Click to listen highlighted text!

ОҚИБАТСИЗЛИК ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

photo_2026-10-07_09-28-56

Маълумки, оила — жамиятнинг муқаддас қўрғони. Унда меҳр, масъулият, садоқат ва фарзандлар келажаги учун жавобгарлик мужассам бўлиши керак. Афсуски, ҳаётда ушбу муқаддас гўшага енгил-елпи қарайдиган, айниқса, фарзандлар олдидаги бурчини унутиб қўядиган кимсалар ҳам учраб туради.

Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Алибек Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан Ю. Файзуллаева 2014 йилда оила қуришган эди.

Дастлаб уларнинг турмуши рисоладагидек кечди. Никоҳлари давомида икки ўғил ва бир қиз фарзанд дунёга келди. Табиийки, ҳар бир ота-она учун фарзанд — ҳаёт мазмуни, келажак ишончи ва энг ката масъулиятдир.

Аммо кунлар ўтиши билан оилада ўзаро келишмовчилик кучайиб борди.

Бунга, асосан, А. Эргашевнинг спиртли ичимлик ичишга ружу қўйгани, оилани моддий жиҳатдан таъминлашга эътибор бермагани сабаб бўлди.

2022 йил февраль ойида оилавий жанжалдан сўнг А. Эргашев уйдан чиқиб кетади ва сўнг умуман қорасини кўрсатмай қўяди. Уч нафар вояга етмаган фарзанд ёлғиз она қарамоғида қолади.

Аммо Ю. Файзуллаева ёлғиз ўзига фарзандлар таъминоти оғирлик қилгач, қонуний йўл билан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2022 йил 12 ноябрдаги суд буйруғига асосан, А. Эргашевдан уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди.

Айтиш керакки, суд буйруғи фарзандлар вояга етгунга қадар ижро этилиши лозим бўлган мажбурий ҳужжат. Зеро, алимент — ота ёки онанинг хоҳишига боғлиқ ёрдам эмас, балки қонун билан белгиланган мажбуриятдир. Ҳеч қачон фарзандлар ота-она ўртасидаги келишмовчиликдан азият чекмаслиги керак.

Шу ўринда воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, А. Эргашев ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳужжати талабларига эътибор бермайди: алимент тўловларини тўламайди, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш бўйича оталик бурчини бажаришдан бўйин товлайди.

Тўғри, Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлими томонидан суд буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ҳаракатлар амалга оширилади. Давлат ижрочилари томонидан А. Эргашев алимент қарздорлигини тўлаш зарурлиги ҳақида бир неча марта огоҳлантирилади.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишни вақтинча чеклаш чораси ҳам қўлланилади.

Аммо бу чоралар А. Эргашевга асло таъсир қилмайди. У алимент пулларини икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламагани сабабли жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2025 йил 16 июндаги қарори билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Қонуннинг талаби қатъий: агар шахс вояга етмаган ёки моддий ёрдамга муҳтож фарзандларини таъминлашдан бўйин товласа, аввал маъмурий жавобгарликка тортилади. Агар маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам у тегишли хулоса чиқармаса ва алимент тўлашдан қасддан бўйин товлашда давом этса, унинг ҳаракати жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Афсуски, шундай бўлди: А. Эргашевга нисбатан жиноят иши судда муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, А. Эргашев 2025 йил 1 июндан 2025 йил 31 октябрга қадар бўлган вақт давомида 15 миллион 769 минг 608 сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Умумий ҳисобда эса, унинг фарзандлари олдидаги алимент қарздорлиги 72 миллион 736 минг 436 сўмга етган.

Бу ўринда гап фақат рақамлар ҳақида эмас. Ушбу маблағ ортида уч нафар боланинг кундалик эҳтиёжи, кийим-кечаги, озиқ-овқати, ўқув қуроллари, даволаниши ва ҳаёт кечириш ҳуқуқи турибди. Ота томонидан тўланмаган ҳар бир сўм, аслида, фарзанднинг ҳуқуқи бузилганини англатади.

Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси томонидан А. Эргашевнинг алимент қарздорлигини ундириш мақсадида, унинг мол-мулкларини аниқлаш чоралари кўрилган. Давлат ижрочиси унинг яшаш манзилига борганида, ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бундай ҳолатлар амалиётда учраб туради: айрим қарздорлар расмий ишга кирмаслик, мол-мулкни ўз номига расмийлаштирмаслик ёки ишсизликни баҳона қилиш орқали алиментдан қочишга ҳаракат қилади.

Бироқ бу ҳолатлар шахсни қонун олдидаги мажбуриятдан озод қилмайди.

Иш ҳужжатларига кўра, А. Эргашевга нисбатан дастлаб муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Кейинчалик у тергов ва суддан бўйин товлаб юргани сабабли ушбу эҳтиёт чораси “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилган, унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва у 2026 йил 9 февраль куни ушланган.

Бу ҳолат ҳам суд томонидан унинг шахси ва содир этган қилмишига баҳо беришда эътиборга олинди.

Суд иш бўйича тўпланган далилларни — суд буйруғи, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарор, мажбурий ижро бўлими томонидан юборилган огоҳлантириш хатлари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, судланувчининг ўз айбига иқрорлигини ўрганиб, А. Эргашевнинг айби тўлиқ исботланган деган хулосага келди.

Дастлабки тергов органи ва суд унинг ҳаракатларини моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан малакалади. А. Эргашев муқаддам жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 10 январдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 9 ой 10 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. Кейинчалик у ўталмай қолган 1 йил 2 ой 28 кунлик жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Аммо шартли озодликдан кейин ҳам у қонунга хилоф ҳаракат содир этган.

Шу сабабли суд уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони чекланган, деган хулосага келди.

Суд ҳукми билан унга 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддалари тартибида, аввалги ҳукм бўйича ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг бир қисми янги тайинланган жазога қисман қўшилди.

Натижада А. Эргашевга узил-кесил 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. А. Эргашев ҳисобидан жабрланувчи Ю. Файзуллаева фойдасига 72 миллион 736 минг 436 сўм миқдорида моддий зарар, яъни алимент қарздорлиги ундирилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжати билан белгиланган алимент тўлови — ихтиёрий ёрдам эмас, мажбурий ҳуқуқий бурчдир. Уни бажармаслик фарзандлар ҳуқуқларини бузиш билан баробар. Оқибатсизликнинг аччиқ қисмати эса, эртами-кечми, инсонни қонун ва виждон олдида жавоб беришга мажбур қилади.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6adc143639845 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6adc143639845:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6adc143639845 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6adc143639845:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!