СУД БУЙРУҒИ ИНСТИТУТИ ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИДА САМАРАЛИ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА
Фуқаро ва ташкилотлар ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш энг афзал йўл саналади.
Албатта, низоларни суд орқали ҳимоя қилиш муайян харажат ва муддат талаб қиладиган жараён. Қолаверса, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажмининг ортиб бориши судьялар иш юкламаси кўпайишига сабаб бўлиши ҳам айни ҳақиқат. Бу эса, ўз навбатида, суд томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Судьяларнинг иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири судда ишларни соддалаштирилган тартибда ҳал этишдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қонунчилигимизда “Буйруқ тартибида иш юритиш” институти жорий этилган. Ушбу тартиб даъво аризалари ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги жараёнларни янада соддалаштиришга қаратилган.
Суд буйруғи институти амалиётда бир қатор афзалликларига эга эканлиги билан ажралиб туради. Хусусан, фуқаролик судларида кенг қўлланаётган суд буйруғи аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда қабул қилинадиган суд ҳужжати ҳисобланади.
Суд буйруғи Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эга.
Буйруқ тартибида иш юритиш манфаатдор шахс – қарз ундирувчининг ташаббуси билан бошланади. Талаб кимга нисбатан қаратилган бўлса, у қарздор деб эътироф этилади.
Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади:
1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;
2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш;
4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб;
5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш;
6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш;
7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмагани сабабли ушбу тўловларни ундириш;
8) кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш;
9) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаблар арз қилинган бўлса.
Кўриниб турганидек, фуқаролик ишлари бўйича суд буйруқлари қонунчиликда белгиланган қатъий қоидалар асосида фақат мулкий тусдаги талаблар юзасидангина чиқарилади. Мулкий тусда бўлмаган ёки кўчмас мол-мулкларни ундиришга қаратилган талаблар юзасидан суд буйруқлари чиқарилиши тақиқланади.
Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан бирга вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб эса, ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.
Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида ҳам берилади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 177-моддасига асосан, арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади. Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади. Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши ҳам мумкин. Суд буйруғи ўн кунлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.
Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчи ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилгани суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.
Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчининг такроран судга мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланмайди, балки ундирувчи билдирган талаб билан даъво ишини юритиш тартибида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади. Суд буйруғи фақатгина қарздорнинг эътирози асосида эмас, балки ундирувчининг аризасига асосан ҳам бекор қилиниши мумкин.
Бугунги кунда суд буйруғи институти Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳам кенг қўлланилмоқда. Масалан, 2023 йил давомида қиймати 536,4 миллиард сўмлик 93 минг 538 та ариза суд буйруғи тартибида ҳал қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 52 795 та (130 фоиз)га кўпайган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд ишларини юритишнинг соддалаштирилган тартибларидан бири бўлган суд буйруғи институти ҳар томонлама қулай ва фойдалилиги билан одил судлов сифатини оширишга самарали ҳисса қўшмоқда.
Бобур Исломов,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси