Click to listen highlighted text!

БЕБОШ ЎҒИЛ ОТА УЙИГА ЎТ ҚЎЙДИ

photo_2024-07-12_13-51-31

Учкўприк туманида яшовчи Шоҳсанам Нормирзаева (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2020 йилда оилавий келишмовчилик туфайли турмуш ўртоғи билан аразлашиб, ота уйига қайтиб келади. Ўша пайтда хонадонда отаси Валижон Латипов ва укаси Воҳиджон Нормирзаев оиласи билан истиқомат қилишарди. Аммо кўп ўтмай опа-ука ўртасида можаро келиб чиқади.

Бу жанжалга хонадон соҳиби Валижон ака ҳам қўшилади. Аниқроғи, у қизининг тарафини олади. Оқибатда Воҳиджон отаси ва опаси билан аразлашиб қолади. 

Афсуски, шундан сўнг орадан 3 йил ўтса ҳам ота-бола ўртасига тушган совуқчилик аримайди. Иккала тараф ҳам ўзиникини маъқуллаб юраверади. Аҳвол шу даражага борадики, 2023 йилда ўғил оиласини олиб, ҳовлидан чиқиб кетади. Яъни, В. Нормирзаев Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшай бош­лайди. 2024 йил 4 январь куни эса жиноят юз беради.

Ўша куни соат 11:30 ларда Воҳиджон ота уйига келади. 

– Ҳовлига келсам, отам янги қурилаётган иморат олдига сигирнинг гўнгини тўплаб қўйибди, – деди у суд мажлисидаги кўрсатмасида. – Мен гўнгни олиб, томорқа ерга чиқариб ташладим. Лекин отам кўчага чиқариб ташлашимни айтиб, бақир-чақир қилди. Шунинг учун жанжаллашиб қолдик.

Хуллас, ота-бола жанжаллаша бош­лагач, қўни-қўшнилар ажратиб қўйишади. Аммо ўғилнинг алами барибир босилмайди. Оқибатда унинг кўнг­лида мудҳиш режа пайдо бўлади. У режасини амалга ошириш учун қоронғу тушишини пойлаб, кунни кеч қилади. Орада қўшни қишлоққа бориб, танишидан 10 литр бензин олиб қайтади.  

Кечқурун – соат 19:30 ларда отаси, опаси ва холаси ичкари уйда суҳбатлашиб ўтирган пайтда В. Нормирзаев қўшни хоналарга ва айвонга бензин сепиб, уйни ёқиб юборади. Сўнг кўчага чиқиб, телефон орқали аммасининг ўғлига уйга ўт қўйгани ҳақида хабар беради. 

Бир зумда уйни аланга қоплайди. Ҳатто тилсиз ёв – ёнғин қўшни ҳовлиларнинг иморатларига ҳам яқинлашади. Маҳаллада қий-чув, бақир-чақир бошланади. Шу онда қўшнилардан бири туман фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар беради.

Яхшиямки, ФВБ ходимлари етиб келиб, аввало, оловнинг қўшни хонадонларига ўтишини тўхтатишади. Кейин ёнғинни буткул ўчиришади.

Соат 21:00 ларда эса бебош ўғилни ИИБ ходимлари чақиртиришади.

Шундан кейин мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. “Дискон Инвест” масъулияти чекланган жамиятининг 2024 йил 12 январдаги 18-сонли баҳолаш хулосасига мувофиқ, В. Нормирзаевнинг отаси В. Латиповга тегишли турар жой бино-иншоотларига 49 137 000 сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги аён бўлади.

Воҳиджон Нормирзаевнинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Шунингдек, судланувчидан отасига етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Аброржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Учкўприк туман суди раиси

#thegov_button_6733e61d632bf { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6733e61d632bf:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6733e61d632bf { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6733e61d632bf:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!