САРХУШЛИК КЕЛТИРГАН НОХУШЛИК

Маълумки, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголи ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши кутилмаган фожеаларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига мувофиқ, бундай ҳолатлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга асос бўлади.
Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса-чи?
Бундай вазиятда айни ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солиш ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланишига олиб келади.
Шунингдек, 2025 йил 20 февралдаги қонун билан Жиноят кодексига ҳам транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Аниқроқ айтганда, Жиноят кодексининг 261-1-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақлидрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар ҳайдовчи биринчи маротаба маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарса, унинг ҳаракатлари маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида квалификация қилинади. Аммо ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарса, унинг ҳаракатлари жиноят сифатида баҳоланади ва у жиноий жавобгарликка тортилади.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Қ. Бобожонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да, 2026 йил 1 январь куни ўғлига тегишли бўлган “COBALT” русумли автомашинани амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12 ва 77-бандлари талабларини бузиб, маст ҳолда бошқариши оқибатида йўл транспорт ҳодисасини содир этган.
Аниқроғи, Ш. Абдуллаев бошқарувидаги автомашина билан тўқнашган.
Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш 2026 йил 9 январь куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан кўриб чиқилди. Суд Қ. Бобожоновни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 2-қисми ва 133-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбдор деб топди ва узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, Қ. Бобожоновга қонун талаблари, жумладан, такроран спиртли ичимлик исмеъмол қилиб транспорт воситаларини бошқариш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилган. Лекин “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, Қ. Бобожонов суд томонидан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққач, яна спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқарган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Аниқроқ айтганда, у 2026 йил 12 апрелда ўғлига тегишли “COBALT” русумли автомашинани “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 8-банди ҳамда 12-банди талабларини қўпол равишда бузиб, маст ҳолатда бошқарган.
Қўшкўпир тумани Кўктом маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган А. Эркинов бошқарувидаги “Дамас” автомашинаси билан тўқнашган.
Мазкур жиноят иши 2026 йил 21 май куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан кўриб чиқилди.
Бунда Қ. Бобожонов Жиноят кодексининг 261-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-2-моддасини қўллаган ҳолда, 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унга нисбатан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш нафақат ҳайдовчининг ўз ҳаёти ва соғлиғи, балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади.
Қонунчиликда бундай қилмишлар учун жавобгарликнинг кучайтирилаётгани бежиз эмас. Ҳайдовчи рулга ўтиришдан аввал нафақат ўз тақдирини, балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини ҳам ўйлаши шарт. Зеро, бир лаҳзалик масъулиятсизлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонун талабига риоя қилиш эса, жазодан қўрқиш эмас, аксинча, инсон ҳаётини асраш ва жамият олдидаги масъулиятни англашдир.
Бахтиёр Рўзметов,
жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир тумани тергов судьяси

