Click to listen highlighted text!

МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

photo_2026-02-17_15-34-18

Одил судловнинг одатий йўриғи шу: суд жараёнида даъвогар аризада келтирган важларини исботлашга ҳаракат қилади. Гарчи у тақдим этган далиллар инобатга олиниб, даъвоси қаноатлантирилса ҳам, олдинда суд қарорининг ижроси кўндаланг бўлиб туради. Зеро, суд ҳужжатининг аҳамияти унинг ижроси билан чамарчас боғлиқ.

Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан 2025 йилда амалга оширилган одил судловни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларни ҳал этиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Шу аснода, кўрилган ишларнинг салмоқли қисми маъмурий органлар қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш ва мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишга оид эканлиги аён бўлди.

Шунингдек, айрим масъул ва мансабдор шахсларнинг суд қарори ижросига нисбатан масъулиятсиз муносабатда бўлгани ҳам ойдинлашди.

Бинобарин, 15 та ҳолатда давлат органларининг суд қарорларини ўз вақтида ижро этмаган масъул ходимларига нисбатан 15 миллион 486 минг сўмлик жарималар қўлланилди.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Roshidon davroni” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, судга киритган даъво аризасида Фарғона вилояти солиқ бошқармасининг 2024 йил 4 сентябрдаги 30-78318-сонли, 2024 йил 4 сентябрдаги 30-738311-сонли ва 2024 йил 11 сентябрдаги 17-80290-сонли аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини қабул қилмасликда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўраган. Фарғона туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 20 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилган.

Аммо вилоят маъмурий судининг 2025 йил 27 январдаги апелляция қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига ўзгартириш киритилган: ариза қисман қаноатлантирилиб, вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 11 сентябрдаги алоқа хатида ифодаланган “Roshidon davroni” фермер хўжалигининг 2022 йил сентябрь ойи учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини қабул қилмасликдаги ҳаракати қонунга хилоф деб топилган. Ариза талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Бироқ суднинг ушбу қарори ижроси таъминланмаган.

Аниқланишича, Фарғона вилояти солиқ бошқармаси томонидан 2025 йил 13 февраль куни судга алоқа хати юборилган. Унда суд қарори ижросини таъминлаш бўйича вилоят солиқ бошқармасида ваколат ва техник имконият мавжуд бўлмаганлиги сабабли 2025 йил 7 февраль куни бу борада амалий ёрдам сўраб, Республика Солиқ қўмитасига хат юборилганлиги маълум қилинган. Лекин қўмита бош инспектори Мирҳаёт Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан ушбу мурожаатга рад жавоби берилган.

Шундан сўнг вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фарғона вилояти маъмурий судининг 2025 йил 27 январдаги қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чора кўришни сўраб, мурожаат қилган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 122-моддасида маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек, ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси тайинлаш белгиланган. Суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда эса, дастлабки жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси тайинланади.

Суд томонидан давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек, ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан республика бюджети даромадига ундирилади.

Шу ҳуқуқий асосларга таянган вилоят маъмурий суди Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори Р. Мамадалиевга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида, Республика солиқ қўмитаси бош инспектори М. Эргашевга эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида суд жаримаси солиш ва давлат бюджети даромадига ундириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Бундан ташқари суд жараёнларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 301 та хусусий ажрим чиқарилган. Мазкур ажримларнинг салмоқли қисми маҳаллий ҳокимликлар, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Кадастр идоралари, солиқ органлари ва мажбурий ижро бўлимлари масъул ходимларига нисбатан қабул қилинган.

Жумладан, фуқаро Мўътабар Ҳошимова 2025 йил 5 август куни Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Ўзбекистон тумани бўлимига ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган. Лекин бўлимнинг 2025 йил 18 августдаги қарори билан М. Ҳошимованинг 2023-2024 йилларда якка тартибда ўзини ўзи банд қилган даврда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида солиқ тўловини амалга оширгани инобатга олинмай, ёшга доир пенсия тайинлаш рад этилган. Ваҳоланки, аризачи туман давлат солиқ инспекцияси орқали 2021 йилда 245 000 сўм, 2022 йилда 300 000 сўм, 2023 йил учун 330 000 сўм, 2024 йилда эса, 340 000 сўм маблағни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ижтимоий солиқ тўловларини амалга оширган.

Ўз навбатида, бу тўловлар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилган. Шу боис Мўътабар Ҳошимова юқоридаги қарорни ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 408-моддасида меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ҳисобот йилининг 1 декабригача йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида тўловлар амалга оширилиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 43-бандига кўра, якка тартибдаги тадбиркор ва якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахс томонидан Солиқ кодексининг 408-моддасида белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўланган давр пенсия тайинлашда иш стажи ҳисобида инобатга олинади. Шунга кўра, суднинг 2025 йил 25 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига биноан, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.

Ана шу ҳуқуқий асосга таянган суд Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Ўзбекистон туман бўлимига қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан хусусий ажрим чиқарди.

Яна бир ҳолат. Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан айрим ишларни кўриш жараёнида жиноят аломатлари ҳам аниқланди. Жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун прокуратура органларига 89 та хабарнома юборилди.

Конституциямизнинг 138-моддасида “Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир” дея қайд этилган. Шундай экан, суд қарорини бажармаслик қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини унутмаслик керак.

Шерзод МИРЗАҲАКИМОВ,

Фарғона вилояти

маъмурий суди раиси

#thegov_button_6994ec8d1f115 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6994ec8d1f115:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6994ec8d1f115 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6994ec8d1f115:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!