Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-07-16_14-46-02

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2,4 трлн. cўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 458 267 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 236 228 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг 177 735 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 28 269 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 27 029 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 3 195 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 83 571 таси битимлар, 30 543 таси никоҳдан ажратиш, 10 594 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 9 481 таси уй-жой муносабатлари, 3 460 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳамда 1 633 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 15 934 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 10 731 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 2 765 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 1 113 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

1 583 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 717 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 587 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 233 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 46 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 6 400 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 161 та қарор бекор қилиниб, 465 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 2 244 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 343 та қарор бекор қилиниб, 148 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 2 099 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 178 та қарор бекор қилиниб, 61 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 83 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 28 та қарор бекор қилиниб, 5 та суд қарори ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-07-16_14-46-02

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 194 421 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 13,8 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 35 424 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 3,6 трлн. сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Апелляция тартибида 3 528 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 433 та қарор бекор қилиниб, 306 та суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 778 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 128 та қарор бекор қилиниб, 74 та суд қарори ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 1 166 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 109 та қарор бекор қилиниб, 43 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 191 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 62 та қарор бекор қилиниб, 15 та суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-07-16_14-46-02

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 342 109 нафар шахсга нисбатан 285 651 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

222 101 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда ҳақ  тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 39 935 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини

майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 18 403 нафар шахсга нисбатан 17 982 та иш кўриб тамомланган. Шундан 11 568 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Шу билан бирга таранспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 14 556 нафар шахсга нисбатан 14 427 та иш кўриб тамомланган. Шундан 12 867 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Апелляция тартибида 5 417 нафар шахсга нисбатан 4 448 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 1 446 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 500 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 2 394 нафар шахсга нисбатан 2 183 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 786 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 611 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 935 нафар шахсга нисбатан 852 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 187 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 226 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-07-16_14-46-02

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жорий йилнинг биринчи ярмида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 420 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 3 038 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 3 933 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 1 397 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 481 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 1 701 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 209 та қарор бекор қилиниб, 8 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 584 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 47 та қарор бекор қилиниб, 3 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 986 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 65 та қарор бекор қилиниб, 3 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 025 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 179 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 34 таси бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-10-25_16-23-45

ЎЗБОШИМЧАЛИККА СУД ОРҚАЛИ БАРҲАМ БЕРИЛДИ

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси бир нечта даъво аризалари билан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судига мурожаат қилди. Даъво аризаларида баъзи фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтариш сўралган.

Келинг, шу ўринда даъво аризаларга асос бўлган қонунбузилиш ҳолатларидан бирига эътибор қаратайлик. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари томонидан Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик, шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўрганиш ўтказилган.

Мазкур жараёнда Тошкент туманининг Ойдин маҳалласи, Файзли кўчаси, 40-уйга туташ бўлган 220 метр квадрат ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, фойдаланиб келинаётгани аниқланган. Бу ноқонуний ҳолат фуқаро Расулжон Бобоев (исм-шарифлар ва жой номлари ўзгартирилган) томонидан содир этилган. Бинобарин, бошқарма ходимлари ва Р. Бобоев иштирокида тегишли далолатнома тузилган. Шу билан бирга, Р. Бобоев ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ у давлат хизматчиларининг қонуний талабини бажармаган.

Шунингдек, Дилдора Собитова ҳам туманнинг Гўзалкент массиви, Чинобод маҳалласи, қишлоқ хўжалик харитасининг 61Қ-контурида жойлашган 150 метр квадрат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда бино қурган. Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари айни ҳолат бўйича ҳам тегишли далолатнома расмийлаштиришган. Шунингдек, Д. Собитовани тегишли тартибда огоҳлантиришган. Лекин Д. Собитова ўз манфаатини қонун талабидан устун қўйган, ўзбошимчалик билан эгаллаган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтармаган.

Шу боис икки ҳуқуқбузар ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан жавобгарликка тортилган. Аммо шундан сўнг ҳам қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган. Натижада Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси судга даъво аризалар билан мурожаат қилган.

Таъкидлаш жоизки, ишни судда кўриш жараёнида юқорида қайд этилган ер майдонига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳолатлари борасида бирон-бир ҳуқуқий ҳужжат мавжудлиги аниқланмади.

Ер кодексининг 90-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 91-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик билан ва ғайриқонуний равишда эгаллаб олинган ер участкаларига қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда, тегишлилигига кўра, қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан, ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади. Суд бу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризаларни қаноатлантириб, жавобгарлар зиммасига ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини бўшатиш ва дастлабки ҳолатига қайтариш мажбуриятини юклаш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Конституциямизнинг 68-моддасига биноан, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Шундай экан, мазкур конституциявий қоидани ҳеч ким унутмаслиги керак.

Нодира ЗИЯЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Зангиота туманларо

суди судьяси

photo_2024-10-25_15-56-15

НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ, ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Маълумки, судлар зиммасидаги энг долзарб ва масъулиятли вазифалардан бири тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ҳолбуки, тадбиркорлик субъектлари тўлақонли фаолият юритса, халқимизнинг иқтисодий фаровонлиги ошади, янги иш ўринлари яратилади.

Шу маънода судлар томонидан тадбиркорлик фаолиятига тегишли ҳар бир низо қонун талаби асосида адолатли ҳал этилмоқда. Масалан, “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти Бухоро туманлараро маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 16 августдаги 20/1-01414-kt-сонли буйруғини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Хўш, тадбиркорлик субъекти билан солиқ идораси ўртасида нега низо келиб чиқди? Тадбиркор нимадан норози?

Бу саволларга жавоб тариқасида шуни айтиш керакки, солиқ бошқармасининг юқорида қайд этилган буйруғи асосида “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятида 2022 йилнинг март-июнь ойларида қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўғри ҳисобланиши ҳамда бюджетга тўланиши юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган. Орадан 4 ой ўтгач, яъни 2022 йил 26 октябрда текшириш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан далолатнома ва хулоса расмийлаштирилган. Қолаверса, айнан шу куни масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш хусусида талабнома юборилган.

Шундан сўнг вилоят давлат солиқ бошқармаси масъулияти чекланган жамиятини солиқ текширишига оид материаллар 2022 йил 11 ноябрь куни кўриб чиқилиши ҳақида хабардор қилган. Мазкур хабарнома солиқ тўловчига 2022 йил 31 октябрь куни юборилган. Аммо текширув материаллари 2022 йил 11 ноябрда эмас, балки 2022 йил 14 ноябрда кўриб чиқилган. Лекин “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти бу ҳақда тегишли тартибда хабардор этилмаган. Бироқ бунга қарамай солиқ бошқармаси 2022 йил 21 ноябрь куни “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш тўғрисида” қарор қабул қилган.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Бинобарин, масъулияти чекланган жамияти вакиллари вилоят давлат солиқ бошқармасининг юқорида қайд этилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Бухоро туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилишган.

Аммо суднинг 2022 йил 26 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳам 2023 йил 26 июндаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Шундан сўнг “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорларини бекор қилган ҳолда аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Хўш, масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳақми? Бу борада қонун ҳужжатларида қандай меъёрлар белгиланган?

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 157-моддасида “Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларини бузиш юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш киради” дея қайд этилган.

Энди юқорида баён этилган низога эътибор қаратсак, вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятининг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида корхона масъулларининг иштироки таъминланмаган. Демак, Солиқ бошқармасининг низога сабаб бўлган қарори Солиқ кодекси талабларига зид равишда қабул қилинган.

Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Бундай ҳолат рўй берган тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятини юклайди.

Бундан ташқари кассация инстанцияси суди кассация шикоятини кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, янги қарор қабул қилишга ҳақли. Мазкур қоида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 243-моддасида ўз ифодасини топган.

Қисқаси, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича кассация инстанцияси юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 26 декабрдаги ҳал қилув қарори, Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 26 июндаги қарорини бекор қилди ва янги қарор қабул қилди. Яъни “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятининг аризасини қаноатлантириб, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 21 ноябрдаги 20/1-97221-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.

Шунингдек, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси зиммасига камерал солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди.

Шу тариқа адолат қарор топди, тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Бироқ тадбиркор ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилиб, қимматли вақтини йўқотди, овора бўлди. Яъни солиқ идораси масъуллари қонун меъёрларига оғишмай амал қилганда, бу низо келиб чиқмасди.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, тадбиркорлик фаолияти жамиятимизда қудратли яратувчи куч экан, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳар бир давлат идорасининг долзарб вазифаси саналади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Дурдона АБДУКАХАРОВА,

Олий суд судьяси

photo_2024-10-21_12-41-01

МУДҲИШ ҚИЛМИШ БЕГУНОҲ БОЛАНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Судлов амалиёти жиноятларнинг аксари қасддан ёки ўзини-ўзи идора қила олмаслик натижасида содир этилишини кўрсатади. Бундай қилмишлар орасида ўткинчи ҳис-туйғулар оқибатида содир этилганлари ҳам учрайди. Ана шундай мудҳиш қилмишларнинг бири Тупроққалъа туманида рўй берди. Кўрганнинг ҳам, эшитганнинг ҳам этини жунжиктирувчи бу мудҳиш ҳодиса арзимас оилавий тортишув асносида келиб чиқди.

Сиртдан қараганда, 1980 йили Ҳазорасп туманида туғилган Музаффар Матниёзов ва Питнак шаҳрида истиқомат қилувчи Насиба Ёқубоваларнинг оилавий турмуши тинчгина кечарди, ўртада оддий баҳс-мунозаралардан ташқари айтишга арзигулик жиддий муаммолар кўзга ташланмасди. Бу оила Питнак шаҳридаги хонадонлардан бирида ижарада турарди.

Афсуски, бу мудҳиш воқеа оддий жанжал оқибатида келиб чиқди. Ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилган Музаффар уйига қайтгач, хотини Насибадан қандай таом тайёрлаётганини сўради. Аммо таомнинг номини эшитиб, негадир бирдан жазаваси қўзиди. Жаҳл аралаш бунақа овқатни емаслигини айтиб, уй ичига кириб кетди. Уй ичида эндигина 7 ёшни қаршилаган Беҳрузбек (2016 йили Насибанинг аввалги турмушидан туғилган) аллақандай ўйин ўйнаб ўтирарди. Асабий ҳолатдаги Музаффар болага кўзи тушиб, баттар тутоқиб кетди. У болани аввалига бўралатиб сўкди, сўнг зарб билан унинг белига тепди. Бола оғир зарбнинг таъсирида ерга юзтубан йиқилди. Бола унга нисбатан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасди. Энг ёмони, ақлини буткул йўқотиб, қутуриб кетган Музаффар қўллари билан болани томоғидан бўға бошлади. Шўрлик боланинг жон ҳолатда типирчилаши ҳам унинг тош қотган юрагини юмшатолмади… Бир зумда боланинг нафаси сўнди. Ошхонада куймаланиб юрган Насиба ичкарида содир бўлган бу мудҳиш воқеадан бехабар қолди. Музаффар эса, боланинг жонсиз жасадини ўриндиққа ётқизиб, устидан сув сепди, болада ҳеч қандай жонланиш аломати сезилмагач, устига кўрпа ёпиб қўйди. Сўнг у ҳеч нарса рўй бермагандек, нариги хонага ўтди. Шовқин солиб ўйнаётган боланинг бирданига тинчиб қолгани онанинг эътиборини тортмай қолмади. Шу боис, у эрини сўроққа тутди ва унинг “ухлаб қолди” деган гапини эшитиб, хавотири бироз босилди. Музаффар кечки овқатни ҳам кутмай дўконга бориб-келаман дея кўча сари йўналди. Аммо у шу кетганча қайтиб келмади.

Она эмасми, анчайин тўполончи фарзандининг ҳеч кутилмаганда овози чиқмай қолгани Насибанинг кўнглига барибир ғулғула солди. У Беҳрузбек ётқизиб қўйилган хона томон ошиқди. Кира солиб, ҳали-ҳамон “ухлаётган” боласига сўз қотди: овқат тайёрлигини айтди, тез туриб, юз-қўлингни юв, овқатланамиз, ўғлим, деди. Афсуски, боладан бирон сас-садо эшитилмади. Унинг шифтга қадалган кўзлари аллақачон бир нуқтада қотиб қолганди. Бироздан сўнг онанинг аччиқ фарёди еру кўкни тутди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилишди. “Тез ёрдам” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришди.

Аммо боланинг қотилини ҳеч қаердан топиб бўлмади. Унга нисбатан қидирув эълон қилинди ва тез орада гумонланувчи қўлга олинди. Тергов жараёнида М. Матниёзов барча айбини тан олди: спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйига келгани, хотини билан сан-манга боргани, болани тўполон қилгани учун койигани, бироқ бу билан кифояланмай уни тепиб, ерга қулатгани ва пировардида бўғиб, умрига зомин бўлганини очиқ баён қилди. У бундай мазмундаги кўрсатмасини ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва адвокат Д. Эшёзов иштирокидаги учрашув чоғида ҳам бирма-бир сўзлаб берди. Аммо орадан кўп ўтмай гумонланувчи сўзидан тониб, кўрсатмасини инкор этди. Суд ва тергов эса, гувоҳлар кўрсатмалари ва далил-исботларга таянди. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Хоразм вилояти филиалининг Ҳазорасп-Тупроққалъа бўлими тиббий эксперти О. Бобоев судда гувоҳлик беришича, 2016 йили туғилган Б. Отахановнинг ўлими бўйин аъзоларининг ташқи куч, қўл бармоқлари таъсирида қаттиқ сиқилгани ва нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Эксперт тадқиқодлари натижасида аниқланган бу ҳолатлар лаборатория текшируви якунида ҳам ўз тасдиғини топди. Вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси Ш. Сейдамов гумонланувчининг дастлабки терговдаги баёноти рўй берган мудҳиш қотиллик тафсилотларини аниқлаш чоғи юзага қалқиб чиққан ҳолатларга мутлақо ва мантиқан мос эканлигини таъкидлади. Айни пайтда бошқа бир ҳолат: қотиллик жинояти рўй берган пайтда хонада М. Матниёзовнинг ўзидан ташқари ҳеч ким бўлмагани ойдинлашди. Боланинг онаси Н. Ёқубова кечки овқат тайёрлаш билан банд бўлиб, ичкарида юз берган машъум воқеадан бехабар қолган.

М. Матниёзов эса, мантиқан тасдиқланган бу ҳолатларнинг барини инкор этди. Боланинг ўлимида айбдор эмаслигини терговдан ташқари ўтказилган барча суд мажлислари чоғи ҳам тинимсиз такрорлади.

Унинг адвокати тарафидан ана шу раддия асосида келтирилган шикоят пировардида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш босқичида муҳокама этилди. Шу тариқа ҳозирда узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумнинг рўй берган қотиллик ҳаракатига дахли йўқлиги ҳақидаги даъвоси ва боланинг жасадини текшириш якунлари юзасидан чиқарилган суд-тиббий экспертизасига бўлган эътирози синчиклаб ўрганилди. Унда судга тақдим қилинган ҳужжатлар, далиллар, гувоҳлик кўрсатмаларининг ҳақиқат ва мантиққа нечоғли мослиги алоҳида ўрганилди. Унинг якунлари маҳкумга қўйилган айб ва шу айб юзасидан тайинланган жазо мутлақо асосли ва қонуний эканлигини кўрсатди. Шу аснода боланинг ўлими ўткир касаллик ёки оддий тутқаноқ натижасида келиб чиққани ҳақидаги тахминлар ҳам чиппакка чиқди.

Муҳокама чоғи судланувчининг шахсига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум бўлишича, М. Матниёзов аввал ҳам уч марта судланиб, ўз жиноий қилмишларининг жазосини тортган. Даставвал (2015 йил 26 июнь) жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2017 йили муддатидан олдин жазодан озод қилингач, тағин ўғирлик кўчасига кирган. Бу галги қилмиши ҳам мазкур кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича малакаланган ва яна 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йили тағин судланиб, жазога тортилган: бу гал учинчи такрорий қилмиши учун 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Ўтказилган суд жараёнлари айбланувчи ўзининг айбини ўзгаларга тўнкаш асносида ўзига тайинланиши муқаррар бўлган жазодан қутулиб қолишга уринганини кўрсатди. Бинобарин, дастлабки босқич судининг машъум жиноят юзасидан чиқарган ҳукмини бекор қилиш ва жазони енгиллаштиришнинг имкони йўқ. Шу муносабат билан дастлабки босқич судининг М. Матниёзовни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга оид 97-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташга қарата чиқарган ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Адолат ва ҳақиқат тамойили ана шу тариқа қарор топди.

Акбар Аминов,

Хоразм вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судлов

ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-21_11-57-22

УНДИРИЛГАН ҚАРЗДОРЛИК

Маълумки, ҳар бир корхона ва ташкилот ўзаро иқтисодий муносабатларга киришганда, аввало, шартнома қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиши муваффақият гарови ҳисобланади. Аксинча, тарафлар томонидан шартнома шартларини талаб даражасида бажармаслик оқибатида турли хил низолар келиб чиқади.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Нурота тумани Ободонлаштириш бўлими ва “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2023 йил декабрь ойида учта олди-сотди шартномаси тузилган. Бироқ ушбу шартномалар Нурота тумани Ғазначилик бўлимида рўйхатдан ўтказилмаган.

Ҳолбуки, Бюджет кодексининг 122-моддасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлари бўйича товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ғазначилик бўлимларида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг кучга кириши белгиланган.

Шундай бўлса-да, масъулияти чекланган жамияти шартнома талабига кўра, Ободонлаштириш бўлимига 85 781 150 сўмлик маҳсулот етказиб берган. Аммо Нурота тумани молия бўлими ушбу шартномаларнинг Ғазначилик бўлимида ўтказилмаганини рўкач қилиб, тўловларни амалга оширишга рухсат бермаган, масъулияти чекланган жамиятининг қарзни тўлаш ҳақидаги талаблари ҳам жавобсиз қолган. Шундан сўнг корхона судга мурожаат этишга мажбур бўлган.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра, мажбурият фуқаровий ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга асосан, бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади. Қолаверса, кредитор қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 8-бандида тарафларнинг шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришгани ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги кўрсатилган.

Ана шу қонуний талабларни инобатга олган суд “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти фойдасига Нурота тумани Ободонлаштириш бўлимидан 85 781 150 сўм ундиришни лозим деб топди.

Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасига асосан, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Суд аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида давлат идораларининг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги)нинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини фақатгина қўшимча текшириш, дастлабки терговолди суриштирув ишлари орқали аниқлаш мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, Нурота тумани прокуратурасига хусусий ажрим киритди. Унга асосан, мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонун талабларига амал қилмаслик нафақат низо, балки қонунбузилиш учун жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Бу эса, тарафларга ҳар томонлама зарар келтиради. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

Бекзод Жумаев,

Навбаҳор туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-10-14_15-11-00

ЖИНОЯТ КЎЧАСИДАН ҚАЙТМАГАНЛАР ЎЗГАЛАРГА ЭМАС, ЎЗЛАРИГА ЖАБР ҚИЛИШАДИ

Халқимиз кекса бор уйнинг файзи, баракаси бўлади, деб бежизга айтмаган. Чунки пиру бадавлат отахону онахонларнинг доно ўгиту маслаҳатлари, бой тажрибаси ҳаётимизда доимо асқотади, айниқса, ёшлар тарбиясида бу бебаҳо қадрият ўта муҳим ўрин тутади.

Шу боис бугунги кунда юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, соғлиқларини асраб-авайлаш, турмушларида рози бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Аммо ҳаётда фарзанду набираларининг қуршовида кексалик гаштини суриш, ўгиту насиҳатлари билан ёшларга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига турли хил жиноий қилмишларга қўл ураётган кимсалар ҳам учраб туриши жуда афсусланарлидир.

Яқинда очиқ суд мажлисида 68 ёшли Очил Тешаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва 71 ёшли Бердиназар Холдоровларга нисбатан айблов ҳукми ўқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Қисқаси, суд ҳукми билан О. Тешаевга — 10 йил, Б. Холдоровга 6 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Улар энди суд томонидан тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Суд томонидан қатъий тартибдаги жазо тури белгиланганидан ҳам сезган бўлсангиз керак, уларнинг иккаласи ҳам бир пайтлар суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилган. Аниқроғи, О. Тешаев 1985 йилдан ҳозирга қадар — беш марта, унинг жиноий шериги Б. Холдоров эса, 1996 йилдан буён тўрт марта гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат ўта оғир жиноятларни содир этиб, умрининг кўп қисмини қамоқда ўтказишган. О. Тешаев — уч, Б. Холдоров эса, беш нафар вояга етган фарзанднинг отаси.

Агар муқаддам содир этган қилмишидан сабоқ чиқариб, тўғри йўлга кирганида Очил Тешаев ҳам, Бердиназар Холдоров ҳам кўп йиллик азиз умрини темир панжаралар ортида ўтказмасди. Бундай кимсалар қайта жиноят содир этиб, жамиятга зарар етказмаслиги учун яккаю ягона йўл — бу қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш. Бундан ўзга чора йўқ.

Судланувчиларнинг кейинги жиноий қилмиши ҳақида фикр юритганда, кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек, cурхондарёлик Очил Тешаев билан самарқандлик Бердиназар Холдоровлар Олмалиқ туманида жойлашган қаттиқ тартибли жазони ўташ муассасасида танишиб қолишади. Жазони ўтаб, бирин-кетин озодликка чиққач, улар бир-бири билан мунтазам хабарлашиб туришган.

Судланувчи О. Тешаев нопок йўл билан бойлик орттириш мақсадида 2023 йил май ойида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи таниши С. Абдурозиқовнинг олдига боради ва ундан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олади. Шундан сўнг у заҳриқотилни келгусида сотиш ниятида яшириб қўяди.

Буни қарангки, айни ўша пайтда эски таниши Бердиназар Холдоров унга қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик воситаси топиб беришни сўрайди. Албатта, О. Тешаев кутилмаганда харидор топилгани, тағин денг, унинг синашта ва ишончли эканидан қувониб кетади. Қисқаси, ҳамтовоқлар 2023 йилнинг 30 август куни соат 20.00ларда келишилган манзил — Самарқанд тумани Конигул маҳалласидаги автошоҳбекатда учрашишади. Б. Холдоров О. Тешаевдан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини уч миллион сўмга сотиб олади ва унинг таъмини татиб кўраётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ҳодиса содир бўлган жойда ашёвий далиллар билан ушланади.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг 816-сонли хулосасида қайд этилишича, Б. Холдоровдан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган тўқ жигар рангли, юмшоқ ҳолдаги модда таркибида гиёҳванд модда — “опий” алкалоидлари гуруҳига кирувчи морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлиб, соф оғирлиги 23,62 граммга тенг. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиали суд-наркологик экспертиза далолатномаларида ҳар иккала судланувчида опий гиёҳвандлик белгилари мавжудлиги қайд этилган.

Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида дастлабки тергов органи томонидан О. Тешаевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан — тўғри, Б. Холдоровнинг жиноий ҳаракатлари эса, Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан нотўғри малакаланган деб топди. Негаки, дастлабки тергов органи иш тафсилотларини тўғри аниқлаб, Б. Холдоровнинг айби исботлангани ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, бироқ унинг ҳаракатларини малакалашда хатоликка йўл қўйган.

Хусусан, дастлабки тергов органи Б. Холдоровнинг содир этган жиноий ҳаракатига етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширмасдан, унинг гиёҳвандлик воситасини айнан қандай ва қай тариқа сотишга суиқасд қилганлик ҳолатини тасдиқловчи бирон-бир далилни келтирмаган ва натижада тахминий қарор қабул қилган.

Ваҳоланки, иш материалларида Б. Холдоровнинг кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиш ҳақида бирон-бир шахс билан келишгани ёки сотиш йўли билан ўтказиш мақсади бўлганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Суд ҳайъати қонун талабидан келиб чиқиб, Б. Холдоровга нисбатан жазо тайинлашда унинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “а” бандига қайта малакалади.

Шундай қилиб, жиноятчиларга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Гувоҳи бўлганингиздек, нопок йўлга қадам босган, жиноят кўчасига киришдан ор қилмаган одам, аввало, ўзгаларга эмас, балки ўзига жабр қилади. Бу ҳаётий мисол кўпчиликка, айниқса, ёшидан қатъи назар, жиноят содир қилишга мойиллиги бўлган инсонларга сабоқ бўлиши лозим.

Нодиржон РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-12-25_12-23-28

Наманган вилояти судида суд тизими ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида коррупцияга қарши кураш мавзусида учрашув-мулоқот ўтказилди

Барча ҳудудлар билан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Пушаймон” номли фильм намойиш этилди.

Ушбу фильм намойиши орқали тадбир иштирокчиларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, бу разил жиноятнинг оқибати нафақат порахўрнинг ўзига, балки унинг оила-аъзолари, яқинлари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.

Фильм намойишидан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов кейинги йилларда Президентимиз томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, судьяларнинг моддий таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор берилаётганлигини қайд этди. Мулоқотда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Ғозихон Яхёхўжаев, суд фахрийси Тоҳирахон Мўйдинова, ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалоллик ҳақида ўз ҳаётий мулоҳазаларини билдирди.

#thegov_button_69dcfaff9c27e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69dcfaff9c27e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69dcfaff9c27e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69dcfaff9c27e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!