КАФИЛЛИК ШАРТНОМАСИ — МАЖБУРИЯТ

Маълумки, кредит ташкилотлари кредит таъминоти сифатида қарз олувчи ёки бошқа субъектнинг мол-мулкини гаровга қўйиш орқали кредит ажратилишини тавсия қиладилар. Қонун талаби ҳам шуни тақозо этади. Аммо кейинги пайтда айрим фуқаро ёки тадбиркорлик субъектлари кафиллик масъулиятини ҳис қилмаган ҳолда кафиллик шартномаларини имзолаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Хўш, аслида кафиллик нима?
Бунга жавобан шуни айтиш керакки, кафиллик — учинчи шахснинг бошқа шахс кредитори олдидаги мазкур шахснинг кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича тўлиқ ёки қисман жавобгар бўлиш мажбуриятидир.
Айтиш керакки, кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади. Кафиллик шартномаси бўйича мажбуриятнинг мазмуни қарздор асосий мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафилнинг қарздор билан бирга кредитор олдида жавоб бериш мажбурияти ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беради. Фақат қонун ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмасагина бундай жавобгарлик келиб чиқади.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради.
Жумладан, у фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимлари ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.
Албатта, кафил кредиторнинг талабларига қарши ўз эътирозларини билдиришга ҳақли. Банкнинг қарз олувчи ва кафилларга нисбатан кредит ҳамда фоизларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан иқтисодий иш кўрилиб, кафилни хабардор қилмасдан шартнома шартлари ўзгартирилгани ва белгиланган муддат ўтганидан кейин даъво қўзғатилганлиги сабабли даъвонинг мазкур кафилга оид қисмини қаноатлантириш рад этилади.
Бу борада статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2025 йилда Андижон вилояти иқтисодий судлари томонидан кредит, кафиллик ва гаров шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларга доир жами 940 та иқтисодий иш кўрилган. Шундан 709 таси қаноатлантирилган, 50 тасини қаноатлантириш рад этилган, 177 таси кўрмасдан қолдирилган ва 2 таси бўйича иш юритиш тугатилган.
Суд амалиётида кредит ундириш билан боғлиқ низолар кўрилганда, тўланмаган кредит ва фоизлар кредит олувчи билан бирга кафил бўлган фуқаролардан, аксарият ҳолатларда, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан ундирилиши уларни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.
Бундан ташқари суд амалиётида белгиланган муддатларда тўланмаган кредит ёки фоиз қарздорликлар гаровга қўйилган мулклар ҳисобидан ҳам ундириб келинмоқда.
Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.
Масалан, “С. И.” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – тижорат банкига нисбатан даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқни олиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқини олиш мажбурияти юклатилган.
Ўз навбатида, жавобгар – банк мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан судга мурожаат қилган.
Апелляция инстанция судида ушбу ҳал қилув қарорида кўрсатилган 750 000 000 сўмлик гаровга қўйилган бино-иншоотлар учун фермер хўжалиги томонидан жавобгар – банк ҳисоб-рақамига 750 000 000 сўм маблағ тўлаб берилгани ва шу билан даъвогар, фермер хўжалигинниг гаров шартномасига асосан, ўзига олган мажбуриятлар тўлиқ бажарганлиги аниқланди.
Шу боис банкнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Чунки Фуқаролик кодексининг 283-моддаси биринчи қисми биринчи бандида гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида, гаров бекор бўлиши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир шартнома мажбуриятдир. Кредит шартномаси, кафиллик шартномаси ёки гаров шартномасини имзолашдан аввал келгусида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарликни, яъни қарздор билан бирга солидар (шерик) жавобгар бўлиши, гаровга қўйган мулклар ундирувга қаратилиб, сотилиб кетиши каби ҳолатларни пухта ўйлаб, шартнома тузилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Зеро, шартнома тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида тузилади.
Қонунга зид равишда тузилган битимлар манфаатдор шахснинг даъво аризаси асосида ҳақиқий эмас, деб топилади. Агар битимнинг қонунга хилоф тузилганлиги исботланмаса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилиши мумкин.
Алишер Мадаминов,
Андижон вилояти
суди судьяси

