ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ ИНСТИТУТИНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЛАБЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Маълумки, суд амалиётида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга оширишда даъвони таъминлаш институти ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, даъво нима? Уни таъминлашнинг усуллари нималардан иборат?
Аввало шуни айтиш керакки, даъво – бузилган ҳақ-ҳуқуқни талаб қилиш ёки уни ҳимоя этиш ҳақида судга қилинадиган мурожаатдир. Даъвогарнинг талаблари жавобгар тарафидан ихтиёрий бажарилмаслиги даъвонинг асосий шарти саналади.
Таъкидлаш лозимки, баъзан даъво қаноатлантирилган қарорни ижро этиш жуда қийин ёки имконсиз бўлиши мумкин. Бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликда даъвони таъминлаш институти жорий этилган.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 105-моддасига асосан, суд даъвони таъминлаш чораларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси ёки ўз ташаббуси билан кўриши мумкин. Агар даъво давлат фойдасига мулкий ундирувлар билан боғлиқ бўлса, суд уни таъминлаш чораларини кўриши шарт. Бунга суд процессининг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Айтиш керакки, даъвони таъминлашнинг бир нечта усуллари мавжуд.
Аниқроқ айтганда, Фуқаролик процессуал кодексининг 106-моддасига кўра, жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулкни ёхуд пул маблағларини хатлаш, жавобгар муайян ҳаракатларни амалга оширишини ҳамда бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш мумкин. Мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида даъво қилинган тақдирда, уни реализация қилишни тўхтатиш, қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашаётган бўлса ва агар бунга қонун йўл қўйса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш ҳам шулар жумласидандир.
Шунингдек, низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш, низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш ҳам мумкин. Суд зарур ҳолларда даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни ҳам кўради.
Юқоридаги қоидаларга биноан, судья мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, даъвони таъминлаш мақсадида низоли мулкка нисбатан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида ажрим чиқариши ва унинг нусхасини Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимига юбориши лозим. Ушбу тартиб Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида”ги 13-сонли қарори 8-бандида белгиланган.
Бундан ташқари даъвони таъминлаш чоралари арз қилинган талабга мутаносиб бўлиши керак. Суд зарур ҳолларда даъвони таъминлаш чорасининг бир нечта турини қўллаши мумкин. Лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги шарт.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судья томонидан ариза келиб тушган куниёқ жавобгар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал этилади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 108-моддасига мувофиқ, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириши мумкин. Айни масала ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ бу шахсларнинг келмагани даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Шу ўринда яна айтиб ўтиш керакки, даъво рад қилинса, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар сақланиб қолади. Аммо суд даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки у қабул қилинганидан сўнг ажрим чиқариши мумкин. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлаб қолади. Бошқа тоифадаги ишлар сингари даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Лекин бу чиқарилган ажримнинг ижросини тўхтатиб туриш учун асос бўлмайди.
Хуллас, даъвони таъминлашнинг бундай тартиби инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш баробарида одил судлов сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади.
Бобир ИСЛАМОВ,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси