2023 – 2026 йилларга мўлжалланган Суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, аҳолининг судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқиниамалда таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 11-сон Фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Концепция судларда ахборот сиёсати билан боғлиқ устувор мақсадлар, йўналишлар, вазифалар, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилайдиҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора- тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Концепциянинг устувор мақсади судларнинг аҳоли билан мулоқотлар ўрнатишини самарали йўлга қўйиш, судлар фаолиятининг шаффофлигини кучайтириш, амалга оширилаётган суд ислоҳотларининг мазмун моҳиятларини кенг ёритиш, суд ҳокимиятининг нуфузини юксалтириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш, шунингдек кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича объектив ва холисона фикр мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантиришга қаратилган.
СУДЛАР АХБОРОТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
Қуйидагилар судлар ахборот сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади:
- жисмоний ва юридик шахслар учун ахборотларнинг очиқлиги ва уларни олиш имкониятини яратиш;
- судлар фаолияти тўғрисидаги ишончли маълумотларнинг
- ўз вақтида ва холисона тақдим этилишини таъминлаш;
- судлар фаолиятига доир ахборотни олишда одил судловни амалга оширишга аралашмаслик;
- тақдим этилиши қонун билан тақиқланган ахборотни тарқатмаслик;
- судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги.
Қуйидагилар судлар ахборот сиёсатининг устувор вазифалари ҳисобланади:
- фуқароларнинг судлар фаолияти тўғрисидаги холис, тўлиқ ва ишончли ахборотларни ўз вақтида олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш;
- Олий суд ва қуйи судларнинг жамоатчилик билан ҳамкорлик қилувчи тузилмаларининг иш фаолиятини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, шиддат билан ўзгариб бораётган ахборот маконида уларнинг янгича ёндашув ва усуллар асосида фаолият юритишини йўлга қўйиш;
- судлар фаолияти билан боғлиқ турли манбаларда эълон қилинадиган нохолис ва бир томонлама ахборотлар бўйича зудлик билан муносабат билдириш амалиётини йўлга қўйиш;
- судлар фаолиятини тўғри ва холисона, қонун талаблари доирасида ёритишни ташкил этиш мақсадида журналистлар ва блогерлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш;
- кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича объектив ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли шакл ва кўринишдаги чиқишларни ташкил этиш;
- аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш бўйича чоралар кўриш;
- ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш;
- судларнинг расмий веб-сайтларини қонунчилик талаблари даражасида янгилаб бориш ва уларнинг оммабоплигини ошириш;
- видеоматериаллар, контентлар яратиш бўйича мутахассисларни ишга қабул қилиш ва бу учун алоҳида штатлар жорий этиш;
- судлар матбуот хизматларининг моддий-техник базасини замонавий талаблар даражасида таъминлаш;
- судларнинг матбуот хизматлари тузилмаларини профессионал кадрлар билан тўлдириш, шунингдек уларнинг доимий малака оширишини самарали ташкил этиш чораларини кўриш ва кадрлар салоҳиятини замонавий талабларга етказиш;
- барча ижтимоий тармоқларда судларнинг саҳифаларини тўлиқ яратиш ва самарали фаолиятини ташкил этиш;
- судларни оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш ва Интернет-ресурслари билан ишлаш бўйича мутахассислар билан таъминлаш;
- судларнинг ахборот ресурслари (хусусан, нашрлар, мобиль иловалар, ижтимоий тармоқлар, ахборот ва таълим лойиҳалари, видео контентлар) сонини ошириш;
- аҳолининг суд-ҳуқуқий ва суд-ахборот саводхонлиги даражасини ошириш;
- судлар фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотга эришиш даражасини юксалтириш;
- судлар фаолияти тўғрисидаги ёлғон ахборотларни ёки судьяларни обрўсизлантириш ҳақидаги маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик чегараларини белгилаш.
Очиқлик соҳасини 2024 йилда такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар:
✅ судларнинг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини қонунчилик талаблари даражасида янгилаб бориш ва оммабоп контентларни ошириш мақсадида Инcтаграм тармоғида саҳифа яратиш;
✅ судлар фаолияти бўйича кенг жамоатчиликда объектив ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли шакл ва кўринишдаги чиқишларни ташкил этиш;
✅ ахборот маконида суд ҳокимиятига доир контентлар ва чиқишларни доимий мониторингини олиб бориш;
✅ аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш бўйича чоралар кўриш.