Click to listen highlighted text!

ОСОН ПУЛ ТОПИШ ОРТИДАГИ ЗУЛМ ЁХУД ОДАМ САВДОСИ ҲАҚИДАГИ ҲАЁТИЙ ВОҚЕА ТАФСИЛОТИ

photo_2026-06-09_18-15-47

Тун ярмидан ошган бўлишига қарамай Тошкент халқаро аэропортининг ёруғ залларида одатдагидек ҳаёт қайнамоқда. Кимдир яқинлари билан хайрлашмоқда, кимдир қўлида паспорт ва чипта билан навбат кутмоқда.

Электрон таблоларда дунёнинг турли шаҳарлари номлари ёниб-ўчади: Истанбул, Дубай, Сеул, Москва… Бу манзара ҳар куни такрорланади.

Бироқ баъзан шундай лаҳзалар бўладики, улар ортида бир инсон тақдири, ҳатто бутун бир оила қўрғонининг парчаланиб кетиш сабаби яширин бўлади.

Ўша тун ҳам шундай кечди: йигирма ёшли қиз қўлида чипта билан Истанбулга учиш арафасида бир олам ширин ўй-хаёллар оғушида ҳаяжонланиб ўтирарди. Унинг хаёлида бирданига мўмай бойлик орттириш эмас, авваламбор, оиласига моддий жиҳатдан ёрдам бериш, қарзлардан қутулиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш истаги бор эди. Аммо инсон муҳтожлик гирдобига тушганда баъзан унинг кўзларига ҳақиқат билан алдовнинг чегараси кўринмай қолади.

Истанбулга учиш учун навбат кутаётган ёш қиз ҳаво кемасига чиқишидан бир неча дақиқа олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилди. Шу тариқа ёш қизларни чет элга иш ва даромад ваъдаси билан жалб қилишга оид жиноят фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, Хосият Тўлқинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Туркияда яшовчи “Мурак” ва “Кере” исмли танишлари билан олдиндан жиноий тил бириктириб, қизларни Истанбул шаҳрига юбориш ва уларни тубан ишга жалб қилиш орқали даромад олишни режалаштирган.

Жиноий режага мувофиқ, Х. Тўлқинова Ўзбекистонда пулга муҳтож қизларни излаб топиши, “Мурак” ҳамда “Кере” эса, Истанбулда уларни кутиб олиб, яшаш жойи ва мижозлар билан таъминлаши лозим эди. Шу мақсадда Х. Тўлқинова Оҳангарон шаҳрида яшовчи Зинаида Абраева билан танишиб, унга Туркияда катта даромад топиш мумкинлигини айтади, йўл харажатлари ва авиачипта масалаларини ҳам текинга ҳал қилиб беришга ваъда беради.

Бироқ Зинаида Абраева бу таклиф ортидаги асл мақсадни англаб етгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. У ўз аризасида Хосият Тўлқинова уни алдаш йўли билан Туркияга юбориб, тубан иш билан шуғулланишга жалб этмоқчи бўлаётганини маълум қилади.

Шундан сўнг тезкор тадбир ташкил этилади: Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган махсус операция давомида Хосият Тўлқинова Зинаида Абраевани Истанбулга жўнатиш арафасида қўлга олинади.

Тергов материалларида қайд этилишича, бунинг учун авиачипта харид қилинган, Туркияда кутиб олиш ва жойлаштириш ишлари ҳам олдиндан келишилган бўлган.

Суд мажлисида Х. Тўлқинова айбини қисман тан олди. У Зинаида Абраеванинг Туркияга ўз хоҳиши билан кетишга рози бўлганини таъкидлади.

Бироқ у қизга Туркияда фоҳишалик билан шуғулланиш, мижозлар топиб берилиши, топилган маблағнинг маълум қисми ташкилотчиларга берилиши ҳақида тушунтирганини ҳам инкор этмади.

Бу воқеалар одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг қандай усуллар орқали амалга оширилишини яққол кўрсатиб турибди. Осон даромад ва хорижда яхши ҳаёт ҳақидаги ваъдалар ортида инсон қадри ва эркинлигини поймол этувчи жиноий механизм яширинган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўз вақтидаги аралашуви натижасида яна бир фуқаронинг одам савдоси қурбонига айланишининг олди олинди.

Одам савдоси ҳақида гап кетганда, одатда, кўпчилик дарров занжирбанд инсонларни кўз олдига келтиради. Аслида эса, замонавий қуллик бошқача кўринишда бўлади: қурбонга қимматбаҳо кийим беришлари мумкин, уни иззат-икром кўрсатиб, меҳмонхонага жойлаштиришади; уни ўз ҳисобларидан овқатлантиришади ҳам. Бу маккор замонавий қуллик баъзан текин қўлга киритилган самолёт чиптаси кўринишида келади.

Биз ҳикоя қилаётган воқеада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вақтида кўрилган чоралари яна бир оғир фожианинг олдини олди: ҳимоясиз қиз ёлғиз ўзи ҳаво кемасига чиқиб кетмади, демакки, ожиз бир тақдир номаълум қоронғулик бағрига ғарқ бўлмади. Янаям аниқроғи, бир инсон ҳаёти эҳтимолий таҳқир ва зўравонлик оқибатларидан сақлаб қолинди.

Яна бир гап: баъзан бу ҳаётда қайсидир мудҳиш жиноятнинг олдини олиш уни очишдан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади. Чунки бунда ўзини олдинда қандай хавф кутиб турганидан бехабар инсонларнинг пок ҳаёт гулшани топталмайди, ор-номуси ер билан яксон бўлиб кетмайди, қолаверса, инсоний иззат-ҳурмати, мавқеи ҳам ўз ўрнида сақланиб қолади.

Жиноятчига қўлланилган жазо уни ёмон йўлдан қайтариши мумкин. Аммо йўқотилган ор-номусни, синган руҳиятни ва вайрон бўлган тақдирни ҳар доим ҳам қайта тиклаб бўлмайди.

Хуллас, суд ўз ҳукмини чиқарди — амалдаги қонун ўз сўзини айтди. Аммо бу воқеадан чиқарилиши лозим бўлган энг муҳим хулоса суд қароридан ҳам кенгроқ. Яъни, ҳар қандай «осон пул» ваъдаси ортида — қандайдир хавф-хатар, ҳар қандай «бепул ёрдам» ортида кимнингдир манфаати яширинган бўлиши — аниқланган ҳақиқатдир. Инсон қадри, орияти ва эркинлиги эса, ҳеч қандай маблағ билан ўлчанмайдиган бойлик ҳисобланади.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Нозим АБДУРАШИДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Оҳангарон шаҳар суди раиси

#thegov_button_6a3c44217f75d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a3c44217f75d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a3c44217f75d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a3c44217f75d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!