ЯКУНИГА ЕТМАГАН «САВДО»
Фарғона шаҳрида савдо-сотиқ билан шуғулланадиган Ҳулкар Юсупова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг ёз ойларида уч ёшли ўғли Самандар Юсуповни ҳам ўзи билан бирга бозорга олиб боради. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, кутилмаганда нохуш воқеа юз беради.
Аниқроғи, савдо растаси яқинида ўйнаб юрган бола тўсатдан йўқолиб қолади. Бундан хавотирга тушган она ўғлини излашга тушади, аммо ҳеч қаердан болани тополмайди. Шундан сўнг у шоша-пиша қизи Баҳорага қўнғироқ қилади.
– Уканг йўқолиб қолди, ҳеч қаердан топилмаяпти, – дейди у йиғлаган кўйи.
– Қаерга кетади? – дея қизи ҳам хавотирга тушади.
– Билмайман, шу атрофда ўйнаб юрганди, бирдан йўқолиб қолди…
Орадан ҳаял ўтмай қизи Баҳора ҳам бозорга етиб келади. Шундан сўнг улар бирга Самандарни излашади. Аммо бола ҳеч қаердан топилмайди.
Охир-оқибат улар бу ҳақда ички ишлар ходимларига хабар беришади.
Буни қарангки, орадан бир неча соат ўтгач, Ҳ. Юсуповага шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими қўнғироқ қилиб, ўғли топилганини айтади. Буни эшитиб, бояқиш аёл йиғлаб юборади.
Маълум бўлишича, шаҳарнинг А. Жомий кўчасида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг бир нечта бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланган Илҳом Аҳмадқулов таниши Дмитрий Журавлёв билан бирга деҳқон бозори атрофида дайдиб юрган пайт қаёққа юришини билмай, ён-атрофга аланглаб турган Самандарни учратиб қолади. Улар боланинг ёлғиз эканини сезишгач, унинг қўлидан тутиб, четроққа олиб ўтишади.
– Музқаймоқ ейсанми? – деб сўрайди И. Аҳмадқулов боладан.
– Ҳа, — дейди болакай.
– Қани, юр бўлмаса, ҳозир учовимиз бирга маза қилиб музқаймоқ еймиз.
И. Аҳмадқулов ана шундай устамонлик билан Самандарни алдаб олиб кетади. Д. Журавлёв эса, унинг ортидан эргашади. Улар бозордан анча нарида жойлашган дўкон ёнига боришганда, Муяссар Бўтаева деган аёлни учратишади.
– Мабодо сизга бола керак эмасми? – деб И. Аҳмадқулов дабдурустдан сўрайди.
– Қанақа бола, бу нима деганингиз? – дея М. Бўтаева ҳайрон бўлади.
– Мана бу танишим, — дейди И. Аҳмадқулов шериги Д. Журавлёвни кўрсатиб, — мени Россияга олиб кетмоқчи. Шунинг учун менга пул керак. Боламни сотиб кетмоқчиман. Агар керак бўлса, олиб қолинг. Йўқса, ўлдириб, сойга ташлаб юбораман…
Бу гапни эшитиб, кутилмаганда М. Бўтаева қаттиқ қўрқувга тушади. Сўнг у шоша-пиша опаси Муҳаррам Бўтаевага қўнғироқ қилиб, нотаниш одамнинг ҳалиги ваҳимали гапларини айтади. М. Бўтаева нима гап эканини дарров англаб етади ва синглисига И. Аҳмадқулов билан Д. Журавлёвни ўзининг ёнига юборишни тайинлайди.
Қисқаси, ҳамтовоқлар болани етаклаб келишгач, М. Бўтаева худди шу пайтда кўчадан ўтиб кетаётган ички ишлар ходимларига кўзи тушиб, уларни ёрдамга чақиради. Аммо ҳамтовоқлар қочиб кетишади.
Буни қарангки, И. Аҳмадқуловнинг сўқир кўзи шундан сўнг ҳам очилмайди.
Нега деганда, орадан 13 кун ўтгач, у кўп қаватли уй йўлагида турган Ф. Тожимирзаевга тегишли “Урал” русумли велосипедни ўғирлаб кетади ва М. Мадаевга сотиб юборади.
Шундан сўнг И. Аҳмадқулов ва Д. Журавлёв тез орада ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд И. Аҳмадқуловни Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди ва 169-моддаси 1-қисми, Д. Журавлёвни кодекснинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Доно халқимизнинг “шаҳар бедарвоза эмас” деган пурмаъно нақли замирида ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслиги ўз ифодасини топган.
Буни одам савдоси жиноятини содир этгани учун қонуний жазога тортилган кимсалар англаган-англамаганини олий ҳакам бўлган вақт кўрсатади.
Тожиддин ВАҲОБОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар суди раиси