БУЙРУҚ ҚОНУНГА ТАЯНСА, АДОЛАТЛИ БЎЛАДИ

Суд амалиётида айрим меҳнат низолари шуни кўрсатмоқдаки, иш берувчилар баъзан меҳнат шартномасини бекор қилишда буйруқни расмийлаштиришнинг ҳуқуқий аҳамиятига етарлича эътибор беришмайди. Ҳолбуки, буйруқ — оддий ички ҳужжат эмас, балки ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқий мақомини ўзгартирадиган, уни ишдан бўшатиш оқибатини келтириб чиқарадиган юридик ҳужжатдир.
Шу ўринда фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилган бир иш мисолида фикримизни давом эттирадиган бўлсак, даъвогар О. Назаров дастлаб “Maroqand Neft Bazasi” масъулияти чекланган жамиятда ҳисобчи вазифасига ишга қабул қилинган, кейинчалик ходимлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтказилган. Аммо жамият директорининг 2026 йил 26 майдаги буйруғи билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Даъвогар судга мурожаат қилиб, ушбу буйруқни ноқонуний деб топиш, аввалги ишига тиклаш ва маънавий зарар ундириб беришни сўради. Унинг важларига кўра, янги директор тайинлангач, унга нисбатан босимлар бўлган, натижада у меҳнат муносабатларини тугатишга мажбур бўлган.
Жавобгар томон эса, судда даъвони тан олмасдан, ходим билан меҳнат шартномаси қонун талаблари асосида бекор қилинганини таъкидлади.
Бироқ суд учун ҳал қилувчи масала фақат буйруқ чиқарилгани эмас, балки ушбу буйруқнинг қонуний асоси, иш берувчи буни судда исботлай олган-олмагани бўлди. Негаки, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқда Меҳнат кодексининг қайси нормаси асос қилиб олингани аниқ кўрсатилмаган.
Бу камчилик шунчаки оддий хато эмас. Чунки буйруқда ҳуқуқий асос ноаниқ бўлса, ходим ўзининг нима сабабдан ишдан бўшатилганини тўлиқ англай олмайди. Суд эса, иш берувчи қарори қайси ҳуқуқий мезон бўйича текширилиши кераклигини баҳолашда қийинчиликка дуч келади.
Олий суд Пленуми тушунтиришларига кўра, судлар меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини айнан буйруқда кўрсатилган асослар бўйича текшириши лозим. Суд меҳнат муносабатининг бекор қилинишини бошқа асосда кўришга ҳақли эмас.
Демак, иш берувчи буйруқ чиқараётганда ҳуқуқий асосни умумий тарзда эмас, аниқ ва тушунарли шаклда кўрсатиши лозим эди. Бу ўринда “Ишдан бўшатилсин” деган иборанинг ўзи етарли эмас.
Янада аниқроқ айтганда, буйруқда: қайси модда, қандай асос, қайси сана, қандай ҳолат деган саволларнинг барчасига тўлиқ жавоб бўлиши керак.
Меҳнат низосида иш берувчининг энг муҳим вазифаси — ўз ҳаракатининг қонунийлигини исботлашдир. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, иш берувчи бу қарор нимага асосланганини, қонун талабларига қандай риоя этилганини, процессуал тартиб бузилмаганини судда далиллар билан кўрсатиб бериши шарт.
Мазкур меҳнат низосини кўриш жараёнида суд иш берувчи йўл қўйган хатоларни таҳлил қилар экан, бир нечта муҳим жиҳатга эътибор қаратди.
Хусусан, даъвогарда ишдан кетишга ҳақиқий истак бўлмаган, иш берувчи томонидан ишдан бўшатиш жараёнида тегишли тартибга риоя қилинмаган, директорнинг ўзи ҳам суд мажлисида ходимдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни сўраганини тан олган, шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилишда ўн тўрт календарь кунлик муддат масаласига амал қилинмаган.
Суд ушбу низони кўришда, аввало, меҳнат қилиш ҳуқуқининг конституциявий мазмунига таянди. Чунки Конституциямизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ва ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Бинобарин, ишдан бўшатиш — фақат корхона ички бошқарувига оид масала эмас. Бу инсоннинг конституциявий меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ жиддий ҳуқуқий жараёндир. Агар иш берувчи бу жараёнда қонун талабларини бузса, ходимнинг нафақат меҳнат ҳуқуқи, балки конституциявий кафолатлари ҳам бузилади.
Мазкур ишда суд даъвогар ишлаган даврда интизомий жавобгарликка тортилмагани, раҳбарият топшириқларини бажариб келгани, бироқ кейинчалик ишдан бўшатиш жараёнида қонун талабларига риоя этилмаганини инобатга олди. Шу тариқа суд иш берувчи томонидан ғайриқонуний буйруқ чиқарилиб, ходимнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи бузилгани ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Суд даъвогарнинг талабларини қисман қаноатлантирди, “Maroqand Neft Bazasi” масъулияти чекланган жамият директорининг 2026 йил 26 майдаги буйруғи ноқонуний деб топилди ва бекор қилинди. Даъвогар О. Назаров масъулияти чекланган жамият ходимлар бўлими бошлиғи вазифасига ишга тикланди.
Шунингдек, жавобгар ташкилотдан даъвогар фойдасига маънавий зарар учун компенсация ва почта харажати ҳамда давлат фойдасига давлат божи ундирилди. Суднинг ушбу ҳал қилув қарори дарҳол ижрога қаратилди.
Хўш, юқоридагилардан қандай хулоса чиқади?
Биринчидан, меҳнат шартномасини бекор қилиш буйруғи қонун талабларига тўлиқ мос бўлиши керак. Унда меҳнат шартномаси қайси модда, қайси асос ва қандай ҳолатларга кўра бекор қилинаётгани аниқ кўрсатилиши шарт.
Иккинчидан, иш берувчи судда ўз ҳаракатларининг қонунийлигини исботлаб бериши лозим. Ходимни ишдан бўшатишга сабаб бўлган ҳолатлар аниқ далиллар билан тасдиқланмаса, буйруқ ғайриқонуний деб топилиши мумкин.
Учинчидан, ходимни ишдан бўшатиш жараёнида ҳар қандай босим, қистов ёки фаол ундаш кейинчалик суд томонидан меҳнат ҳуқуқининг бузилиши сифатида баҳоланиши эҳтимоли бор.
Тўртинчидан, буйруқ нусхаси, меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, якуний ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатлар ходимга қонун талабларига мувофиқ ўз вақтида берилиши керак.
Бешинчидан, ишдан бўшатиш қонунга хилоф деб топилса, иш берувчи ходимни ишга тиклаш, маънавий зарарни қоплаш ва суд харажатларини тўлаш мажбуриятига дуч келади.
Ушбу иш меҳнат муносабатларида ҳуқуқий аниқлик, далил ва исботлаш мажбурияти қанчалик муҳим эканини яна бир бор яққол кўрсатди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ қонунга таянмаса, унда ҳуқуқий асос аниқ кўрсатилмаса ва иш берувчи ўз ҳаракатларининг қонунийлигини судда исботлай олмаса, бундай буйруқ ходим ҳуқуқларини бузувчи ҳужжат сифатида баҳоланишини унутмаслик лозим.
Негаки, меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи фақат раҳбарлик ваколатига эмас, биринчи навбатда, Конституция ва қонун талабларига таяниши шарт. Чунки ҳар бир ишдан бўшатиш ортида инсон тақдири, оила даромади ва конституциявий меҳнат ҳуқуқи туради.
Меҳнат муносабатида қонун устувор бўлса, ходим ҳам, иш берувчи ҳам ҳимояланган бўлади. Буйруқ эса, фақат қонунга таянгандагина қонуний, асосли ва адолатли бўлади.
Зафар РАВШАНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро суди раиси

