Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-01-26_17-27-13

ФИРИБГАРНИНГ ҚИЛМИШИ ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Ҳаётда ҳалол меҳнат, тўғри сўзлик нафақат одамнинг шаънини улуғлайди, балки кўнгил хотиржамлиги, тинчлик ва осойишталигини ҳам таъминлайди. Бунинг акси бўлган ҳалол меҳнатдан бўйин товлаб, нопок йўлга қадам босиш эса, охир-оқибат аянчли якун топади. Масалан, 1995 йили Хива шаҳрида туғилган Олим Солиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ризқ-насибасини нопок ва нохолис манзиллардан излади.

Ҳаммаси 2024 йил апрель ойида хивалик Нигора Эрниёзова билан Телеграм мессенжери орқали танишишдан бошланди. О. Солиев Нигора билан дастлабки суҳбатдаёқ бозорда сотувчи бўлиб ишлашини айтди.

Орадан кўп ўтмай эса, ўз шахсига доир бир нечта ҳужжатларни унга кўрсатди. Улар орасида О. Солиев 2021-2022 йилларда Хива туман ички ишлар бўлими тегишли бўғинида ишлаган пайтлари милиция ходими либосида тасвирга олинган бир нечта сурати ҳам бор эди. Н. Эрниёзова буни кўриб, янги таниши анойилардан эмаслиги, унинг кўмагида баъзи хуфя “юмушлар”ни амалга ошириш мумкинлигини кўнглидан ўтказди.

Галдаги суҳбатларнинг бирида у О. Солиевни уйига меҳмондорчиликка таклиф қилди. Бу шунчаки меҳмондорчилик эмас, балки “базму-жамшид” эканига шама қилиб ўтди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бу аёл нопок иш — қўшмачилик билан шуғулланар, уйини исловотхонага айлантирганди.

Албатта, О. Солиев Н. Эрниёзованинг бу таклифидан хурсанд бўлди, аммо меҳмондорчиликка боришга негадир кўпам шошилмади. Шу алфозда орадан ярим йилча вақт ўтди.

2024 йил 15 октябрь куни Н. Эрниёзова О. Солиевга нохуш хабар жўнатди.

Маълум бўлишича, ўша куни унинг уйида икки нафар йигит ва қизнинг яхшигина “ўтириши” бўлган. Аммо орадан кўп ўтмай уйида қўшмачилик билан шуғулланадиган Н. Эрниёзованинг қилмиши ички ишлар ходимлари томонидан фош этилган. Унинг О. Солиевга йўллаган хабарига қараганда, башарти, тезда чора кўрилмаса, жавобгарликка тортилиши аниқ бўлиб қолганмиш.

Н. Эрниёзованинг “илтижоси” О. Солиевни бефарқ қолдирмади. Аслида, у шу йўл билан Н. Эрниёзованинг мўмайгина пулини қўлга киритишни кўзлади. Шу сабабли ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Лекин пули тўланмаса, телефон қурғур сас-садо бермайди. О. Солиев даставвал Н. Эрниёзовадан тегишли танишлари билан телефон орқали унинг муаммосини гаплашиш учун алоқа операторига 30 минг сўм миқдорида пул тўлашни сўради. Н. Эрниёзова бу сўровни шу ондаёқ адо этди. Шу орада О. Солиевдан тағин хабар келди. У Н. Эрниёзовага “вазият” анчайин хавфли эканлигини лўнда тарзда тушунтирди. Айни чоғда вилоятдаги танишлари билан алоқа боғлагани, 500 минг сўмлик харажати борлигини айтди. Н. Эрниёзова бу гал ҳам ҳаялламади. О. Солиев эса, таваккалчиликни бир четга сурди, ярим миллион сўм миқдоридаги пулни ўз қўли билан санаб олишдан ҳайиқди, чоғи, уни яқин ошналаридан бирининг банк пластик картасига ўтказиб беришни илтимос қилди.

Уқтирилганидек, Н. Эрниёзова бу талабни ҳам бажо келтирди. Нақд 520 минг сўм миқдоридаги пулни орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ О. Солиевнинг танишларидан бирининг банк пластик картасига ўтказиб берди.

Аммо Н. Эрниёзова ҳам анойилардан эмасди. У О. Солиев билан суҳбатлашиш асносида ўз “ҳожатбарори”нинг асл қиёфасини яққол кўра олди, унинг ҳакалак отган нафсининг бандисига айланганини аниқ-равшан англаб етди. Айни пайтда ўз қилмишига ҳам иқрорлик билдирди. Унинг амалдаги ифодаси О. Солиевнинг таъмагирлик, фирибгарлик ва пора беришга доир қилмишлари юзасидан тегишли идорага қилинган мурожаатида намоён бўлди. Унга биноан О. Солиевнинг пул ювиш ва уни аллакимларгадир пора беришга қаратилган ҳаракати назорат ва кузатувга олинди.

Қисқаси, Н. Эрниёзова О. Солиевга пул электрон тартибда айтилган манзилга етказиб берилганини айтади. О. Солиев эса, шошилгандан-шошилди. Пул яқин танишининг пластик картасига келиб тушганини шу куннинг ўзидаёқ шахсан текширди ва орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ уни банк тўлов тизими (банкомат) орқали нақдлаштириб олди. Бу пулларни ҳатто ўз шахсий эҳтиёжлари учун харжлашга ҳам улгурди. Бироқ ғишт аллақачон қолипдан кўчгани, қилмиши назорат остида эканини англамай қолди. Гумонланувчи пул фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган куннинг эртасигаёқ терговга рўпара келди.

О. Солиев қилмишидан тонмади. Айбига иқрорлик билдирди. Н. Эрниёзовани алдагани, ички ишлар органи орқали унинг хонадонида содир бўлган нохуш воқеани пул эвазига босди-босди қилишга ваъда бергани, аммо мазкур идорада таниш-билишлари йўқлигини тан олди.

Таъмагирлик йўли билан олинган пулларни эса, эгасига қайтарди.

Буларнинг бари пировардида Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 1-қисми ва пора беришга суиқасд қилишга доир 28,211-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айбни мазкур кодекснинг белгиланганидан камроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддаси талаблари асосида бирмунча енгиллатиш гаровига айланди.   

Судланувчи ўзига қўйилган ҳар икки айб бўйича 2 йил-у 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилган ҳолда оиласи бағрида қолдирилди.

Дарҳақиқат, унинг ризқу насибани ҳаром-ҳариш қилмишлар асносида излаш йўлидаги нохолис орзуси ана шу тарзда чиппакка чиқди, саробга дўнди.

Бу ҳолат ўз бахтини ҳалоллик, поклик янглиғ нурафшон йўллардан излашни истамаган шахслар учун ҳам жиддий сабоқ бўлади, деган умиддамиз. Зотан, ҳаётда ҳалол ризқ-насиба, кўнгил хотиржамлиги, оила тинчлиги, фарзандлар қувончидан ортиқ бойлик йўқ. Бу эса, ўз навбатида, ҳар биримиздан, ҳалолликни умримиз мезони деб билишни талаб қилади.

Жамол Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

Хива шаҳар суди раиси

 

photo_2026-01-23_15-57-11

10 ДОНА “ТАБЛЕТКА”ГА 10 ЙИЛ

Пойтахт аҳолиси ширин уйқудалигида 22 ёшли йигит “Кобалт” русумли автоуловга ўтириб, шаҳар ташқарисига йўл олади. Содиқ Ярашев (исм-фамилия ўзгартирилган) белгиланган манзилга етиб келгач, атрофни кузатиб, ҳар галгидек эҳтиёткорлик билан белгиланган жойдан “таблеткани”, яъни гиёҳвандлик моддасини олар экан, кутилмаганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қаердан пайдо бўлишганини англаёлмай қолди… 

Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқ орқали 2 нафар шериги билан “таблетка” савдоси билан шуғулланиш ҳақида ёзишган. Дастлаб 10 дона “таблетка”ни 7,5 АҚШ долларига сотган. Шунингдек, 1 грамм кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддани 60 АҚШ долларига сотиш ҳақида савдолашиб, кучли таъсир қилувчи психотроп дори қўйилган манзилнинг локациясини ташлаган. Суд экспертизаси хулосасида Содиқ Ярашевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари эканлиги тасдиқланган. 

Тенгдошлари олийгоҳларни тугатиш арафасида келажак режаларини тузиб, орзулари сари қадам ташлаётган пайтда 22 ёшли Содиқ Ярашев осон даромад топиш мақсадида қинғир йўлга киради. Болалагидан меҳнатга бўйни ёр бермаган С. Ярашев ўрта мактабни тугатгандан кейин ҳам бирон ишнинг бошини тутмаган. У ўғрилик ва фирибгарлик қилгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган. Ёшлиги, биринчи марта жиноят қилаётгани каби турли сабаблар туфайли жазо енгиллаштирилган. Бироқ бу хатосидан тўғри хулоса чиқара олмаганлиги, тўғри йўлга кирмагани туфайли яна жиноят йўлига кирди. Бу гал у икки нафар шериги билан жиноят содир этган. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди. 

Судланувчи Содиқ Ярашев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Содиқ дори олди-сотдиси қонунан таъқиқланганлигини билса-да, даромад топиш мақсадида кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган, бироқ Содиқнинг навбатдаги “ови” юришмади. Суд судланувчи содир этган жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, жазо тайинлади. 

Давлатимиз қонунлари адолатли, шу билан бирга барчага баробар. С. Ярашев бир гал енгил жазо олгач, берилган имкониятдан самарали фойдаланиши, унинг қадрига етиши, тўғри йўлга кириши, ҳалол меҳнат билан яшашни мақсад қилиши лозим эди. Аммо нафсига қул бўлиб, қинғир ишнинг қийиғи чиқишини англамаган ёки билса ҳам жиноят турини ўзгартирганлиги боис энди “қўлга тушмаслиги”га ишонган бу йигит суд ҳукми билан 10 йил муддатга, унинг 2 нафар шериги эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Натижада улар ҳаётининг энг гўзал ёшлик даврини панжара ортида ўтказишга мажбур. Қилмиши қора кимсалар ҳозирги кунда қамоқда жазо муддатини ўтамоқда. Улар шундай жазоланиши мумкинлигини билишарди, аммо нафс балосини енга олишмади, бир ҳунарни эгаллаб, ҳалол меҳнат қилиб, қонуний даромад топишни исташмади. Улар бу заҳри қотилни сотишлари эвазига қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаёти завол топиши, оилаларнинг барбод бўлиши, болаларнинг ногирон туғилиши, етим қолиши, жамиятдаги соғлом муҳитга зарар етказишлари мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмади…

Баҳодир ҚАЮМОВ, 

жиноят ишлари бўйича 

Яккасарой туман судининг судьяси

 

photo_2025-03-07_09-29-54

ОЛИЙ СУДДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

Олий судда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Маълумки, ҳар бир жамият ва халқнинг маданияти нечоғлик юксак эканлиги, маънавий баркамоллиги энг аввало, аёлларга бўлган муносабат, уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор билан белгиланади.

Чунки аёл деганда, аввало ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз ва латофатли қизларимизнинг нурли чеҳраси намоён бўлади.

Шунинг баробарида аёллар оиламиз бекаси, миллатимиз давомчиси ҳисобланган фарзандларимизни оқ ювиб, оқ тарайдиган, уларга муносиб тарбия берадиган меҳрибон ва оқила зотлардир.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов аёлларни самимий қутлар экан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, уларнинг оғирини енгил қилиб, муносиб турмуш тарзини яратишга қаратилган улкан ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда юксак билим ва малакага эга оқила аёлларимиз суд тизимида ҳам турли лавозимларда самарали фаолият юритиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Қайд этилганидек, суд тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг 31 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади, судьяларнинг 15 фоизи аёл судьялар ҳиссасига тўғри келади. Олий судда эса бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, 2017 йилда аёл судьяларнинг сони 115 нафарни ташкил қилган бўлса, сўнгги йилларда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда аёл судьяларнинг сони 225 нафарга етди.

Ҳозирда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш ва суд тизимида гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилаяпти.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аёл судья ва ходимлар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Тадбирда Олий суд раиси ўринбосарлари ва масъул ходимлар ҳам ушбу нафосат ва назокат байрами муносабати билан қадрли ва эъзозли аёлларимизга самимий тилаклар билдирди.

Шукуҳи ва қувончи тамоман ўзгача бўлган бугунги тантанали тадбирда бир гуруҳ аёл суд фахрийлари, судья ва ходимлар Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ аёл судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.

Бундай байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида ҳам ўтказилди.

photo_2025-11-10_15-43-37

МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – ИНСОН ҲАЁТИ ВА ИШ САМАРАДОРЛИГИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Маълумки, меҳнат хавфсизлиги ҳар қандай жамиятда иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга муҳим масала ҳисобланади. Меҳнат хавфсизлиги нафақат инсон ҳаёти, сиҳат-саломатлиги муҳофазасига қаратилган ҳуқуқий талаб, балки жамиятда иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, агар ишчи иш жойида жароҳат олса, корхона нафақат тиббий ва моддий тўловлар тўлайди, балки иш жараёнидаги тўхташлар ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши оқибатида моддий зарар ҳам кўради. Шу боис меҳнат хавфсизлиги ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, унинг талабларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун Жиноят кодексининг 257-моддасида “Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш орқали оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан жарима, маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси” тайинланиши белгилаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 359–363-моддаларида эса, иш берувчи иш жойларини хавфсиз ҳолда сақлаши ва ходимларни зарур ҳимоя воситалари билан таъминлашга мажбурлиги қайд этилган.

Шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18, 24 ва 25-моддаларида ходимларни йўриқномадан ўтказиш, малакасини текшириш ва иш жойларини хавфсиз ҳолатда сақлаш талаблари белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб айтганда, меҳнат хавфсизлигининг қуйидаги 5 та муҳим қоидалари мавжуд:

1. Йўриқнома ва тайёргарлик — ҳар бир ходим ишга киришдан олдин хавфсизлик бўйича йўриқномадан ўтиши ва имзо билан тасдиқлаши шарт.

2. Шахсий ҳимоя воситалари — махсус кийим, пойабзал, қўлқоп, каска, кўзойнак каби воситалардан доимо фойдаланиш.

3. Баландликда ишлаганда қўшимча ҳимоя — панжаралар, хавфсизлик арқонлари ва қўллов воситалари ёрдамисиз ишламаслик.

4. Иш жойини хавфсиз ҳолатда сақлаш — полдаги мой ёки сувни ўз вақтида тозалаш, хавфли ускуналарни белгилаш.

5. Мунтазам назорат — ҳар ойда иш жойи ва ускуналар ҳолатини текшириш.

Маълумотларга қараганда, юртимизда 2024 йилда иш жараёнида 1 минг 200 дан ортиқ бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бу кўрсаткичнинг 65 фоизи хавфсизлик талабларига риоя этмаслик оқибатида содир бўлган. Шу жумладан, баландликдан йиқилиш 40 фоизни ташкил этади. Бу бахтсиз ҳодисанинг ҳар тўртинчиси шахсий ҳимоя воситаларининг йўқлиги сабабли содир бўлган.

Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирсак, жомбойлик Шариф Маматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) “Жомбой яшил чироқлари” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Аммо у ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани оқибатида масъулияти чекланган жамиятининг хом ашё омбори ишчиси Шокир Бекжонов бахтсиз ҳодисага учраган.

Экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Ш. Бекжонов бахтсиз ҳодиса туфайли бош мияга қон қуйилиши, кўкрак қафаси шикастланиши, суяклар синиши ва ҳаёт учун хавфли бошқа оғир тан жароҳатлар олган. Текширув далолатномасида ҳодиса иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этилган.

Албатта, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, масъулияти чекланган жамиятнинг масъул ходими Ш. Маматов қонун олдида жавоб берди.

Судда ишни кўриш жараёнида Ш. Маматов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, қилмишидан пушаймон эканини қайд этди. Шунингдек, у жабрланувчига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплади. Ўз навбатида, жабрланувчи ҳам судланувчини кечириб, даъвоси йўқ эканини билдирди.

Мазкур жиноят иши қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари боис томонларнинг ўзаро ярашуви билан якун топди.

Бу, ўз навбатида, иш берувчининг меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этмаслиги ўта нохуш якун топишини кўрсатади.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

photo_2025-08-26_12-44-00

ИККИ НАФАР ЯНГИ СУДЬЯ ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида айрим жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларига илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги қарорига муфовиқ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьясига лавозимига тайинланган Дилбар Чориева ва жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьяси лавозимига тайинланган Севара Юлдашеванинг қасамёди эшитилди.

Қасамёд қабул қилган 2 нафар янги судьяга судьялик гувоҳномалари билан бирга “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

photo_2025-03-07_09-45-46

МУНОСИБ УЙ-ЖОЙГА БЎЛГАН ҲУҚУҚНИ ТАЪМИНЛАШ, ЖУМЛАДАН МАЖБУРИЙ КЎЧИРИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ

Олий судда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, жумладан мажбурий кўчиришни амалга ошириш бўйича суд амалиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир БМТнинг Муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ бўйича махсус маърузачиси Балакиршнан Ражагопалнинг 2024 йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни амалга ошириш доирасида ўтказилди.

Иштирокчилар фуқароларнинг муносиб турар-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасидаги суд амалиёти билан ўртоқлашиб, фикр алмашар экан, мамлакатимизда барча жабҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш учун хизмат қилиб келаётганлиги қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов давра суҳбати иштирокчиларига мурожаат қилиб, муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида миллий қонунчилик ва суд амалиётини янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади ҳамда БМТ тавсиялари Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири эканлигини билдирди. Шунинг баробарида Олий суд фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларни ҳисобга олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бериш, шу жумладан халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳадаги суд амалиётини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириши маълум қилинди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер ўзининг онлайн мурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди ва инсон ҳуқуқлари, хусусан, муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ соҳасидаги халқаро стандартларни янада жорий этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу фуқароларни ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмларини жорий этиш имконини беришини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер БМТ Махсус маърузачисининг асосий хулоса ва тавсияларини тақдим этиб, суд жараёнларининг шаффофлиги ва аҳолининг заиф қатламларига тизимли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарурлигига эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар мажбурий кўчириш ва уй-жой ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Судлар ўз қарорларида нафақат қонун ҳарфи, балки инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиб, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ва манфаатларини инобатга олиши таъкидланди.

Муҳокамаларда уй-жой масалалари бўйича судьялар малакасини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш;

– фуқароларга ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун суд органлари, тегишли давлат муассасалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

– БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тузилмалари тавсиялари ва илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, суд амалиётини фуқаролар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш йўналишида мослаштириш;

– тартиб-таомилларнинг шаффофлигини ошириш ва жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун уй-жой соҳасида жамоатчилик иштироки ва фуқаролик назорати механизмларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати якунида бундай тадбирлар илғор тажриба алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

#thegov_button_69dcfb20b028e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69dcfb20b028e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69dcfb20b028e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69dcfb20b028e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!