ТАДБИРКОРНИНГ ЙЎЛИ ОЙДИН ЁХУД СУД ТАДБИРКОРНИ НОҚОНУНИЙ КРЕДИТ ФОИЗИДАН ХАЛОС ЭТДИ

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишларини рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бунда соҳани ривожлантиришдаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва эскирган тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Келинг, ушбу фикрларимизнинг исботи учун бир иқтисодий иш тафсилотларига тўхталамиз. Гап шундаки, бундан 3 йил муқаддам – 2023 йил 20 февралда акциядорлик тижорат “Микрокредитбанк” ва “Garant Sement” хусусий корхонаси ўртасида 18 ой муддатга йиллик 25 фоиз устама тўлаш шарти билан кредит шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага асосан, банк томонидан тадбиркорга 3 миллиард 800 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Кредит таъминоти сифатида Нукус шаҳридаги “KKRASI Beton” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бино-иншоотлар гаровга қўйилган. Аммо “Микрокредитбанк” ҳали бир йилга ҳам етмай, асосий кредит қарзи ва фоизларини ундириш юзасидан Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритади.
Суднинг 2024 йил 1 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, “Garant Sement” хусусий корхонаси ва “Urganch Shohruh Savdo” хусусий корхонасидан банк фойдасига солидар тартибда 2 миллиард 753 миллион сўм асосий қарз ва 169 миллион 504 минг сўм кредит фоизини ундириш белгиланади. Ундирув эса, гаровдаги мулкларга қаратилади.
Шундан сўнг Мажбурий ижро бюросининг Нукус шаҳар бўлими томонидан гаровдаги мулклар аукцион савдога чиқарилган. Лекин мулклар белгиланган муддатда сотилмаган.
Бинобарин, давлат ижрочиси гаровдаги мулкларни 10 фоиз арзонлаштирилган қийматда, яъни 4 миллиард 275 миллион сўм ҳисобида банк балансига олиш тўғрисида таклиф хати киритган. Натижада гаровдаги мулклар банк балансига ўтказилиб, ижро иши юритиш тамомланган. Бироқ…
“Микрокредитбанк”нинг Хоразм вилояти филиали бошқарувчиси ижро иши тамомланганидан 3 ой ўтгач, яъни 2025 йил 17 октябрда кредит қарздорлигига ҳисобланган фоиз миқдори 1 миллиард 332 миллион сўмни ташкил қилишини билдирган ҳолда, “Garant Sement” хусусий корхонасига расмий хати юборади.
Хўш, банк филиалининг бундай йўл тутиши қонунийми?
Бунга жавобан шуни айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 744-моддасида кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган.
Ана шу ҳуқуқий асосга таянган тадбиркор 2025 йил 31 октябрда юқоридаги хатда қайд этилган кредит фоизини ҳисобдан чиқариш юзасидан банк филиалига талабнома юборади. Аммо бу талабнома оқибатсиз қолдирилган.
Шу боис, Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси “Garant Sement” хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди ва “Микрокредитбанк” зиммасига 1 миллиард 332 миллион сўм миқдоридаги асоссиз ҳисобланган кредит фоизини ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклашни ва адвокатга тўланган 3 миллион сўмни ундириб беришни сўраган.
Албатта, суд ишни холисона ва адолатли кўриш ҳамда банк фойдасига ҳисобланган фоизларнинг ҳаққонийлигини таҳлил қилиш мақсадида, Марказий банкнинг Хоразм вилояти бош бошқармасидан мутахассис жалб этди. Бош бошқарма мутахассиси томонидан тузилган далолатномада эса, банк томонидан 1 миллиард 332 миллион сўм маблағ ортиқча ҳисобланганлиги қайд этилди.
Бинобарин, суд даъвони тўлиқ қаноатлантириб, “Микрокредитбанк” зиммасига асоссиз ҳисобланган 1 миллиард 332 миллион сўм кредит фоизини ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклатиш ҳамда адвокат хизмати учун тўланган 3 миллион сўм маблағни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,
Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси

