АВЕЗОВ АЙБДОР ЭМАС!

Бугунги кунда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилган янгиланиш ва ўзгаришлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Жумладан, судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида давлат ҳамда жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида судьяларнинг хизматини ана шундай эътироф этгани бежиз эмас.
Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судлари томонидан 2024 йилда — 16 нафар, 2025 йилда 19 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ўтган йили 10 нафар шахсга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмлари биринчи босқич судлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, апелляция босқичида — 5 нафар, кассация ва тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатлари суд мажлисларида 4 нафар шахс оқланган.
Суднинг адолатли қарори билан оқланган шахслар орасида “Бухоро қурилиш моллари савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғайбулла Авезов ҳам бор.
Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ғ. Авезов 2020 йил 14 сентябрда “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти шаҳар филиали билан ичимлик суви етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича тузилган шартномага кўра, ҳар ойнинг 20-25 санаси оралиғида сарфланган ичимлик суви бўйича ҳисобот топшириши, сув таъминоти учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши керак эди. Аммо 2023 йил 25 апрель ҳолатида истеъмол қилинган ичимлик суви учун 15 миллион 256 минг сўмлик қарздорлик юзага келади.
Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 109-бандига асосан, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли хўжалик юритувчи субъектлар тармоқдан узиб қўйилади. Бироқ улар умумий фойдаланишдаги сув қувури тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2023 йил 15 июндан 19 июнга қадар 88 миллион 561 минг 285,6 сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилган. Бу ўзбошимчалик оқибатида “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиалига жами 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм – жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.
Тергов органи томонидан ана шу ҳисобланган зарар айбловга асос қилиб олинган. Ўз навбатида, масъулияти чекланган жамият раҳбари Ғ. Авезовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга ўтказилган.
Биринчи босқич судининг 2024 йил 7 мартдаги ҳукмига кўра, Ғ. Авезов Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчидан “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият фойдасига 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм етказилган зарарни ундириш белгиланган.
Қонун мезонларига эътибор қаратадиган бўлсак, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун Жиноят–процессуал кодексининг 82-моддасида назарда тутилган талаблар исботланган бўлиши керак. Бунда жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш, шунингдек, жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги, жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари аниқланиши шарт.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 4-бандидаги раҳбарий тушунтиришларга кўра, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин.
Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.
Судланувчининг жиноят содир қилганлигини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят–процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Афсуски, Ғ. Авезовга нисбатан юритилган жиноят ишида юқоридаги процессуал қонун талаблари исботланмаган. Шунингдек, Олий суд Пленуми қароридаги раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмаган.
Иш ҳолатидан англашилишича, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли бозор ҳудудида 100 га яқин тадбиркорлик субъекти қурилиш моллари савдоси фаолияти билан шуғулланади. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган.
Фойдаланилган ичимлик суви учун назоратчилар тадбиркорлик субъектларидан пул йиғиб чиқишади ва бухгалтерия орқали ёки тўғридан-тўғри “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали ҳисоб рақамига тўлаб берилади.
Судланган Ғ. Авезов иш жойида ичимлик сувидан қарздорлик юзага келганлигидан хабарсиз бўлган. Қарздорликни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро шаҳар бўлимига чақиртирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати олганларида билган.
“Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали томонидан сув қувури муҳри бузилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилганини ҳам ўша ерда эшитган.
Ғ. Авезов судда берган баёнотида таъкидлашича, сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномага у имзо қўймаган. У шартнома шартлари билан ҳам таниш эмас.
Ғ. Авезов ёки у раҳбари бўлган масъулияти чекланган жамиятга сув қувури тармоғидан яширинча фойдаланишдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки сувдан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Ҳар бир тадбиркор ишлатган сувнинг пулини ўзи тўлайди.
Мантиқан олганда, сув қувури тармоғи муҳрларига қасддан шикаст етказиб, ўзбошимчалик билан уланиш ва ундан ноқонуний фойдаланиш Ғ. Авезовга ўзи нимага керак?
Судланган Ғ. Авезовга қўйилган Жиноят кодексининг 185-2 ва 169- моддаларида кўрсатилган жиноятлар эса, қасддан содир этилган ҳисобланади. Нега деганда, ушбу жиноятлар субъектив томондан ҳамма вақт қасддан содир этилади. Бироқ на тергов органи ва на биринчи босқич судида айнан Ғ. Авезов томонидан сув қувурининг муҳри бузилганлиги ва ичимлик сувдан ноқонуний фойдаланилганлиги ҳақида бирор-бир далил тўпланмаган.
Янада қизиғи, сув қувурининг муҳри тўрт марта ким ёки кимлардир томонидан бузилиб, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланилганлиги юзасидан “Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият ходимлари Ғ. Юнусов, М. Юнусов, С. Шоҳимардонов, Ҳ. Товбаев, “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан далолатномалар расмийлаштирилган. Истеъмолчи вакили сифатида Л. Элмуродов баъзи далолатномаларга киритилган, аммо у имзо қўйишдан бош тортганлиги қайд этилган.
Л. Элмуродовнинг далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлигининг сабаби бор. У шу яқин атрофидаги “Когон сардор сервис савдо” жамияти раҳбари вазифасида ишлайди, Ғ. Авезов раҳбар масъулияти чекланган жамиятга алоқадор эмас. Л. Элмуродов уни чақирганлари учун сув таъминоти ходимлари олдига борган, маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳам, сув таъминоти жамиятидагиларга ҳам, гўёки бозорнинг раҳбари Ғ. Авезов эканлигини айтган.
Шу ўринда яна иш ҳолатларига қайтадиган бўлсак, далолатномаларни расмийлаштиришда жамият вакили иштирок этмаган, ушбу қоидабузарлик ҳақида жамиятга маълум ҳам қилинмаган. 2023 йил 19 июнь куни расмийлаштирилган далолатномада қувур муҳри бузилганлиги қайд этилган бўлса-да, ана шу муҳрнинг рақами кўрсатилмаган. Қувур қайтадан муҳрланганда ҳам, қандай рақамдаги муҳр қўйилганлиги ёзилмаган.
Суднинг сўровига “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан бу ҳақда маълумот тақдим этилмаган.
Бухоро вилояти ИИБ ЭКМнинг хатшунослик экспертиза хулосаси сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномадаги имзо бошқа шахсга тегишли эканлигини кўрсатди. Бундай ҳолатда Ғ. Авезов тузилган шартнома юзасидан бирор-бир мажбуриятга эга эмас.
Шу тариқа Ғ. Авезов қувурнинг муҳрини бузиб, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлиги ўз исботини топмаган. Унинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имкониятлари эса, тугаган. Шунинг учун судлов ҳайъати биринчи босқич судининг Ғ. Авезовга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди ва содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан, оқлади.
Хулоса шуки, бировнинг жиноий қилмиши учун айбсиз одам жазоланмаслиги керак. Ғайбулла Авезов жамиятимизда қонун устуворлиги, одил судлов таъминланаётганлиги, жиноятга дахли йўқлиги сабаб оқланди. Оиласи, яқинлари, маҳалла-кўй, таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлишига эришди.
Лекин жиноятни ким ёки кимлар содир этган? Айбдор ёки айбдорлар топилиши, жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланиши керак. Судлов ҳайъати, Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддасига кўра, мазкур жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун ишни прокурорга юборди.
Илёсжон УСМОНОВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари –
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

