КОРПОРАТИВ ҲУҚУҚЛАРНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: МУАММО ВА ЕЧИМ
Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иштирокчилик асосидаги бизнесни ташкил этиш ва юритиш, корпоратив муносабат субъектларининг ҳуқуқларини амалга ошириш, ҳимоя қилиш, уларнинг жавобгарлиги чегараларини белгилаш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, корпоратив бошқарувга эга хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти ва улар билан муносабатда бўлган кредиторларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу иштирокчининг (шу жумладан, улуш эгасининг) ҳуқуқни амалга ошириш жараёнидаги тўсиқларни бартараф этиш, бузилган корпоратив ҳуқуқларини тиклаш, ҳуқуқи бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш, ҳуқуқбузарликнинг туридан (маъмурий, жиноий, фуқаровий) келиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш ҳамда корпоратив ҳуқуқлар бузилишининг олдини олишга қаратилган юридик хатти-ҳаракатлар мажмуи ҳисобланади. Албатта, масъулияти чекланган жамият иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин тутади. Чунки корпоратив низолар вужудга келганда иштирокчилар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш энг самарали усул саналади. Бироқ бугунги суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, масъулияти чекланган жамият иштирокчиларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд.
Шулардан бири масъулияти чекланган жамият уставини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида талаб бўйича иқтисодий судлар томонидан турли асослар билан иш юритиш тугатилиб келинаётганидир. Масалан, “Betiz universal servis” масъулияти чекланган жамиятининг “Ko’rkam qurilish” масъулияти чекланган жамияти ва “Kelajakka qadam” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ва уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш бўйича қабул қилинган ажримда устав ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи ҳужжат ҳисобланмаслиги сабабли ушбу низо иқтисодий судга тааллуқли эмас, деб иш юритиш тугатилган. Шунингдек, “Buxorota’mirloyiha” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси М. Аҳмедовнинг “Buxorota’mirloyiha” масъулияти чекланган жамияти уставининг 9.1.-бандини қисман ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъвоси бўйича қўзғатилган иш бўйича апелляция инстанцияси судининг қарорида қонунчилик ҳужжатларида жамият устави юзасидан низолашиш назарда тутилмагани тўғрисидаги асос билан ушбу талаб мазмунан кўриб чиқилмаган.
Бундан ташқари “Заркон” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси Х. Хўжаеванинг 2023 йил 27 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарори ва 2023 йил 25 сентябрдаги янги таҳрирдаги уставини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишда ҳам умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб мазмунан кўриб чиқилиб, уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритиш тугатилган. Бу каби ҳолатни Ш. Шодиевнинг “33-автокорхона” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2020 йил 10 декабрдаги 14-сонли умумий йиғилиши баёни, 2020 йил 11 декабрдаги янги таҳрирдаги устави, 2020 йил 10 декабрдаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ва Б. Тошевни таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни кўриб чиқиш жараёнида ҳам кўриш мумкин. Аниқроғи, суд томонидан уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритиш тугатилиб, даъво аризасидаги талабларнинг қолган барчаси мазмунан кўриб чиқилган.
Бунинг оқибатида жамият уставидаги қонунга зид бўлган айрим бандларни суд орқали низолашиш имконияти йўқотилмоқда.
Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, амалиётда уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб мазмунан ҳал қилинган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Фикримизча, масъулияти чекланган жамият устави юзасидан низолашиш корпоратив низо сифатида қуйидагиларга асосан иқтисодий судларда кўриб чиқилиши лозим:
1. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасига асосан ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
2. Иқтисодий процессуал кодексга 2023 йил 26 апрелда киритилган ўзгартиришларга асосан, иш иқтисодий, фуқаролик ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмасагина иш юритишдан тугатилади.
Олий суд Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 22-бандига кўра, Иқтисодий процессуал кодексининг 110-моддаси 1-бандига мувофиқ, агар иш иқтисодий суд, фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий судда кўриш учун тааллуқли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Яъни иш судларнинг эмас, балки бошқа органларнинг (масалан, ҳокимлик, нотариус ва бошқалар) ваколатига тегишли бўлганда, шунингдек, билдирилган талаб ҳуқуқни ҳимоя қилишга қаратилмаган тақдирда иқтисодий суд иш юритишни юқоридаги асосга кўра, тугатади, дея тушунтириш берилган. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, устав юзасидан низолашиш бошқа органнинг ваколатига кирмайди, шунингдек, устав ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш орқали ҳуқуқни ҳимоя қилишга эришилади.
3. Аксарият хорижий давлатларда устав (унинг алоҳида қисмлари)ни ҳақиқий эмас, деб топиш арбитраж ва хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади. Бундай тоифадаги ишларнинг аксарият қисмини масъулияти чекланган жамият уставидаги иштирокчиларнинг улушларини бошқариш (тасарруф этиш), шунингдек, масъулияти чекланган жамиятдан чиқиш шартлари ва тартибини белгиловчи бандлар ташкил этади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида” қарорига устав (унинг алоҳида бандлари) юзасидан низолашиш иқтисодий судларга тааллуқлилиги тўғрисида ўзгартириш киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ушбу ўзгартиш судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш билан бирга тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаши шубҳасиз.
Мақсудбек Саидов,
Ғиждувон туманлараро
иқтисодий суди судьяси