ЎЗБЕКИСТОН АЁЛ СУДЬЯЛАРИ – АДОЛАТ ВА МАТОНАТ ТИМСОЛИ
Бугун Тошкентда “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қирғизистон ва Грузия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар ҳам иштирок этди. Бундан ташқари, Зимбабведан эксперт тадбирда онлайн тарзда қатнашди.
Конференция Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев ва Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари А. Жалиловнинг кириш сўзлари билан бошланди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Қодирхонова, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Р. Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Э. Михалски ва “East-west management institute” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори – “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси раҳбари, судья С. Простран иштирокчиларни Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этиб, тадбирнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.
Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 10 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 1 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 1 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қирғизистон ва Грузиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Конференцияда аёл судьяларнинг одил судлов тарихидаги роли ва бугунги кунда қўшаётган ҳиссаси муҳокама этилди.
Шунингдек, иштирокчилар анжуман кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу – суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самараси ва натижаси ҳақида фикр алмашдилар.
Хориждан ташриф буюрган аёл судьялар ўз давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, жиноий судловда гендер тенглигига оид муаммолар ва ютуқлар билан ўртоқлашдилар.
Мулоқот давомида судьялик лавозимига хотин-қизларни тайёрлаш масалаларига урғу берилди.
Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро тажрибаси ҳам муҳокама қилинди.
Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 199 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.