Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-03-01_16-33-57

ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, уларни ривожлантириш бевосита қонунчиликнинг мукаммаллигига боғлиқ. Бугунги янгиланиш жараёнларида қабул қилинган қонунлар қайта кўриб чиқилиб, муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бунга Меҳнат кодекси яққол мисол бўла олади. Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи ушбу асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқароларга меҳнат қилиш ва муносиб даромад олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.

Меҳнат кодексининг 1995 йилда қабул қилинган таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги, шунингдек, ундаги кўплаб нормалар амалдаги бошқа қонунларда ҳам такрорлангани ушбу кодексни такомиллаштиришни тақозо этди. Натижада 581 та моддадан иборат янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди ва 2022 йил 28 октябрда қабул қилинди.

Бунда, муҳими, ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларидаги субъектив ҳолатлар янада аниқлаштирилиб, асосий эътибор ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилди. Меҳнат кодексида илгари назарда тутилмаган – иш берувчи ва ходимнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларининг вужудга келиши учун асослар кенгайтирилди. Яъни ишга қабул қилиш бўйича очиқ мустақил танловдан ўтказиш, лавозимга сайланиш, ходимни ваколатли давлат органи томонидан ишга юбориш, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни ишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишга оид ишлаш ҳуқуқини тасдиқлаш каби масалалар ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари кодексда ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартиби белгиланди. Кодекснинг 257-моддасига кўра, ушбу кодексда назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.

Бугунги кунда судлар томонидан меҳнатга оид низолар Меҳнат кодекси меъёрларидан келиб чиқиб, адолатли ҳал этилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йил давомида 590 та меҳнат низосига оид ишлар кўриб тамомланган бўлиб, бундан ишга тиклаш 171 та, иш ҳақи ундириш 267 та, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга доир 20 та, меҳнат таътили билан боғлиқ низолар 33 та, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисида 1 та, меҳнат муносабатларига доир бошқа ишлар 98 тани ташкил этди.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар – А. А. жавобгар – Тиббиёт бирлашмасига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Яъни Тиббиёт бирлашмасининг буйруғини ноқонуний деб топиш ва бекор қилиш, фуқаро А. А.ни Тиббиёт бирлашмаси шифокори вазифасига ишга тиклаш, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига солиқ ва бошқа барча мажбурий ушланмалар чегирилган ҳолда 5 500 000 сўм иш ҳақи, 3 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Ўз навбатида, жавобгар суднинг ушбу қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва ушбу низо апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Бунда биринчи инстанция судининг даъвогарнинг ўртача иш ҳақини унинг охирги икки ойлик иш ҳақи ҳисобидан ҳисоблаб, мажбурий прогул вақти учун 5 500 000 сўм миқдорида иш ҳақи ундириш ҳақида нотўғри хулосага келгани аниқланган.

Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши назарда тутилган.

Биринчи инстанция суди иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабга баҳо беришда нотўғри хулосага келгани сабабли апелляция инстанцияси даъвогарнинг мажбурий бекор юрган кунлари учун ҳақ ундириш ҳақидаги талаби юзасидан биринчи инстанция судининг қабул қилган ҳал қилув қарорини ўзгартирди. Шу асосда ходим фойдасига 6 600 000 сўм иш ҳақи ундиришни лозим топди.

Яна бир ҳолатда фуқаро А. С. банкка нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ёки тенг даражадаги иш ўрни билан таъминлаш мажбуриятини юклаш ҳамда маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини муҳокама қилиб, банк билан даъвогар А.С. ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузилгани, шартноманинг тугаш муддати бошқа ходим Н. Н.нинг бола парваришлаш таътилидан қайтгунига қадар қилиб белгилангани, у бола парваришлаш таътилидан қайтиб, ишга чиққани, шу боис А. С. билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинмаслиги Н. Н.нинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини инобатга олиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, банк билан А. С. ўртасида тузилган меҳнат шартномасида А. С.нинг меҳнат фаолияти 2021 йил 24 сентябрда бошланиб, Н. Н.нинг бола парвариши таътилидан қайтгунга қадар белгиланган.

Шу боис иш берувчининг 2023 йил 25 майдаги буйруғи билан Н. Н. бола парваришлаш таътилидан ишга қайтган деб ҳисобланган ҳамда А. С. билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг хулосаси билан келишиб, даъвогар билан меҳнат шартномаси иш жойи (лавозими) сақланаётган ходимнинг йўқ бўлган вақтига тузилгани, меҳнат шартномасининг бекор қилинишига Н. Н.нинг бола парваришлаш таътилидан ўз лавозимига қайтгани ва меҳнат шартномасининг муддати тугаганини инобатга олди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳар қандай ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этилса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмайди. Бу борада янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва бошқа қонун талабларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олиш баробарида судлардаги иш юкламасининг камайишига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Собир Набиев,

Жиззах вилояти

суди судьяси

photo_2024-02-26_11-08-30

ТЎЙ КУНИ ҚОЧИБ КЕТГАН КУЁВ ОЛТИ ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

Бугунги кунда жиноят судларида энг кўп кўрилаётган ишлардан бири бу фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаб ёки ишончни суиистеъмол қилиб эгаллаб олиш, сўнг қўлга киритган пулни ёки мулкни қайтариб бермасликдан иборат экани ҳеч кимга сир эмас.

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судида кўриб чиқилган К. Шуҳратов (тарафларнинг исми-фамилияси ўзгартирилган) ҳам бошқа инсонларни алдаб, ўзганинг пули эвазига яшашни касб қилиб олганлардан экан. 

Иш тафсилотларига тўхталсак, фарғоналик Д. Сафарова телевизор кўриб ўтириб “Hop-Shop” рекламасини кўриб қолади ва онасига совға сифатида ушбу реклама каналидан буюм сотиб олмоқчи бўлиб, юқоридаги ТВ-канал рақамига қўнғироқ қилади. Техника жиҳозига буюртма беради. 

Орадан бир неча кун ўтиб Д. Сафаровага нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади. Нотаниш йигит ўзини “Hop-Shop” ТВ-каналида ишлашини, унинг буюртмаси бўйича айрим масалаларни аниқлаб олиши кераклигини айтиб суҳбат бошлайди. К. Шуҳратов суҳбат давомида Д. Сафарованинг ўқишни тамомлаб ишлаётгани, турмушга чиқмагани, оиласи ва бошқа маълумотларни батафсил сўраб олади. Шундан сўнг К. Шуҳратов ўзининг ғараз мақсадини амалга ошириш режасини тузади ва бир неча кундан сўнг Тошкентдан Марғилон шаҳрига келади. 

Д. Сафарова уни ахтариб келган К. Шуҳратовни кўргач гўёки бир неча йилдан буён ўзи кутган инсонни учратгандек бўлади. Чунки бу йигит унга ширин сўзларни топиб гапирар, катта ваъдалар берар, ўзининг уйланмагани ва унга ўхшаган қизни узоқ вақтдан буён қидириб юрганини айтиб, қизнинг бошини айлантиради. Қиз ҳам фирибгарнинг тузоғига осон тушади. “Ширин ёлғонга” учади. Йигитнинг барча талабларини унга ишониб, ҳеч шубҳаланмай бажаради. Жумладан, К. Шуҳратов унга уйланиши учун уйини таъмирлашга деб пул сўраганда тўплаб юрган барча пулларини беради. Йигит уни деб тайёр ишини ташлаб келганини айтиб келгусида “Тошкент – Марғилон” йўналишида кира қилишини айтиб машина сотиб олишга ёрдам сўраганда ҳеч иккиланмай ота-онасидан К. Шуҳратовга бериш учун пул сўрайди. К. Шуҳратов барча талаблари Д. Сафарова томонидан бажарилаётганини кўриб навбатдаги ҳийласини бошлайди. 

Фирибгар йигит қизда унга бериш учун пули қолмагач, кредит дўконларидан ва тижорат банкларидан пул ҳамда турли товарлар олиб беришни “илтимос қилади. Д. Сафарова бу талаб фирибгарнинг яна бир ҳийласи эканини англамайди ёки англашни хоҳламайди, десак тўғрироқ бўлади. Чунки куёв бўлмиш йигит тошкентлик, сўзамол, асло зериктирмайди, худди “Ўтган кунлар” романидагидек Отабек мисол йигит эди-да.

К. Шуҳратовнинг юқоридаги хислатлари қизни тамоман “эсдан оғдирган”.

Ҳатто, фирибгарнинг “тўйгача никоҳ ўқитиб бирга яшаб юрайлик” деган таклифига эс-ҳушли қиз кўнадими? Йўқ, албатта, аммо сохта муҳаббатдан ҳеч нимани кўрмай қолган Д. Сафарова муттаҳамнинг бу таклифига ҳам рози бўлади. Никоҳ ўқитиб ўз уйидан фирибгарга жой беради. Ҳийласини ўйлаганидан ҳам “унумли иш берганидан” хурсанд К. Шуҳратов еб-ичишдан тортиб уст-бошигача бўлган харажатни Д. Сафарова ва унинг яқинлари зиммасига ортиб қўяди. Ҳар қандай қабиҳликнинг ҳам охири бўлганидек, “куёв”нинг хурмача қилиқлари Д. Сафарованинг ота-онаси ва ака-укаларини кеч бўлса-да ҳушёр торттирди. Улар К. Шуҳратовдан тўй қилишни, эл-юртга уйланганини ошкор қилишни сўрай бошлайди. Шундан сўнг К. Шуҳратов сўнги ҳийласини бошлайди. Фарғона шаҳрида “Висол” тўйхонасида дабдабали тўй қилишини, Тошкентдан казо-казолар меҳмонга келишини айтиб Д. Сафарова ва унинг яқинларини ишонтириб, тўй кунини белгилайди. Тўйхона манзили кўрсатилган сохта таклифномаларни Д. Сафарованинг яқинларига тарқатиб, ҳаммани тўйга таклиф этади. 

Шундан сўнг фирибгар К. Шуҳратов келин ва унинг яқинларини тўплаб уларга қимматбаҳо тўйхонада катта тўй қилиш учун анча қарз бўлиб қолганини, ўзига яна бироз ёрдам кераклигини айтиб уларни ишонтиради.

Барчанинг тўёна пулларини йиғиштириб олиб Тошкент вилоятига қочиб кетади. Тўй куни тўйхонага борган келин ва унинг қариндошлари қандай аҳволга тушганини айтиш шарт эмас. 

Кеч бўлсада эсини йиғиб олган жабрланувчи Д. Сафарованинг аризасига мувофиқ К. Шуҳратовга Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Аниқланишича, К. Шуҳратов оилали, икки нафар фарзанди бор экан.

Уларга пул топиб ишлаб келиш учун кетаётганини айтиб Марғилон шаҳрига келган экан. 

Хуллас, тергов якунланиб жиноят иши бўйича суд бўлиб ўтди. Судда ҳам К. Шуҳратов ўзи етказган зарарларни қоплаш ўрнига, жабрланувчи Д. Сафаровани яна алдашга уринди, оиласидан ажрашиб унга уйланишини айтиб, фақат зарарларни қоплангани ҳақида ариза ёзиб уни қамоқдан қутқариб қолишни илтимос қилди. Аммо, “кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади” деганларидек бу сафар Д. Сафарова уни кечирмади ва муттаҳам К. Шуҳратовнинг навбатдаги ёлғонига учмади. 

Суд ҳукми билан фирибгар К. Шуҳратовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, айбдор ўз жазосини олди. Аммо, пулларни айтмай қўя қолай, Д. Сафарованинг йўқотган умидлари ва бахтини қайтаришни имкони борми? У ҳам шам нурини оташ деб ўйлаб куйиб қолганлардан бири бўлганига ачинасан холос. Шунинг учун охирги сўзимиз шу – огоҳ бўлинг, токи жамиятимиз фириб берувчи муттаҳамлардан тозаланмас экан ҳамиша ҳушёр бўлишга, қадримизни, ишончимизни ва мулкимизни асрашга ўзимиз масъулмиз. 

Зафаржон Омонов, 

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси

photo_2024-02-23_12-06-56

ҚАЙНОНА ҲОВЛИСИДАГИ ҚОТИЛЛИК

Бугун Тошкентда “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Эр-хотин ўртасидаги ўзаро ишончсизлик, рашк ва шубҳа-гумонлар инсонни не-не гуноҳларга бошламайди, дейсиз. Ҳатто, энг қабиҳ жиноятга ҳам етаклайди. Узоққа бормайлик, бундай ҳаётий мисолларни ёнгинамизда – бир маҳалла, битта қишлоқ ёки бир даҳада истиқомат қилаётган аҳоли орасида ҳам кўришимиз мумкин.

Данғара туманида яшовчи Афзал Мирҳакимов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2021 йилда қўшни Учкўприк туманидан бўлган Шаҳина Мирҳакимовага уйланади. Маълум бўлишича, бу никоҳ эр-хотиннинг иккинчи турмуши эди. 

Улар орадан бир йил ўтгач фарзандли бўлишади. Аммо уларнинг турмуши ҳавас қилгудек кечмайди. Аниқроғи, Афзал жуда инжиқ бўлиб, Шаҳинани бўлар-бўлмас рашк қилаверарди. Шу тариқа ҳаш-паш дегунча орадан икки йил ўтиб кетади.

2023 йилнинг 1 июль куни А. Мирҳакимов ишлаш учун Тошкент вилоятига кетади. У кетгач, Шаҳина билан Афзалнинг опалари ўртасида ўзаро келишмовчилик, можаро келиб чиқади. Натижада келин аразлаб, онасиникига кетиб қолади.

Ш. Мирҳакимова кечқурун хўжайини билан телефон орқали суҳбат жараёнида қайинопалари уни уйдан ҳайдаб юборишганини айтади.

Афзал қайтиб боргач, улар билан ўзи гаплашиб қўйишини айтиб, хотинини юпатади.

Орадан икки ҳафта ўтиб қишлоғига қайтган йигит оила аъзоларидан унинг хотинини ҳайдаб юборишмаганини, аксинча, ўзи кетиб қолганини эшитади. Қолаверса, А. Мирҳакимов хотинига уйига қайтганини айтиш учун қўнғироқ қилганида Шаҳина онаси ва қариндошлари билан Поп туманининг Чодак қишлоғига саё­ҳатга бориб келишганини айтади. Бу хабар Афзалнинг жаҳл отига минишига сабаб бўлади. “Нега хотиним мендан сўроқсиз саёҳатга боради?” деган савол унинг ичини тирнайди.

Кун бўйи жиғибийрон бўлиб юрган куёв кечқурун уйидаги ошхона пичоғини чўнтагига солиб, кўчага чиқади. Кейин аммасининг қизи Мунирани гувоҳ сифатида олиб, қайнонасиникига боради.

Шаҳинанинг онаси Ҳалима Арс­лонова иниси Зоҳиджон Арслонов ва унинг оиласи билан бирга бобосининг ҳовлисида яшарди. Шу боис дарвозани Зоҳиджон ака очади. 

Куёвтўра ҳовлига кириб қараса, хотини кўринмайди. У, албатта, аввалига Шаҳинани сўрайди.

– Қариндошимизникига кетган, – дейди қайнонаси истаб-истамай.

Буни эшитган Афзалнинг фиғони фалакка чиқади. Ўзини тутиб, жаҳлини босолмаган куёв бақир-чақир қилади, қайнонаси билан ғижиллашиб, маҳаллани бошига кўтаради. Шунинг учун Зоҳиджон ака Афзални сал тинчлантириш учун гапга аралашади. 

– Куёв, бироз оғирроқ бўлинг, илтимос. Қаранг, овозингиз қўни-қўшниларникигача эшитиляпти.

– Тоға, сиз аралашманг, – дея унга кекирдагини чўзади Афзал.

– Сизни тартибга чақираяпман, холос. Менинг ҳовлимда турганлигингизни унутманг, – дея норозилигини билдиради Зоҳиджон ака.

А. Мирҳакимов бундан баттар тутоқади. Кутилмаганда чўнтагидаги пичоқни чиқариб, мезбоннинг кўкрагига санчади. Бу ҳолат кўз очиб юмгунча юз берадики, ён-атрофдаги аёллар ҳам нима бўлганини англаб-англамай қолишади. Оқибатда жабрланувчи қон оқаётган кўксини ушлаб, ерга йиқилади. Ҳовлида бир зумда қий-чув кўтарилади. Кимдир “Тез ёрдам” чақиради, яна кимдир туман ИИБга қўнғироқ қилади. Бироқ, тиббиёт ходимлари етиб келгунча Зоҳиджон аканинг жони узилади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди қотил куёвни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айбдор деб топиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, марҳумнинг яқинларига судланувчидан моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳеч ким тўғри йўлдан адашмасин. Бундай аянчли ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Агар куёв жаҳлини жиловлай олганида бир инсоннинг умри завол бўлмас, ўзи ҳам умрининг навқирон йилларини қамоқхонада ўтказмас эди.

Аброржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Учкўприк туман суди раиси

photo_2024-02-22_15-30-58

ЯКУНИГА ЕТМАГАН «САВДО»

Фарғона шаҳрида савдо-сотиқ билан шуғулланадиган Ҳулкар Юсупова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг ёз ойларида уч ёшли ўғли Самандар Юсуповни ҳам ўзи билан бирга бозорга олиб боради. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, кутилмаганда нохуш воқеа юз беради.

Аниқроғи, савдо растаси яқинида ўйнаб юрган бола тўсатдан йўқолиб қолади. Бундан хавотирга тушган она ўғлини излашга тушади, аммо ҳеч қаердан болани тополмайди. Шундан сўнг у шоша-пиша қизи Баҳорага қўнғироқ қилади.

– Уканг йўқолиб қолди, ҳеч қаердан топилмаяпти, – дейди у йиғлаган кўйи.

– Қаерга кетади? – дея қизи ҳам хавотирга тушади.

– Билмайман, шу атрофда ўйнаб юрганди, бирдан йўқолиб қолди…

Орадан ҳаял ўтмай қизи Баҳора ҳам бозорга етиб келади. Шундан сўнг улар бирга Самандарни излашади. Аммо бола ҳеч қаердан топилмайди.

Охир-оқибат улар бу ҳақда ички ишлар ходимларига хабар беришади.

Буни қарангки, орадан бир неча соат ўтгач, Ҳ. Юсуповага шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими қўнғироқ қилиб, ўғли топилганини айтади. Буни эшитиб, бояқиш аёл йиғлаб юборади.

Маълум бўлишича, шаҳарнинг А. Жомий кўчасида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг бир нечта бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланган Илҳом Аҳмадқулов таниши Дмитрий Журавлёв билан бирга деҳқон бозори атрофида дайдиб юрган пайт қаёққа юришини билмай, ён-атрофга аланглаб турган Самандарни учратиб қолади. Улар боланинг ёлғиз эканини сезишгач, унинг қўлидан тутиб, четроққа олиб ўтишади.

– Музқаймоқ ейсанми? – деб сўрайди И. Аҳмадқулов боладан.

– Ҳа, — дейди болакай.

– Қани, юр бўлмаса, ҳозир учовимиз бирга маза қилиб музқаймоқ еймиз.

И. Аҳмадқулов ана шундай устамонлик билан Самандарни алдаб олиб кетади. Д. Журавлёв эса, унинг ортидан эргашади. Улар бозордан анча нарида жойлашган дўкон ёнига боришганда, Муяссар Бўтаева деган аёлни учратишади.

– Мабодо сизга бола керак эмасми? – деб И. Аҳмадқулов дабдурустдан сўрайди.

– Қанақа бола, бу нима деганингиз? – дея М. Бўтаева ҳайрон бўлади.

– Мана бу танишим, — дейди И. Аҳмадқулов шериги Д. Журавлёвни кўрсатиб, — мени Россияга олиб кетмоқчи. Шунинг учун менга пул керак. Боламни сотиб кетмоқчиман. Агар керак бўлса, олиб қолинг. Йўқса, ўлдириб, сойга ташлаб юбораман…

Бу гапни эшитиб, кутилмаганда М. Бўтаева қаттиқ қўрқувга тушади. Сўнг у шоша-пиша опаси Муҳаррам Бўтаевага қўнғироқ қилиб, нотаниш одамнинг ҳалиги ваҳимали гапларини айтади. М. Бўтаева нима гап эканини дарров англаб етади ва синглисига И. Аҳмадқулов билан Д. Журавлёвни ўзининг ёнига юборишни тайинлайди.

Қисқаси, ҳамтовоқлар болани етаклаб келишгач, М. Бўтаева худди шу пайтда кўчадан ўтиб кетаётган ички ишлар ходимларига кўзи тушиб, уларни ёрдамга чақиради. Аммо ҳамтовоқлар қочиб кетишади.

Буни қарангки, И. Аҳмадқуловнинг сўқир кўзи шундан сўнг ҳам очилмайди.

Нега деганда, орадан 13 кун ўтгач, у кўп қаватли уй йўлагида турган Ф. Тожимирзаевга тегишли “Урал” русумли велосипедни ўғирлаб кетади ва М. Мадаевга сотиб юборади.

Шундан сўнг И. Аҳмадқулов ва Д. Журавлёв тез орада ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд И. Аҳмадқуловни Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди ва 169-моддаси 1-қисми, Д. Журавлёвни кодекснинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Доно халқимизнинг “шаҳар бедарвоза эмас” деган пурмаъно нақли замирида ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслиги ўз ифодасини топган.

Буни одам савдоси жиноятини содир этгани учун қонуний жазога тортилган кимсалар англаган-англамаганини олий ҳакам бўлган вақт кўрсатади.

Тожиддин ВАҲОБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар суди раиси

photo_2024-02-22_15-18-14

УНДИРИЛГАН ҚАРЗДОРЛИК: СУДДА ТАДБИРКОР ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Одил судловни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш судларнинг асосий вазифаларидан биридир. Иқтисодий судларда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Мисол сифатида айтадиган бўлсак, 2021 йил 14 сентябрда “F. P. N” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Zarbdor tuman yo‘llardan foydalanish” унитар корхонаси ўртасида пудрат шартномаси тузилган.

Ушбу шартноманинг 2-бандига кўра, “Ёрдамчи пудратчи” қурилиш ишларини шартнома шартларида кўзда тутилган ҳолда бажариш, “Бош пудратчи” ишларни бажариш учун зарур шароитлар яратиш, уларни қабул қилиш ва тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.

Бироқ “Бош пудратчи” шартнома бўйича мажбуриятларини лозим даражада бажармаган. Аниқроғи, қурилиш ишлари бажарилган бўлса-да, шартнома шартлари бўйича 49 886 807 сўм қарздорликни тўлаб бермаган.

Шу боис Зарбдор тумани адлия бўлими даъвогар “F. P. N” масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Zarbdor tuman yo‘llardan foydalanish” унитар корхонасидан қарзни ундириб беришни сўраган.

Зомин туманлараро иқтисодий суди даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирди.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан “Zarbdor tuman yo‘llardan foydalanish” унитар корхонасидан “F. P. N” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 49 886 807 сўм асосий қарз ва 34 000 сўмлик почта харажати ундириб берилди.

Умуман айтганда, ўтган йилда Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан 1 879 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, тадбиркорлар фойдасига 14 миллиард 201 миллион 189 минг 453 сўм маблағ ундирилгани уларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганидан далолатдир.

Шомурод Бегматов,

Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси

photo_2024-12-19_12-09-36

БЕКОР БЎЛГАН БУЙРУҚ: СУД ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАДИ

Мамлакатимиз Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бинобарин, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, касб ва фаолият турини эркин танлаши учун кенг имкониятлар яратилган.

Бироқ ҳаётда баъзан меҳнат қонунчилигига ҳамда амалдаги қонунларга амал қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинларини бузилишига олиб келади.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Наргиза Хўжамова судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Учқудуқ тумани спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғини ноқонуний деб топиш, ўзини йўриқчи-услубчи вазифасига ишга тиклаш, етказилган маънавий зарар учун 250 000 000 сўм товон пули ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Н. Хўжамова 2017 йилда Учқудуқ тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактабига йўриқчи-услубчи лавозимига ишга қабул қилинган.

Учқудуқ тумани спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғига асосан, Н. Хўжамова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 4-бандига асосан ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилгани, уни бартараф этиш имконияти бўлмагани муносабати билан бекор қилинган.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарори 1-иловасидаги Низомнинг 62-бандида спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни жисмоний тарбия бўйича олий маълумотли ва камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан тайинланадиган йўриқчи-услубчи амалга оширади деб белгиланган. Иш берувчи ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғида ана шу Низом талабини асос сифатида келтирган.

Бундан ташқари Навоий вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ходимлари томонидан тузилган далолатномада Н. Хўжамовага мактабда мавжуд бўлган бошқа иш ўрни таклиф қилингани, бироқ у бошқа ишга ўтишни рад этгани қайд этилган.

Аммо Н. Хўжамова суд мажлисида берган кўрсатмасида иш берувчи томонидан унга бошқа иш ўрни оғзаки равишда таклиф қилингани, лекин у бунга рози бўлмагани, чунки ўз лавозими вазифаларини яхши билишини билдирди.

Суд иш ҳолати ва қонун талабларидан келиб чиқиб, Н. Хўжамова йўриқчи-услубчи лавозимида 2017 йил 3 январдан буён ишлаб келгани, олий маълумотли экани, йўриқчи-услубчи лавозими тренер-ўқитувчи лавозимидан юқори туриши, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 4-бандини нотўғри талқин қилганини эътироф этди. Суд ана шу қонуний асосларга таянган ҳолда Н. Хўжамова билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғни ғайриқонуний деб топди ва уни ишлаб келган вазифасига ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Шунингдек, унга етказилган маънавий зарар учун товон пули ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни ҳам лозим топди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир идора ва ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари бузилмайди. Бу эса, ўз навбатида, судлардаги иш юкламасини камайтиришга ҳам ҳисса қўшади.

Анвар Жумаев,

фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ тумани суди раиси

photo_2024-02-06_12-42-59

СУД ҲУЖЖАТЛАРИГА БАҲО БЕРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ: ТАКОМИЛ ЗАРУРАТИ

Маълумки, одил судлов сифати суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатлилиги билан чамбарчас боғлиқ. Агар суд томонидан иш якунида қабул қилинган ҳужжатга нисбатан норозилик туғилса ва бу бўйича шикоят қилинса, унга юқори турувчи суд инстанциясида қонуний баҳо берилади. Бу бир тарафдан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимояланишини англатса, иккинчи томондан, процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи босқич судлари томонидан қуйи судларда қабул қилинган суд ҳужжатларининг қайта кўриб чиқилишини англатади.

Шу маънода суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш институтини янада такомиллаштириш нафақат процессуал қонунчилик, балки фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ишларни кўришда ўрта бўғин судлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб овора бўлишининг олдини олиш мақсадида шу йил 1 январдан бошлаб, судлар, шу жумладан, маъмурий судларда суд ҳужжати устидан шикоят қилишнинг янги тартиби — ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқиш институти жорий этилди.

Эндиликда тафтиш тартибидаги шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ҳарбий суд томонидан, уларнинг тафтиш тартибида қабул қилган суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлар эса, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан Олий суд раиси ёҳуд Бош прокурор томонидан тафтиш тартибида протест келтирилиши мумкин ва тафтиш тартибидаги ушбу протест Олий суднинг Раёсатида кўпчилик таркибда кўриб чиқилади. 

Қонунчиликда суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари бўйича текшириши белгиланган.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан яна бири ишни апелляция ва кассация тартибида биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриши, юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишидир. Бундай тартиб фуқаро ва юридик шахсларнинг судларга бўлган ишончини янада ошишига хизмат қилади. Чунки бунга қадар биринчи инстанция судлари томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингани ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун юборишга асос бўлар эди. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартиришга кўра, эндиликда биринчи инстанция судлари томонидан мазкур процессуал хатоликка йўл қўйилгани аниқланганда, юқори турувчи судлар ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбормай, ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича апелляция ёки кассация тартибида ишга жалб қилинмаган шахсларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиши мумкин.

Шу ўринда қуйидаги таклифни билдирмоқчиман. Яъни қонунчиликда белгиланган тафтиш тартибида ишни кўриш доирасини янада кенгайтириб, тафтиш инстанциясида ишларни кўришда қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилгани ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари ва янги аниқланган далиллар бўйича текширишнинг аниқ тартиби белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 266-6-моддасида суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилгани ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари бўйича текшириши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг янги таҳрирда баён қилинган 244-моддаси 4-қисми 2-бандида ишнинг суд мажлиси жойи ва вақти тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилгани, 3-бандида суд томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингани биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг ҳар қандай ҳолда бекор қилиниши учун асос бўлиши кўрсатилган.

Шу боис қонунчиликка биринчи инстанция судларида ишни кўришда учинчи шахсларни жалб қилишни мажбурий шарт сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида фуқароларнинг Конституциямизда назарда тутилган суд орқали ҳимояланиш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя этиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишини таъминлаш, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Умида НИШОНОВА,

Наманган вилояти

маъмурий суди судьяси

photo_2024-01-30_15-30-32

СУДЬЯЛАРНИНГ МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ БЎЙИЧА ИХТИСОСЛАШУВИ ФУҚАРОЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШДА МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Албатта, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан усулларидан бири – суд ҳимояси ҳисобланади. Буни судлар томонидан кўриб чиқилган меҳнат низолари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, фуқаролик судларида 2023 йилда меҳнат низоси билан боғлиқ жами 10 минг 794 та фуқаролик иши кўрилиб, 8 минг 967 таси (83 фоиз) бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. Уларнинг 2 минг 644 таси ишга тиклаш, 6 минг 252 таси иш ҳақини ундиришга тегишли бўлган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан анча кўпайган. Биргина Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича судларида 2023 йилда меҳнат низоси бўйича 1 307 та даъво аризаси кўриб чиқилиб, шундан 761 таси қаноатлантирилган. Уларнинг 222 таси ишга тиклаш, 746 таси иш ҳақини ундиришга тегишли.

Ушбу рақамлар ва амалиёт таҳлили, ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларига ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Маълумки, Меҳнат кодексининг 541-моддасида меҳнат низолари тушунчасига шундай таъриф берилган: “Меҳнат низолари бу – иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек, янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир”.

Одатда, иш берувчи ва ҳодим ўртасида меҳнат низоси келиб чиққанида, албатта, иш берувчи томонидан юридик тайёргарликка эга вакил унинг манфаатларини ҳимоя қилади. Шу маънода айтганда, фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни такомиллаштириш, бунда судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш “Инсон қадри учун” ғоясига тўлиқ мос келади.

Бу ҳақда фикр юритганда, 2023 йил 16 январда қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига алоҳида тўхталиш зарур. Чунки ушбу Фармонда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш каби ўта долзарб вазифалар белгиланган.

Қолаверса, ушбу Фармон асосида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди. Унда Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мураккаблигига биноан ихтисослашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Шу ўринда айтиш керакки, меҳнат низоларига ихтисослаштирилган судлар Германия, Финляндия, Буюк Британия, Франция, Австрия, Бельгия, Дания, Люксембург, Испания, Португалия, Швецария, Швеция, Норвегия, Канада, АҚШ каби илғор хорижий давлатларда муваффақият билан фаолият юритмоқда.

Ана шу давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилиб, ушбу ихтисосликдаги судларни мамлакатимизда ҳам жорий этиш ҳақида хулосага келинди.

Агар судларда иш юкламаси кўплиги ҳисобга олинса, меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган профессионал судьялар корпуси бу тоифадаги ишларни қисқа муддатларда, ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқишга катта ҳисса қўшиб, фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ихтиёр Қосимов,

Навоий вилояти суди раиси ўринбосари —

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати раиси

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 73 797 нафар шахсга нисбатан 58 418 та жиноят иши кўриб чиқилди.

1 244 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Судланган шахслар сони 55 763 нафарни ташкил этиб, шундан 17 396 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 37 077 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 290 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 49 297 нафари эркак, 6 466 нафари аёл, 20 922 нафари ёшлар (шу жумладан 1 911 нафари вояга етмаган) ва 2 123 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

7 362 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 33 612 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 286 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 13 522 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

272 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 14 698 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 8 586 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Апелляция тартибида 15 720 нафар шахсга нисбатан 10 843 та жиноят иши кўриб чиқилди. 1 715 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3 556 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 5 855 нафар шахсга нисбатан 5 130 та жиноят иши кўриб чиқилди. 1 143 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 509 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 467 нафар шахсга нисбатан 402 та жиноят иши такроран кўриб чиқилди. 288 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 721 662 нафар шахсга нисбатан 600 966 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

420 188 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда ҳақ  тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 98 659 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, енгил тан жароҳати етказиш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 36 911 нафар шахсга нисбатан 36 185 та иш кўриб тамомланган. Шундан 22 139 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Шу билан бирга транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 30 702 нафар шахсга нисбатан 30 459 та иш кўриб тамомланган. Шундан 29 527 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Апелляция тартибида 13 364 нафар шахсга нисбатан 11 168 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 3 181 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3 195 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 385 нафар шахсга нисбатан 1 248 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 421 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 186 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 23 нафар шахсга нисбатан 22 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш такроран кўриб чиқилди. 22 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

#thegov_button_69ebaa9591bdf { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69ebaa9591bdf:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69ebaa9591bdf { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69ebaa9591bdf:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!