Click to listen highlighted text!

ИММУНИТЕТ ИНСТИТУТИ: ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА УШБУ МЕХАНИЗМНИ КИРИТИШ ЗАРУРАТИ

photo_2024-07-05_17-09-15

Мамлакатимизда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини Конституция даражасида мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шундай кафолатлардан бири – иммунитет институтидир. Ушбу институт Конституциямиз ва Жиноят-процессуал кодексида изчиллик билан ривожлантирилмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало “иммунитет” тушунчасига аниқлик киритиш ўринлидир. Иммунитет – лотинча сўз бўлиб, бирор нарсадан халос, озод бўлиш, деган маъноларни англатади. Иммунитетнинг ҳуқуқий институт сифатида пайдо бўлиши қадимги Рим қонуни билан боғлиқ.

Маълумки, илк марта Рим қонунида солиқлар ёки давлат божларидан озод қилиш, шахсга, тоифага ёки жамиятнинг бир қисмига Сенат ёки император томонидан берилган махсус ҳуқуқ сифатида белгиланган.

Шунингдек, жиноятчи ва жабрланувчининг ижтимоий ҳолатига қараб белгиланадиган ҳуқуқий жавобгарлик тарзи ва шунга тааллуқли “иммунитет” тушунчасига тарихда биринчи марта ўша ҳужжатда таъриф берилган.

Энди миллий қонунчилигимизга татбиқ этилаётган иммунитет институти ҳақида тўхталамиз. Жиноят ҳуқуқида иммунитет – давлат ва жамиятда касбий вазифаларни бажаришда алоҳида мақомга эга шахсларни уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ва турли тазйиқлар, жумладан, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишдан ҳимоя қилиш, дахлсизлигини таъминлашдан иборат ҳуқуқий кафолатдир.

Албатта, баъзан ҳаётда иммунитетга эга шахсларнинг хизмат фаолиятини мустақил ва адолатли амалга оширишига тўсқинлик қилиш ёки ушбу шахслар томонидан ўз иммунитет имтиёзини суиистеъмол қилиши ҳолатлари учраб туради. Бу, ўз навбатида, иммунитет билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруриятини вужудга келтирмоқда.

Иммунитетни институт сифатида жиноят процессига олиб кириш жараёни, ўз-ўзидан, унинг субъектлари ва турларини кўпайтиришни тақозо қилади.

Булар сирасига адвокатлар, терговчилар ва бошқа махсус субъектларни қўшиш, жиноий процессуал нормаларни иммунитети бор шахсларга нисбатан тадбиқ қилиш, процессуал иммунитет тушунчаси, мазмуни ва маъносига янги ёндашувларни ишлаб чиқиш заруратини киритиш мумкин.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 4, 223, 239, 596-моддаларида иммунитетга эга шахсларга оид нормалар белгиланган.

Аммо ушбу нормалар ҳозирги жиноий ҳуқуқий тизимдаги муносабатларни тўлиқ тартибга сола олмайди.

Чунончи, прокурор ва терговчида иммунитет мавжуд бўлган ҳолатда, прокуратура терговчисида ушлаб туриш жараёнида иммунитет мавжуд эмас. Бошқа идора терговчилари, адвокатлар, Ҳисоб палатаси аудиторларига умуман иммунитет ҳуқуқи белгиланмаган. Шу билан бирга, амалдаги қонунда иммунитетга эга шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар бўйича олиб қўйиш, тинтув, лавозимдан четлаштириш ва бошқа тергов ҳаракатлари ҳамда процессуал мажбурлов чоралари ўтказишнинг алоҳида тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари бу борада “Иммунитет ҳуқуқига эга шахслар лавозимдан озод этилгач, ушбу лавозимдаги фаолияти бўйича иммунитет ҳуқуқидан фойдаланадими?”, деган савол ҳам кун тартибига чиқмоқда. Яъни иммунитетдан лавозим вазифаларини бажаришдагина фойдаланиш керакми ёки шахсий ҳаётидаги муносабатларда ҳам иммунитетга эга бўлиш талаб этиладими, деган масалалар қонунчиликда аниқ белгиланиши лозим, деган фикрдамиз.

Шунингдек, амалдаги қонун талабига кўра, жиноят иши қўзғатиш судьяга нисбатан Бош прокурор, адвокатга нисбатан Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари томонидан, прокурор, унинг терговчиси ва суриштирувчисига нисбатан прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

“Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, туманлараро, туман (шаҳар) суди, ҳудудий ҳарбий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судларнинг судьяларига нисбатан эса, Олий суд судловига тегишлидир.

Аммо бундай нормалар Жиноят-процессуал кодексида ўз ифодасини топмаган. Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексининг 1-моддасига кўра, мамлакатимиз ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби Жиноят-процессуал кодекси билан белгиланади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилинадиган Жиноят-процессуал кодексини “Иммунитет ёки имтиёзга эга шахсларга нисбатан иш юритиш” номли янги боб билан тўлдириш таклиф қилинади.

Ўйлаймизки, Жиноят-процессуал кодексига киритиладиган ушбу янги инс­титут иммунитетга эга шахсларни ўз вазифаларини бажаришида ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимоя қилади.

Бегзод Ҳайдаров,

Фарғона вилояти суди судьяси

#thegov_button_668882b300c70 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_668882b300c70:hover { color: rgba(253,253,253,1); }#thegov_button_668882b300c70 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_668882b300c70:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!