ИЧКИЛИК КАСРИ ФОЖИА БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Хонқа туманидаги “Гулғунча” маҳалласида яшайдиган Қувондиқ Раззоқовнинг хурмача қилиқларини кўпчилик яхши биларди. Айниқса, 2015 йилда қотиллик ва ўғирлик қилмишини содир этганидан сўнг унинг номи отнинг қашқасидек, ҳаммага таниш бўлиб қолганди. Албатта, жиноят жазосиз қолмаган, суднинг ҳукми билан у 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Бироқ орадан кўп ўтмай қонун мурувватига рўбарў келган: унга нисбатан тайинланган жазо муддати ўша кезлари амалда бўлган амнистия актига мувофиқ 4 дан 1 қисмга қисқартирилган. Суднинг кейинги ажримига кўра, жазонинг ўталмай қолган 4 йилу 1 ойи ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Аммо 2020 йил ушбу чора ўрнини 3 йилу 1 ойлик озодликни чеклаш, ўша йилнинг ноябрь ойида эса, муддати 3 йилдан иборат бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси эгаллаган. Бунга маҳкумнинг жазони ўташ даврида содир этган қилмишлари сабаб бўлган.
Шундай бўлса-да, у адолат ва кечиримлилик тамойилидан яна бир марта баҳраманд бўлган. 2021 йил муддатидан 2 йил 7 ой олдин шартли равишда озодликка чиқарилган. Бироқ у бу бағрикенгликдан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётда ўз ўрнини топишни хаёлига ҳам келтирмаган. Ичкиликка берилган. Ароққа ружу қўйган кимсалар билан жамоат жойларида ичкиликбозлик билан шуғулланган, жамиятда қарор топган ахлоқ-одоб меъёрларини менсимаган. Бу сингари куракда турмас қилиқлари учун биргина 2024 йилнинг ўзида 2 марта маъмурий жавобгарликка тортилган.
Афсуски, бундай маъмурий қилмишни 2025 йилнинг февраль ойида яна содир этган. Охир-оқибат жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг қарорига биноан маъмурий назорат остига олинган.
Қ. Раззоқов кейинги жиноий кирдикорини айни шу паллада шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум кимса билан бирга содир этди.
Аниқроқ айтганда, 2025 йилнинг 26 январь куни ўзи яшаётган маҳаллада истиқомат қилувчи Мўмин Қурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг “Лабо” русумли автомашинаси салонидан 8 миллион сўмни ўғирлайди. Бу маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашга ҳам улгурди. Аммо бу ўғирликни у билан бирга амалга оширган шахсни аниқлаш имкони бўлмагани боис жиноят иши қўзғатилмайди.
Бутун маҳаллани даҳшат ва саросимага солган мудҳиш жиноят эса, 2025 йилнинг 28 апрель куни кечқурун рўй беради. Қ. Раззоқов ўша куни маҳалладоши Искандар Ҳайитовни ўз уйига чақиради. Ҳамтовоқлар, одатдагидек, хурмачалари тўлгунча спиртли ичимлик истеъмол қилишади.
Мастлик таъсирида ҳамтовоқларнинг шумғия босган кўнглидаги эски дард-адоват, хусумат кутилмаганда жунбишга келади. Қ. Раззоқовнинг айтишича, “базм” бир жойга борганида, ҳамтовоғи алжиб ҳақорат қилишга тушган. Бундан мастлик домидаги мезбоннинг асаби бузилган ва ўртада даҳанаки жанг бошланган. И. Ҳайитов ўта мастлиги боис рақибига қаршилик кўрсата олмаган. Устунлик мезбон тарафга ўтган. Бир неча дақиқа муқаддам ароқдан бўшаган шиша идиш И. Ҳайитовнинг бошида чил-чил синган. Бунинг оқибатида у ерга қулаб, ҳушини йўқотган. Бу ҳол зўравон мезбон учун айни муддао бўлган. У синган шиша идишнинг кескир парчасини ҳушсиз ётган И. Ҳайитовнинг танига қайта-қайта санчган…
Кейинчалик ўтказилган тиббий экспертиза натижасида шишанинг синиқ бўлаклари билан И. Ҳайитовнинг юз, бўйин, кўкрак ва қорин қисмига 26 марта зарба берилгани маълум бўлди. Аммо бу хунрезлик ҳам кам туюлади, шекилли, Қ. Раззоқов кейинги мудҳиш қилмишини рақибини азоб-уқубат остида узоқ қийнаш мақсадида амалга оширади. Хонтахта устидаги ошхона пичоғини қўлига олиб, И. Ҳайитовнинг танига 22 марта санчади… Маст ҳолатдаги И. Ҳайитов ана шу хунрезликдан сўнг дунёдан кўз юмади.
Шундан сўнг ҳам у тинчимайди, қўшниси Шоназар аканинг уйига бориб, шовқин-сурон кўтаради. Фақат хонадон соҳибининг қатъияти туфайлигина воқеа жойини тарк этишга мажбур бўлади. Мастлик ҳолати эса, шу даражага етганки,чақирув бўйича воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари олдида ҳатто тили калимага келмаган. Пировардида эса, уларни ҳодиса содир бўлган жойга яқин йўлатмасликка уринган.
Қ. Раззоқов тергов ва судлов жараёнида Жиноят кодексининг 97-моддасининг оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдиришга оид 2-қисми “ж”, “р” бандлари, 169-моддасининг хавфли рецидив кирдикорларга доир 3-қисми “а” банди ва маъмурий назорат қоидаларини бузишга тааллуқли 226-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айбга қисман иқрорлик билдирди. Буни қарангки, судда у рўй берган қилмишни ҳамтовоғи, марҳум И. Ҳайитовга тўнкаш пайида бўлди. Фуқаро М. Қурбоновнинг автомашинасидаги пулларни ҳам И. Ҳайитов ўғирлагани, ўз уйидаги фожиа ҳам унинг бежо ҳаракати боис юз берганини таъкидлади.
Аммо ҳаётдан бевақт кўз юмган И. Ҳайитовнинг танига тўмтоқ ва ўткир қиррали жисм билан 48 марта жароҳат етказилгани эса, бу мудҳиш қотиллик Қ. Раззоқов томонидан қасддан ва қилмишни оғирлаштирувчи ҳолатда содир этилгани, бунда айбланувчининг ўзига деярли шикаст етмагани ҳаммасини тўлиқ исботлади.
Ўзининг салкам 50 йиллик умри мобайнида ўта оғир саналган қотиллик жиноятига 2 марта қўл урган шахсни ким деб аташ жоиз?! Суд мажлиси жараёнида бу саволга ҳам жавоб топилди. Бу кимса қасддан одам ўлдириш жиноятини муқаддам ҳам содир этгани, аввалги қилмиши бўйича судланганлик ҳолати тугалланмай туриб, такрорий жиноятга қасддан қўл ургани, уни мастлик ҳолатида амалга оширгани, шу аснода ўғирлик кўчасига киргани ва бошқа талай кирдикорликларнинг бошида тургани — буларнинг бари рецидив тоифасидаги ўта хавфли ҳаракат эканини кўрсатади.
Шунга кўра, Қ. Раззоқовга жазо Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж”, р”, 169-моддаси 3-қисми “а” бандлари ва 226-моддаси 1-қисми талаблари доирасида тайинланди. Судланувчига ҳар учала моддада белгиланган жазоларни бир-бирига қисман қўшган ҳолда 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айни пайтда Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисмига асосан, “ўта хавфли рецидивист” деб топилди. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Жабрланувчи тарафларга Қ. Раззоқов томонидан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш тартиби тушунтирилди.
Албатта, суднинг ушбу ҳукмини адолат ва қонунийлик мезони сифатида эътироф этсак, ўринли бўлади. Бироқ қонун доирасида тайинланган бу жазодан айбланувчи норози бўлиб, жазони енгиллатишни сўради. Аммо ўта оғир жиноят содир этган шахсга енгилроқ жазо жоизмикан? Йўқ, жоиз эмас. Қилмиш юки, қонун талаби мурувватга ҳам, бағрикенглик ва кечиримлиликка ҳам изн бермайди. Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича тафтиш босқичи ҳам шундай хулосага келди. Ҳукм ўз кучида қолдирилди.
Айни пайтда муқаддам оғир ва ўта оғир тарздаги жиноий фаолияти боис элга отнинг қашқасидай маълум бўлиб қолган бу кимсанинг хурмача қилиқлари куни келганида яна қайталанишини у яшаган жойда ҳеч ким хаёлига келтирмагани ҳам равшан тортди. Ҳолбуки, маҳалла жамоатчилиги, ҳуқуқ посбонлари огоҳ бўлганида, эҳтимол, бу мудҳиш жиноят рўй бермасди.
Демак, ҳушёр ва огоҳлик сусайган муҳитда юқорида баён этилгани сингари фожиалар содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Ойбек Маҳмудов,
Хоразм вилояти суди судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист

