ФИРИБГАРЛИККА ЕТАКЛАГАН ҚИЗИҚИШ ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Афсуски, сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятининг кўлами кенгайиб, турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Айниқса, онлайн фирибгарлик аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Бунга эса, бир жиҳатдан, жабрланувчиларнинг ҳушёрлик ва огоҳликни унутиб қўяётгани ҳам сабаб бўлаётир.
Шўрчи туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган Ўрмон Мамедов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2025 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида таниши, қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳожиаҳрор Тойировни учратиб қолади. Улар биргаликда интернет орқали пул ишлаш мақсадида “Телеграмм” ижтимоий тармоғида “Муҳсин Ражабов” номли профилдан фойдаланган ҳолда “Акам бўласиз” номли гуруҳ очади.
Сўнг фуқароларга “Кобалт” автомашинаси ютиб олганлиги, боғланиш учун телефон рақам қолдириш лозимлиги ҳақида хабар юбора бошлайди.
Тўғри, аввалига ҳеч ким бу хабарга жавоб қайтармайди. Аммо Деҳқонобод туманида яшовчи Суннат Абдусалимов ўйин ғолиблари ҳақидаги видеоларни кўргач, қизиқиб қолади.
Чунки С. Абдусалимов илгари Россияда ишлаган кезларида бир нечта таниши шу каби ўйинларда автомашина ютганини кўрганди. Бинобарин, телефон рақамини ёзиб жўнатади. Кўп ўтмай, Ўрмон билан Ҳожиаҳрор унга қўнғироқ қилишади.
— Эллик минг кишининг орасидан ютуқ сизга насиб этди, — дейишади улар С. Абдусалимовни янада қизиқтириб.
— Раҳмат, хурсанд бўлдим, — дея миннатдорчилик билдиради соддадил С. Абдусалимов.
— Фақат қирқ дақиқа ичида бизга тўрт ярим миллион сўм ташлаб беришингиз керак. Сўнг жамоамиз билан бирга уйингизга бориб, ютуқни топшириб келамиз, — дейди Ў. Мамедов. – Агар рад қилсангиз, ютуқ сиздан кейинги тўрт кишидан бирига ўтиб кетади.
С. Абдусалимов уларнинг сўзига лаққа ишонади ва таниш-билишларидан қарз-ҳавола қилиб, 4 500 000 сўмни Ў. Мамедовнинг опаси номидаги пластик картага юборади. Қолаверса, “Фарзандим вафот этиб, худо мени синади. Мана энди ота-онамни “Умра”га жўнатдим. Бу машина ҳам Яратганнинг синовларига қилган сабрим эвазига берилган мукофотлардан биридир балки” деб ўйлайди у.
Шундан сўнг устаси фаранг фирибгарлар унинг номига ёзилган автомашина шартномасини телеграм орқали юборишади. Мазкур шартномани расмийлаштириш учун эса яна 5 698 420 сўм зарурлигини айтишади. Хурсандлигидан оғзи қулоғида юрган С. Абдусалимов айтилган пулни яна бир танишининг пластик картасидан аввалги рақамга ўтказиб беради.
— Ҳамма масала ҳал бўлди. Ҳозир сизга аукционда сотиладиган учта машина рақамини юборамиз, улардан бирини танлайсиз, — дейди фирибгарлар.
Дарҳақиқат, С. Абдусалимов улар юборган автомашина рақамларидан бирини танлайди. Автомашина рақами учун уларга яна 1 565 500 сўм тушириб беради.
Бироқ орадан бир-икки соат ўтиб, улар билан ёзишган профил ўчиб кетади. С. Абдусалимов бундан ажабланиб, қўнғироқ қилади. Лекин фирибгарлар аллақачон унинг телефон рақамини қора рўйхатга киритиб қўйишганди.
Буни кўриб, С. Абдусалимов ўзини йўқотиб қўяди. Унинг аҳволини кўрган отасининг эса, қон босими кўтарилиб кетади. Устига-устак, ҳомиладор аҳволдаги турмуш ўртоғининг соғлиги ҳам ёмонлашиб қолади. С. Абдусалимов таниш-билиш ва қариндош-уруғларининг орасида изза бўлишини ўйлаб, баттар эзилади.
Эртаси куни С. Абдусалимов ҳудуд профилактика инспекторига учрашиб, вазиятни тушунтирган ҳолда ёрдам сўрайди. Натижада инспекторнинг ёрдами билан Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади.
Буни қарангки, вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлими тезкор ходимлари бир ҳафтага қолмай, жиноятчиларни топади. Ў. Мамедов ва Ҳ. Тойировга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Тергов-суриштирув жараёнлари якунлангач, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судида кўриб чиқилди. Унгача судланувчиларнинг яқинлари жабрланувчига етказилган зарарни қоплади.
Шу боис суд икки судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбдор деб топиб, уларга мазкур кодекснинг 82-моддаси тартибида жарима жазоси тайинлади.
Қолаверса, Жиноят-процессуал кодексининг 203-1-моддаси тартибида судланувчилар ва жабрланувчи ўртасидаги мулоқот жараёнида фойдаланилган “Samsung Galaxу S+” телефон аппарати жиноят қуроли деб топилиб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 563-моддасига асосан, вояга етмаган Ў. Мамедов ва Ҳ. Тойировга жамоат тарбиячиси тайинлаш ҳамда танлаш масаласини ҳал қилиш Болалар масалалари бўйича Шўрчи тумани комиссияси зиммасига юклатилди.
— Ота-онам ва аёлимнинг соғлиги ёмонлашиб, мен жуда оғир аҳволга тушдим. Шунинг учун судланувчилардан менга етказилган маънавий зарарни ҳам ундириб беришингизни сўрайман, — деди С. Абдусалимов суд мажлисида.
Суд унга айни масалада зарур ҳужжатларни тўплаб, фуқаролик тартибида судга даъво киритиш ҳуқуқини тушунтирди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини назоратсиз қолдириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга йўл очади. Шу маънода, Шўрчи туманидаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ўрмон Мамедов ва ихтисослашган мактабнинг 2-босқичида таҳсил олаётган Ҳожиаҳрор Тойировнинг дарсга қатнашмай, пойтахтга кетиб қолганини қандай тушуниш мумкин? Нега ота-оналар ва таълим муассасаларининг масъуллари бунга йўл қўйишди?
Умид қиламизки, тилга олинган жиноят бошқа ота-оналар ҳамда вояга етмаган шахслар тарбиясига масъул ходимларга сабоқ бўлади.
Шаҳзод БАХТИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Деҳқонобод тумани суди раиси

