ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” дея қайд этилган. 76-моддасида эса, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасида экани, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши таъкидланган.
Шунингдек, оиланинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, ушбу муқаддас гўшани турли хил иллатлардан муҳофаза қилиш мақсадида 2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун асосида Жиноят кодекси “Оилавий (маиший) зўравонлик” дея номланган 126-1-модда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса, худди шу номдаги 59-2-модда билан тўлдирилди.
Албатта, ушбу қонун ҳужжатларининг амалга жорий этишдан кўзланган мақсад — оила муҳофазасини кучайтириш, эр ва хотин зиммасидаги масъулиятни янада оширишдан иборат.
Аммо кейинги пайтларда оилавий зўравонликлар сингари қилмишлар содир этилаётгани, бундан асосан аёл ва болалар азият чекаётгани афсусланарлидир.
Мисол учун айтадиган бўлсак, Қўқон шаҳрида яшовчи Умирбек Ҳайитов (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилавий зўравонлик қилгани сабабли бешинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди. У муқаддам талончилик, безорилик ва икки марта ўғирлик жиноятини содир этгани боис тегишли жавобгарликка тортилган. Унга нисбатан охирги марта тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аввалига ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Кейинчалик у бу жазодан ҳам шартли равишда муддатидан олдин озод этилган.
Аслида бундай енгиллик ва бағрикенглик унга ҳаётда тўғри йўлни топиш, қилмишларидан оқилона хулоса чиқариб олиши учун берилган имконият эди. Аммо У. Ҳайитов табиатига чуқур сингиб кетган иллат ва қусурлардан халос бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Аксинча, яна жиноий қилмишга қўл урди. Аниқроғи, ўтган йилнинг 26 июль куни у хотини Ш. Бойқўзиева билан жанжаллашиб қолади. У. Ҳайитов ғазабини босолмай хотинига қўл кўтаради ва қасддан оғир тан жароҳати етказади. Оқибатда Ш. Бойқўзиева шифохонага ётқизилади.
Ўз навбатида, шифокорлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришади. Айни ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Ш. Бойқўзиева ўртача оғир тан жароҳати олгани аниқланади. Шундан сўнг зўравон эрга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди У. Ҳайитовни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, судланувчи муқаддам 4 марта қонуний жазога тортилгани, аммо ҳали-ҳануз тузалиш йўлига кирмаганини инобатга олинган ҳолда жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди. Шунингдек, жабрланувчи Ш. Бойқўзиевага ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, 2023 йил 14 сентябрь куни Лола Жарқинова эри Рамзиддин Жарқинов билан ўзаро гап талашиб қолади. Охир-оқибат оғзаки тортишув жиддий жанжалга айланади.
Жанжал вақтида дастлаб Л. Жарқинова ҳовлида ётган полиэтилен қувур бўлаги билан эрининг бошига уради. Натижада Р. Жарқинов ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади. Шунга қарамай, хотини уни яна уришда давом этади. Бу ҳам етмагандек, эрининг ўнг қўлига тергов ҳаракатлари давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган кимёвий моддани сепиб юборади. Бунинг оқибатида Р. Жарқиновнинг қўл териси куяди. Бундан хабар топган жиянлари Р. Жарқиновни зудлик билан шифохонага олиб боришади.
Таъкидлаш лозимки, судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида қайд этилишича, калтакланиши натижасида жабрланувчи ўртача оғир тан жароҳати олган. Бинобарин, Л. Жарқиновага нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, суд ҳукмида Л. Жарқиновадан Р. Жарқинов фойдасига 6 миллион 515 минг сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланади.
Афсуски, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. 2023 йилда Жиноят кодексининг 126-1-моддасига асосан 203 нафар шахс судланган. Уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Бундан ташқари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасига мувофиқ 8 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарларнинг 5 229 нафарига жарима жазоси, 3 699 нафарига эса, маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Маълумки, оиланинг мустаҳкамлиги аввало эр ва хотиннинг аҳил-иноқлиги, зиммаларидаги масъулият ва мажбуриятни нечоғлик чуқур англашига боғлиқ. Албатта, фарзандлар камоли, ўзларининг тинчлик-хотиржамлигини ўйлаган ҳар бир эр ва хотин аввало оилага эътибор билан муносабатда бўлади, ўткинчи низо ва гина-қудратларни ақл билан енгиб ўтишга интилади. Оилани асрабавайлаш, оила аъзоларининг бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлиши замирида жамиятнинг тинчлик-тотувлиги, фарзандлар камоли, бир сўз билан айтганда, инсоннинг ўзлиги мужассам эканини унутмайлик.
Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди судьяси