УНДИРИЛГАН СУҒУРТА ПУЛИ: МУЛКИ ЁНИБ КЕТГАН ТАДБИРКОРГА СУҒУРТА ТАШКИЛОТИ ЭМАС, СУД ЁРДАМ БЕРДИ
Суғурта полисини қўлга олар эканмиз, турли хил нохуш вазиятларга тушиб қолганда, шу суғурта ташкилоти кўмакка келишига ишонамиз. Тўғри, мол-мулки, соғлиғига зарар етаётган кишиларнинг кўпчилигига суғурта пули тўлаб берилади. Лекин баъзан суғурта пулини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб туради…
Бекобод туманида яшовчи Сафарой Бердиева “Мis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи (тикув цехи)ни 2021 йилда ташкил этган. Тадбиркор аёл тикувчилик, тўқилган ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.
Корхона давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Бугунги кунда С. Бердиева Бекобод туманида кооперация асосида 100 нафар қишлоқ аёлини иш билан таъминлаган. Бундан ташқари шароити оғир ва ногиронлиги бўлган аёлларнинг уйларига тикув машиналари ва ярим тайёр маҳсулотлар етказиб бериб, уларни даромадли меҳнат билан таъминламоқда.
Тадбиркор аёл тайёр маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки бошқа давлатларга экспорт қилиш мақсадида фаолият юритаётган эди.
Афсуски, ўтган йил тадбиркорнинг бошига ташвиш тушиб қолди.
Корхонанинг ишлаб чиқарилган маҳсулотлари сақланадиган омборхонасида 2023 йил 12 июлда электр симларидаги қисқа туташув оқибатида ёнғин содир бўлиб, тайёр маҳсулотлар ёниб кетган ва яроқсиз ҳолга келган.
Корхонанинг суғурта шартномасига асосан, содир бўлган ёнғин (суғурта ҳодисаси) туфайли етказилган зарарни қоплаб бериш ҳақидаги мурожаатлари суғурта ташкилоти томонидан турли баҳоналар рўкач қилинган ҳолда оқибатсиз қолдирилган, суғурталанган мол-мулклар қиймати қоплаб берилмаган.
Оқибатда, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган. Суғурта ташкилотининг ҳаракатсизлиги сабабли тадбиркорнинг унга бўлган ишончи йўқолган.
Судда одил судловни амалга ошириш йўли билан тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинди.
Аниқроқ айтганда, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси “Мis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи манфаатини кўзлаб, даъво аризаси билан судга мурожаат қилди ва суғурта компаниясидан 805 миллион 150 минг сўм ундиришни сўраган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 23 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 26 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, суғурта компаниясининг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.
Аммо судда ютқазган иккинчи томон бундан норози бўлиб, тафтиш тартибида шикоят йўллади.
Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, суғурта компанияси номидан ишончнома асосида фаолият кўрсатувчи Бекобод суғурта маркази ва “Mis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи ўртасида мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилган.
Ушбу шартномага кўра, суғурталовчи шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурта қилдирувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш мажбуриятини олган.
Суғурта шартномасининг 4.1-бандида ушбу бандда кўрсатилган ҳодисалар натижасида суғурталанган мол-мулкнинг доимий сақланиш жойида зарарланиши, нобуд бўлиши ёки йўқотилиши суғурта ҳодисаси ҳисобланиши, 5.1-бандида суғурталанаётган мол-мулкнинг суғурта қиймати 805 миллион 150 минг сўмни ташкил этиши белгиланган.
Ушбу шартнома асосида даъвогарга 0081895-сонли суғурта полиси берилган бўлиб, унда суғурта қиймати 805 миллион 150 минг сўм, суғурта мукофоти 4 миллион 25 минг 750 сўм, полиснинг амал қилиш даври 2023 йил 17 апрелдан 2024 йил 16 апрелга қадар белгиланган.
Бекобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг маълумотномасига кўра, 2023 йил 12 июль куни соат 08:35 да даъвогарга қарашли тикув цехи омборхонасида ёнғин содир бўлган.
Даъвогар 2023 йил 17 июлда ариза билан суғурталовчининг Тошкент вилоят филиалига мурожаат қилган ва тикув цехи омборида юз берган ёнғин натижасида суғурта қилинган мулклари ёниб кетганини қайд этиб, суғурта товонини тўлашни сўраган.
Аммо жавобгарнинг 2023 йил 14 августдаги хатига кўра, суғурта ҳодисаси тан олинмагани сабабли суғурта товонини тўлаш рад этилган. Бундан норози бўлган даъвогар Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган. Шундан сўнг Палата “Mis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Ишдаги далиллар суғурта шартномасига асосан даъвогар томонидан жавобгарга суғурта ҳодисаси тўғрисида хабар берилгани, аммо жавобгар ўз зиммасига олган шартномавий мажбуриятни бажармасдан, суғурта товони тўлаб бермаганидан далолат беради.
Ваҳоланки, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонунчиликда ёки суғурта шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни ва суғурта товони тўловларини амалга ошириши шарт.
Фуқаролик кодексига мувофиқ, мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин бу ҳақда дарҳол суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилиши шарт. Агар шартномада хабар қилиш муддати ва (ёки) усули назарда тутилган бўлса, бу шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда амалга оширилиши лозим.
Судлов ҳайъати тарафлар ўртасидаги ушбу низо жавобгарнинг ўз шартномавий мажбуриятларини бажармаганидан келиб чиққан ва унинг ҳаракатсизлиги оқибатида тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган, деб ҳисоблади.
Судлов ҳайъати суғурта компанияси вакилининг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 23 январдаги ҳал қилув қарори, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 26 мартдаги қарори ўзгаришсиз, тафтиш тартибидаги шикоят эса, қаноатлантирмасдан қолдирилди.
Шу тариқа адолат қарор топди. Мулки ёнган тадбиркорнинг манфаати эндиликда суд қарори ижроси орқали таъминланди.
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси