ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ ҚАРОРИ СУД АМАЛИЁТИНИ БИРХИЛЛАШТИРИШ, ҚОНУНЛАРНИ АНИҚ ВА ТЎҒРИ ҚЎЛЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда.
Суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштирилиши муносабати билан 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан суд қарорларига нисбатан фуқароларнинг апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтириш ҳуқуқи ҳамда Конституцияда белгиланган судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.
Ўтган қисқа вақт ичида судларда суд қарорларига нисбатан келтирилган апелляция ёки кассация шикоятларини кўриб чиқиш амалиёти шаклланди.
Ўз навбатида, суд амалиётини бирхиллаштириш, судларга қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш зарурати юзага келди.
Шу муносабат билан Олий суд Пленумининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Ушбу Пленум қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт эканлигидан келиб чиқиб, судларга тушунтиришлар берилди.
Хусусан, Пленум қарорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-2, 324-14-моддалари талабларидан келиб чиқиб, апелляция, кассация инстанцияси судлари сифатида қуйидагилар эътироф этилиши кўрсатилди:
• жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;
• иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати;
• фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;
• ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди.
Шунингдек, қонунда вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни биринчи инстанцияда, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш чоғида чиқарилган қарор устидан бериладиган шикоят (протест) қайси судлар томонидан кўрилиши белгиланмаганлиги суд амалиётида муаммоларга сабаб бўлиши назарда тутилган ҳолда бундай шикоят ва протестлар Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилиши ҳақида тушунтириш берилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-3-моддасида апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтказиб юборилганда, 324-14-моддасида кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтказиб юборилганда, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига асосан ўтказиб юборилган муддат узрли деб топилса, муддат тикланиши мумкинлиги, бу ҳақда ажрим чиқарилиши белгиланган.
Бироқ қайси ҳолатлар узрли деб топилиши ва муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома қандай тартибда кўриб чиқилиши қонунда белгиланмаган.
Бу бўйича суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида Пленум қарорида процессуал ҳаракатни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабаблар деб топилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилди.
Масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемия, пандемия, карантин, қилмишда жиноят аломатлари аниқлангани, шахснинг касаллиги, оилавий аҳволи, яъни оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги, шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда апелляция, кассация шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар деб топилиши мумкин.
Шу билан бирга, апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд мажлисида судья томонидан тарафларнинг иштирокида кўриб чиқилади. Бунда муддатни ўтказиб юборишнинг суд томонидан узрли деб топилиш сабаблари ажримда кўрсатилиши керак.
Пленум қарорининг 22-бандида апелляция, кассация инстанцияси судлари суд қарорини ўзгартирганда, қуйидагиларга:
• маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини ўзгартирмаган ҳолда ўзгартиришга;
• маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини енгиллаштирган ҳолда ўзгартиришга;
• маъмурий жазо чорасини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ўзгартиришга;
• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида жазоларни қўшишда мазкур моддада белгиланган талаблар бузилган ҳолатларда қонунга мувофиқлаштириб ўзгартиришга;
• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Махсус қисми муайян моддасини ёки ҳуқуқбузарлик эпизодларини чиқаришга;
• моддий зарар миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёлари тўғрисидаги масалани ҳал қилишга.
• апелляция, кассация инстанцияси судлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига мувофиқ, бундай қарор қабул қилиниши сабаблари ва асосларини кўрсатган ҳолда, ушбу Кодекс Махсус қисми муайян моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазони ёки мазкур моддада назарда тутилмаган бошқа жазони қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасида, башарти ишни кўриб чиқиш пайтида орган ё мансабдор шахс ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор, деган хулосага келса, материалларни прокурорга топширилиши назарда тутилган. Бироқ бу қандай тартибда амалга оширилиши аниқ белгиланмаган. Шу сабабли судларда бу борада турли хил амалиёт шаклланган.
Бу борадаги амалиётни бирхиллаштириш мақсадида Пленум қарорининг 24-бандида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасига мувофиқ, агар ишни кўриб чиқиш пайтида апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор, деган хулосага келса, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиши ва иш ҳужжатларини асослантирилган қарор билан бирга прокурорга юбориши тўғрисида тушунтириш берилди.
Шунингдек, тергов ёки суриштирув органи иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва текшириш натижаси бўйича ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деган хулосага келган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш судга жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан бирга юборилиши белгиланди.
Бундан ташқари судлар томонидан ишни юқори инстанцияда кўриш вақтида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига асосан, ишни тугатиш билан боғлиқ турли амалиёт шаклланганлигидан келиб чиқиб, Пленум қарорининг 26-бандида, агар апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш пайтида мазкур Кодекснинг 271-моддасида (10, 10-1-бандларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий жавобгарликни истисно қилувчи ҳар қандай ҳолат аниқланса, биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниши, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш эса, тугатилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги диққатга сазовордир.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришни тугатиш орқали қарорни бекор қилиш ундириб олинган пул суммаларини, ҳақи тўлаб олиб қўйилган ва мусодара қилинган нарсаларни қайтариб беришга, шунингдек, илгари қабул қилинган қарор билан боғлиқ бошқа чеклашларни бекор қилишга асос бўлиши, нарсани қайтариб бериш мумкин бўлмаган ҳолларда унинг қиймати, башарти бу нарсалар тадбиркорлик учун мўлжалланган бўлса, бой берилган фойдаси ҳам қопланиши белгиланди.
Мухтасар айтганда, ушбу Пленум қарори судларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни апелляция, кассация инстанциясида кўришда одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, айни ҳужжат суд амалиётини бир хиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.
Элбек ТУРҒУНБОЕВ,
Олий суд судьяси