МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ СУДЛАР ТОМОНИДАН КАФОЛАТЛИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани қатъий белгиланган.
Буларни таъкидлашдан мақсад шуки, ушбу конституциявий қоидаларнинг амалий ижросини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин тутади. Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича аппеляция инстанциясида Хонқа туман Тиббиёт бирлашмасида юзага келган меҳнат билан боғлиқ низо адолатли ечим топгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Шулардан бири 2007 йилнинг сентябрь ойидан то 2023 йилнинг март ойигача Хонқа тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимида навбатчи лаборант вазифасида ишлаб келган Нигора Ниёздурдиева (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2023 йили кутилмаган ноҳақликка дуч келди.
Аниқроқ айтганда, у бирлашма раҳбари томонидан ўша йилнинг 13 март санасида имзоланган 1417-12-175-ТВ/2023/1/231-сонли буйруққа асосан, қарийб 16 йил фаолият юритиб келган ишидан бўшатилди. Яъни меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди ва 89-моддасига биноан, бекор қилинди.
Табиийки, Н. Ниёздурдиева бундан норози бўлиб, судга мурожаат қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, унинг ҳуқуқлари қайта тикланди.
Бирлашма раҳбари зиммасига ҳуқуқлари бузилган фуқарони ўз вазифасига қайта таклаш, унинг фойдасига мажбуран ишсиз қолган давр учун жами 14,4 миллион сўм миқдорида пул (маош маблағи) ундириш, шунингдек, 10 миллион сўмлик бошқа зарарларни қоплаш мажбурияти юклатилди.
Бир қарашда, адолат қарор топгандек туюлади. Аммо бирлашма мутасаддилари суднинг ҳал қилув қарорини номигагина ижросини таъминлашди. Даставвал ходимга узоқ йиллар мобайнида фаолият юритган ишини эмас, балки суд қарорида кўзда тутилмаган бошқа вазифани таклиф этишди. Табиийки, ходим бу таклифни рад этди.
Албатта, суднинг ҳал қилув қарори ижроси билан муҳим. Бирлашма раҳбари буни билса-да, номигагина иш тутди. Суд қарорининг даъвогарни аввалги ишига қайта тиклашга оид қисмини ижро этиш юзасидан 2023 йил 16 августда 1679-12-175-ТВ/2023/1/654-сонли буйруқни имзолади. Н. Ниёздурдиева 2023 йилнинг 13 марти ёки ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан эътиборан бирлашманинг болалар бўлими лаборанти вазифасига қайта тайинланди. Бироқ бу, юқорида айтилганидек, қоғоздагина қайд этилди. Ходимнинг айтишича, уни узоқ йиллар мобайнида машғул бўлиб келган ишига тайинлашмаган.
Буни қарангки, орадан кўп ўтмай бундан-да ғалати воқеа юз беради. Иш берувчининг 2023 йил 15 декабрдаги 2446-12-175-ТВ/2023/1/1349сонли буйруғига асосан, Н. Ниёздурдиева бир йилда иккинчи марта меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш орқали ўз хизмат вазифасидан озод қилинади. Ушбу буйруққа Н. Ниёздурдиеванинг лавозими штатлар бирлигида кўрсатилмагани ва янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни хоҳламагани асос қилиб олинади.
Бунинг оқибатида Н. Ниёздурдиева ҳуқуқларини тиклашни сўраб, яна судга мурожаат қилади. Бироқ биринчи босқич суди унинг талабини қаноатлантирмайди, ишга қайта тиклаш ҳақидаги даъво аризасини рад этади.
Шундан сўнг Н. Ниёздурдиева Хоразм вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига мурожаат қилади. Апелляция ҳайъати, ўз навбатида, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори билан келишмади. Аниқроғи, апелляция инстанцияси эътиборни дастлабки босқич суди тарафидан чиқарилган ҳал қилув қарорининг амалдаги ижросига қаратди. Суднинг қарори иш берувчи томонидан ўта юзаки бажарилгани, Н. Ниёздурдиевани болалар бўлими навбатчи лаборанти вазифасига амалда тикламай туриб, унга янги иш ўрни таклиф қилингани қонунга зид ҳаракат сифатида баҳоланди. Буни назарда тутса, Н. Ниёздурдиева ўз ишини янги меҳнат шартлари асосида давом эттиришни рад қилгани қонуний ва асосли ҳисобланади.
Бунинг устига, иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 137-моддаси қайси бандига асосан бекор қилингани ҳам қайд этилмаган. Бундай ҳолатда меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш ҳақидаги буйруқни асосли деб бўлмайди. Аслида, иш берувчи даставвал суд қарорини ижро этиши, ходимни ўз вазифасига қайтариши, кейин эса ўзга вазифани таклиф қилиши лозим бўлгани, яъни қонун талабини, амалда бажармаганини яна бир марта эслатиб ўтиш жоиз.
Баён этилгани каби, Нигора Ниёздурдиеванинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ низо адолатли якун топди. Апелляция инстанцияси Н. Ниёздурдиеванинг Меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш ва эгаллаб келган вазифасидан озод этиш бўйича Хонқа тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг 2023 йил 15 декабрдаги 2446-12-175-ТВ/2023/1/1349-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди ва бекор қилди.
Даъвогарнинг талаби қаноатлантирилди. У аввалги лавозимига тикланди.
Буларнинг бари адолат, ҳақиқат ва қонунийлик йўли юртимизда доимо очиқ эканлигига яққол далил, албатта.
Зафарбек СУЛТОНОВ,
Хоразм вилояти суди
фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси,
Абдулла СОБИРОВ, журналист