бошлади, таваллуд кун соҳиби ҳам “зўрға” рози бўлди, унга қимматбаҳо қўлсоат ва юракчали тақинчоқ ҳадя этди. Навбатдаги учрашувда Рашиднинг юпунлигига раҳми келиб, куртка ва кўйлак олиб берди. “Ошиқ” ҳадемай катта ишга ўтса, қизнинг харажатларини қайтаришини айтиб, миннатдорлик билдирди. Қиз ундан кейингисида телефон аппарати совға қилди. Рашид иш бошлагунча суҳбатлари узилиб қолмаслиги учун пайнет тўловлари ҳам қизнинг ҳисобидан бўлди. Хуллас, қиз йигитга қаттиқ боғланиб қолди. Бу итоаткорлик йигитнинг анчадан бери ўйлаб юрган ҳамда бирин-кетин амалга ошаётган ғаразли режасининг энг сўнггисини рўёбга чиқариш муддати келганидан далолат берарди. Барча зарур маълумотлар йиғиб бўлинган, шармсиз суратлару ундан кам бўлмаган суҳбатлар, аудио ва видеолавҳалар… Энди арқонни тез тортиб олмаса бўлмайди, вақтни чўзишдан фойда йўқ. Қизни қўрқитиб, ундан яхшигина пул ундира олишига кўзи етди ва юқоридаги қарорини билдирди: “Шарманда бўлишни истамасанг, пулни олиб кел!”.
ТУЗОҚ
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачиликдир (бундай жиноятни содир этиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).
Воқеалар ривожига эътибор берган бўлсангиз, Рашиднинг асосий мақсади Баҳорадан мулкий манфаат кўриш бўлган ва бунинг учун босқичма-босқич равишда унинг ишончига кириб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни йиққан. Сўнгра далилларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, қиздан мулкий манфаатлар беришни талаб қилади ва уни бунга мажбурлайдиган шароитга солиб қўяди. Баҳоранинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлашдан йироқмиз, унинг миллий менталитетимизга мутлақо мос бўлмаган одобсизлиги, кўнгил майлига қуллиги боис ҳаё ва ибони бир четга йиғиштириб қўйиши, оиладек муқаддас қўрғонга эгри йўллар орқали кирмоқчи бўлганини асло кечириб бўлмайди. Ўз вақтида янгаси ҳам уни бу йўлдан қайтаришга уринган, аммо унинг сўзлари кор қилмаган эди. Бироқ Рашиднинг сўнгги таҳдидидан сўнг руҳий изтиробга тушиб қолган Баҳора минг пушаймонда эканини айтиб, янгасидан мадад сўрайди. Кундай аёнки, айтилган маблағни бир амаллаб топиб-тутгани билан ҳаммаси якун топмайди, товламачи товламачилигини давом эттираверади. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Уч кун ичида бирор-бир чора топмаса, ҳаммаси остин-устун бўлиб кетади. Уйқусиз кечган тунларда янгаси ўйлаб топган режа унинг зимистон кўнглига оз бўлса-да, ёруғлик олиб киргандек бўлди: “Дастлаб Рашиднинг таҳдидини овозли тарзда ёзиб олиш ва уни асос қилиб ички ишларга ариза бериш керак!” Баҳора дарҳол телефонига овоз ёзиш дастурини ўрнатди ва Рашидга қўнғироқ қилиб, фикридан қайтишни, маълумотларни йўқ қилишни илтимос қилди. Аммо йигитнинг дағдағаси унинг умидларини пучга чиқарди: пичинг ва ҳақоратга тўла жавоб (ҳозирча пулнинг камида ярми – 600 АҚШ долларини етказиши шартлиги) қўрқувини ошириши баробарида тегишли органга кечиктирмасдан мурожаат қилиш жоизлигини англатди. Шу ондаёқ туман ички ишлар бўлимига бориб, вазият ҳақида хабар берди.
ЎЗИ ҚАЗГАН ЧОҲ
Кўп такрорланадиган ибратли мақолимиз бор: “Бировга чоҳ қазима, унга ўзинг тушасан”. Рашид ҳам шундай бўлди. Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида дорихона ёнида сўралган маблағнинг бир қисми, яъни 600 АҚШ доллари микдоридаги махсус кимёвий ишлов берилган пулларни Баҳорадан олган вақтда Рашид қўлга олинди. Қизнинг фотосуратлари, аудио ва видеоёзувлари сақланаётган мобил телефони далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди.
Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судининг ҳукмига асосан судланувчи Рашид Абдукаримов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва унга 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Жазо талабига кирадиган қўшимча чекловларга мувофиқ у бу муддатда яшаш жойидан ҳар куни кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 07:00 гача чиқмайди, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмайди, алкогол ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди, кафе, бар ва ресторанларга бормайди. Энг муҳими, интернетдан фойдаланмайди!
Хулоса
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал суръатда ривожланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда турли фойдали маълумотлар билан бирга зарарли ғоялар ҳам тарқатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, доимий ҳушёр бўлишни, аслни қалбакисидан фарқлашни, бир сўз билан айтганда, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш малакасини эгаллашни тақозо этмоқда. Бунга билим, маданият ва маърифат орқали эришиш мумкин. Демак, ҳаётга теран кўз билан боқиб, яхшини ёмондан ажратиб олиш энг долзарб вазифадир.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист
“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ОДИЛ СУДЛОВ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда адолат ҳамда қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга ҳисса қўшувчи муҳим янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилди. Бу борада биргина 2017–2023 йилларда 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури қабул қилинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, одил судлов сифатини тубдан ошириш, суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш, судьялар ҳамжамиятини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, судларда коррупцияга қарши курашиш каби муҳим масалалар Стратегиянинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Ушбу ҳужжатларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга оид тадбирлар назарда тутилди.
Янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитлар мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этди. Шу муносабат билан халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиширодасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Айтиш керакки, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий ғоялардан бири этиб белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Айниқса кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида 2024 йил 21 февралда қабул қилинган Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган, юртимиз ҳаётида амалга ошириладиган муҳим ислоҳотлар ва асосий тадбирлар назарда тутилди.
Давлат дастури 5 та йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат. Унда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш борасидаги қатор устувор вазифалар ҳам қамраб олинган.
Жумладан, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида суд харажатлари тўловларини амалга ошириш тизимини рақамлаштиришни янада кенгайтириш орқали суд харажати тўловларини суд биноларида онлайн тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш белгиланди. Бу судга мурожаат қилувчилар учун ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, суд харажатлари тўловини суд биносининг ўзида қулай усулда амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя этилишини кафолатлаш мақсадида маъмурий суд ишларини юритишда процессуал мажбурлов чоралари доирасини белгилаш кўзда тутилди.
Суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахслар, хусусан, жавобгар мансабдор шахсларнинг шахсан иштирок этишини таъминлаш, шубҳасиз, ишни мазмунан кўриш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқлаш, маъмурий суд ишларини юритиш принциплари ижросини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки амалиётда суд мажлисида жавобгар мансабдор шахсларнинг иштирок этмагани иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни аниқлаштириш, далилларга тўлиқ баҳо бериш имкониятини чеклаб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан ушбу масалани маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси доирасида такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқдир.
Давлат дастурида назарда тутилган муҳим тадбирлардан яна бири бу ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик муҳокамасининг натижалари ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида айрим тоифадаги иқтисодий ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказишдир.
Бу ўринда таъкидлаш лозимки, айрим тоифадаги маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иқтисодий, масалан, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш тадбиркорлик субъектларининг ортиқча вақт ва харажат сарфлаши олдини олиб, ушбу тоифадаги ишларни ҳал этишнинг халқаро тажрибада ўзини оқлаган механизмларини жорий этишга хизмат қилади. Қолаверса, мавжуд барча ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга имконият яратади.
Тизимда амалга оширилаётган изчил тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Янада муҳими, айни тадбирларнинг амалга оширилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш учун қулайликлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўрни юксалишида муҳим аҳамият касб этади.
Шербек НАЗАРОВ,
Олий суднинг Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни
таҳлил қилиш департаменти бошлиғи ўринбосари
ЕРГА ОИД НИЗОЛАРНИ МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Сўнгги йилларда маъмурий судларда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилиниши баробарида ерга оид оммавий низолар кўрилиб, ҳал этилмоқда. Яъни, ерга оид низоларнинг аксарияти маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш масалаларидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тегишли органларнинг ваколатига тааллуқли масалалар судлар томонидан ҳал қилинмайди. Айтайлик, Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкасини бериш (реализация қилиш) бўйича ваколатли органлар белгиланган. Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ваколатига эга. Бу ваколатларни фақат шу органнинг ўзигина бажаради. Борди-ю, ваколатли давлат органи тегишли тартиб-таомилга риоя қилмаса ёки қонунга зид равишда ҳаракатланса, ушбу ҳаракат(ҳаракатсизлик) ёхуд ноқонуний қарор устидан маъмурий судларга мурожаат қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, маъмурий органнинг объектни танлов ёки аукционга чиқаришга қадар амалга оширган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ёхуд қарори билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий низолар маъмурий судларда кўриб чиқилиб, ҳал этилса, аукцион ёки танлов натижаси юзасидан вужудга келган низолар эса (масалан, битим, ким ошди савдосини ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш, битимни бекор қилиш, ўзгартириш) тегишинча фуқаролик ишлари бўйича судлар ёинки иқтисодий судларда кўриб чиқилади.
Ерга оид низо билан судга мурожаат этишда Ер кодексининг 31- ва 33-моддаларига асосан ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келганлиги ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эканлиги муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш, шу жумладан, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ҳамда ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилган. Гарчи 2021 йил 16 августда Ер кодексининг 23-моддасига ўзгартишлар киритилган бўлса-да, 2021 йил 9 июндан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимларининг ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ажратиш(реализация қилиш) ваколати чекланган.
Фуқаролар ва юридик шахслар ерга оид ўзларининг ҳуқуқларини бузаётган қарор ёки хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) маъмурий органнинг ваколати доирасида амалга оширганлигига аҳамият қаратишлари лозим.
Зеро, айрим маъмурий органларда ҳуқуқий билим ва салоҳияти етарли бўлмаган кадрлар ўзлари билмаган ҳолда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларни бузишга сабаб бўлган қарор чиқаришлари, хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) содир этиш ҳолатлари учраб туради.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига асосан маъмурий органннинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида ариза(шикоят) билан маъмурий судга мурожаат қилишлари талаб этилади. Узрсиз сабабларга кўра муддатни ўтказиб юбориш эса манфаатдор шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланмаслигига олиб келади.
Қонунларимиздаги мазкур қоидаларни билиш, уларга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб, эркин ва фаровон ҳаётнинг гарови ҳисобланади.
Зайнабхон ЎРИНОВА,
Судьялар олий мактаби тингловчиси
ОЛИЙ СУДДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ
Ўзбекистон Республикаси Олий судида республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Олий суд раисининг ўринбосарлари И. Муслимов, Ҳ. Тўрахўжаев, Ш. Полванов, Олий суд судьяси Ў. Холов ва Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи А. Абидов фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бердилар.
Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида инсон манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда.
Ўтган йили юртимизда “Инсон қадри” ғояси асосида ўтказилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатлари янада кучайтирилди.
Ушбу кафолатлар доирасида, халқимиз хоҳиш-истаклари асосида суд ҳокимиятининг ҳам мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти тубдан такомиллаштирилиб, ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилди. Ўрта бўғин судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш механизми яратилди. Натижада, фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатлари янада оширилди.
Ҳар бир суд босқичига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулияти юкланиши билан фуқароларни қийнаб келаётган суд қарорларини қайта-қайта бекор қилиш амалиётига чек қўйилди.
Ўрта бўғин ҳисобланган вилоят судларига етарли ваколатлар берилиши билан бирга, катта масъулият ҳам юкланди.
Одил судловни таъминлаш борасида республика судлари томонидан 2023 йилда ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Одил судлов сифатини ошириш, судлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан 5 та қонун, 2 та Фармон ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Олий суд Пленумида қонунчиликни қўллаш юзасидан долзарб бўлган масалалар бўйича 18 та муҳим қарор қабул қилинди.
Ўтган йилда Олий суд Раёсатида одил судлов сифатини ошириш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича муҳим масалалар юзасидан 60 та қарор қабул қилинган.
Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация ва такрорий кассация тартибида берилган шикоятлар асосида қуйи судларнинг қабул қилган қарорлари қонунийлиги ўрганилиб, мавжуд моддий ва процессуал хатоликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Кассация инстанциясида шикоят (протест) асосида жами 13 571 та (5 130 та жиноят, 1 248 та маъмурий ҳуқуқбузарлик, 1 644 та оммавий-ҳуқуқий, 3 665 фуқаролик, 1 884 та иқтисодий) иш кўриб тамомланган.
Ушбу инстанцияда жиноят ишлари бўйича қуйи судларнинг 1 143 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 509 нафар шахсга нисбатан чиқраилган суд қарорлари ўзгартирилган, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича 421 нафар шахсга нисбатан чифарлиган бекор қилинган, 186 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Оммавий-ҳуқуқий ишлар бўйича 321 таси бекор қилинган ва 3 таси ўзгартирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича 486 та суд қарори бекор қилинган бўлса, 164 таси ўзгартирилган.
Иқтисодий ишлар бўйича эса 485 таси бекор қилинган, 133 таси ўзгартирилган.
Такрорий кассация инстанциясида жами 646 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 402 таси жиноят, 22 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик, 62 таси оммавий-ҳуқуқий, 65 таси фуқаролик ва 95 таси иқтисодий ишларга тааллуқлидир.
Ушбу инстанцияда жиноят ишлари бўйича 288 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича 22 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 1 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори ўзгартирилган.
Оммавий-ҳуқуқий ишлар бўйича 42 таси бекор қилинган, 1 таси ўзгартирилган, фуқаролик ишлари бўйича 42 таси бекор қилинган, 4 таси ўзгартирилган, иқтисодий ишлар бўйича 77 таси бекор қилинган ва 9 таси ўзгартирилган.
Ҳисобот даврида Олий судга 52 287 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг 20 607 таси умумий мазмундаги, 20 600 таси кассация тартибидаги, 11 080 таси такрорий кассация тартибидаги шикоятларни ташкил қилган.
Умумий мазмундаги мурожаатларнинг 3 914 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга, 3 480 таси қуйи судларга юборилган, 12 000 тасига тушунтириш берилган, 242 таси қаноатлантирилган, 971 таси рад этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 12 033 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 10 333 таси жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик, 8 029 таси фуқаролик, 921 таси иқтисодий, 1 324 таси маъмурий судлар фаолиятига тааллуқли.
Ҳисобот даврида биринчи инстанцияда жами 2 114 502 та иш кўрилган.
Жиноят ишлари бўйича судларда жами 882 965 та, шундан 73 798 нафар шахсга нисбатан 58 419 та жиноят иши, 721 662 шахсга нисбатан 600 966 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилган.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда 943 925 та иш кўрилган бўлса, иқтисодий судларда 271 748 та иш, маъмурий судларда 15 864 та иш кўрилган.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоблар олди.









