ИНТЕРНЕТДАГИ БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАР: ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИ ҚИЛМИШ ВА ҲУҚУҚИЙ БАҲО

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Миллионлаб одамлар ҳар куни турли ахборотларни қабул қилади, билим олади, мулоқотда қатнашади ва ҳатто кундалик ҳаётининг кўплаб масалаларини онлайн тарзда ҳал этади.
Айниқса, тезкор хабар алмашиш, турли маълумотларга бир зумда эга бўлиш имконияти одамлар учун катта қулайлик яратмоқда. Бироқ ахборот технологияларининг бундай кенг имкониятлари билан бир қаторда, улардан нотўғри ва ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.
Ҳозирги кунда айрим кучлар интернет майдонидан экстремистик, террорчилик ва радикал ғояларни тарқатиш, аҳоли онгига таъсир ўтказиш ҳамда жамоат тартибига рахна солиш мақсадида фойдаланишга уринаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Шу сабабли, интернет фақат ахборот алмашинув воситаси эмас, балки мафкуравий таъсир майдонига ҳам айланиб бораётгани эътибордан четда қолмаслиги лозим.
Мутахассислар таъкидлашича, замонавий экстремистик оқимлар одамларни ўз таъсирига олиш учун қуролдан ҳам кўра кўпроқ ахборотдан фойдаланмоқда. Турли аудио ва видеомаърузалар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва гуруҳлар орқали инсон онгига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.
Ҳаётий тажрибаси кам бўлган ёшлар бундай таъсирга тез берилиши мумкин. Шу боисдан, мамлакатимиз қонунчилигида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бундан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг тинчлиги, осойишталиги ва давлат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Шундай ҳолатлардан бири жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан кўриб чиқилган мазкур жиноят иши интернет тармоғидаги фаолият ҳам қонун доирасида баҳоланишини яна бир бор кўрсатди.
Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи Ш. Б. дастлаб интернет тармоғидаги турли экстремистик ва террорчилик руҳидаги аудио ҳамда видеомаърузаларни мунтазам равишда кузатган. Ушбу материаллар билан узоқ вақт давомида танишиб бориши оқибатида унинг дунёқарашига ақидапарастлик ғоялари таъсир кўрсатган.
Кейинчалик Ш. Б. «Telegram» мессенжерида «Muslim» номли алоҳида канал ташкил этиб, ундан диний мазмундаги материалларни жойлаштириш ва тарқатиш воситаси сифатида фойдаланган.
Суд муҳокамасида аниқланишича, ушбу канал орқали турли аудио ва видеоматериаллар жойлаштириб борилган. Бу далиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан 2025 йил май ойида интернет мониторинги ўтказилиши давомида аниқланган. Шундан сўнг тезкор тадбирлар ташкил қилиниб, текширув жараёнида бу каналда бир неча нафар обуначи мавжудлиги, шунингдек, кўплаб расм, видео, файл, ҳавола, аудиоёзув ва бошқа электрон материаллар сақланаётгани маълум бўлган.
Каналнинг аудиоматериаллар бўлимида жойлаштирилган бир қатор аудиоёзувлар экспертлик тадқиқоти учун ажратиб олинган. Материаллар белгиланган процессуал тартибда нусхаланиб, махсус экспертизага юборилган.
Экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқот хулосасида текширувга тақдим этилган аудиоматериалларда ақидапарастлик ғоялари мавжудлиги қайд этилган. Бу хулоса судга материалларнинг мазмунига ҳуқуқий баҳо бериш имконини яратди.
Судланувчи фақат материалларни сақлаш билан чекланиб қолмаган. У махсус канал ташкил этган, унга материаллар жойлаштирган ва бошқа фойдаланувчилар учун очиқ ахборот майдони яратган. Бу эса, унинг ҳаракатларида тарқатиш мақсади мавжуд бўлганлигини кўрсатган муҳим ҳолат сифатида баҳоланди.
Суд муҳокамаси давомида жиноят иши бўйича тўпланган далиллар, тезкор тадбирлар натижалари, электрон маълумотлар, экспертлар хулосалари ҳамда бошқа исботлар ҳар томонлама текширилди. Натижада суд судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд деган хулосага келди.
Суднинг ҳукми билан судланувчи Ш. Б. айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, интернетдан фойдаланмаслик, назорат қилувчи орган рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда вилоят ҳудудидан четга чиқмаслик каби қўшимча чекловлар ҳам белгиланди.
Афсуски, бугунги кунда экстремистик ва ақидапарастлик ғоялари кўпинча интернет орқали тарқатилмоқда. Бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган интернет мониторинги, рақамли далилларни йиғиш ва экспертлик тадқиқотлари жиноятларни фош этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, мазкур суд амалиёти интернетдаги ҳар қандай ҳаракат виртуал муҳитда содир этилса ҳам, унинг ҳуқуқий оқибатлари реал ҳаётда намоён бўлишини кўрсатади. Шу боис, ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар, интернет тармоғидаги ахборотларни танлаш ва тарқатишга юксак масъулият билан ёндашиши зарур.
Тинчлик-осойишталик — юрт тараққиётининг энг муҳим шарти. Уни асраш эса, ҳар бир фуқародан ҳушёрлик, масъулият ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этади. Ахборот майдонидаги ҳушёрлик бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири эканлигини унутмаслик лозим.
Қувондиқ Мамараҳимов,
жиноят ишлари бўйича
Зарбдор тумани суди раиси

