ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ СУДЛАРНИНГ ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИДА ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛМОҚДА

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, судларни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Буни судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ана шу оқланган шахслар орасида фарғоналик Ҳусниддин Пазилов ҳам бор.
Хўш, Ҳ. Пазилов нега ноҳақ жавобгарликка тортилганди?
Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ҳ. Пазиловга нисбатан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2017 йил 19 июндаги ҳукми билан айблов эълон қилинган. Суд ҳукмида қайд этилишича, Фарғона вилояти прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида вилоят ички ишлар бошқармасининг хўжалик бўлими бошлиғи Ҳусниддин Пазиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Бинобарин, бўлим бошлиғи хизмат текшируви натижасидан келиб чиқиб, ўз лавозимида қолдириш масаласини ижобий ҳал қилиш эвазига Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси тезкор ходими Б. Ҳакимов ҳамда вилоят ИИБ тезкор вакили С. Карабаевга 20 000 АҚШ долларини пора сифатида берганликда айбланган. Оқибатда суднинг юқоридаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган ва Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори 2-банди татбиқ этилган ҳолда Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси 3-қисмига асосан жазо тайинланмасдан озод қилинган. Аммо…
Аммо суднинг бу ҳукми Ҳусниддин Пазиловни қониқтирмайди. Чунки у ўзини айбсиз деб биларди.
Буни қарангки, кейинчалик Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари унга умид бағишлайди. Шу боис Ҳ. Пазилов ҳимоячиси билан бирга Фарғона вилояти судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этди.
Ҳақиқатан ҳам, кассация инстанцияси судида Ҳусниддин Пазиловнинг айбсизлиги ўз исботини топди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан 2014 йил 23 июнда тасдиқланган “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича Қўшма кўрсатма”нинг 8.1-бандида, ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг аризаси ҳар бир ҳолатда Жиноят-процессуал кодексининг 22, 95-моддаларига асосан, синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиши, аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганида жиноят иши қўзғатилишига, шахс қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги, жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, 8.2-бандида эса, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби мезонлар билан асослантириш шартлиги қатъий белгиланган.
Шундан келиб чиқиб айтганда, Ҳусниддин Пазилов пора бериш вақтида ушланмаган, пора предмети ҳисобланган пуллар ашёвий далил сифатида олинмаган, жиноят ишида унинг пора берганлигини тасдиқловчи видео ёки аудио ёзувлар, телефон сўзлашувлари мавжуд эмас.
Бундан ташқари Б. Ҳакимовнинг пора олганлиги ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 22 августдаги ажрими билан у Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” бандлари бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан, оқланган. С. Карабаев эса Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими асосида Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (эски таҳрирдаги) ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича реабилитация қилиниб, оқланган.
Албатта, ушбу суд қарорлари ҳозир қонуний кучда. Шундай экан, Ҳусниддин Пазиловнинг 20 000 АҚШ долларини айнан кимга пора сифатида берганлиги очиқ қолган. Қолаверса, жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўриш давомида ҳам ушбу айбловни тасдиқловчи далиллар аниқланмади.
Бу эса, тергов органининг Ҳ. Пазилов 20 000 АҚШ долларини С. Карабаев ва Б. Ҳакимовга пора тариқасида берганлиги ҳақидаги хулосаси тўлиқ тахминларга асосланганлигини, бу хулоса ишончга сазовор эмаслигини тасдиқлаб турибди. Энг муҳими, жиноят ишини кассация инстанциясида кўриш жараёнида Ҳ. Пазиловнинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имконияти тугаган. Ҳолат юзасидан бошқа далиллар тўплаш имкониятлари ҳам мавжуд эмас.
Бош Қомусимизнинг 28-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.” дея қайд этилган. Ана шу ҳуқуқий асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2017 йил 19 июндаги ҳукмининг Ҳусниддин Пазиловга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади. Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси сифатида белгиланиб, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Бу эса халқни рози қилишдек эзгу мақсадлар рўёбини таъминлайди.
Бурҳонжон МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти суди судьяси

