Click to listen highlighted text!

ЙЎЛ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ

photo_2026-07-27_11-03-29

Буни автотранспорт ҳайдовчилари жуда яхши билишади. Чунки йўлдаги кичик бир қоидабузарлик ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, ўтган йили юртимизда содир бўлган 9 минг 226 та йўл-траспорт ҳодисаси оқибатида 8 минг 901 нафар киши жароҳатланган. Энг ачинарлиси, 2 минг 188 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмган.

Маълумки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Аммо ана шу ҳуқуқбузарлик кўплаб инсонларнинг умрига зомин бўлиши ёки жиноятга айланиши мумкин.

Бинобарин, 2025 йил 20 февралда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун асосида Жиноят кодекси “Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш” дея номланган 261-1-модда билан тўлдирилди.

Ушбу қонунга кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл­идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди. Яъни ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши — транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, жиноят ишлари бўйича Мирзаобод тумани судининг 2026 йил 3 июлдаги қарори билан фуқаро А. Каландаровга (исм-шарифлар ўзгартирилган) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари – 16 480 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Суднинг 2026 йил 9 февралдаги қарори билан эса, фуқаро Ҳ. Шодмоновнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмагани боис унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 2-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Кейинги пайтда йўлларда бошқа ҳайдовчиларга йўл бермаслик, пиёдаларга нисбатан ҳурматсизлик, қувиб ўтиш қоидаларини қасддан бузиш каби автомобиль бошқариш маданиятига амал қилмаслик каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида жамоат йўлларини пойга майдонига айлантирган ҳайдовчиларнинг қилмиши жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммонинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида қонунчилигимизга қатъий ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Йўл безорилиги” дея номланган 128-10-модда билан тўлдирилди.

Қонун талабига кўра, йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситалари ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этиши транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга олиб келади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг нафақат ҳуқуқий, балки маънавий бурчи ҳам ҳисобланади.

Йўл қоидаларини бузиш бир инсоннинг эмас, балки кўплаб одамларнинг ҳаёти ва тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда йўл ҳаракати иштирокчиси сифатида масъулиятни чуқур ҳис этиши, қонун талабларига амал қилиши ва хавфсиз ҳаракат маданиятини ҳаёт тарзига айлантириши зарур. Ана шундагина йўл-транспорт ҳодисалари сони камайиб, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш борасида кутилган натижаларга эришиш мумкин бўлади.

Шавкат БАЙСАРИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзаобод тумани суди тергов судьяси

#thegov_button_6a6899c6f0422 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a6899c6f0422:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a6899c6f0422 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a6899c6f0422:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!