Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-10-14_14-57-42

АСОССИЗ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Ўтган йили Боғот туманидаги “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамияти қўшни республикадаги ҳамкорлари билан тузган ташқи савдо шартномаси пировардида катта можарога сабаб бўлган эди. Аслида, бу низонинг келиб чиқиши томонлар ўртасидаги муносабатларга эмас, балки солиқ идорасининг шикоят хатига бориб тақалди.

Бу низо тарафлар эришилган битим шартларини бажаришга астойдил киришган, тўлов шартлари бажарилаётган бир паллада рўй берди. Хоразм вилояти Солиқ бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамияти қўшни республикадаги ҳамкорлари билан тузилган шартномага асосан, харид қилувчи томонга қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг ипак маҳсулотларини етказиб бергани, аммо бунинг ҳақини ундириш чораларини кўрмаганини қайд этиб, бундай ҳаракатсизлик учун корхонага нисбатан 633 миллион 592 минг сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўради.

Даъво аризасида қайд этилишича, боғотлик тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этмаган. Аниқроқ айтганда, етказиб берилган маҳсулотнинг пулини Низомда белгиланган 180 кунлик муддат ичида ундириш чораларини кўрмаган.

Дастлабки босқич суди томонидан ушбу ариза бўйича аниқланган ҳолатларга қараганда, боғотлик ҳамкорлар хорижий сармоядор билан тузилган ташқи савдо шартномасига асосан, қиймати 1 миллион доллар бўлган ипак маҳсулотларини 2023 йил 29 июнда расмийлаштирилган божхона юк декларациясига асосан қўшни республикага экспорт қилишган.

Бироқ орадан салкам бир йил вақт ўтишига қарамасдан экспорт маҳсулотининг пули ундирилмаган. Суд бу ҳолатни эътибордан четда қолдирмади. Юзага келган дебиторлик қарзи учун айбни “Bog’ot Silk Co” корхонаси зиммасига юклади. Солиқ идорасининг масъулияти чекланган жамият ҳисобидан 633,6 миллион сўмлик молиявий жарима ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантирди.

Суд қарори албатта, бажарилиши шарт. Лекин шундай бўлса-да, боғотлик тадбиркорлар қабул қилинган суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишди. Хусусан, кассация шикоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари “Bog’ot Silk Co” корхонасига нисбатан ноўрин татбиқ этилгани, Президентимизнинг 2023 йил 24 февралдаги “Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-73-сонли қарорининг ушбу низо ечимига хизмат қилувчи 14-банди умуман қўлланилмагани, унда ифодасини топган қоида эътибордан четда қолгани баён этилган. Кассация шикоятида қайд этилишича, Президент қарорининг ушбу банди низони ҳал этишнинг асосий омили ҳисобланади. Унга кўра, 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 360 кун этиб белгиланган.

Ўз навбатида, кассация инстанцияси ушбу эътирозни муҳокама этаркан, “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамиятиниг ҳуқуқий мақомига эътибор қаратди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг 2024 йил 3 июлдаги 4-3/722-сонли маълумотномасига асосланган ҳолда ушбу корхона ана шу уюшма аъзоси экани ва унинг таркибидаги корхоналар рўйхатидан жой олганини аниқлади. Бу эса, ўз навбатида, Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори талабларини ушбу корхонага нисбатан ҳам тўлиқ татбиқ этиш ҳуқуқини беради. Афсуски, солиқ идораси томонидан ҳам, дастлабки суд жараёнида ҳам бунга эътибор берилмаган. Натижада адолат тамойиллари бузилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади, деб белгиланган.

Кассация босқич суди ана шу таомилнинг устуворлигини таъминлади.

Биринчи босқич суди томонидан Президент қарорига риоя этилмаган ҳолда тайинланган 633 миллион 592 минг сўм миқдордаги жарима ва шу ҳақда қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилинди ва Хоразм вилоят солиқ бошқармасининг жарима ундириш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад қилинди.

Кассация ҳайъати айни пайтда вилоят солиқ бошқармаси мутасаддиларининг хатти-ҳаракатига ҳам алоҳида баҳо бериб, хусусий ажрим чиқарди.

Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, юқорида қайд этилганидек, қонунбузилиш ҳолатлари ҳеч кимга наф келтирмайди. Аксинча, тадбиркорлик фаолияти учун жиддий тўсиққа айланади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Баҳодир Давлатов,

Хоразм вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-14_14-51-40

МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАГИ МАҲКУМ МЕҲНАТ ТАЪТИЛИГА ЧИҚИШИ МУМКИН

Одатда, меҳнат таътили хусусида гап кетганда, ходимга ҳар йили муайян муддатга бериладиган таътил кунларини тушунамиз. Хўш, манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум ҳам меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эгами? Бу ҳақида қонунчиликда қандай меъёрлар белгиланган?

Аввало шуни айтиш жоизки, амалдаги Жиноят ижроия кодексининг 9-моддасида маҳкумнинг ҳуқуқлари ўз ифодасини топган. Шулар қаторида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, маҳкум хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек, меҳнатига яраша ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.

Маҳкум ўзининг меҳнат ҳуқуқларидан Жиноят ижроия кодекснинг 88-96-моддаларида қайд этилган қоидалар асосида фойдаланади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослиги инобатга олинган ҳолда ишлаши керак.

Маҳкумларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан бирга, ушбу кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солинади. Олтмиш ёшдан ошган эркаклар, эллик беш ёшдан ошган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга ўз хоҳишларига кўра, жалб этиладилар.

Ҳомиладор ёки кўзи ёриган маҳкума аёллар қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилинадилар. Тақиқланган ишларда аёл ва вояга етмаган маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маҳкумлар топширилган ишни ҳалол, виждонан бажаришга, меҳнат ва технология интизомига, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этишлари шарт. Уларнинг меҳнатга оид ва бошқа низоларни ҳал этиш мақсадида ишни тўхтатиб қўйиши тақиқланади.

Кодекснинг 89-моддасида маҳкумларни иш билан таъминлаш тартиби белгиланган. Яъни Вазирлар Маҳкамаси корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган маҳкумларга ёзиладиган иш ҳақи миқдорини белгилаб беради. Маҳкумларни иш билан таъминлаш жазони ижро этиш муассасаларида ёки улардан ташқарида иш ўринларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтининг энг кўп нормасига риоя этган ҳолда, одатда, олти кунлик иш ҳафтаси белгиланади.

Кодекснинг 91-моддасига биноан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳар ҳафтада камида бир дам олиш куни берилади. Улар байрам (ишланмайдиган) кунларида ишдан озод қилинади. Борди-ю, маҳкумлар иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларидаги ишларга жалб этилса, икки ҳисса ҳақ тўланади.

Манзил-колониялардаги маҳкумлар муддати ўн беш иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Таътил ушбу кодекснинг 82-моддасида белгиланган тартибда манзил-колония доирасидан четга чиқиш ҳуқуқи билан берилади. Маҳкум жазони ижро этиш колониясининг интизомий бўлинмаси турар жойларида сақланган вақт ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътили бериш учун зарур муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, маданий-маиший шароитни яхшилаш ишларигагина меҳнат ҳақи тўламай жалб этилиши мумкин.

Маҳкумлар меҳнат ҳақи тўланмайдиган ишга, одатда, навбатма-навбат, ишдан ташқари вақтда, ҳафтасига кўпи билан икки соатга жалб этилади.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой туман суди судьяси

photo_2024-10-14_13-49-54

КЕЛИШУВ ИНСТИТУТИ МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ҚАНДАЙ ЎРИН ТУТАДИ?

Маълумки, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни тақозо этди.

Шу муносабат билан 2019 йил 20 мартда бу борада янги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига медиатив келишув иститути киритилиб, ишларни медиатив келишув асосида ҳал қилиш тартиби жорий этилди.

Ўз навбатида, Президентимиз томонидан 2020 йил 17 июнда қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг асосий мақсади — жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида маъмурий судларда янги институтни амалиётга татбиқ этиш заруратини келтириб чиқарди. Бу ўринда, албатта, келишув институти ҳақида сўз бормоқда.

Шу сабабли 2023 йил 26 апрелдаги қонунга мувофиқ, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс “Келишув битими” деб номланувчи 151-боб билан тўлдирилди.

Қонунга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади.

Маъмурий суд ишларини юритишдаги келишув битими фуқаролик ҳамда процессуал кодексларда назарда тутилган келишув битимидан фарқ қилади. Хусусан, келишув битими Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслар талаби бўйича судда кўрилаётган ҳар қандай низо юзасидан тузилиши мумкин бўлса, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда ушбу кодекснинг 27-моддаси биринчи қисми 1, 3, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ишлар бўйича келишув битимини тузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Демак, қонун талаби бўйича маъмурий судларда:

– идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш;

– сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш;

– нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш;

– давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича келишув битимини тузишга йўл қўйилмайди.

Ҳар уччала кодексдаги келишув битими тузиш мумкин бўлмайдиган ҳолатлар ўхшашлиги шундаки, келишув битимининг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, уни тузишга йўл қўйилмайди.

Келишув битимини тасдиқлашни рад қилиш асослари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларда келтирилган. Фуқаролик процессуал кодекси талабларида келишув битими тасдиқлашни рад этишнинг 2 та, Иқтисодий процессуал кодексда 3 та асоси мавжуд бўлса, бундай асослар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича 5 та ҳисобланади.

Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслар талаблари бўйича ишда иштирок этаётган жавобгар вакили келишув битимини тақдиқлаши мумкин. Аммо маъмурий суд ишларини юритишда келишув битимини вакил орқали тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик, яъни дискрецион ваколат мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Маъмурий ихтиёрийлик деганда, бу маъмурий органнинг қонунийлик ва мақсадга мувофиқлигини ўз баҳолашига асосланиб, қонун билан рухсат этилган чоралардан бирини қўллаш ёки қўллашдан бош тортиш ҳуқуқи тушунилади.

Шу сабабли Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслардан фарқли равишда, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик мавжуд бўлмаслиги, ўз-ўзидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича келишув битими тасдиқлашни рад этиш учун асос бўлади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, келишув битими институтининг амалга жорий этилиши томонлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

photo_2024-08-05_16-52-07

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОИДА ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Жорий йил биринчи ярмида иқтисодий судлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 35 минг 424 та иш кўриб чиқилиб, улар фойдасига 3,6 триллион сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланган.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Андижон вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Экин-тикинлик қурувчи” масъулияти чекланган жамияти ўртасида юзага келган иқтисодий низо ҳам шундай тоифага мансуб.

Аниқланишича, 2018 йил 25 июнда инжиниринг компанияси ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида 305-сонли пудрат шартномаси тузилган.

Ушбу шартномага мувофиқ, буюртмачи 2018 йил 28 июнь куни 207 миллион 450 минг сўмлик олдиндан тўловни амалга оширган. Шундан сўнг тадбиркор Асака тумандаги “Ниёзботир” маҳалласи ҳудудида жойлашган 42-умумтаълим мактаби биносида 374 миллион 384 минг 384 сўмлик таъмирлаш ишларини бажарган. Аммо инжиниринг компанияси қолган 166 миллион 934 минг 384 сўм маблағни тўлашни 5 йил мобайнида пайсалга солиб келган.

Шу боис масъулияти чекланган жамияти қолган ҳақини ундириш юзасидан Асака туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суднинг 2023 йил 9 январь кундаги ҳал қилув қарори билан инжиниринг компаниясидан корхона фойдасига 166 миллион 934 минг 384 сўм асосий қарз ва почта харажатларини ундириш белгиланган. Шундай бўлса-да, жавобгар қарзини яна 8 ой кечиктирган, яъни 2023 йил 9 август куни тўлаган. Бу ҳолат тадбиркорнинг ҳам соғлиғига, ҳам ишларига путур етказган. Бинобарин, у Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасида жавобгар ўз мажбуриятларини 5 йил давомида бажармаганини билдириб, кечиктирилган 166 миллион 934 минг 384 сўм асосий қарзнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда — 83 миллион 467 минг сўм пеня ҳамда Марказий банкнинг 14 фоизлик қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда 116 миллион 854 минг сўм фоиз ундиришни сўраган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд ушбу ишни кўришда масъулияти чекланган жамиятининг конституциявий ҳуқуқи устуворлигини инобатга олди. Зеро, Бош қомусимизнинг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дея белгиланган.

Шунингдек, Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисида”ги қарори 3-бандида агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган бўлса, даъвогар фақатгина бир шаклдаги неустойкани талаб қилишга ҳақли экани қайд этилган.

Ушбу Пленум қарорининг 5-бандида эса, “Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғариқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш пул мажбуриятини бажармаганлик учун қўлланиладиган мулкий жавобгарлик бўлиб ҳисобланади”, дея қайд этилган.

Бундан кўринадики, инжиниринг компаниясига нисбатан банк фоизи ҳисоб ставкасини қўллаш мулкий жавобгарлик чораси ҳисобланади.

Қолаверса, юқоридаги Пленум қарорининг 11-бандига биноан, агар пул мажбуриятларини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун Фуқаролик кодексининг 327-моддасида белгиланган фоизлар миқдори(ставкаси) пул мажбуриятлари бажарилишини кечиктириш оқибатларига очидан-очиқ номутаносиб бўлса, суд фоизларни қоплаш табиатини ҳисобга олиб, Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мос ҳолда, кодекснинг 335-моддаси асосида фоизлар миқдорини (ставкаси) камайтиришга ёки кредиторга уни ундиришни бутунлай рад этишга ҳақли.

Юқорида қайд этилган асосларга таянган суд даъвони қисман қаноатлантириб, Андижон вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясидан “Экин-тикинлик қурувчи” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 80 миллион сўм фоиз ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги энг долзарб вазифалардан биридир. Зеро, тадбиркорлик фаолияти қанчалик ривожланса, халқимиз турмуш фаровонлиги, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам юксалиб бораверади.

Иброҳим ЖЎРАЕВ,

Хўжаобод туманлараро

иқтисодий суди раиси

#thegov_button_6ab1ed8f20a8b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab1ed8f20a8b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab1ed8f20a8b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ab1ed8f20a8b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!