СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ўтган йилда туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судьялари томонидан 825 050 нафар шахсга нисбатан 690 879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 509 146 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.
Хусусан, 415 531 нафар шахсга нисбатан жарима, 91 663 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.
Ярашилганлиги муносабати билан 121 906 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.
Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 13 031 та тақдимнома чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.
Апелляция тартибида 8 988 нафар шахсга нисбатан 7 780 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 512 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 565 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 11 437 нафар шахсга нисбатан 10 834 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 5 093 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 415 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 563 нафар шахсга нисбатан 2 441 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 587 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 304 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик билан алоқалар маркази
