Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2025-02-07_16-48-41

АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК — ҚОНУНЧИЛИГИМИЗ АСОСИ

Халқимиз азалдан оилада фарзанд дунёга келса, унга авлодининг давомчиси, суянчи ва таянчи деб қараган ва муносиб тарбия бериш, комил инсон қилиб вояга етказишга интилган. Зеро, оилада ота-она зиммасидаги энг муқаддас бурч бу фарзандига муносиб тарбия бериб, вояга етказишдир. Аммо ҳаётда зиммасидаги оталик масъулиятидан бўйин тоблайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Бир қарашда, сипогина умргузаронлик қилаётган Кенжабой Матқурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳеч бир сабабсиз яккаю ягона фарзандидан тонди. У собиқ хотинининг ўрталаридаги вояга етмаган Ҳусниддин исмли ўғиллари учун алимент ундириш ҳақида судга мурожаат қилганидан сўнг қарши даъво аризаси киритди. Буни қарангки, у қарши даъво аризасида ҳақиқатан ҳам, 2018 йил май ойида Гўзал Норматова билан турмуш қуриб, қонуний никоҳдан ўтгани, 2019 йил 20 апрел куни туғилган фарзандига Ҳусниддин деб исм қўйишгани, лекин унинг биологик отаси эмаслигини қайд этиб, оталикни белгилаш ҳақидаги ёзувни бекор қилишни сўради.

Ўз навбатида, суд ушбу низоли масалага аниқлик киритиш мақсадида, ДНК — суд-биологик экспертизасини тайинлади. Экспертиза хулосасида Кенжабой Матқурбонов вояга етмаган Ҳусниддин Маткаримовнинг ҳақиқий отаси экани тасдиқланди.

Маълумки, амалдаги қонун ҳужжатларда ҳаётда учрайдиган ҳар қандай мураккаб масаланинг аниқ ечими ўз ифодасини топган. Хусусан, Олий суд Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 14-бандига кўра, суд зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида ва Оила кодексининг 62-моддаси талаблари асосида ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси – суд-биологик экспертизасини тайинлаши мумкин. Қолаверса, Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ана шу қонуний асосларга таянган суд К. Матқурбоновнинг Гўзал Норматова ва Хива тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимига нисбатан оталикка эътироз билдириш ҳақидаги даъво аризасини рад этди. Шу тариқа ўз фарзандига алимент тўловидан халос бўлиш йўлини излаган отанинг ғаразли нияти чиппакка чиқди. У эндиликда вояга етмаган фарзанди тарбияси учун алимент тўловини тўлашга мажбур.

Афсуски, халқимизнинг азалий қадриятларига зид бўлган бундай салбий ҳолатлар баъзан қўни-қўшнилар орасида ҳам учраб туради. Мисол учун Ҳазорасп туманидаги Бўстон қишлоғида истиқомат қилувчи яқин қариндошлар Фозил ва Бобур Машариповлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) мураккаб қўни-қўшничилик ҳолатига дуч келишган. Яъни улар ўзларига тегишли уйларга ўтиш-қайтиш имконидан мосуво бўлиб қолишди.

Бу ҳақида батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, уларга қўшни бўлган Шоҳиста Саманқулова иккала уйга айнан ўзига тегишли ҳудуд орқалигина ўтиб-қайтиш имкони мавжуд бўлса-да, қўшниларнинг бу оралиқ йўлакдан ҳаракатланишига рухсат бермаган. Шундан сўнг қўшнилар судга мурожаат қилишди. Зотан, Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан, кўчмас мулк эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса, бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақли.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур тармоқларини ўтказиш, улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш, шунингдек, кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин. Ер участкасига нисбатан сервитут белгиланиши унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини инкор этмайди.

Сервитут унга талабгор шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ белгиланади ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилади. Сервитутни белгилаш хусусида келишувнинг имкони бўлмаса ёки унинг шартлари бўйича муросага келинмаса, баҳс уни жорий этишни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 31-бандига кўра, судларнинг эътибори Ер кодекси талабларига биноан, ер участкасининг мулкдори, эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси ва ижарачиси ўзганинг участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини ўрнатмасдан туриб, тегишли эҳтиёжларини қондириш имконсиз эканлигига қаратилиши зарур.

Суд Давлат кадастрлар палатаси Ҳазорасп тумани филиалининг манфаатдор тарафларга тегишли бўлган ер участкалари орасида пиёда ва автотранспортда кириб-чиқиш учун очиқ майдон мавжуд эмаслиги, бунинг учун эни 5 ва узунлиги 36 метрни ташкил этувчи 180 квадрат метр саҳнли йўлакка эҳтиёж борлиги ҳақидаги хулосасини эътиборга олган ҳолда Машариповлар ўз хонадонларига кириб-чиқиш учун Ш. Саманқуловага қарашли ер участкаси ҳудудидан 180 квадрат метр майдонни чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) бўйича ажратиб бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Унда Ш. Саманқулованинг зиммасига қайд этилган ҳажмдаги ер майдонини Машариповларга чекланган тарзда фойдаланиш учун ажратиб бериш мажбурияти юклатилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, амалдаги қонунчилигимизда ижтимоий адолат ва инсонпарварлик тамойилларининг ўз ифодасини топгани аҳоли турмуш тарзида келиб чиқадиган турли хил низоларга ўз вақтида самарали ечим топишга асос бўлмоқда.

Ғайрат МАТЁҚУБОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро

суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

photo_2025-02-06_15-56-53

ҚОРА ТАМҒА

Эрта турган Маматбой юз-қўлини ювиб, соқолини қиртишлаб олди-да, апил-тапил чойини ичиб, янги олган костюм-шимини кийиб: “Мен Ғулом синфдошимникига ўтиришга кетаяпман”, деб ҳовлидан ташқарига чиқиб кетди. Дарвозагача кузатиб қўйган хотини Гулнора: “Отаси, тағин ҳалиги зормандаиздан кўпроқ ичиб қўйманг, майлими?” — деб эслатиб ҳам қўйди.

Кун бўйи зиёфатда юрган Маматбой кечқурун бир ҳолатда уйини зўрға топиб келди. Чунки хотинининг гапига қулоқ солармиди, спиртли ичимликни бас деганча ичиб олганди.

Дарвозадан кириши биланоқ, уй деворларини оқлаётган келини Гулсумни кўриб: “Сен ифлос, нима қилаяпсан? Ким сенга “оҳакла” деди? Менинг рухсатимсиз нимага деворни оқладинг? Йўқ бўл, уйдан чиқиб кет!” — деб ҳақоратли сўзлар билан ўшқирди.

Тўғри, бу воқеада “шайтон суви”дан бўкканича ичиб олиб, сўнг уйида жанжал кўтарган, яқинларини уриб-сўккан отанинг ишини ҳеч ким оқламайди. Аммо нима бўлганда ҳам фарзанднинг оқпадар бўлиши, совуқ яроғ билан ўз отасига ҳамла қилиши, қотиллигини асло кечириб бўлмайди.

Қайнотасининг важоҳатини кўрган келин болаларини олди-ю, уйдан чиқиб, вазият тинчигунча қўшнисининг уйига бориб турмоқчи бўлди.

Ташқаридаги шовқинни эшитган хотини Гулнора шошиб уйдан чиқди-ю, эри ипини узган буқадай гердайиб турганини кўрди. “Уйга киринг, отаси, аччиққина чой ичиб, дам олинг”, деди-ю, юзига тушган тарсакидан йиқилиб тушганини сезмай ҳам қолди. Қараса, эрининг оёғи остида ётибди.

Тепкининг зарбидан “дод” деб юборди. Югуриб келиб: “Урманг!” — дея онасини ҳимоя қилмоқчи бўлган ўғли Хуррамни ҳам Маматбой роса савалай кетди. Кичик келини Норгул қўрққанидан яқинига ҳам боролмади.

Уйда ухлаб ётган қизи Норинисо шовқиндан уйғониб ташқарига чиқса, отаси акасини ураяпти, онаси эса ерга ўтириб инқиллаяпти. Бирдан у сергак тортди-да, югуриб бориб отасини қучоқлаб олиб: “Бўлди қилинг, отажон! — деб уни ҳаммомга етаклаб борди-да: — Ювиниб олинг, кайфингиз тарқайди”, — деди.

Ҳаммомдан чиққан Маматбой ярим-яланғоч ҳолда оғзига сигарет қистириб, устма-уст тортиб, оғзидан паровоздай тутун чиқара бошлади.

“Уйга киринг, отаси”, деган хотинига: “Ҳозир сенга уйни кўрсатаман!” — деб сигаретнинг чўғини аёлининг бўйнига босди. Бўйни куйганидан додлаб юборган онаизорини отасининг чангалидан қутқармоқчи бўлган Хуррам яна калтак ва ҳақорат остида қолди. Ўзини ҳимоя қилолмай, устма-уст тушган муштдан гангиган Хуррамнинг кўзи ногоҳ ўчоқ бошида турган пичоққа тушди.

У бир амаллаб отасининг қўлидан чиқиб, югуриб бориб пичоқни олди-да, отасига: “Жим бўлинг, бўлди-да энди!” — дегач, Маматбой яна Хуррамга ташланганди, у беихтиёр отаси томон қўлидаги пичоқни сермаб юборди.

Отасининг гурсиллаб йиқилганини кўрди-ю, ўғил нима қилиб қўйганини кеч англади.

Табиийки, ҳовлида қий-чув бошланди. Маматбойнинг кўксидан тирқираб отилаётган қонни кўриб шошиб қолишди. Жони оғриётган хотини оғриқни ҳам унутиб, ичкаридан латта олиб чиқди-да, эрининг кўкрагидан қон чиқаётган жойга босиб турди. Жон талвасасида ётган Маматбой: “Дўхтир чақиринглар!” дея инграганида, уйдагилар ўзига келди. Хуррам тоғаси Ўроқнинг уйига югурди.

— Тоға, мен отамни пичоқлаб қўйдим! Тез бўлинг, машинангизни олиб чиқинг, дўхтирга олиб бориш керак! — деди-да, йўл-йўлакай чопиб кела туриб, акаси Зокирга ҳам телефон орқали хабар берди. — Ака, мен отамга пичоқ уриб олдим, “тез ёрдам”ни чақиринг!

…Тонг пайти. Ҳаво сокин. Ҳисор тоғидан эсаётган совуқ шабада баданни бироз сескантиради. Айниқса, буни уйқудан саҳар уйғонадиганлар яхши билишади. Шундай тонгларнинг бирида кўктепаликларни “Отам-а!” деб бўзлаб йиғлаган товушлар уйғотиб юборди. Тонг отиши билан қишлоқ кўчаси бўйлаб “Маматбой аканикига жанозага!” деган баланд овоздаги чорлов маҳалла аҳлини янаям сергаклантирди. Биров у деди, биров бу деди, лекин ҳеч ким нима бўлганини аниқ айтолмади. Майитни қабрга қўйиб қайтишганидан сўнг марҳумнинг ўғли Хуррамни милиция ходимлари олиб кетишгач, эл нима гаплигини англади.

Эскиларнинг бир гапи бор: “Отанг чўчқа бўлсаям, боғлаб боқ”. Баъзида шу эскиларнинг гапигаям қулоқ солиш керак экан-да. Нима бўлсаям, ота — ота эди-ку. Ахир отага тик боқишнинг ўзи гуноҳ! Падарига мушт кўтарса-ку, фарзанднинг икки дунёсиям куяди дейишади. Бугун бақирган, урган ота эртага меҳр ҳам кўрсатиши мумкин эди. Тўғри, бу воқеада “шайтон суви”дан бўкканича ичиб олиб, сўнг уйида жанжал кўтарган, яқинларини уриб-сўккан отанинг ишини ҳеч ким оқламайди. Аммо нима бўлганда ҳам фарзанднинг оқпадар бўлиши, совуқ яроғ билан ўз отасига ҳамла қилиши, қотиллигини асло кечириб бўлмайди. Энди Хуррам Маматовни уришадиган ҳам, урадиган ҳам отаси йўқ. Во дариғ-а, у умрининг охиригача “падаркуш” тамғаси билан яшашга маҳкум. Ҳали уйланмаган ёш йигит қонуний жазога тортилиб, узоқ муддатга қамалиб кетди…

Яратганнинг раҳми келсин, ҳеч кимга бундай тақдир, қисмат ёзилмаган бўлсин.

Тўлқин АБДУРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси,

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

суд халқ маслаҳатчиси

photo_2025-01-31_17-08-59

ОГОҲ БЎЛГАН — АБГОР БЎЛМАС

Кейинги пайтда Гулшан Фозилжонова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳаловатини буткул йўқотди: вояга етиб қолган ўғли Аҳадбекдан умидлари катта эди, аммо у кутилмаганда ўғирликка қўл уриб, жиноий жавобгарликка тортилди.

Фақат амалдаги қонунларимизда халқимизга хос миллий қадриятлар — бағрикенглик, кечиримлилик ва инсонпарварлик тамойиллари ўзининг теран ифодасини топгани боис тўққизинчи синф ўқувчисига мурувват кўрсатилди, бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди. Г. Фозилжонова ўғлига бу жазо сабоқ бўлган, деб ўйлаганди, аммо барибир уйга кеч келаверса, кўнгли алағда бўлаверарди. Онанинг кўнгли алдамаскан, ўғлининг кейинги қилмиши ҳаммасидан ошиб тушди…

Ўша куни мактабдан соат ўн учларда уйга қайтган Аҳад онасига дўсти Зоҳиднинг уйига бориб, ишларига ёрдам бермоқчи эканлигини айтади.

Она аввалига рўйхушлик бермайди, сўнг рухсат бераркан, кечга қолмай уйга қайтишини тайинлайди.

Аҳад, ҳақиқатан, ўтган йилнинг 15 апрель куни онасининг рухсати билан Зоҳиднинг уйига борган. Аммо уларникида бирон-бир юмушни бажармаган, балки икки синфдош бир пас суҳбатлашиб ўтирган, холос.

Шунда Аҳад Самарқанд шаҳрида автобус ҳайдовчи таниши Абдулла акага қўнғироқ қилиб, иш сўрайди. Иш борлигини билгач, шаҳарнинг “Даҳбет” кўчасига бориб туради ва у ерда Абдулла ака бошқарадиган автобусга чиқиб, соат йигирмага қадар у билан бирга ишлайди.

Иш якунида Абдулла акадан хизмат ҳақи учун 70 минг сўм олган Аҳад компьютер хонага кириб, бир пасда пулини совуради. Сўнг уйига қайтмоқчи бўлганида чўнтагида сариқ чақа ҳам қолмаганлигидан кўчада санғиб юраркан, ногаҳон автотураргоҳда турган қаймоқ рангли “Дамас” автомашинасига кўзи тушади. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, автомашинанинг ўнг орқа эшиги ойнасини қўллари билан тортиб очади.

Сўнгра автомашина ичига кириб, ҳайдовчи ўриндиғи ёнидаги қутидан 12 миллион 600 минг сўмни ўғирлайди.

Суд мажлисида қонуний вакили, онаси Г. Фозилжонова иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган судланувчи А. Исмоилов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг айтишича, икки йилдан буён компьютер ўйинлари ўйнайди, охирги пайтларда “PUBG” ўйинига берилиб кетган. Буни алоҳида келтираётганимиз боиси Аҳад жабрланувчи А. Қурбонназаровнинг автомашинасидан ўғирлаб олган пулларга эртаси куни “Даҳбет” кўчасида жойлашган савдо дўконидан ўзига оёқ кийими, спорт трикоси, футболка, эркаклар кўйлаги ва бош кийим сотиб олган. Сўнг Самарқанд шаҳридаги Ҳазора маҳалласига бориб, қолган пулларни “PUBG” ўйинига тиккан.

Бугунги кунда айрим ёшларнинг компьютер ўйинларига берилиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Жиноий қилмишлари тафсилоти келтирилган Аҳад ҳам шундайлардан бўлиб чиқди. Компьютер ўйинларига муккасидан берилиши уни айни билим оладиган даврда қимматли вақтини беҳуда совуриш, бундан ҳам ёмони, ўғирлик йўли билан пул топишига сабаб бўлган.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, компьютер ўйинларига мутелик боланинг фикр-хаёлини буткул ўғирлайди, охир-оқибат эса, у маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб кетиб, атрофдагиларга нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлиб қолади, ҳатто жиноят кўчасига кирмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди.

Вояга етмаган А. Исмоиловнинг қилмишлари ҳам фикримизни тасдиқлайди. Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда амалдаги қонунлар талаби, шунингдек, Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 26-бандидаги “Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, шунингдек, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда – ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўлланилади”, деган раҳбарий тушунтиришларига асосланди.

Суд Жиноят кодексининг 85-моддаси 2-қисми “б” бандидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан А. Исмоиловга икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 17 августдаги ҳукми бўйича ўталмай қолган озодликни чеклаш жазосини суд томонидан тайинланган жазога қўшиб, унга нисбатан узил-кесил икки йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқилди.

Бундан ташқари суд вояга етмаган судланувчи ўн саккиз ёшга тўлмагани, ўн олти ёшда эканини эътироф этиб, содир этган жиноий қилмиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмагани, вояга етмаганнинг ота-оналари томонидан зарар уларнинг айби билан етказилмаганини исботлаш имкони йўқлигини ҳисобга олди. Судланувчининг онаси фарзандини назорат қилмаганлиги учун фуқаровий жавобгар деб топилди ва қопланилмасдан қолган 12 миллион 550 минг сўм миқдордаги моддий зарарни унинг ҳисобидан жабрланувчи А. Қурбонназаровнинг фойдасига ундириш суд ҳукмида алоҳида қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтганда, юқорида баён этилган воқеадан ҳам кўринадики, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлиш кутилмаган фожиаларни келтириб чиқаради. Халқимиз “Огоҳ бўлган — абгор бўлмас” деб бежизга айтмаган.

Айтмоқчимизки, биз бугун фарзандларимизга муносиб тарбия берсак, бу эзгу амалимиз билан юртимиз келажагини таъминлаган бўламиз.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-01-31_16-40-20

ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш судлар зиммасига юклатилган долзарб вазифалардан бири бўлиб, айниқса, иқтисодий судларнинг бу борадаги масъулияти жуда катта. Бинобарин, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳар бир ишда уларнинг ҳуқуқлари устуворлиги принципига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг “Бадаловлар келажаги 2020” оилавий корхонасига нисбатан Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси ҳам фикримизга мисол бўла олади. Гап шундаки, 2021 йил 25 январда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан электрон-аукцион савдоси ўтказилади.

Мазкур савдода Булоқбоши туман ҳокимлиги балансидаги “Кўприкбоши қишлоқ врачлик пункти” бино иншоотларини 6 ой муддатда 2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 35 тадан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш шарти билан “Бадаловлар келажаги 2020” оилавий корхонаси 4 000 001 сўмга сотиб олиб, аукцион ғолиби деб топилади. Шу куни тегишли ғолиблик баённомаси расмийлаштирилади.

Қолаверса, 2021 йил 27 январь куни ушбу баённома асосида Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси ва “Бадаловлар келажаги 2020” оилавий корхонаси ҳамда Булоқбоши туман ҳокимлиги ўртасида уч томонлама олди-сотди шартномаси тузилган. Айни шартнома бўйича ҳам тадбиркор 6 ой мобайнида 2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 35 тадан кам бўлмаган янги иш ўрни яратиш, яъни объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлагач, қуёнчилик ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. 

Шундан сўнг 2022 йил 20 январь ва 27 апрелда тарафлар ўртасида иккита қўшимча келишув тузилган. Уларга мувофиқ, оилавий корхонанинг инвестиция киритиш муддати 6 ойдан жами 1 йил муддатга узайтирилган.

Бундан ташқари З. Бадаловнинг зиммасига объектда қуёнчилик ва трикотаж ишлаб чиқариш билан бирга мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш мажбурияти ҳам юкланган.

Бироқ оилавий корхона раҳбари шартномада белгиланган мажбуриятларини лозим даражада бажармаган. Бинобарин, Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси 2023 йил 12 июль куни унга олди-сотди шартномаси ва қўшимча келишувларни бекор қилиш ҳақида таклиф хати юборган.

Табиийки, тадбиркор бу таклифни қабул қилмаган. Шу боис ҳудудий бошқарма тузилган шартнома ва қўшимча келишувларни бекор қилиш ҳамда “Бадаловлар келажаги 2020” оилавий корхонаси ҳисобидан 300 миллион сўм миқдорида жарима ундиришни сўраб, Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритган.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганда эса, иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Аммо “Norma qurilish konsalting” масъулияти чекланган жамиятининг 2024 йил 12 апрелдаги назорат ўлчови хулосасида “Бадаловлар келажаги 2020” оилавий корхонаси томонидан 694 миллион 61 минг 749 сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилганлиги қайд этилган.

Бундан ташқари “Asr audit andijon” ташкилотининг аудиторлик хулосасига асосан, оилавий корхона ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариб, 2 миллиард 17 миллион 832 минг сўм миқдорида инвестиция маблағларини киритган.

Шунингдек, корхонага 35 нафар ишчи ходимларни қабул қилинганлиги тўғрисида буйруқлар расмийлаштирилиб, солиқ инспекциясига иш ҳақига оид ҳисоботлар тақдим этилган. “Mymehnat.uz” сайти орқали эса, онлайн меҳнат дафтарчалари рўйхатга олинган.

Шундай экан, даъвогарнинг жавобгардан 300 миллион сўм жарима ундиришни сўрагани мантиққа зид. Ана шу асосларга таянган суд даъво аризани рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Мухтасар айтганда, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда соҳа вакилларига ўз фаолиятини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилмоқда. Тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Буларнинг барчаси, пировардида “тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади” деган таомилни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Иброҳим ЖЎРАЕВ,

Хўжаобод туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2025-01-31_16-27-43

АЙБГА ИҚРОРЛИК БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИНСТИТУТИ: МАЗМУН-МОҲИЯТИ ВА УНИ ҚЎЛЛАШ ТАЖРИБАСИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар негизида жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг илғор хорижий тажрибага асосланган замонавий механизмлари миллий қонунчилигимизга имплементация қилинаётганлиги ижобий жараёндир. Бунга мисол тариқасида айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтини келтириш мумкин.

Процессуал қонунчилигимизда мутлақо янги ҳисобланган ушбу ҳуқуқий институт АҚШда, шунингдек, Европа ва МДҲ мамлакатларида кенг қўлланилиб келинади. Бу борада бир ярим асрлик амалий тажрибага эга бўлган АҚШда ҳар йили жиноят ишларининг 95 фоизга яқини судлар томонидан соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.

Бу кўрсаткич Швейцарияда — 90%, Эстонияда — 80%, Японияда — 75%, Германияда — 70%, Испанияда 30% ни ташкил қилади.

Ушбу ҳуқуқий институт 2021 йил 18 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан процессуал қонунчилигимизга киритилган. Айни пайтда у Жиноят-процессуал кодексининг алоҳида тоифадаги жиноят ишларини юритиш бобидан жой олган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув – жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айб­ланувчининг илтимосномасига асосан, назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

Жиноят процессида келишув асосида соддалаштирилган иш юритишнинг аҳамияти шундаки, у жиноятлар тез ва қисқа муддатларда фош этилишига замин яратади. Бунда:

• жабрланувчига етказилган зарар тез суръатда бартараф этилади;

• узоқ давом этадиган тергов ва суд босқичларини қисқартириш орқали ортиқча оворагарчиликка чек қўйилади;

• тергов ва судларнинг иш юкламаси сезиларли даражада енгиллашади;

• вақт ва маблағлар тежалади;

• ўз навбатида, судларнинг иш юритувидаги қолган ишларни ҳар томонлама, синчковлик билан кўриб чиқиш имкониятлари кенгаяди.

Яна шуни таъкидлаш керакки, турли хил салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни суд томонидан тасдиқлаш ҳам белгилаб қўйилган. Суд бундай келишув гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмагани, келишувнинг моҳияти ва шартларини тушунган-тушунмагани, унинг оқибатларини англаб етгани, судланувчининг ўзи шахсан келишувни қўллаб-қувватлашини аниқлайди.

Қонунда келишувнинг мазмунига ҳам муайян талаблар қўйилган.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 586-5-моддасига кўра, унда:

• келишув тузилган сана ва жой, келишув тузаётган прокурор тўғрисидаги маълумотлар, келишув тузаётган гумон қилинувчининг, айбланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, бошқа маълумотлари;

• ҳимоячи ҳақидаги маълумотлар;

• жиноят содир этилган жой ва вақтнинг, шунингдек, исботланиши лозим бўлган бошқа ҳолатларнинг тавсифи;

• Жиноят кодексининг мазкур жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси, қисми, банди;

• гумон қилинувчига, айбланувчига қўлланилиши мумкин бўлган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар;

• айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш тартиби;

• содир этилган жиноятни фош этиш, жиноят иши бўйича далилларни тақдим этиш, жиноий йўл билан орттирилган мол-мулкни аниқлаш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи келишув имзоланганидан кейин бажаришни ўз зиммасига оладиган ҳаракатлар;

• етказилган зарарнинг миқдори ва унинг ўрни қопланиши;

• Жиноят-процессуал кодексининг 586-3-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган шартларни бажармаганлик оқибатлари кўрсатилган бўлиши керак.

Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида бир неча шахс жалб этилган бўлса, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчи билан алоҳида-алоҳида тузилади.

Келишув прокурор, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси томонидан имзоланади. Келишув имзолангунига қадар гумон қилинувчи, айбланувчи келишув тузиш масаласини ва унинг оқибатларини ҳимоячи билан холи қолиб ва махфий ҳолда муҳокама қилиш ҳуқуқига эга.

Шуни айтиш жоизки, процессуал қонунчилигимизда белгиланган айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти хорижий давлатларда мавжуд бўлган бу каби институтлардан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилади.

Мисол учун АҚШ қонунчилигига кўра, келишув тузиш жараёнида жабрланувчининг розилиги келишувни амалга оширишда деярли инобатга олинмайди. Миллий қонунчилигимизда эса, бу масалага кенг қамровли ёндашилган бўлиб, етказилган зарарнинг бартараф этилганлиги бундай келишув тузишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар, иш судга келиб тушган пайтдан эътиборан, бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади. Суд ишни кўриб чиқиб, келишув­ни тасдиқлаш ёки рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақида қарор чиқаради. Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқариб, жазо тайинлайди.

Жиноят кодексининг 57-2-моддасига кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.

Ушбу процессуал қоидаларни қўллаш орқали жиноят ишларини тергов қилиш муддатини қисқартириш, судда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш эвазига одил судловни тезкор таъминлаш кўзланганига қарамасдан, бу ҳуқуқий институтнинг амалиётда қўлланиш салмоғи кўрилаётган жами ишларга нисбатан пастлигича қолмоқда.

Масалан, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди томонидан 2023 йилда — 471 нафар шахсга нисбатан 370 та, 2024 йилда 505 нафар шахсга нисбатан 394 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлса-да, айбга иқрорлик тўғрисида келишув асосида бирорта иш кўрилмаган.

Фикримизча, бунинг сабаблари сифатида:

биринчидан, ушбу процессуал тартибнинг мазмун-моҳияти ҳар бир иш бўйича гумонланувчи, айбланувчиларга етарли даражада тушунтириб берилмаётгани;

иккинчидан, уни амалиётда қўллаш механизми бўйича нормаларни такомиллаштириш лозимлигини кўрсатиш мумкин.

Шунга кўра, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик.

Жиноят процессида ушбу келишувга келиш учун ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи гумон қилинувчи ёки айбланувчига тегишлидир. Бу тоифадаги ишларда ҳимоячининг иштироки шарт ҳисобланади. Шунга қарамасдан, аксарият ҳолларда улар ўзларининг ушбу ҳуқуқлари ва унинг оқибатлари тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.

Шу нуқтаи назардан, жиноят ишини юритаётган шахс томонидан гумoн қилинувчи ёки aйблaнувчигa айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузиш шартлари ва уни қўллаш оқибатларини тушунтиришни норма сифатида Жиноят-процессуал кодексининг 46, 48-мoддaларига киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 57-2-моддасини ҳам такомиллаштирш лозим, назаримизда. Айни модда санкциясидаги жазолар шундай белгиланганки, аксарият ҳолларда айбланувчи келишув тузмасдан ҳам, ўзининг аҳволини енгиллаштирадиган натижага эришса бўлади.

Масалан, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўғрилик содир этган шахсга Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” бандига асосан, энг кўп — беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ҳолларда, унга ушбу жазо муддатининг ярмидан, яъни икки ярим йилдан ортиқ бўлмаган жазо тайинланади.

Бу жиноятнинг санкциясида шундоқ ҳам озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазолар назарда тутилган бўлиб, шахсга фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши эҳтимоли жуда кам. Бундай ҳол шахсни келишув тузишга рағбатлантирмайди. Шу туфайли бундай ишлар амалиётда кўп кўрилса-да, аммо айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузиш ҳолатлари кам учрайди.

Шу сабабли, санкцияда муқобил жазолар назарда тутилган ҳолларда, жазо миқдори ярмидан ошмаслик кераклиги ҳақидаги қоида барча жазоларни қўллашда татбиқ этилиши ҳақида қўшимча киритиш лозим бўлади.

Шунингдек, иш фаолияти билан бевосита боғлиқ жиноятни содир этиб, кейинчалик айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузган шахсга нисбатан жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш масаласида турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, баъзи амалиётчилар қонунда тақиқ бўлмаганлиги сабабли, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллашга ҳеч нарса монелик қилмаслигини айтсалар, баъзилари келишув тузилганлиги сабабидан шахсга модда санкциясида назарда тутилмаган жазони қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслигини, бу, моҳиятан, қонун мазмунига зид бўлишини таъкидлайдилар.

Шундай экан, айни масалада Олий суд Пленуми томонидан тегишли тушунтириш берилса, бундай қадам мазкур йўналишда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилган бўлар эди.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро тажрибадан ўтган процессуал институтларнинг мамлакатимиз қонунчилигига янада такомиллаштирилган ҳолда киритилиши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Хайруллохон Камолов,

жиноят ишлари бўйича

Чирчиқ шаҳар суди раиси

photo_2025-01-28_12-34-27

ЖИНОЯТГА БОШЛАГАН БЕБОШЛИК

Олтиариқлик Латиф Ибодуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) тумандаги корхоналарнинг бирида шартнома асосида ишларди. Ишдан бўш пайтларида, айниқса, оқшом чоғлари вақтини маҳалладоши Фазлиддин Аминжонов ташкил этган биллиардхонада ўтказарди.

Аксарият ҳолларда у тун ярмида, баъзан тонгга яқин уйига қайтар, сўнг кун ёйилиб кетгунга қадар уйқудан бош кўтармасди. Бундан, табиийки, отаси Мирзаакбар Ҳамзаалиев норози бўларди.

2024 йил 18 апрель куни ҳам айнан шундай ҳолат яна такрорланди. Тунги соат 03:00 ларда уйига қайтган Латиф ухлаб қолиб, эрталаб ишга боролмади.

— Яна ўша жойга борсанг, яхшилик кутма, — деди ота ўғли уйғонгач.

У ўғлига танбеҳ бериш билан чекланмай биллиардхона эгаси Фазлиддин Аминжоновга ҳам қўнғироқ қилиб, қаттиқ-қурум гап айтди:

— Ўғлим сенинг биллиардхонангда пулини совуряпти. Бу ҳам етмагандай, ҳам чекиб, ҳам ичиб келяпти. Энди қайтиб борса, уни киритма, йўқса, хафа бўласан, — дея ўдағайлади.

Шундан сўнг кўп ўтмай биллиардхонада туман ИИБ ходимлари томонидан назорат тадбири ўтказилади. Ф. Аминжонов эса, буни М. Ҳамзаалиевдан кўради. У таниш-билишларига “ўша хабар берган” деб нолийди. Бу гап оғиздан-оғизга ўтиб, Л. Ибодуллаевга ҳам етиб келади. Натижада унинг қаттиқ жаҳли чиқиб, отаси билан ҳам тортишиб қолади. Сўнгра у ўзини босиб, ўша куни уйдан ташқарига чиқмайди.

Орадан икки кун ўтгач, М. Ҳамзаалиев ўғлига яна шу воқеа ҳақида гап очади.

— Фазлиддин сени қаттиқ ҳақорат қилиб, иккаламизни сотқинга чиқариб қўйибди, — дейди дабдурустдан.

Отасидан бу сўзларни эшитган Латиф бирдан жаҳл отига минади ва ўзини босолмай кўз очиб юмгунча фурсат ўтмай биллиардхонада пайдо бўлади.

— Нега отамни ва мени ҳақорат қилдингиз?, — дейди у таҳдидли овозда Ф. Аминжоновга.

Ўша пайтда биллиардхонада Ф. Аминжоновнинг қўшниси Д. Парпиев ҳам бор эди. Л. Ибодуллаевнинг отаси тенги одамга бундай таҳдидли қўпол муомала қилиши унга ёқмайди. Бинобарин, Д. Парпиев Латифни ёнига чақиради.

— Фазлиддин акам тўғри айтган. Сен, ҳақиқатан ҳам, сотқинсан, — дейди у.

У бу билан чекланмай Латифни яна бошқа сўзлар билан ҳам ҳақорат қилади. Оқибатда Л. Ибодуллаев гап талашиб Д. Парпиев билан ёқалашиб кетади. Акасидан нарироқда турган Р. Парпиев уларни ажратишга тушади. Аммо Д. Парпиев муросага кўнмай Латифни баттар дўппослай бошлайди. Бундан қаттиқ ғазабланган Л. Ибодуллаев важоҳат билан биллиардхонада турган ошхона пичоғини олиб, Давлатали Парпиевнинг танасига беаёв изма-из санчади…

…Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатлари ҳам бесамар кетади. Яъни Д. Парпиев олган оғир жароҳатлари боис туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмади.

Албатта, бу мудҳиш жиноятга қўл урган Л. Ибодуллаев жазосиз қолмади.

Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ўрни келганда, бошқаларга сабоқ бўлиши учун Л. Ибодуллаевнинг шахсига доир айрим мулоҳазаларни билдириб ўтсак, фойдадан холи бўлмайди. Эндигина 21 ёшга кирган бу йигит муқаддам – 17 ёшида, яъни ҳали вояга етмай туриб, ўғирликка қўл урган. Бинобарин, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Лекин жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг 2021 йил 21 сентябрдаги ажримига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши кодекснинг 66-1-моддасига асосан – ярашганлиги муносабати билан тугатилиб, у жавобгарликдан озод қилинган. Аммо нафақат унинг ўзи, балки оила аъзолари ҳам бундан тегишли хулоса чиқариб олишмаган. Чунки Л. Ибодуллаев ундан кейин ҳам саёқ юришни канда қилмаган.

Бу ҳақда гапирганда, Л. Ибодуллаевнинг отаси томонидан йўл қўйилган жиддий хато-камчиликларни ҳам сира оқлаб бўлмаслигини қайд этиш жоиз. Чунки ота бўлмишнинг мулоҳазасиз, ўйламай иш тутиши кишини таажжубга солади.

Ҳолбуки, у ота сифатида ўғли тарбиясига аввалдан эътибор билан қараганда эди, бу мудҳиш жиноят содир бўлмасди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳаётда содир бўладиган турли хил жиноий қилмишлар замирида, албатта, таълим-тарбия билан боғлиқ муаммолар ётганини кўриш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, фарзандларимизга муносиб таълим-тарбия беришимиз — нафақат бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз гарови, балки ёруғ келажагимиз кафолати эканини англатади.

Беҳзод ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Олтиариқ тумани

суди раиси

photo_2025-01-28_11-45-57

МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ СУДЛАР ТОМОНИДАН КАФОЛАТЛИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани қатъий белгиланган.

Буларни таъкидлашдан мақсад шуки, ушбу конституциявий қоидаларнинг амалий ижросини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин тутади. Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича аппеляция инстанциясида Хонқа туман Тиббиёт бирлашмасида юзага келган меҳнат билан боғлиқ низо адолатли ечим топгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Шулардан бири 2007 йилнинг сентябрь ойидан то 2023 йилнинг март ойигача Хонқа тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимида навбатчи лаборант вазифасида ишлаб келган Нигора Ниёздурдиева (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2023 йили кутилмаган ноҳақликка дуч келди.

Аниқроқ айтганда, у бирлашма раҳбари томонидан ўша йилнинг 13 март санасида имзоланган 1417-12-175-ТВ/2023/1/231-сонли буйруққа асосан, қарийб 16 йил фаолият юритиб келган ишидан бўшатилди. Яъни меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди ва 89-моддасига биноан, бекор қилинди.

Табиийки, Н. Ниёздурдиева бундан норози бўлиб, судга мурожаат қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, унинг ҳуқуқлари қайта тикланди.

Бирлашма раҳбари зиммасига ҳуқуқлари бузилган фуқарони ўз вазифасига қайта таклаш, унинг фойдасига мажбуран ишсиз қолган давр учун жами 14,4 миллион сўм миқдорида пул (маош маблағи) ундириш, шунингдек, 10 миллион сўмлик бошқа зарарларни қоплаш мажбурияти юклатилди.

Бир қарашда, адолат қарор топгандек туюлади. Аммо бирлашма мутасаддилари суднинг ҳал қилув қарорини номигагина ижросини таъминлашди. Даставвал ходимга узоқ йиллар мобайнида фаолият юритган ишини эмас, балки суд қарорида кўзда тутилмаган бошқа вазифани таклиф этишди. Табиийки, ходим бу таклифни рад этди.

Албатта, суднинг ҳал қилув қарори ижроси билан муҳим. Бирлашма раҳбари буни билса-да, номигагина иш тутди. Суд қарорининг даъвогарни аввалги ишига қайта тиклашга оид қисмини ижро этиш юзасидан 2023 йил 16 августда 1679-12-175-ТВ/2023/1/654-сонли буйруқни имзолади. Н. Ниёздурдиева 2023 йилнинг 13 марти ёки ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан эътиборан бирлашманинг болалар бўлими лаборанти вазифасига қайта тайинланди. Бироқ бу, юқорида айтилганидек, қоғоздагина қайд этилди. Ходимнинг айтишича, уни узоқ йиллар мобайнида машғул бўлиб келган ишига тайинлашмаган.

Буни қарангки, орадан кўп ўтмай бундан-да ғалати воқеа юз беради. Иш берувчининг 2023 йил 15 декабрдаги 2446-12-175-ТВ/2023/1/1349­сонли буйруғига асосан, Н. Ниёздурдиева бир йилда иккинчи марта меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш орқали ўз хизмат вазифасидан озод қилинади. Ушбу буйруққа Н. Ниёздурдиеванинг лавозими штатлар бирлигида кўрсатилмагани ва янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни хоҳламагани асос қилиб олинади.

Бунинг оқибатида Н. Ниёздурдиева ҳуқуқларини тиклашни сўраб, яна судга мурожаат қилади. Бироқ биринчи босқич суди унинг талабини қаноатлантирмайди, ишга қайта тиклаш ҳақидаги даъво аризасини рад этади.

Шундан сўнг Н. Ниёздурдиева Хоразм вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига мурожаат қилади. Апелляция ҳайъати, ўз навбатида, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори билан келишмади. Аниқроғи, апелляция инстанцияси эътиборни дастлабки босқич суди тарафидан чиқарилган ҳал қилув қарорининг амалдаги ижросига қаратди. Суднинг қарори иш берувчи томонидан ўта юзаки бажарилгани, Н. Ниёздурдиевани болалар бўлими навбатчи лаборанти вазифасига амалда  тикламай туриб, унга янги иш ўрни таклиф қилингани қонунга зид ҳаракат сифатида баҳоланди. Буни назарда тутса, Н. Ниёздурдиева ўз ишини янги меҳнат шартлари асосида давом эттиришни рад қилгани қонуний ва асосли ҳисобланади.

Бунинг устига, иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 137-моддаси қайси бандига асосан бекор қилингани ҳам қайд этилмаган. Бундай ҳолатда меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш ҳақидаги буйруқни асосли деб бўлмайди. Аслида, иш берувчи даставвал суд қарорини ижро этиши, ходимни ўз вазифасига қайтариши, кейин эса ўзга вазифани таклиф қилиши лозим бўлгани, яъни қонун талабини, амалда бажармаганини яна бир марта эслатиб ўтиш жоиз.

Баён этилгани каби, Нигора Ниёздурдиеванинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ низо адолатли якун топди. Апелляция инстанцияси Н. Ниёздурдиеванинг Меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш ва эгаллаб келган вазифасидан озод этиш бўйича Хонқа тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг 2023 йил 15 декабрдаги 2446-12-175-ТВ/2023/1/1349-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди ва бекор қилди.

Даъвогарнинг талаби қаноатлантирилди. У аввалги лавозимига тикланди.

Буларнинг бари адолат, ҳақиқат ва қонунийлик йўли юртимизда доимо очиқ эканлигига яққол далил, албатта.

Зафарбек СУЛТОНОВ,

Хоразм вилояти суди

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла СОБИРОВ, журналист

photo_2025-01-21_17-40-44

ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАГАН РАШК       

Туман марказидаги бир корхонада ишлайдиган Нафиса (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамкасби Холида билан танишгач, тез орада қалин дугона бўп кетди. Табиийки, бирга ишлагани, яқин дугона экани боис баъзан ўртада оила, фарзандлар ҳақида ҳам гап очиларди. Шундай суҳбатларнинг бирида Холида кутилмаганда “Мен турмуш ўртоғингиз Шаҳриёр акани яхши танийман” деб қолди. Нафиса аввалига бунга унча эътибор бермади, ўзича “бир туманда яшаймиз, таниса танир-да”, деб қўйди.

Аммо орадан кўп ўтмай, Холиданинг “Сиздан ҳам кўра эрингизни яхшироқ биламан” дегани ҳаммасидан ошиб тушди. Бу илмоқли луқма Нафисанинг кўнглини хира қилди, аммо ичидагини сиртига чиқармади, ҳатто шубҳага борганидан ўзи уялиб кетди. Холидадан “Эримни қаердан танийсан?” — деб сўрашга ботинолмади.

Орадан беш ойча вақт ўтиб, Нафиса билан Шаҳриёр ўртасида гап қочди-ю, ўша шубҳа-гумон қайта бўй кўрсатди.

2024 йилнинг 6 май куни ишдан қайтган Шаҳриёр дабдурустдан “Бугун борадиган жойим бор, кечқурун келолмайман” деди. Нафиса қаерга боришини сўраганда, “Сенинг ишинг бўлмасин” дея қўпол жавоб қайтарди. — Биз ҳам онамларникига борсак бўладими?! — деди Нафиса эрига зимдан разм соларкан.

Хотинининг бу гапи ҳам Шаҳриёрга малол ботди, чоғи, унинг баттар жаҳли қўзиди: “Кетсанглар, кетинглар, қайтиб келмасанглар ҳам, майли”.

Сўнг у эшикни тарақлатиб ёпганча чиқиб кетди.

Эртаси куни эса, Нафиса совуқ хабарни эшитди: қўшни аёлларнинг айтишича, эри билан дугонаси Холида учрашиб юрган эмиш, улар ўз кўзлари билан кўришибди…

Нафиса бу шум хабарни эшитиб, бирдан асаблари қақшаб кетди, дарду дунёси қоп-қоронғи тортди. Кейинги пайтларда эри ўзига нисбатан бегонадек бўп қолгани, жеркиб гапиришини хаёлидан ўтказаркан, булар бежизга эмаслигини тушунди. Дугонаси Холида бежизга илмоқли гап қилмаган экан, демак, у эри билан пинҳона учрашиб юрган… У шуларни хаёлидан ўтказаркан, кўнглида рашк аралаш аламу нафрат пайдо бўлди, кўзига ҳар иккиси ҳам жуда ёмон кўриниб кетди.

Нафисанинг кўнглида пайдо бўлган алам ўти шунчалик кучли эдики, у фақат қасд олишдан бошқа нарсани ўйламасди. Айниқса, Холидани ўйлаган сари ғазаби баттар қайнаб-тошарди.

Қисқаси, рашк ва аламдан кўзлари кўр, қулоғи кар бўп қолган Нафиса уйидан ошхона пичоғини олиб, таксида Х. Суюнқулова яшайдиган маҳаллага қандай етиб борганини ўзи ҳам билмай қолди. Буни қарангки, кўчада Холидани учратиб қолди.

Рашк оловига қовурилаётган Н. Бобоева ғазаб билан Х. Суюнқулованинг олдига борди-да, унинг қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси, ўнг кўкрагига изма-из пичоқ санчди… Шу атрофдаги дўконда ишлайдиган А. Содиқов ва бошқалар рўй берган хунрезликни кўриб, ёрдамга шошилишди. Улар Н. Бобоеванинг қўлидан пичоқни тортиб олишди.

Уларнинг саъй-ҳаракати билан ижтимоий хавфли қилмишнинг олди олинди, жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинди, айбдорнинг қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жинояти ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етмай қолди.

Шу ўринда ушбу жиноий қилмиш билан боғлиқ суд-тиббиёт экспертизасининг 2024 йил 11 майдаги 237-сонли хулосасига эътибор қаратсак, унда Х. Суюнқуловага ҳаёти учун хавфли ва оғир тан жароҳатлари етказилгани қайд этилган.

Ушбу жиноий қилмишни кўриб чиққан биринчи босқич суди Н. Бобоевага Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан кодексиинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида судланувчи Н. Бобоева ва унинг ҳимоячиси, шунингдек, жабрланувчи Х. Суюнқулованинг апелляция тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди. Ушбу шикоятда иш бир томонлама кўриб чиқилгани, Н. Бобоева Х. Суюнқуловани ўлдиришга ҳаракат қилмагани, судланувчининг айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинмасдан, оғир жазо тайинлангани ҳақида важлар келтирилган. Пировардида суд ҳукмини ўзгартириб, судланувчининг ҳаракатини Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисмига қайта малакалаш ва унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш сўралган.

Шунингдек, жабрланувчи Х. Суюнқулова ҳам ўзининг апелляция шикоятида Н. Бобоеванинг уни қасддан ўлдириш нияти бўлмагани, унинг бу ҳаракатини Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисмига қайта малакалаш, унинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Апелляция судлов ҳайъати ишни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, шикоятдаги иш бир томонлама кўриб чиқилгани ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди, деган хулосага келди.

Нега деганда, биринчи босқич суди, жиноят ишини кўришда тўпланган далилларга ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳо бериб, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддаси талабига асосан, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб, қонуний ва асосли тўхтамга келган.

Бундан ташқари апелляция шикоятларидаги Н. Бобоеванинг қилмишини Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисмига қайта малакалаш ҳақидаги важлар билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий кўрсатмалари бунга асос бўлади.

Аниқроқ айтганда, ушбу қарорнинг 4-банди 3-хатбошисида “…айбдорнинг қасди нимага қаратилганлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда қилмишнинг барча ҳолатлари мажмуидан келиб чиқилиши, хусусан, жиноятни содир этиш усули ва қуроли, тан жароҳатлар сони, хусусияти ва ўрни (масалан, одам ҳаёти учун муҳим аъзоларнинг жароҳатланганлиги), жиноий ҳаракатларни тўхтатиш сабаблари, шунингдек, айбдор ва жабрланувчининг жиноят содир этилгунга қадар бўлган феъл-атвори, ўзаро муносабатлари, айбдорнинг жиноят содир этгандан кейинги ҳаракатлари хусусияти эътиборга олиниши лозим”лиги ҳақида раҳбарий тушунтиришлар берилган.

Биринчи босқич суди томонидан Н. Бобоевага нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда хусусияти инобатга олинган. Амалдаги қонунлардаги инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига риоя этилган.

Судланувчининг шахси, аёл эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароити, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги эътиборда тутилиб, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қонун санкциясида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Апелляция судлов ҳайъати шикоятлардаги важлар суд ҳукмини ўзгартиш ва бекор қилиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида аниқ тўхтамга келди ва суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Гувоҳи бўлганингиздек, сабрсизлик ва рашк бир оиланинг ҳаётини барбод қилди. Оиланинг гулдек бекаси энди умрининг бир неча йилини темир панжара ортида ўтказади. Унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди она меҳридан мосуво.

Албатта, Н. Бобоеванинг бундай оғир қилмишга қўл уришида унинг умр йўлдоши Шаҳриёрнинг айби йўқ деб бўлмайди. Чунки унинг оила масъулиятини ҳис этмаслиги, умр йўлдошига беписанд муносабати ва энг ёмони, нопок йўлга қадам қўйишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ҳолбуки, у оила масъулиятини ҳис этиб, хотинининг ҳурматини жойига қўйганда, ушбу мудҳиш воқеа рўй бермасди.

Шунингдек, Нафисанинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди.

Ҳаётда инсон турли хил вазиятларга дуч келиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ақл билан иш тутиш, беҳуда жаҳлга берилмаслик бундай қилмишларнинг олдини олишнинг асосий талабидир.

Хулоса ўрнида айтганда, инсон бу ҳаётда оиладан ҳам муқаддас ва азиз масканни тополмайди. Зотан, оилада миллий қадрияту анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кун эгалари — фарзандларимиз камол топади. Шундай экан, бу қутлуғ масканга эътиборсизлик, беписанд муносабат ҳеч қачон изсиз кетмаслигини унутмайлик.

Ҳулкар Келдиёрова,

Самарқанд вилояти судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси

photo_2025-01-21_15-33-11

СУД ДАРГОҲИДАН ТОПИЛГАН АДОЛАТ

Эзгулик инсонни ҳамиша юксакликка етаклайди, умрини безайди, обрў-эътиборини оширади. Бунинг акси бўлган манфаатпарастлик ёхуд сансоларлик иллатлари эса, кишини охир-оқибат юзшувут қилади.

Мисол тариқасида айтсак, 1988 йили Гулчеҳра Султонмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан оила қуриб, 2000 йилга келиб, бу муқаддас гўшани ўзининг қилмиши билан барбод этган Азамат Матрасулов (эндиликда марҳум) ҳам айнан шундай йўлдан борди. Аввало, у суднинг собиқ эр-хотин ўртасида Урганч туманидаги Бекобод қишлоғида 1 минг 200 квадрат метр майдонда биргаликда тикланган уй-жойни томонларга тенг тақсимлаш ва унинг чегараларини аниқлашга оид 2000 йил 24 октябрдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлашга кескин тўсқинлик қилди. Ҳатто жанжал кўтариб, собиқ хотини ва қайнотасига тан жароҳати ҳам етказди. Оқибатда биргаликда тикланган бино ва ер участкаси суд қарорида белгиланган ўлчамда тақсимланмасдан қолиб кетди. Ўзаро уруш ва жанжаллардан  зада бўлган Г. Султонмуродова эса, бу даргоҳга қайта қадам босмади. Бу ҳолат то 2018 йил – А. Матрасулов ушбу уйни ноқонуний тарзда ўз номига қайта ўтказиб олгунига қадар давом этди. Ўзга бир фуқаронинг ҳуқуқларини бузишдан иборат ана шу ножўя иш туман ҳокимининг 2018 йил 30 апрелдаги 1320-сонли қарорига биноан амалга оширилди. Ҳокимлик ҳужжатига биноан, А. Матрасуловнинг низоли ҳудудга нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилди. Аммо нопок луқма унга буюрмади. У 2019 йилнинг 21 апрелида вафот этди. Буни қарангки, А. Матрасуловнинг вафотидан сўнг ҳам адолат қарор топмади.

Бу жараёнда узоқ вақтдан буён ўз мулкидан маҳрум бўлиб қолаётган Г. Султонмуродова ҳам қараб турмади. У собиқ турмуш ўртоғи томонидан ноқонуний тарзда эгаллаб олинган уй-жойнинг бир қисми ўзига тегишли эканини қайд этиб, судга мурожаат қилди. Шунингдек, суддан туман ҳокимининг низоли мол-мулкка нисбатан А. Матрасуловнинг эгалик ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган 2018 йил 30 апрелдаги 1320-сонли қарорини бекор қилишни сўради.

Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 3 майдаги қарорига биноан, туман ҳокимининг ушбу қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Юқорида қайд этилганидек, марҳум А. Матрасуловнинг хотини Ш. Бобониёзова ҳам қараб турмади, у 2021 йил 1 июлда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Б. Матмуродовнинг кўмагида марҳум эрига қарашли 1 минг 200 квадрат метр саҳнли уй жойга ўзи ва икки нафар фарзанди меросхўр эканлигини тасдиқловчи 202101374003633-рақамли гувоҳномани қўлга киритди. Бу ноқонуний иш мазкур уй-жойнинг бир қисмига нисбатан А. Матрасуловнинг аввалги хотини Г. Султонмуродованинг қонуний ҳуқуқи суд тарафидан қайта тикланганидан сўнг амалга оширилди. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди пирорвардида Г. Султонмуродованинг аризасига мувофиқ, ушбу ноқонуний ҳолатни ҳам бартараф этди. Яъни суднинг 2023 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан, хусусий амалиёт нотариуси томонидан расмийлаштирилиб, Ш. Бобониёзовага тақдим қилинган мерос ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топди. Ўз навбатида, Давлат кадастрлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси 2023 йил 24 октябрда суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида, шу гувоҳномага мувофиқ расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларини бекор қилди.

Аммо кўп йиллар мобайнида юзага келган муаммо бу саъй-ҳаракатлар билан ҳам барҳам топмади. Жавобгар Ш. Бобониёзова Г. Султонмуродованинг мерос мулкка эгалик юзасидан қабул қилинган ва ҳамон ўз кучида қолаётган суд қарорини тан олишни истамади. Аксинча, уни бажаришга қатъиян қаршилик кўрсатди. Суднинг қарорини ижро қилиш, Г. Султонмуродовага қарашли мерос мулкни бўлиб бериш ва ер участкасининг чегараси ҳамда ўлчамларини аниқлаш учун борган Кадастр агентлигининг туман филиали мутахассисларини уйга киритмади. Начора, иш яна судга кўчди. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2024 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарорида ифодасини топган ҳолатлар қонун ва ҳақиқат Г. Султонмуродова тарафида эканлигини яна бир марта исботлади. 

Кези келганда шуни айтиш керакки, Конституциямизнинг 66-моддасига мувофиқ, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Фуқаролик кодексининг 164-моддасида эса, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда эгалик қилиши, фойдаланиши ва тасарруф этиши кафолатланиши, бу ҳуқуқ ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай тарзда бузишни бартараф этиш  борасидаги қонуний чоралар кўриши қайд этилган. Шунингдек, мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Ушбу низо Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича аппеляция инстанциясида кўриб чиқилгач, ҳақиқат тўлиқ ойдинлашди.

Г. Султонмуродова ва Ш. Бобониёзова ўртасида юзага келган низо бартараф қилинди. Суд Ш. Бобониёзованинг зиммасига низоли ер участкаси ва унда жойлашган бинони ўлчаш, унинг чегараларин аниқлаш, шу юзасидан тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлашга қаршилик қилмаслик мажбуриятини  юклади. Фуқаро Г. Султонмуродова эса, ўз ерининг ҳақиқий эгасига айланди.

Суд иши якунлари ўйланмасдан ташланган қадам обрў-эътибор заволи эканлигини яққол тасдиқлайди. Бинобарин, эътиборингизга ҳавола этилгани каби ҳолатлардан хулоса чиқармоқ, сабоқ олмоқ даркор.

Зафарбек Исаков,

Хоразм вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

photo_2025-01-15_10-37-13

ҚИММАТГА ТУШГАН ЭҲТИЁТСИЗЛИК

Бугунги кунда турмуш тарзимизни узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган қулай восита автомашиналарсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу яхши, албатта, аммо автомашиналардан фойдаланишда амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни йўқотмаслик жамиятимизда хавфсиз ҳаёт тарзини таъминлашнинг асосий шартидир.

Албатта, бу ҳақда бежизга фикр юритаётганимиз йўқ. Чунки ҳаётда баъзи кимсалар автомашинани бошқаришда ҳушёрликни унутиб қўйиши оқибатида турли хил нохуш ҳодисалар содир бўлмоқда.

Мисол учун Қўшкўпир туманида айнан амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари талабига амал қилмаслик оқибатида рўй берган мудҳиш воқеа ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Айтиш керакки, бу нохўш ҳодиса транспорт воситаларининг ҳаракати учун ноқулай ҳисобланган тиғиз йўлда эмас, балки қатнов имкони анча яхши бўлган катта кўчада содир бўлди. Отасига тегишли, давлат рақами “90 K 086 JA” бўлган “Nexia-2” автомашинани бошқарган Хуршид Дўстматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ярим тунда туман марказидаги Беруний кўчаси бўйлаб ҳаракатланар экан, эҳтиёткорлик ва ҳушёрликни буткул унутди, Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузди. Хавф эса, нақ оёқнинг остидан чиқди: айни шу маҳал катта кўчани кесиб ўтаётган икки нафар пиёда фалокат домига тушди.

… Туман марказида яшовчи У. Йўлдошев ва Т. Тожиев ўша куни кечқурун тўйхонадаги базмдан яхши кайфиятда қайтишаётганди.

Улар базмдан сўнг аввалига янги йил муносабати билан безатилган кўркам маданият ва истироҳат боғини сайр қилишди. Сўнгра уйларига йўл олишди. Уйларига эса, айнан юқорида қайд этилган Беруний кўчаси орқали бориларди. Қўшнилар кўчадан ўтаётганда эҳтиёткорликни бир зумгина унутишди, негадир жуда секин қадам олишди. Иттифоқо, айни шу дамда Х. Дўстматов бошқариб келаётган автоулов ҳам шу йўлда: улар орасидаги масофа шиддат билан тобора қисқармоқда — ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўли ҳадемай бир жойда кесишади. Бундай қалтис вазиятда биров бошқасига албатта, йўл бериши шарт. Бу борада транспорт воситалари бошқарувчилари зиммасига алоҳида масъулият ва мажбурият юклатилган. Хусусан, амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг 110-бандига кўра, агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда(лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.

Афсуски, юқорида баён этилган воқеада бунинг акси рўй берди. Х. Дўстматов амалдаги қоидаларни писанд қилмади, пиёдаларга йўл бериш, шу аснода ўзи ва ўзгаларнинг ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлигини таъминлаш борасидаги бурч ва мажбуриятларини унутиб қўйди. Рўпарасида катта хавф пайдо бўлса-да, уни бартараф этиш чораларини кўрмади, яъни ҳаракат тезлигини зарур даражада пасайтирмади, пиёдаларга йўл бермади. Оқибатда фалокатли воқеа содир бўлди: у бошқарувидаги автомашинаси билан катта кўчани кесиб ўтаётган Ў. Йўлчиев ва Т. Тожиевни зарб билан уриб юборди…

Автоҳалокат содир бўлгач, Х. Дўстматовнинг кўзлари очилди, у гарчи кеч эса-да, автомашинасини тўхтатиб ёрдамга ошиқди. Ҳар икки жабрланувчини зудлик билан шифохонага олиб борди. Бироқ шифохона остонасидан негадир ортига қайтди, ҳаёти учун хавфли даражада оғир тан жароҳати олган Т. Тожиевни ўз уйига элтиб қўйди. Енгилроқ жароҳат олган Ў. Йўлчиев эса, тиббий ёрдамга муҳтож эмаслигини айтиб, уйига қайтди.


Х. Дўстматов эса, яна “отини қамчилади”. Жабрланувчиларни уйига олиб боргач, фалокат натижасида шикастланган автомашинасини тузатиш учун Урганч шаҳри томон йўл олди. Ички ишлар ходимлари уни тун ярмига оққанида йўқлашди: зудлик билан воқеа жойига етиб келиш зарурлигини айтишди. Х. Дўстматов уларнинг талабини рад этмади, тезда автоҳалокат содир бўлган жойга етиб келди.

Маълум бўлишича, у Урганчга жўнаб кетгач, жабрланувчи Т. Тожиевнинг соғлиғи жиддий тарзда ёмонлашган: бир пасда ҳушини йўқотган.

Уйидагилар уни зудлик билан яна касалхонага олиб боришган, бироқ шифокорларнинг тезкорлик билан кўрсатган ёрдами ҳам фойда бермаган: жабрланувчи ҳаётдан кўз юмган…

Бу нохуш хабарни эшитиб, Х. Дўстматовнинг ҳуши бошидан учди. У ўзининг қилмишининг аянчли оқибатини ҳис этгач, жабрланувчининг оиласидан кечирим сўради. Пировардида марҳумнинг маъракаси билан боғлиқ сарф-харажатлардан ўзини четга олмади. Буларнинг бари унинг ўз қилмишига иқрорлиги, пушаймонлигидан далолат, албатта.

Тергов ва судда Х. Дўсматовнинг айтишича, воқеа жойида унинг автомашинаси билан ёнма-ён ҳаракатланаётган юк автомобили пиёдаларни кўриш-кузатиш ва зарур чораларни ишга солишга жиддий халақит берган. Бунинг оқибатида у йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни кўрмай қолган.

Маълумки, йўл ҳаракатига оид қоидалар ҳар бир ҳайдовчидан масъулият, ҳушёрлик ва сезгирликни талаб этади. Афсуски, Х. Дўстматов транспорт ҳаракатининг ана шу муҳим жиҳатини назарига илмади. Кўзи эса, машъум воқеа рўй берганидан сўнг очилди.

Х. Дўстматов тергов ва суд жараёнида ҳам ўз қилмишига иқрорлик билдирди ва енгилроқ жазо тайинлашни сўради. Аммо жабрланувчи тараф, яъни марҳум Т. Тожиевнинг оила аъзолари Х. Дўстматовнинг қилмишини кечиришмади. Суддан жиноятига яраша жазо тайинлашни сўрашди.

Суд масаланинг барча жиҳатларини синчиклаб ўрганди. Судланувчининг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, муқаддам судланмаганини, шу билан бирга, жабрланувчининг қонуний вакили эътирозини инобатга олди. Судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида ифодасини топган ҳолатлар бўйича 2 йил муддатга автоуловларни бошқариш ҳуқуқидан ҳамда 4 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчининг вакилига жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан тегишли суд маҳкамасига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса ўрнида айтганда, юқорида баён этилган воқеадан ҳам кўринадики, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлик ва сезгирликни унутиши, бундан аянчлиси, амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараши охир-оқибат кўнгилсизлик билан якун топади.

Шундай экан, йўлларда хоҳ ҳайдовчи, хоҳ йўловчи сифатида ҳаракатланганда, амалдаги қоидаларга қатъий риоя этишимиз — ҳар қандай нохуш воқеаларнинг олдини олишнинг асосий шарти эканини унутмайлик.

Фурқат Исмоилов,

жиноят ишлари бўйича

Қўшкўпир туман суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_69f3a37f24c87 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f3a37f24c87:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f3a37f24c87 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69f3a37f24c87:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!