Click to listen highlighted text!

ШИФОКОР ХАТОСИМИ ЁКИ ЖИНОИЙ ЭҲТИЁТСИЗЛИК: ЧЕГАРА ҚАЕРДА?

photo_2026-05-26_11-49-46

Маълумки, тиббиёт соҳаси шифокордан нафақат касбий билим ва юксак маҳоратни, балки инсон ҳаёти учун алоҳида масъулиятни ҳам талаб қилади. Аммо оқ халатли нажоткорларнинг ҳар бир ҳаракати ҳам доимо муваффақият билан якунланавермайди. Айрим ҳолларда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида қилинган муолажа кутилмаган фожиага сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Хўш, бундай вазиятларда юз берган салбий оқибатни «тиббий хато» деб баҳолаш керакми ёки бу инсон ҳаёти ва соғлиғига нисбатан лоқайд муносабатнинг кўриниши бўлган «жиноий эҳтиётсизлик»ми? Мазкур мақолада ана шу икки тушунча ўртасидаги ўта нозик ҳуқуқий чегара ҳуқуқ ва ҳақиқат мезонлари асосида таҳлил қилинади.

МАСЪУЛИЯТ ВА ХАВФ: ТИББИЙ-ҲУҚУҚИЙ ПАРАДИГМА

Тиббий хато — бу тиббиёт ходимининг касбий фаолияти жараёнида қасддан бўлмаган адашиши ёки янглиш қарор қабул қилишидир.

Илмий тадқиқотларга кўра, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ташхис қўйиш ва даволаш жараёнидаги хатолар беморга муайян даражада таъсир кўрсатади. Хусусан, айрим маълумотларда қайд этилишича, амбулатор даволаш шароитида беморларда нотўғри ташхис қўйиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Масалан, АҚШда дори терапияси билан боғлиқ хатоликлар оқибатида ҳар йили дунёдан бевақт кўз юмадиганлар сони йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларидан бир неча баробар кўп экани қайд этилган.

Бундай ҳолатлар шифокор ўз вазифасига виждонан ёндашиб, тиббий ёрдамнинг амалдаги стандартларига тўлиқ риоя қилган тақдирда ҳам юз бериши мумкин. Бунда шахс ҳаракатларида айб мавжуд бўлмайди ва жиноий жавобгарлик истисно этилади.

Жиноий эҳтиётсизлик эса, мутлақо бошқа ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.

Бунда тиббиёт ходими белгиланган қоида ва стандартларга бепарво муносабатда бўлади ёки касб вазифаларини талаб даражасида бажармайди. Жиноят кодексининг 116-моддасида айнан шундай қилмишлар учун жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур модда бўйича шахсни айбдор деб топиш учун унинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан келиб чиққан оқибат ўртасида бевосита сабабий боғланиш мавжудлиги тергов ва суд томонидан ишончли далиллар билан исботланиши шарт. Агар салбий оқибат шифокор ҳаракатидан эмас, балки тасодифий омиллар ёки бемор организмининг ўзига хос хусусиятлари натижасида келиб чиққан бўлса, жиноий жавобгарлик юзага келмайди.

Демак, тиббий-ҳуқуқий парадигманинг асосий вазифаси, бир томондан, бемор хавфсизлигини таъминлаш; иккинчи томондан эса, шифокорни асоссиз ҳуқуқий босим остида қолдирмасликдан иборат.

ЖИНОЯТ КВАЛИФИКАЦИЯСИ ВА ҲУҚУҚИЙ МЕЗОНЛАР

Тиббиёт ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда жиноий жавобгарликнинг чегарасини аниқ белгилаб олиш ниҳоятда муҳим. Чунки тиббий фаолиятда юз берган ҳар қандай салбий оқибат ўз-ўзидан жиноят деб баҳоланмайди.

Чунончи, Жиноят кодексининг 116-моддасига кўра, тиббиёт ходимининг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли ўз вазифаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаслиги ёхуд касалга узрсиз сабаб­ларсиз ёрдам кўрсатмаганлиги натижасида беморнинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, шунингдек, ушбу қилмишлар эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлимига сабаб бўлса, жиноий жавобгарликни юзага келтиради. Демак, ушбу норма тиббий амалиётдаги ҳар қандай хатони эмас, балки айбли ва эҳтиётсиз муносабат оқибатида келиб чиққан оғир оқибатларни қамраб олади.

Тиббиёт ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда ҳуқуқшунос олим И. Г. Вермель томонидан илгари сурилган қуйидаги мезонлар муҳим аҳамиятга эга:

– ҳаракатнинг тиббий қоида ва стандартларга зид бўлиши;

– шахс ўз ҳаракатининг хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаши лозим бўлиши;

– ҳаракат ва келиб чиққан оқибат ўртасида бевосита сабабий боғланиш мавжудлиги.

Шу ўринда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида юз берган бир воқеага эътибор қаратсак.

Жиноят иши материалларига кўра, оғир нафас йўллари касаллигига чалинган чақалоққа нисбатан белгиланган тиббий стандартлар тўлиқ бажарилмаган, беморнинг аҳволи етарли баҳоланмаган ва шифохонага ётқизиш масаласи лозим даражада ташкил этилмаган. Оқибатда бемор реанимация бўлимида вафот этган.

Судда судланувчилар ўз ҳаракатларини тиббий стандартларга мувофиқ деб кўрсатган бўлсада, суд-тиббий экспертизаси шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда норматив талабларга тўлиқ риоя этилмаганини тасдиқлади.

Мазкур ҳолат тиббий хато билан жиноий эҳтиётсизлик ўртасидаги чегара амалда нақадар нозик эканини кўрсатади. Шу боис, бундай ишларни ҳуқуқий баҳолашда асосий эътибор тиббиёт ходимининг касбий стандартларга риоя қилгани, унинг ҳаракатларида айб мавжудлиги ва оқибат билан бевосита сабабий боғланиш бор-йўқлигига қаратилиши лозим.

Демак, тиббий-ҳуқуқий баҳолашнинг асосий вазифаси, бир томондан, шифокорни асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилиш; иккинчи томондан эса, бемор ҳаёти ва соғлиғини самарали ҳуқуқий муҳофаза этиш ўртасида адолатли мувозанатни таъминлашдан иборат.

ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД АЙРИМ ТАКЛИФЛАР

Тиббий фаолиятда жиноий жавобгарлик масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва адолатли ҳал этиш амалиёти шуни кўрсатадики, амалда тиббий хато билан жиноий эҳтиётсизлик ўртасидаги чегарани аниқ белгилаш ҳар доим ҳам осон эмас. Шу боис, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Биринчидан, Жиноят кодексининг 116-моддасида “касб вазифаларини лозим даражада бажармаслик” тушунчасининг норматив мазмунини аниқлаштириш зарур. Хусусан, ушбу тушунча қайси ҳолатларда қасд, қайси ҳолатларда эҳтиётсизлик мавжудлигини фарқлашга хизмат қиладиган мезонлар билан тўлдирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчидан, тиббий стандартлар ва клиник протоколларнинг ҳуқуқий аҳамиятини янада аниқ белгилаш, уларнинг суд-ҳуқуқ амалиётида мажбурий мезон сифатида қўлланилишини мустаҳкамлаш зарур. Бу тиббий қарорларнинг баҳоланишида субъектив ёндашувларни камайтиришга хизмат қилади.

Учинчидан, тиббиёт ходимларини жиноий жавобгарликка тортишда “тиббий хато”, “касбий таваккалчилик” ва “объектив тиббий мураккаблик” каби тушунчаларни ҳуқуқий жиҳатдан инобатга олиш механизмини такомиллаштириш асоссиз жиноий таъқибнинг олдини олишга хизмат қилади.

Тўртинчидан, тиббий фаолият билан боғлиқ жиноят ишларида комплекс суд-тиббий экспертизасининг роли ва процессуал аҳамиятини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Чунки сабабий боғланишни аниқлашда айнан экспертиза хулосалари ҳал қилувчи ўрин тутади.

Бешинчидан, тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимига ўтказиш талаб қилинади. Бу жабрланувчига етказилган зарарни тезкорлик билан қоплаш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтганда, судьянинг масъулияти айбланувчи, жабрланувчи ва жамият манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлашдан иборатдир. Бир томондан, касбий вазифаларни бажариш жараёнида хатога йўл қўйган тиббиёт ходимининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши лозим бўлса; иккинчи томондан, саломатлигига зарар етган жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш зарур. Шу билан бирга, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши шарт.

Тиббиётнинг асл моҳияти инсон ҳаётини асраш ва унинг сифатини яхшилашдан иборат. Жиноий жавобгарлик институтининг мақсади эса — тиббиёт ходимини жазолаш эмас, балки касбий масъулиятни мустаҳкамлаш, лоқайдлик ва эҳтиётсизликка чек қўйиш ҳамда мутахассисларни ўз фаолиятига янада виждонан ёндашишга ундашдан иборат.

Зеро, тиббий хато билан жиноий эҳтиётсизлик ўртасидаги ҳуқуқий чегара қанчалик аниқ ва адолатли белгиланса, тиббиёт тизимининг барқарорлиги ҳам, жамиятнинг бу соҳага нисбатан ҳуқуқий ишончи ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Хайруллохон Камолов,

жиноят ишлари бўйича

Чирчиқ шаҳар суди раиси

#thegov_button_6a15e9449597c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a15e9449597c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a15e9449597c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a15e9449597c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!