Click to listen highlighted text!

ВАЗИФАГА СОВУҚҚОН МУНОСАБАТ КУТИЛМАГАН ФОЖИАГА САБАБ БЎЛДИ

photo_2025-03-11_15-42-10

Бу ҳаётда ҳар бир киши, аввало, ўз касбига меҳру садоқати, зиммасидаги бурч ва вазифаларни виждонан бажариши, интилувчанлиги ҳамда фидойилиги боис обрў-эътибор қозонади. Айниқса, ҳаётда шифокорлар зиммасига одамларнинг соғлиғини тиклаш, бемор кишининг дардига шифо топиш билан боғлиқ катта масъулият юклатилган.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, замонавий ва барча қулайликларга эга бинолар, зарур тиббий асбоб-анжомлари ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш, “Тез тиббий ёрдам” сифатини ошириш билан бирга тезкорлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Халқимиз эса, оқ халатли саломатлик поспонларига ҳар доим иззат-икром кўрсатади.

Тўғри-да, кутилмаган дарддан бош ёстиққа текканда ёки касалнинг иситмаси ошкор бўлганида шифокордан нажот топамиз. Юртимизнинг барча вилоятлари, туман-шаҳарлари ва қишлоқларида ушбу шарафли касб ортидан обрў қозонаётган, эътибор топаётган минг-минглаб шифокорлар бор.

Аммо шифокорнинг оғир аҳволдаги беморга эътиборсизлиги, вазифасига совуққон муносабатда бўлиши ўнглаб бўлмас хатони келтириб чиқариши мумкин.

Манзура (исм-шарифлар ўзгартирилган) опанинг келини Аминанинг дарди кутилмаганда қўзғалиб қолади. 2023 йил 24 август куни кундузи соат ўн тўртдан қирқ дақиқа ўтган эди. Уйдагилар ўзларига тегишли автомашинада Аминани яшаш ҳудудидаги туғруқ бўлимига олиб келишади. Шифокор О. Раббимқулов беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Аёлнинг аҳволи оғир, уни реанимация бўлимига ётқизиш керак эди. Бироқ ушбу туғруқхонада реанимация бўлими йўқ.

Шу боис шифокор О. Раббимқулов туман перинатал маркази директорига қўнғироқ қилади.Бешинчи фарзандига ҳомиладор, оғир аҳволдаги беморни олиб бораётгани, у зудлик билан операция қилиниши зарурлиги тўғрисида хабар беради.

Қисқаси, Амина Ўроқова ҳамшира ва доя назоратида Ургут туман перинатал маркази қабул бўлимига соат ўн бешдан ўн тўққиз дақиқа ўтганда олиб борилади. “Оғир преклампсия” ташхиси қўйилган аёлни туғруқ бўлимига ётқизишади, уни навбатчи шифокор М. Шокиров кўрикдан ўтказади. Шифокор тавсия этган дориларни Манзура опа дорихонадан тезда олиб келади.

Аммо орадан икки соатдан зиёд вақт ўтса-да, оғир аҳволда ётган аёлдан ҳеч ким хабар олмайди. Ниҳоят, соат ўн еттию ўттизларда жарроҳлик амалиёти ўтказишга киришилади. Бироқ энди вақт ўтган эди…

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, туман тиббиёт бирлашмаси навбатчи акушер-гинекологи М. Шокировнинг хизмат вазифасига беморлар, ҳомиладор ва фарзанд кўрган аёлларга юқори малакали ёрдам кўрсатиш, талаб даражаси бўйича лаборатория таҳлили, даволаш, ташхис қўйиш, бўлимга ётқизилганларни даволаш, беморнинг аҳволи оғирлашса, бўлим мудири, шунингдек, бирлашма раҳбари ёки ўринбосарларини бу фавқулодда ҳолатдан хабардор этиш сингари вазифалар киради.

Лекин М. Шокиров ўша куни ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажармаган: А. Ўроқовага биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, беморни реанимация бўлимига жойлаштириб, диагностик текширувдан ўтказиш чорасини кўрмаган. Оқибатда “оғир преклампсия”, яъни “оғир шикаст” тан жароҳати кўринишидаги асорат натижасида бемор вафот этган.

Бундан ҳам ёмони шундаки, аянчли воқеа содир бўлгач, судланувчи М. Шокиров жиноий жавобгарликдан қутулиш чораларини излашга тушади: расмий ҳужжат ҳисобланган А. Ўроқова номига очилган туғруқ баённомасига бемор бўлимга 2023 йил 24 август куни кеч соат ўн еттидан беш дақиқа ўтганда келгани, ўн еттидан ўн дақиқа ўтганида унда биологик ўлим содир бўлганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритиб, ҳужжатни қалбакилаштиради.

Судланувчи М. Шокировнинг юқорида қайд этилган айблари суд мажлисида тўлиқ ўз тасдиғини топди. Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи М. Шокировнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Суд муҳокамаси чоғида М. Шокиров айби йўқлиги ҳақида қатор важларни келтириб, кўрсатма берди. Суд судланувчининг кўрсатмаларини атрофлича таҳлил қилиб, жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида, ўйлаб топилган, бирор тайин асосларга эга бўлмаган важлар сифатида баҳолади.

Шу ўринда судланувчининг важлари асоссиз ва ўринсизлигини яна далиллаш жоиз кўринади. Агар уларга батафсил тўхталадиган бўлсак, ҳомиладор аёлга «оғир преклампсия» ташхиси қўйилганининг ўзи унинг аҳволи оғир эканлигидан далолат беради. Ана шундай оғир аҳволдаги беморни икки соатга яқин вақт давомида қаровсиз қолдирганлиги М. Шокировнинг ўз касбига нисбатан совуқ муносабатда бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари шифокор О. Раббимқулов А. Ўроқованинг соғлиғи ёмонлашгани — аҳволи оғир эканлигини билгани ҳолда, зудлик билан уни операция қилиб, ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, туман Тиббиёт бирлашмаси давлат муассасасига юбориш чорасини кўрган. Юқорида қайд этилганидек, бу ҳақда хабар ҳам берган.

Шунингдек, гувоҳ Ш. Абдуқаҳҳорованинг судда кўрсатма беришича, у тиббий текширувдан ўтказаётганида А. Ўроқова ниҳоятда безовта бўлган: оғриқдан ўзини ҳар тарафга ташлайвергач, ҳатто фаррошдан уни ушлаб туришни илтимос қилган ва текширув­ни қийинчилик билан охирига етказган. Навбатчи шифокорларни ёрдамга чақириб, беморнинг аҳволи оғир экани, зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтган.

Ушбу кўрсатмаларнинг барчаси шифокор М. Шокиров бемор А. Ўроқованинг соғлиғи ҳолати оғирлигини тўлиқ билгани ҳолда, унга ўз вақтида зарур малакали тиббий ёрдам кўрсатмаганини асослайди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиқди. М. Шокировнинг касбига нисбатан бепарволиги, совуққонлик билан муносабатда бўлиши оқибатида фожиа рўй берган.

Биринчи босқич суди М. Шокировни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди. Суд ҳукми билан М. Шокиров Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан, бир йил муддатга тиббиёт тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ёши, оилавий аҳволи, тўрт нафар фарзанди борлиги инобатга олиниб, унга нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг манфаатлари ва ҳуқуқлари қонун билан қўриқланади. Қонун эса, ўз вазифасига совуққон ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлганларни асло кечирмайди.

Фаррух САМАТОВ,

Самарқанд вилояти суди

жиноят ишлари бўйича судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист

#thegov_button_67d360914aa6b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d360914aa6b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d360914aa6b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67d360914aa6b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!