Click to listen highlighted text!

ТОВЛАМАЧИ «ОШИҚ» ЁХУД НОЖЎЯ ҚАДАМ ТАШЛАШ ОҚИБАТИ

photo_2024-07-22_15-31-35

Бугунги кунда ахборот технологиялари юксак даражада ривожланди, ҳозир одамлар ўз ҳаётини интернетсиз тасаввур ҳам қилолмайди. Албатта, бу жараённинг жуда кўп қулай ва афзалликлари бор. Аммо ахборот технологиялари ютуқларидан ҳамма ҳам бирдек эзгу мақсад йўлида фойдаланмайди, аксинча, бу қулайликлардан ғаразли ниятда фойдаланишни кўзлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Қуйидаги воқеа тафсилоти ана шу ҳақида.

Хонқа туманида яшовчи Маҳмуд Омонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2020 йили хорижда ишлаётган чоғида Интернет тармоғидаги Телеграм-канали орқали Беруний туманида истиқомат қилувчи Нодира Қодирова билан танишиб қолади. Дастлаб оддий мулоқотдан бошланган танишув орадан кўп вақт ўтмасдан қуюқлашиб, севги-муҳаббат муносабатларига айланади.

Н. Қодированинг М. Омоновдан тўрт ёш катта экани, бунинг устига оиласидан ажрашгани ўртадаги муносабатларга тўсиқ бўлиши мумкин эди.

Аммо М. Омонов бунга эътибор ҳам бермайди, аксинча, муҳаббати орадаги ғовлардан устун эканини таъкидлайди. Бундай жўмардликдан боши осмонга етган Н. Қодирова уни уйига таклиф этади. Бу таклиф М. Омоновга ҳам маъқул тушади ва у тез орада хориждан қайтади. Шундан сўнг у Н. Қодированинг уйига танда қўйиб қолади. Табиийки, бундай узлуксиз “учрашув”лар оқибатида ўртадаги муносабатлар янада қуюқ тортади. Аммо орадан кўп ўтмай бошқа бир муаммо пайдо бўлади-ю, ўртадаги муносабатларга дарз кетади.

Гап шундаки, М. Омоновнинг ота­онаси уйлантириш тараддудига тушишгач, у икки ўт орасида қолади. Чунки ота-онанинг раъйини қайтариб бўлмайди, иккинчи томондан, Н. Қодировадан воз кечишнинг оқибати бундан-да катта можарони келтириб чиқариши тайин. Бунинг устига берунийлик “келин” билан ўрталаридаги сирнинг ошкор этилиши йигитнинг номини бадном этиши турган гап. Дарҳақиқат, ўйламай ташланган қадамнинг оқибати оғир ва асоратли кечмаслигига кафолат йўқ. Бунинг амалдаги ифодаси тез орада намоён бўлади.

М. Омоновнинг бошқа қизга унаштирилаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, Н. Қодирова қаттиқ жазавага тушади. У тутоққанча “ота-онангнинг олдига бориб, маҳалла раиси ва профилактика инспекторини чақираман. Бор ҳақиқатни айтиб, тўйингни бузаман, бутун элга шарманда қиламан, ножўя ҳолатдаги видео тасвирларингни интернет тармоғига жойлайман” дея ўдағайлади. Сўнгра “ҳомиладор” эканини ҳам пеш қилади. Бундай таҳдидлардан М. Омонов қаттиқ қўрқувга тушади ва аёлдан “Нима қилсам сендан қутуламан?” деб сўрайди.

Бунга жавобан Н. Қодирова нақд 200 миллион сўм берса, ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтади. Аммо М. Омонов бундай катта миқдордаги маблағни беришга имкони йўқлигини маълум қилади. Бундан жаҳли чиққан Н. Қодирова М. Омоновнинг отаси Каримбой Ҳожиевга телефон қилиб, ўзи билан ўғли ўртасида “олди-берди” борлигини билдиради. Бу гапни эшитиб, эсанкираб қолган ота дарҳол Н. Қодированинг олдига етиб келади. Аёл ундан М. Омоновнинг 200 миллион сўмлик қарзини тўлашни талаб қилади.

Иложсиз қолган ота унга 10 миллион сўм беришга мажбур бўлади. Лекин Н. Қодирова бунга кўнмайди ва М. Омоновга таҳдид қилишда давом этади.

Ўзаро келишувга кўра, ўтган йилнинг 9 апрель куни М. Омонов ва Н. Қодирова Урганч шаҳридаги “Тўмарис-Нур” гипермаркети биноси олдида учрашишади. М. Омонов Н. Қодировага 9 минг АҚШ доллари ва 1 миллион сўм беради. Н. Қодирова пулни санаётганда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд Н. Қодировани Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан айбдор деб топиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Халқимиз доно, оқила, ҳаёли, иффатли, ҳалол ва пок фазилатли аёлларни бошига кўтаради, азиз ва мукаррам хилқатга менгзайди. Улар орасида ўзининг намунали хулқ-атвори, садоқат ва матонати, жасорати, фидоийлиги, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги, фарзанд ва оиласеварлиги билан бутун элга довруғ таратаётган, ном қозонаётганлар жуда кўп. Афсуски, ҳаётда баъзан аёллик шаънини топтаётган, макру ҳийла орқали ўзгалар йўлига тузоқ қўяётган, ҳаётига рахна солаётган кимсалар ҳам учраб туради. Товламачилик жиноятига қўл урган Н. Қодирова ҳам ўз қилмиши билан аёллик шаънига доғ туширди.

Шу ўринда жарбланувчига айланган М. Омоновнинг тутган йўлини ҳам оқлаб бўлмаслигини таъкидлаш жоиз. Чунки у бошиданоқ ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилиб, нопок йўлга кирмаганда, бу ташвишларга гирфтор бўлмасди. Бу эса, ўз навбатида, ҳалоллик, ҳаё, садоқат ва ор-номус каби инсоний туйғуларнинг нақадар юксак экани, беҳаёлик, қинғирлик ва баднафслик охир-оқибат кишини бадном этишини кўрсатади. Бинобарин, бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Муродбек ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар судининг раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

#thegov_button_673fe33176ae8 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_673fe33176ae8:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_673fe33176ae8 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_673fe33176ae8:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!